ВАШИНГТОН, КО – Чоршанба (8 декабр) куни АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси мусулмонларга нисбатан босими туфайли Хитойнинг Шинжон вилоятидан импортни чекловчи қонунни қабул қилди.
Палата аъзолари «Уйғурлар мажбурий меҳнатининг олдини олиш тўғрисидаги қонун»ни қабул қилишга 428/1 нисбатда овоз бердилар, унга кўра корпорациялар минтақадан олиб келинган ҳар қандай маҳсулотнинг мажбурий меҳнатдан холи эканлигини «аниқ ва ишончли далиллар билан» исботлаши зарур.
«Ҳозирда Пекин уйғур халқи ва бошқа мусулмон озчиликларга қарши шафқатсиз ва жадал репрессия чораларини қўлламоқда», деди спикер Ненси Пелоси овоз беришдан олдидан парламент аъзоларига.
«Шинжонда, бутун Хитойда миллионлаб одамлар инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол этилишига – оммавий кузатув ва интизомий назоратдан тортиб, кенг кўламли қийноқлар, жумладан, бир яккалик камералар ва мажбурий стерилизация, ҳақиқатни очиқлашга журъат этган журналистлар ва фаолларнинг қўрқитилиши ҳолатларига дуч келмоқда».
«Хитой ҳукуматининг мажбурий меҳнатдан фойдаланиши океан оша бизнинг юртимиз ва бутун дунёга етиб бормоқда», деб қўшимча қилди у.
АҚШ Сенати илгари ҳам шунга ўхшаш чорани маъқуллаган, эндиликда бу икковини мувофиқлаштириш керак бўлади.
Шундан сўнг қонун лойиҳаси президент Жо Байден томонидан имзоланиши лозим.
Овоз бериш жараёни Оқ уй Хитойнинг уйғур озчилигига нисбатан «геноцид» сиёсати ва бошқа инсон ҳуқуқларини поймол қилгани учун 2022 йил Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиши ортидан ўтказилган – бу чора Пекиннинг кескин эътирозига учраган.
Аввалроқ, шу йил ёзда АҚШ ҳукумати Пекиннинг уйғурларга нисбатан сиёсати туфайли Хитойдан импорт қилинадиган айрим маҳсулотлар, жумладан қуёш панеллари материалларига ҳам шу каби чекловлар жорий қилган эди.
Олимпиадани дипломатик бойкот қилиш
Вакиллар палатаси, шунингдек 428/0 овоз билан бошқа бир резолюцияни ҳам қабул қилди. Унда коммунистик партиянинг юқори лавозимли амалдорини жинсий зўравонликда айблаган хитойлик теннис юлдузи Пен Шуайнинг хавфсизлиги шубҳа остида қолиши ортидан Халқаро Олимпия қўмитаси «инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажармагани» айтилади.
Кампания иштирокчиларининг айтишича, Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон лагерларида камида бир миллион уйғур ва бошқа туркийзабон, асосан мусулмон озчиликлар вакиллари ҳибсда сақланмоқда.
Ҳуқуқбон ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар оммавий ҳибслар, мажбурий меҳнат, сиёсий-мафкуравий тарбия, қийноқлар ва мажбурий стерилизация ҳолатларига оид далилларни аниқлаганлар. Вашингтон буни геноцид деб атаган.
Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринган эди.
Аммо кўп сонли мустақил текширувлар лагерлардаги воқелик анча қайғули эканини кўрсатади.
BuzzFeed News нашрининг 2020 йил август ойида ўтказган текшируви давомида Шинжон минтақасида қамоқхона ёки ҳибсхонага хос белгиларга эга юзлаб бинолар аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги уч йил ичида барпо этилган.
Ўтган йил декабр ойида ўтказилган бошқа бир текширувга кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлди.
Ҳибсхоналарнинг собиқ маҳбуслари ва қўриқчилари мазкур лагерлардаги мусулмон аёллар мунтазам равишда зўрланиши, қийноққа солиниши ва жинсий таҳқирланишини очиқлаган эдилар.
АҚШда жойлашган «Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси» ташкилоти чоршанба куни чоп этилган янги ҳисоботида 2017 йилдан бери Шинжонда 300 дан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон зиёлилари ҳибсда сақланишини маълум қилган.
Америка бу фойдасиз Россиядан анча яхши.
Жавоб беришФикрлар 2
Баракалла, АҚШ. Туркия ва АҚШ НАТОнинг асосидир. Сурия золим Асаддан озод.
Жавоб беришФикрлар 2