Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Кремл «Газпром» ёрдамида «ВКонтакте» устидан назоратни кучайтирди

Ксения Бондал

2018 йил 24 май куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида намойиш этилган Россиянинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи стенди. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

2018 йил 24 май куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида намойиш этилган Россиянинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи стенди. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

ОЛМАОТА – Таҳлилчиларга кўра, «Газпром»нинг Россиядаги энг йирик ижтимоий тармоқ акциялари улушини сотиб олиши – ахборот соҳасидаги «темир парда» ривожланиб бораётганидан даракдир.

Бир қатор транзакциялар ва раҳбарларнинг ўзгариши ортидан машҳур «ВКонтакте» ижтимоий тармоғини эндиликда Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлган инсайдерлар назорат қиладиган бўлди.

«ВКонтакте» – Facebook тармоғининг Россиядаги муқобили бўлиб, унинг 97 миллион фойдаланувчига эга экани айтилади.

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдинг компанияси «ВКонтакте»га эгалик қилувчи медиа-конгломератдаги акцияларини энергетика гиганти «Газпром» назоратидаги компанияга сотди, дейилади 2 декабр кунги баёнотда.

«ВКонтакте»да ўтирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси, Олмаота, 10 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

«ВКонтакте»да ўтирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси, Олмаота, 10 декабр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

«Газпром»га қарашли «Согаз» суғурта компанияси ўз баёнотида «VK Group»ни назорат қилувчи «MF Technologies» холдинг компаниясининг 45% акцияларини сотиб олганини айтди.

VK Group таркибига «ВКонтакте» ва «Одноклассники» ижтимоий тармоқлари ва бошқа онлайн сервислар киради.

«Битим қиймати ошкор этилмаган», дейилади USM баёнотида.

«Газпром»нинг молиявий бўлинмаси – «Газпромбанк» 3 декабр куни акциялар назоратини «Газпром Медиа»га ўтказиш олдидан «MF Technologies»даги улушини 36 фоиздан 45 фоизга оширган, дея хабар беради The Moscow Times нашри.

Ушбу битимлар ортидан «Газпром» шўъба ва аффилланган компаниялари орқали ВК гуруҳидаги овоз бериш ҳуқуқининг 50% дан ортиғини назорат қиладиган бўлди.

Сўнгги йилларда Россия ҳукумати вояга етмаганларни ҳимоялаш ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида интернетнинг рус сегменти устидан назорат ўрнатишга уриниб, «суверен интернет»ни ривожлантира бошлаган.

«Газпром» Россия интернетини ҳукумат назоратига олиш ва мухолифат овозини ўчириш йўлидаги курашнинг илк сафларида турган кўринади.

«Газпром» назорати

Усмонов шундоқ ҳам Путиннинг яқин иттифоқчиси бўлса-да, бу ўзгариш VK бошқарувини бевосита Путиннинг бошқа инсайдерлари қўлига топширади, деб ёзади Current Time.

«Газпром-медиа»га Россия цензура идораси – «Роскомнадзор»нинг собиқ раҳбари Александр Жаров раҳбарлик қилади.

«Согаз» акциядорлари орасида Путиннинг дўсти, унинг мафкуравий позицияларига кучли таъсир кўрсатиши айтиладиган Юрий Ковалчук ва президентнинг жияни Михаил Шеломов бор.

Эндиликда Путин администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенконинг ўғли Владимир Кириенко «VK Group»нинг янги бош ижрочи директори бўлиши кутилмоқда.

«ВКонтакте» ва «Одноклассники» назоратининг бир вақтда «Газпром Медиа»га топширилиши уларнинг контент борасида сиёсатига таъсир қилиши мумкин, дейди олмаоталик техноблогер Рустам Ниёзов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Ҳозирда «ВКонтакте» фойдаланувчилари сайтда петициялар эълон қилиши... ва улар учун имзо йиғиши мумкин.»

«VKontakte тармоғининг сотилиши ортидан модерациянинг кучайиши ва янги қоидаларга хилоф постларнинг ўчирилишини тахмин қилса бўлади», деди у.

Чимкентлик фаол Куаниш Сатаевга кўра, Россия Хитойни давлат цензурасининг намунаси сифатида кўради.

Пекиннинг «Буюк хавфсизлик девори» Хитойдан хориждаги веб-сайтлар, жумладан, Facebook, Twitter, Instagram, Google, Yahoo, YouTube, WhatsApp, Telegram кабиларга киришни блоклайди.

«Хитой сўнгги 20 йил давомида хитойликларни компартия бузғунчи деб ҳисоблаган веб-сайтлардан тўсиб келди», дейди у.

«Россия ҳам Хитойдан ўрнак олмоқда: YouTube муқобили Rutube; TikTok ўрнига Yappy чиқарилди, энди эса у барча ижтимоий тармоқларни назорат қилмоқчи», деди Сатаев.

«У худди совет давридагидек ахборотнинг «темир пардаси»ни тиклаш учун қўлидан келганини қилмоқда», деди Сатаев.

Ташвиқот

VKontakte тармоғига эгалик қилишидан аввал ҳам «Газпром-медиа»нинг оммавий ташвиқот кампанияларини ўтказадиган бир гуруҳ менежерлари бор эди, дейди Қозоғистон интернет уюшмаси президенти, олмаоталик Шавкат Собиров.

«Улар одамлар ёллаб, бутун дунёни шокка туширадиган ташвиқот ишларини олиб бориш учун уларга катта пул тўлайдилар», деди Собиров.

2014 йилда VKontakte асосчиси Павел Дуров ўз акцияларини Усмоновга сотганидан кейин у аста-секин пастга қулай бошлади, дейди Олмаотадаги АТ компаниясида лойиҳа менежери Дмитрий Бойко.

«ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) Дуровни бизнесини ташлаб кетишга мажбур қилгани ва унинг ўрнига Усмонов келганидан сўнг, VKontakte тармоғида мусиқа пулли бўлди ва улар биздан пул ишлай бошладилар», деди у.

«Ҳеч бўлмаганда путинчилар миямизни заҳарламас эди, оммавий саҳифаларда бемалол мулоқот қилиш мумкин эди. «Газпром» VKontakte тармоғига эътибор қаратар экан, қоидалар тезда қатъийлашиши мумкин», дейди Бойко.

«Мен бу ерда қанча қолишимни билмайман, пессимистик кайфиятдаман», деб қўшимча қилган у.

Усмоновнинг кетиши Россия ҳукуматининг ижтимоий тармоқлар назоратини кучайтираётганини билдиради, дейди тошкентлик дастурчи Сардор Сеитов.

«Газпром-медиа» технологик компанияларни бошқаришда USMдан уқувсизроқ бўлгани учун интернетнинг технологик ва иннновацион тараққиёти секинлашувини кутса бўлади, дейди у.

«Россия президентига шахсий алоқадорлиги бор идоралар «Газпром-медиа» билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқларни назорат қилади деган фикрдаман», дейди Сеитов.

«Газпром-Медиа учун VKontakte тармоғининг технологик жиҳатлари унча муҳим эмас. У буни ҳукумат назорати остидаги медиа-платформа деб билади.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сўз эркинлиги ва демократия қаёқда қолди?

Жавоб бериш