Карвонсарой
Сиёсат

МДҲ аъзолари ҳамдўстликдан чекина бошладилар

Ксения Бондал

Россия президенти Владимир Путин 15 октябр куни Москва яқинидаги Ново-Огарево қароргоҳида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан видеомулоқотда иштирок этмоқда. [Евгений Полин /Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 15 октябр куни Москва яқинидаги Ново-Огарево қароргоҳида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан видеомулоқотда иштирок этмоқда. [Евгений Полин /Спутник/AFP]

ОЛМАОТА – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ўз аъзолари орасидаги сиёсий келишмовчиликларни ҳал қила олмайдиган дисфункционал ташкилот бўлиб чиқди, дейди кузатувчилар.

МДҲ 1991 йил декабр ойида Россия, Беларус ва Украина тарафидан тузилган эди.

Айни пайтда унинг таркибига Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Туркманистон ҳамдўстликнинг тўлақонли аъзоси эмас.

Грузия 2009 йилда МДҲ таркибидан чиққан, Украина эса ундаги иштирокини 2018 йили тўхтатган.

2008 йилда Грузия ва 2014 йилда Украинага бостириб кирган Владимир Путин Россияси бошчилигидаги блокларни тарк этиш учун ҳар иккала давлатда ҳам етарлича сабаблар бор.

«МДҲ даставвал янги иттифоқ, конфедерал уюшма сифатида тузилган. Аммо, вақт ўтиб, унга аъзо давлатлар тарқоқ ҳолатга келишди», дейди Украинанинг сиёсат институти раҳбари, киевлик Руслан Бортник.

«Аксар мамлакатлар МДҲ билан ҳамкорликни тўхтатди. Бунга Россиянинг 1990-йиллардаги уқувсиз раҳбарлари муҳим омил бўлиб хизмат қилди», деб айтган у 8 декабр куни «РИА Новости»га берган интервюсида.

«Ҳамма МДҲнинг ишламайдиган ташкилот эканлигига гувоҳ бўлди», дейди у. «Айрим соҳаларда ҳуқуқий база бор. Аммо МДҲ постсовет маконидаги сиёсий муаммоларни бартараф қилишга қодир бўлолмади.»

«Буларнинг бари ташкилотнинг бутунлай таназзулга учрашига, хусусан, Украинанинг уни тарк этишига олиб келди», дейди у.

Россияга содиқликдан воз кечиш

МДҲ заифлашган Совет Иттифоқини тарк этиб, батамом мустақил бўлган давлатлар учун ўтиш даври ташкилоти вазифасини бажарган, дейди Нур-Султонлик сиёсатшунос Газиз Абишев.

Айни пайтда президентлар МДҲ доирасида учрашиб турса-да, ҳамдўстлик ичидаги зиддиятлар жуда юқори даражада, дейди у.

«Украина НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилиш ниятида эканлиги сабаб ҳамдўстликни тарк этган. У МДҲнинг асосий давлати бўлган Россия билан ҳеч қандай алоқаларга эга эмас», дейди у.

«Грузияга ҳам шундай позицияда. Озарбайжон Туркияга ён босади. Туркманистон эса мутлақо бетараф.»

«Аксар МДҲ давлатлари ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) ва КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) каби бошқа ташкилотлар орқали бирлашган», дейди Абишев Россия етакчилигидаги бошқа блокларни назарда тутиб.

МДҲ шунчаки рамзий ташкилот бўлиб, янги нафас пайдо бўлмаса, заифлашишда давом этаверади, дейди у.

Масалан, Украина, Грузия ёки Озарбайжонда Россияга содиқ авлод йўқ, дейди Абишев.

«Бизнинг биринчи президентимиз Нурсултон Назарбоев МДҲ доирасида бир қатор ташаббусларни илгари сурган, аммо ўша вақтдаги Россия президенти Елцин уларни қабул қилмаган», дейди у. «Қозоғистон ҳатто Россиянинг рубл ҳудудидан сиқиб чиқарилган.»

«Қўшниларини ўзининг дала ҳовлисидек ва уларнинг бошқа борар жойи йўқдек кўрувчи Россиянинг интеграция борасидаги қарашлари МДҲни кучсизлантирди», дейди Абишев.

Суст тириклик

МДҲ яқин келажакда парчаланмаса-да, ҳозирги кучсиз ҳолатида сақланиб қолади, деб тахмин қилади Макроиқтисодий тадқиқотлар ва прогнозлар маркази катта тадқиқотчиси, Нур-Султонлик Мадяр Кенжебулат.

Россия МДҲда энг оғир вазнга ва катта манфаат ҳудудига эга, шу сабабли Москва учун иттифоқни сақлаб қолиш ва аъзо мамлакатларга таъсир этишда давом этиш муҳим, дейди у.

Уюшмага аъзоликдан МДҲдаги бошқа давлатларнинг ҳам ўз манфаатлари борлигини тушуниш керак, дейди Кенжебулат хар бир мамлакатнинг интеграция даражаси фарқланишини таъкидлаб.

Биринчидан, узоқ муддат кучли қўшниси билан интеграция қилмасдан барқарор ривожлана олмайдиган кичик мамлакатлар бор, дейди у.

«Марказий Осиё мамлакатларида доимо ё Россия билан, ёки Хитой билан бўлиш танлови туради. Бу давлатларнинг режали экспансияси ҳеч қандай урушсиз уларни бир неча ўн йил ичида ютиб юбориши мумкин», дейди у.

Қозоғистонда бор йўғи 19 миллион фуқаро истиқомат қилади, уларнинг харид қобилияти паст. Демак, мамлакатнинг турли иқтисодий уюшмаларга қўшилиши – ўз маҳсулотларини сота оладиган бозорларни кенгайтиради, деб давом этди у. Давлат раҳбарлари ЕОИИга қўшилаётганда шунга умид қилган эдилар.

«Аммо турли сабабларга кўра, биз тахминий афзалликлардан ҳали фойдаланмадик», дейди Кенжебулат. «ЕОИИ божхона божлари кўринишидаги тариф тўсиқларини бартараф этган бўлса-да, Россия тарифга алоқадор бўлмаган чекловлардан мунтазам фойдаланиб туради. Россия Федерацияси бизнинг бозорда ўз товарлари савдосини тобора ошириб бормоқда.»

Иккинчидан, Россия собиқ совет республикаларини ўз таъсиридан чиқариб юбормаслик учун қўлидан келган барча чораларни кўришига МДҲ давлатлари гувоҳ бўлишди.

«Украина ва Грузиянинг мисоли улар Россия томонидан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий чораларга дуч келиши мумкинлигини кўрсатади», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қозоғистон Россиядан узоқроқ туриши керак. Ҳатто Хитой ҳам суверенитетни қўлдан бой бериш нуқтаи назаридан Россия каби потенциал хавфли эмас.

Жавоб бериш

Ҳа, у аллақачон ўлик ташкилот – фақат номи қолган.

Жавоб бериш