Карвонсарой
Иқтисодиёт

Хитой Афғонистондаги беқарорликдан фойдаланиб, қазилма бойликлар бўйича манфаатли шартномаларни қўлга киритмоқчи

Умар

Ҳирот вилояти ҳокими Нур Аҳмад Исломёр 23 ноябр куни Афғонистон конлари масаласида хитойлик инвестор билан учрашган. [Ҳирот ҳокимлиги]

Ҳирот вилояти ҳокими Нур Аҳмад Исломёр 23 ноябр куни Афғонистон конлари масаласида хитойлик инвестор билан учрашган. [Ҳирот ҳокимлиги]

ҲИРОТ – Хитойнинг Афғонистондаги қазилма бойликларга қизиқиши ортиб борар экан, Хитой компаниялари сиёсий беқарорлик ва кескин иқтисодий инқироз шароитида ўз устунлигидан фойдаланишга уриниши мумкинлиги афғонларни хавотирга сола бошлаган.

23 ноябр куни Ҳиротга ташриф буюрган хитойлик тадбиркор вилоят ҳокими Нур Аҳмад Исломёр билан учрашиб, дунёда биринчи ўринда турадиган афғон заъфаронини қайта ишлаш ва сотиш учун сармоя киритишга қизиқиш билдирган.

Эртаси куни бир нечта хитойлик инвестор мамлакатдаги литий конларига сармоя киритиш масаласини муҳокама қилиш учун Афғонистонга етиб келди, деб хабар беради Хитойнинг Global Times нашри.

Аввалги ҳукумат қулаганидан кейин Хитой компанияларининг Афғонистон тоғ-кон саноатига сармоя киритишга оид ҳаракатлари афғонларда бир қатор саволларни келтириб чиқармоқда.

Бағлон вилояти Қора Зағон қишлоғи яқинидаги тоғ ёнбағрида олтин қазиш ишлари билан машғул бўлган афғонистонлик кончилар, 2013 йилнинг 6 май куни олинган сурат. [Шоҳ Марай/AFP]

Бағлон вилояти Қора Зағон қишлоғи яқинидаги тоғ ёнбағрида олтин қазиш ишлари билан машғул бўлган афғонистонлик кончилар, 2013 йилнинг 6 май куни олинган сурат. [Шоҳ Марай/AFP]

Хитойнинг тоғ-кон саноати компанияси томонидан ташкил этилган Лўгар вилоятидаги қурғоқчил Мис-Ойнак тоғларидаги лагер кўпинча бўм-бўш бўлади, 2012 йил 10 октябр. [Роберто Шмидт/AFP]

Хитойнинг тоғ-кон саноати компанияси томонидан ташкил этилган Лўгар вилоятидаги қурғоқчил Мис-Ойнак тоғларидаги лагер кўпинча бўм-бўш бўлади, 2012 йил 10 октябр. [Роберто Шмидт/AFP]

Хитой бир неча йиллардан бери Афғонистоннинг ноёб метал конларига кўз тикиб, улардан катта фойда кўриш мумкинлиги сабаб қулай пайт пойлаб келган, дейди Ҳиротдаги жамоатчилик фаолларидан бири Абдул Ғофур Наврўзий.

«Хитойнинг кончилик соҳасига инвестицияси айни вақтда Афғонистон учун манфаатли бўлмайди, чунки ҳукумат ҳали шакллантирилмаган», деб қўшимча қилган у.

«Кончилик, айниқса қимматбаҳо металлар қазилмалари бўйича шартномалар бўйича тендерлар ўтказилмас экан, Хитой компаниялари инвестицияси афғонлар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин», дейди Наврўзий.

Афғонистон табиий бойликлари ўмарилишининг олдини олиш мақсадида Хитой кончилик компанияларига шартномаларни топширишда эҳтиёткорлик зарур, деб айтган ҳиротлик иқтисодчи Саид Кабир Ҳусайний.

«Хитой компаниялари катта фойда олмаса, ҳеч қачон Афғонистонга сармоя киритмайди», деб қўшимча қилган у. «Бу компаниялар билан шартномалар Афғонистон учун зарар келтирмайдиган қилиб тузилиши керак.»

Камёб ва қимматбаҳо металл конлари Хитой компанияларига арзонга берилмаслиги керак, Хитойнинг айнан шу конларга қизиқиши яхшиликдан дарак эмас, деб огоҳлантирган Ҳусайний.

Оппортунизм

Хитойнинг Афғонистон конларини қўлга киритиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари худди лойқа сувда балиқ овлашга ўхшайди, дейди Ғор вилоятилик иқтисодчи Саид Камол Назарий.

«Тоғ-кон саноати соҳасида меъёрий-ҳуқуқий база йўқ, Кончилик ва нефт-газ вазирлигидаги жорий расмийлар мутахассис эмас, Хитой компаниялари кончилик секторини қўлга олишда бундан фойдаланиб қолмоқчи», дейди у.

«Инклюзив ҳукумат тузилгунича, Кончилик ва нефт-газ вазирлигида мутахассислар ёллангунига қадар Хитойга ҳеч қандай шартномалар тақдим этилмаслиги керак», дейди Назарий. «Афғонистоннинг қимматбаҳо металлари жуда катта қийматга эга, аммо хитойлар уни арзонга қазиб олишмоқчи», деб огоҳлантирган у.

Хитой иқтисодий гигант, агар қўйиб берса, Афғонистоннинг конларини жуда оз баҳога ютиб юборади, дейди Нимрўз вилоятидан иқтисодий таҳлилчи Муҳаммад Амин Аламёр.

«Хитой ҳукумати ҳозирги оғир шароитда афғонларга ёрдам бериш ўрнига, уларнинг қазилма бойликларини талон-тарож қилишга уриняпти», дейди у.

Тендер ўтказиш имконияти яратилиши керак «ва Афғонистонга энг кўп фойда олиб келадиган компания шартномани қўлга киритиши керак», дейди у.

Табиий ресурслар – халқ мулки

Минерал ресурслар халқники ва унинг розилигисиз Хитой компаниялари билан имзоланадиган ҳар қандай шартнома қабул қилинмайди, дейди ғарбий Афғонистоннинг айрим фуқаролари.

Ҳукумат хорижий компаниялар билан тузилаётган кончилик шартномалари кучга киришидан аввал уларни очиқлаши керак, дейди ҳиротлик Низомиддин Акромий. У ҳар қандай махфий келишув халқ норозилигини келтириб чиқаришини қўшимча қилган.

«Аждодлар конларимиз ва ресурсларимизни асрлар мобайнида ҳимоя қилиб келишган, хитойликлар уларни текинга қазиб олишларини истамаймиз», деб қўшимча қилган у.

«Бошқа ҳар қандай давлат каби, кончилик секторидан олинган даромад яшаш тарзини яхшилаши ва қашшоқликни йўқотиши керак», дейди Акромий. «Кончиликдан олинган даромад айрим шахслар ва гуруҳларнинг қўлларига ўтиб кетишига йўл қўймаймиз.»

Афғонистон ресурсларни қазиб олишга шошилмаслиги керак, дейди Бодғис вилоятидан Муҳаммад Валий Садоқат.

«Афғонлар юз йиллаб нон урвоқлари билан кун кўрган бўлса ҳам, табиий ресурсларни ҳимоя қилиб келган», деб қўшимча қилган у. «Ҳеч қандай шароитда ҳам мамлакат конлари Хитой мафиясига топширилмаслиги керак.»

«Хитой фақат ўзининг иқтисодий манфаатини кўзлайди. Шу сабабли, Хитой билан бундай хавфли келишувлар имкони борича тезроқ тўхтатилиши керак», деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нега хитойлик инвестор афғонлар кийимида?

Жавоб бериш