Карвонсарой
Таҳлил

БАА портида Хитойнинг ҳарбий таянчга эга бўлишга интилиши хавотирга сабаб бўлмоқда

Карвонсарой

2012 йилнинг 1 сентябр куни Абу-Дабидаги Халифа портида сайр қилаётган ходимлар. АҚШ разведка хизмати сўнгги ойларда Хитойнинг бандаргоҳдаги фаоллигидан хавотир билдирган. [Карим Соҳиб/AFP]

2012 йилнинг 1 сентябр куни Абу-Дабидаги Халифа портида сайр қилаётган ходимлар. АҚШ разведка хизмати сўнгги ойларда Хитойнинг бандаргоҳдаги фаоллигидан хавотир билдирган. [Карим Соҳиб/AFP]

АҚШ разведкаси расмийлари сўнгги ойларда Хитойнинг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Халифа портидаги фаолиятидан хавотир билдирган. Улар Хитойнинг яширинча ҳарбий объект барпо этаётганини айтганлар.

Афтидан, қурилиш тўхтатилган бўлса-да, АҚШнинг бир қанча расмийлари Хитойнинг мамлакатдаги ҳозирлиги билан боғлиқ хавфсизлик муаммолари ҳал қилинмагани ҳақида огоҳлантирган, деб хабар беради CNN.

АҚШ разведка идоралари бир йилга яқин вақт мобайнида Хитойнинг БАА портида яширинча ҳарбий объект қураётганидан хабардор бўлишган, дейилади The Wall Street Journal (WSJ) нашрининг ноябрдаги махсус сонида.

China Ocean Shipping Company Ltd. (COSCO) компаниясининг тижорий контейнерлари терминали жойлашган порт Тавила шаҳридан 5 км узоқликда, амирлик пойтахти Абу-Дабидан тахминан 80 км шимолда жойлашган.

Суратда: 2012 йил 1 сентябрда – тижорий амалиётлар бошланган маҳал Абу-Дабидаги Халифа портида териб қўйилган контейнерлар. [Карим Соҳиб/AFP]

Суратда: 2012 йил 1 сентябрда – тижорий амалиётлар бошланган маҳал Абу-Дабидаги Халифа портида териб қўйилган контейнерлар. [Карим Соҳиб/AFP]

У материк билан кўтарма йўл орқали боғланган сунъий оролда жойлашган.

АҚШ расмийларининг махфийлаштирилган сунъий йўлдош тасвирлари ва бошқа маълумотларга асосланган ҳолда таъкидлашича, Хитой «БААда ҳарбий плацдарм» барпо этиб, ўз ҳарбий ҳозирлигини кенгайтиришга уринмоқда, деб ёзади WSJ.

CNN хабарига кўра, «АҚШ разведкаси портга тижорат кемалари қиёфасида кирган кемаларни кузатган – улар Хитой ҳарбийлари томонидан разведка маълумотларини йиғиш учун ишлатиладиган турдаги кемалар деб тан олинган».

Афтидан, БАА ҳукумати Халифа портида Хитойнинг ҳарбий характерга эга фаолиятидан бехабар бўлган, деб ёзади WSJ.

Шундай бўлса-да, Хитойнинг бу ҳозирлиги БААнинг АҚШдан F-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини мураккаблаштирган, бу қирувчи самолётлар Хитойнинг жосуслик фаолиятидан ҳимояланган бўлиши талаб қилинмоқда.

«Махфийлик ва ҳийла-найранг»

2018 йил декабр ойида Abu Dhabi Ports компаниясининг CОСCО билан тузган 35 йиллик концессия шартномаси Хитой компаниясига Халифа портида контейнер терминалини бошқариш ва ривожлантириш имконини берган.

Терминал 2013 йилда бошланган, Осиё, Африка, Европа ва Океания бўйлаб 78 давлатни боғловчи йирик инфратузилмавий лойиҳа – Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси томонидан яратилган савдони қўллаб-қувватлаш учун барпо этилгани айтилади.

Аммо Хитойнинг стратегик аҳамиятга эга БАА портидаги таянч пункти – Жанубий Хитой денгизидан Сувайш каналигача чўзилган стратегик муҳим портлар тармоғидаги ҳозирлиги каби – бошқа мақсадлар учун ҳам хизмат қилади.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Хитой ўзининг сиёсий ва иқтисодий таъсирини кенгайтиришдан ташқари, минтақага жанговар киришни осонлаштириш учун портлар тармоғига сармоя ётқизиб, Яқин Шарқ ва ундан ташқарида хавотир уйғотмоқда.

«Хитойнинг БААдаги Халифа портида яширин ҳарбий объект қураётгани ҳақидаги маълумотлар Пекиннинг ўсиб бораётган стратегик амбицияларини, шунингдек, ўз чегараларидан ташқарида ҳам ҳарбий ҳозирлигини кенгайтириш йўлидаги махфийлик ва ҳийла-найрангларини тасдиқлайди», дейилади Indian Express нашрининг 23 ноябр кунги сонида.

Унда таъкидланишича, «Хитой сўнгги йилларда [президент] Си Цзинпин даврида янада шиддатлироқ тарзда стратегик аҳамиятга эга ҳудудларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланган».

Ҳинд океани ҳудудида Хитой иқтисодий ва инфратузилмавий ҳамкорлик ваъдалари орқали муҳим ерларда ўз мавқеини мустаҳкамлади, деб ёзади нашр бу «икки томонлама фойдаланиш» стратегиясининг бир қисми эканлиги ҳақида огоҳлантириб.

«БААда бўлгани каби, бу ерлар ҳам яширин ёки ошкора ва босқичма-босқич тарзда ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин», деб қўшиб ўтилган.

Шубҳали мақсадлар

Март ойи охирида Хитойнинг Эрон билан имзолаган стратегик битими Пекиннинг Форс кўрфазида ҳарбий плацдарм яратишига олиб келади деган хавотирларни пайдо қилган.

Хитой нуқтаи назаридан қараганда, «келишувдан мақсад – Эронда, айниқса Форс кўрфазининг Жаск ва Киш оролларида Хитойнинг таянчини кучайтириш», деб айтган ўз шахсини очиқламаган ҳолда собиқ эронлик ҳарбий таҳлилчи Al-Mashareq веб-сайтига.

Келишув тижорий характерга эга бўлса-да, Эроннинг Жаск ва Чабаҳор портларидаги Хитой инвестициялари унинг денгиз флоти кескин кенгайишига олиб келади, дейди таҳлилчи.

Хитой ва Араб мамлакатларининг 2018 йилги ҳамкорлик форумида (CASCF) Хитой Яқин Шарққа 23 миллиард АҚШ долларига тенг кредит ва ёрдам ажратган, бу кўмак қимматга тушиши мумкин, дейди кузатувчилар.

БААнинг Халифа, Уммоннинг Дуқм, Саудия Арабистонининг Жизан ва Мисрнинг Саид ва Айн Сохна портлари Яқин Шарқдаги «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида Хитой ривожлантирадиган муҳим лойиҳалар сифатида белгиланган, деб хабар берган эди Aggregates Business 2020 йили.

«Шунингдек, Хитой пудратчилари Қатардаги, жумладан Ҳамад халқаро аэропортининг кенгайтирилиши учун 25 миллиард АҚШ доллари ажратилган катта қурилиш шартномаларида ҳам иштирок этади», деб ўтилган веб-сайтда.

Шунингдек, Покистоннинг Балужистонидаги Гвадар портида Хитой ҳарбийларининг мақсади борасида саволлар пайдо бўла бошлаган – бу ерда махфийлик остида бир қатор шубҳали бинолар қад кўтармоқда.

Араб денгизидаги порт Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусининг бир қисми бўлиши кутилмоқда, аммо кузатувчилар Хитой режими ундан Покистонда ҳарбий-денгиз базасини барпо этиш мақсадида фойдаланаётган бўлиши мумкин деб ташвишга тушмоқдалар.

Хитойнинг Гвадарда ҳарбий-денгиз базаси қуриш ҳақидаги режалари расман тасдиқланмаган бўлса-да, сунъий йўлдош суратлари ўтган бир неча йилларда янги мажмуалар барпо этилганини кўрсатади, деб хабар берган Forbes 2 июн куни.

Комплексларнинг бири «ноодатий даражадаги хавфсизликка» эга бўлиб, у катта қисми давлатга тегишли бўлган, кўплаб фуқаровий муҳандислик лойиҳаларида иштирок этувчи Хитойнинг Communications Construction Co. компанияси томонидан фойдаланилмоқда.

У «кенгайтирилган» хавфсизлик даражаси ва «транспортга қарши бермалар, хавфсизлик тўсиқлари ва баланд деворларга» эга, деб ёзган хавфсизлик бўйича мутахассис Х. И. Саттон Forbes нашрида. «Тўсиқ ва ички девор ўртасида периметр бўйлаб қўриқчилик постлари ва кўтарилган миноралар жойлаштирилган», бу «қуролланган қўриқчилар мавжудлигидан» далолат беради.

Айрим кузатувчиларга кўра, бир қатор кўк томли бинолардан иборат иккита кичикроқ ҳудудда Хитой ҳарбий флоти гарнизони учун казармалар жойлашган бўлиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500