Карвонсарой
Таълим

Тожикистондаги «Америка марказлари» ёшлар учун муҳим дастурлар ва имкониятларни тақдим этмоқда

Неъматилло Мирсаидов

Хўжандда жойлашган Тошхўжа Асирий номидаги Сўғд вилояти кутубхонасининг «Америка марказида» маҳаллий журналистлар учун инглиз тили дарслари ўтилмоқда, 2018 йил, 2 феврал. [Неъматилло Мирсаидов/Карвонсарой]

Хўжандда жойлашган Тошхўжа Асирий номидаги Сўғд вилояти кутубхонасининг «Америка марказида» маҳаллий журналистлар учун инглиз тили дарслари ўтилмоқда, 2018 йил, 2 феврал. [Неъматилло Мирсаидов/Карвонсарой]

ХЎЖАНД – Инглиз тили, компьютер саводхонлиги дарслари, интернет ва рақамли кутубхонадан фойдаланиш каби имкониятлар Тожикистонда ҳар куни «Америка марказларига» ташриф буюраётган ёшларни ўзига жалб қилмоқда.

Бу хизматларнинг барчаси бепул тақдим этилади.

Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб 150 та давлатда 650 та «Америка маркази» фаолият олиб бормоқда, деб хабар беради Тожикистондаги АҚШ элчихонаси.

«Бизнинг Тожистондаги «Америка марказларимиз» ташриф буюрувчилар учун ғоя алмашинуви, янги алоқалар ўрнатиш, янги кўникмаларга эга бўлиш ва инглиз тилини ўрганиш учун эркин майдон ҳисобланади», деди Тожикистондаги АҚШ элчиси Жон Марк Поммершайм 22 октябр куни Сўғд вилоятида ёшлар ва журналистлар билан учрашув чоғида.

Хўжанддаги «Америка марказида» бепул интернет ва кутубхона ёрдамида уй вазифасини бажараётган мактаб ўқувчилари, Сўғд вилояти, 2011 йил, 22 ноябр. [Неъматилло Мирсаидов/Карвонсарой]

Хўжанддаги «Америка марказида» бепул интернет ва кутубхона ёрдамида уй вазифасини бажараётган мактаб ўқувчилари, Сўғд вилояти, 2011 йил, 22 ноябр. [Неъматилло Мирсаидов/Карвонсарой]

24 октябр куни Хўжанддаги «Америка марказида» Go Viral фестивали бўлиб ўтди. [Неъматилло Мирсаидов/Карвонсарой]

24 октябр куни Хўжанддаги «Америка марказида» Go Viral фестивали бўлиб ўтди. [Неъматилло Мирсаидов/Карвонсарой]

«Америка марказлари» дастурлари бепул бўлиб, «ёшлар ўртасида танқидий фикрлашни ривожлантириш, ўз қобилиятини рўёбга чиқариш имкониятини тақдим этиш ва глобал тармоққа уланиш орқали ташқи дунёни яхшироқ идрок этиши учун компьютер технологияларини ўргатишга қаратилган», деб айтган у.

АҚШ элчихонасининг Тожикистондаги илк «Америка маркази» 2005 йил Кўлобда, кейинроқ Душанбе ва Хўжандда, шунингдек Бохтар, Хоруғ, Ғарм, Исфара ва Панжакент шаҳарларида очилган.

«Улар 15 йил ичида АҚШ дастурларидан хабардор ўнлаб ёшлар тўпланадиган кичик бурчаклардан қулай муҳит ва кенг имкониятларга эга катта ижодий ва маданий марказларга айнланган», дейди элчихона вакили Соро Мародалиева.

Ҳар куни марказларга юзлаб мактаб ўқувчилари ва университет талабалари ташриф буюради, деб қўшимча қилди у.

Элчихонага кўра, ҳар йили «Америка марказларида» 7000 га яқин тадбирлар ўтказилади, уларда 50 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашади.

Шунингдек, улар жамоатчиликка Марказий Осиё, жумладан Тожикистондаги АҚШ ҳукумат дастурлари ҳақида маълумотлар тақдим этади.

«Марказимизнинг мақсадларидан бири АҚШ дастурларида қатнашишни истаганлар учун тезкор маълумот етказиш, керак бўлса, аризаларни қандай қилиб тўғри тўлдиришни тушунтириш ва ўргатиш ҳамдир», деб айтган Хўжанддаги «Америка маркази» координатори Фарангис Шокирова.

«Бизда мактаб ўқувчилари учун алмашинув, аспирантлар учун АҚШ университетларида ўқиш, амалиёт, инглиз тили дарслари, минтақавий ва халқаро форумлар, кўргазмалар, учрашувлар, стипендиялар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа дастурлар бор», деб айтган у.

АҚШ дастурлари «Америка ва хорижда фуқаролар ҳамда ташкилотлар ўртасида шахсий, касбий ва идоралараро даражадаги алоқаларни» ривожлантиришга қаратилган, дейилади Душанбедаги АҚШ элчихонаси хабарида.

20 дан ортиқ дастурлар мактаб ўқувчилари ва университет талабаларига Қўшма Штатларда таълим олиш, шунингдек олимлар ва мутахассислар учун тадқиқотлар ўтказишга имкон беради.

Алмашинув дастурлари нафақат таълим, балки санъат, кинематография, журналистика, муҳандислик ва технология соҳаларида АҚШ тажрибасини ўрганиш имкониятини беради.

Улар журналистлар учун мухбирлик ва таълим сафарлари, ўқитувчилар ва олимлар учун педагогик маҳорат ва ютуқлари (TEA) дастури, хорижий тиллар ўқитувчиси ёрдамчиси (FLTA) дастури, АҚШ институтларини ўрганиш (SUSI) дастурларини, мусиқачи ва бошқа ижрочилар учун OneBeat алмашинув дастурларини ўз ичига олади.

Ўтган 15 йил ичида 4000 га яқин тожикистонлик Қўшма Штатларда таҳсил олди, 3400 дан ортиғи эса АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган илмий сафарлар ва академик алмашинув дастурларида иштирок этди, дейилади элчихона хабарида.

«Қўшма Штатлар ёшларнинг истеъдоди ва қобилиятларини рўёбга чиқариш учун Тожикистонда адабиёт, санъат, журналистика ва таълимни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда», дейди Шокирова.

Инглиз тили дастурлари

Инглиз тилини ўргатиш АҚШ дастурлари қамровига кирувчи асосий йўналишлардан биридир.

Бугунги кунда инглиз тилини билиш нафақат мактаб ўқувчилари ва талабалар, балки аспирантлар, олимлар, ўқитувчилар, тадбиркорлар ва ҳарбий хизматчилар учун ҳам зарур.

Элчихона матбуот котиби Мародалиеванинг сўзларига кўра, АҚШ дастурлари бу гуруҳларнинг ҳар бири учун ўқув курсларини тақдим этади. Ўқиш ва сафар харажатлари тўлалигича АҚШ ҳукумати тарафидан қопланади.

«Инглиз тилида сўзлашишни хоҳловчилар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда», дейди Шокирова.

«Бу тил мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари учун ҳам нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таълимни давом эттиришда, ҳам ишга жойлашишда янги имкониятлар эшигини очади», деди у.

Инглиз тили глобал мулоқот тили, дейди Тожикистон миллий университети катта ўқитувчиси Қироншоҳ Шарифзода Карвонсарой билан суҳбатда.

«Шу боис ҳам тожик жамиятидаги дунёқараш аста-секин ўзгариб бормоқда. Яхши таълим олиш, яхши иш топиш ва ўз номига эга бўлиш учун инглиз тилини билиш керак», деди у.

Мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида инглиз тилини ўқитишни такомиллаштириш зарурлигига қарамай, ўқув дастурига катта ўзгаришлар киритилмаган.

Таълим вазирлигига кўра, Тожикистон умумтаълим мактабларида инглиз тили таълими – иккинчи синфдан бошланадиган рус тилини ўқитиш даражаси билан бир хил.

«Инглиз тили учун ҳафтасига атиги икки соат ажратилган, бу етарли эмас», дейди Карвонсаройга хўжандлик ўқитувчи Светлана Балтина. «Натижада ота-оналар кўпинча ўз фарзандлари учун репетитор ёллашга мажбур бўлишади.»

Бироқ, барча оилалар репетитор олиш имкониятига эга эмас. АҚШда эса таълим дастурлари бепул.

«Шундай экан, уларда кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳам қатнашиши мумкин», дейди «Гурдофарид» нодавлат ташкилоти директори Раҳбар Нажибова Карвонсаройга. У АҚШнинг Сўғд вилоятидаги лойиҳалари билан ҳамкорлик қилади.

«Муҳит ҳар қандай тилни ўқитиш методикасининг ажралмас қисми бўлгани сабабли, марказларнинг ўзи мулоқот учун қулай шарт-шароитлар яратиб, таълимга катта ҳисса қўшмоқда», деди Нажибова.

Истеъдодларни кашф қилиш

Америка марказлари ёш истеъдодларни кашф этиш ва рағбатлантиришга ҳам кўмаклашган.

Тимур Шарипов, Малика Ачилова, Баҳодур Эшонхўжаев ва Шероз Жўраев АҚШ аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш миллий агентлиги (NASA) ташаббуси билан ўтказилган «Space Apps Challenge 2021» хакатонида иштирок этдилар.

Унда Душанбедаги Америка маркази томонидан ташкил этилган «Oogway Comics» деб номланган Тожикистон жамоаси ярим финалга чиқди.

Жамоа «моҳирона ёритилган астероидлар» яратиш вазифасини танлади ва ёшларга NASAнинг астероидларни ўрганишга оид «Люси» дастури ҳақида маълумот бериш учун комикслар китоби ва мобил илова чиқарди, деб хабар беради АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси.

Америка марказлари бошқа истеъдодли тожик ёшларига ҳам кўмаклашган.

Кўлоб марказидаги кўнгиллилардан бири Жомий Тоирзода профессионал дебат иштирокчисига айланди. У Марказий Осиёда ProDebates подкастига асос солган.

Душанбедаги Америка марказида кўнгилли сифатида иш бошлаган, кейинчалик Maker Space ижодий устахоналари координаторига айланган Лутфулло Тағоев Тожикистонда биринчи электрон таълим платформасини яратди.

Ноябр ойида Хўджанддаги Америка марказида бўлиб ўтган Go Viral фестивалида Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманидан келган Тожикистон технологик университетининг дастурлаш факултети талабаси Севара Қодированинг ишлари намойиш этилди.

«Америка марказида мен ўзим каби расм чизишни ёқтирадиган ёшлар билан танишдим. У ерга профессионал рассомлар ҳам боришади. Демак, қобилиятингизни намойиш қилиш учун кўпроқ имконият бор», дейди Қодирова Карвонсарой билан суҳбатда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500