ЛОНДОН – Хитой Коммунистик партияси (ХКП) Шинжондаги уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларга қарши геноцид сиёсати олиб бораётгани шубҳасиз ва бунинг учун Хитой раҳбари Си Цзинпин «бевосита масъулдир», деб баёнот берган шу ой бошида Уйғур трибунали.
Тўққиз нафар юрист ва инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис 9 декабр куни Лондонда бу йилги икки эшитув давомида инсониятга қарши жиноятлар, қийноқлар, зўрлаш ва ғайриинсоний муомала ҳақидаги даъволарни тинглаб, ўз хулосаларини эълон қилган.
Трибунал қувғиндаги уйғурлар манфаатларини ҳимоя қилувчи энг йирик гуруҳ – Бутунжаҳон уйғур конгресси талабига биноан ташкил этилган бўлиб, у халқаро ҳамжамиятни cодир этган қонунбузарликлари юзасидан Хитойга қарши чора кўришга ундайди.
63 саҳифалик ҳисоботда айтилишича, ХКП мамлакат шимоли-ғарбидаги мусулмон уйғур озчилигининг «катта қисмини йўқ қилишни режалаштириш» билан «геноцид содир этган».
ХКП уйғурлар орасида туғилиш даражасини пасайтириш, жумладан мажбурий стерилизация, туғилишни назорат қилиш ва абортлар ёрдамида Шинжон аҳолиси сонини «оптималлаштириш» бўйича комплекс чораларни жорий қилган.
«Бу чоралар туфайли келажакда уйғур аҳолисининг сони одатдагидан камроқ бўлади. Бу уйғурларнинг қисман йўқ қилинишига олиб келади», дейилади хабарда.
«Геноцид тўғрисидаги конвенцияга кўра, «йўқ қилиш» сўзи геноцидни исботлаш учун зарур бўлган тақиқланган ҳаракатга мос келади», деб хулоса қилган трибунал.
Си «бевосита масъул»
Уйғур трибуналига британиялик адвокат, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уруш жиноятлари бўйича собиқ прокурори Жефри Найс раислик қилган.
У бошқа аъзолар билан бирга мустақил тадқиқотчилар ва ҳуқуқбон ташкилотларнинг минглаб саҳифадан иборат ҳужжатлаштирилган далиллари ва академик ҳисоботларини, ОАВ хабарларини ва Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) расмий ҳужжатларини ўрганиб чиққан.
Ҳайъат хулосасига кўра, юз минглаб, эҳтимол бир миллиондан ортиқ уйғурлар судсиз ҳибсга олиниб, шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабатга учраганлар.
Қийноқлар шак-шубҳасиз «давлат мансабдор шахслари ёки ХХР ва/ёки ХКП расмий вазифаларини бажарувчи бошқа шахслар томонидан, уларнинг ташаббуси ёки розилиги билан» амалга оширилган, деб топилди.
Комиссия ҳибсга олиш, мажбурий кўчириш, ғойиб бўлиш, зўрлаш ва жинсий зўравонлик, таъқиблар ва ғайриинсоний амалиётларни тасдиқлади.
«Трибунал ХХР томонидан уйғурларга қарши қаратилган кўп тарафлама, аммо ўзаро боғлиқ сиёсатларни қўллаш бўйича кенг қамровли режа ишлаб чиқилганини тасдиқлайди», дейилади хулосада.
Си ва бошқа юқори мансабдор шахслар Шинжондаги уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқларга қарши олиб борилган ваҳшийликлар учун «бевосита жавобгар» ҳисобланади, деб таъкидлаган трибунал.
Кўплаб суистеъмол ҳолатлари ҳам аниқланган
Трибунал изоляторлар қуриш, маҳбусларга нисбатан муносабат, Шинжон бўйлаб масжидларнинг йўқ қилиниши, аҳолини назорат қилишда технологиялардан фойдаланиш ва давлат кузатувини олиб боришда ХКПнинг тезкорлигини қайд этган.
«Қамоқхоналардаги синфларда маҳбусларни судраб олиб чиқиб кетиш, синфдагилар эшитадиган даражада бақиртириб қийнаш хавфи остида ХКП ва ХХРни мадҳ қилувчи қўшиқларни ёдлаш ва куйлашга мажбурланган», деб айтган Найс трибунал ҳисоботини ўқиб.
Аёл маҳбуслар ва эҳтимол эркаклар ҳам уларнинг репродуктив ва асаб фаолиятига таъсир қиладиган дориларни ичишга мажбурланганлар, дейди у.
«Ҳибсхоналардаги ва эркинликдаги ҳомиладор аёлларни ҳатто энг охирги муддатда ҳам аборт қилишга мажбурлашган», дейилади трибунал ҳужжатларида. «Аборт чоғида айрим чақалоқлар тирик туғилган, аммо уларни кейинчалик ўлдиришган.»
Шиддатли назорат ва кузатув туфайли Шинжоннинг айрим ҳудудлари «очиқ қамоқхонага» айланган, дейилади унда.
Қўшнилар бир-бири ортидан айғоқчилик қилишга рағбатлантирилган ёки мажбурланган, жамиятнинг таниқли аъзолари, жумладан диний, маданий, сиёсий ва етакчи тадбиркорлари ҳибсга олинган ёки «ғойиб бўлган», айрим ҳолларда ўлдирилган, дейилади ҳужжатда.
Бир неча ойлик ёш болалар оиласидан ажратиб олинган ва болалар уйига ёки ХКП бошқарадиган интернат-мактабларга топширилган, айрим ҳолатларда уларнинг ота-оналари фарзандлари тирик ёки ўлик эканини билмаган.
Уйғур аёллари агар рад этсалар ҳибс ёки бошқа жазо қўлланиши хавфи остида хан миллатига мансуб эркакларга турмушга чиқишга мажбурланган.
Бошқа ҳолларда «оиланинг фикрлаши ва ҳатти-ҳаракатларини кузатиш ва ҳисобот бериш учун» одатда хан миллатига мансуб «оила дўстлари» бир неча ҳафта давомида уйғур оилалари билан яшашга юборилган.
«Болалар сўроққа тутилган, айрим ҳолларда уйғур оила бошлиғи қамоқхонада бўлганида хан миллатига мансуб эркаклар оиладагилар билан битта ётоқда ётишган, натижада жинсий зўравонлик ҳолатлари юзага келган».
Жорий қилинаётган санкциялар
Пекин ҳеч қандай ҳукуматга алоқадор бўлмаган Уйғур трибуналини сохта «аксилхитой» фитнаси деб атаб, унинг раисига қарши санкциялар жорий қилди.
Қўшма Штатлар, бошқа Ғарб мамлакатлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Хитойнинг уйғурларга нисбатан муносабатини «қатлиом» деб атаганлар.
Қўшма Штатлар, Австралия, Канада ва Буюк Британия каби давлатлар Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки олимпиадага нисбатан дипломатик бойкот эълон қилмоқда.
Ўтган ҳафтада АҚШ ҳукумати Хитойнинг уйғурларга нисбатан муносабатни қоралаш бўйича бир қатор чораларни қабул қилди.
16 декабр куни АҚШ сенати бир овоздан мажбурий меҳнатга доир хавотирлар сабаб Шинжондан маҳсулот импортини чекловчи қарорни қабул қилди.
«Айни вақтда биз кўриб турган ва содир бўлаётган қатлиом жуда хавотирли, даҳшатли даражада содир бўлмоқда», деб айтган Жо Байден имзолаши кутилаётган қарорни ишлаб чиққан сенатор Марко Рубио.
Сенат дипломат Николас Бёрнсни Хитойга элчи қилиб тасдиқлади, у Хитойни «зўравон» деб таърифлаб, уйғур «қатлиомини» қоралаган.
Байден маъмурияти ҳуқуқбонлар Хитойнинг уйғурларни кузатишда янги технологиялардан фойдаланаётганини айтган Шинжондаги кузатувлар сабабли бир қатор санкцияларни жорий қилди.
Нишонга олинган компаниялар қаторида дунёдаги энг йирик маиший дронлар ишлаб чиқарувчи SZ DJI Technology компанияси бор.
«Бу саккиз компания ХХРдаги этник ва диний озчиликлар, асосан Шинжондаги мусулмон уйғурларни кузатиш ва назорат қилишни фаол қўллаб-қувватлайди», деб айтган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
Қўшма Штатлар компаниянинг савдо экспортини аллақачон чеклаган, аммо янги санкциялар унга киритиладиган ҳар қандай АҚШ инвестицияларини жиноий жавобгарликка тортади.
Шунингдек, телефонлардаги файлларни кузатувчи мобил иловани ишлаб чиққан Xiamen Meiya Pico Information, уйғурлар ва тибетликлар юзларини аниқлаш тизимини ишлаб чиққан Cloudwalk Technology компаниялари ҳам санкциялар остига тушган.
Бундан алоҳида равишда АҚШ савдо вазирлиги Ҳарбий тиббий фанлар академияси (AMMS) ва унинг 11 та тадқиқот институтининг биотехнологик ишлари, жумладан «инсон миясини назорат қилиш бўйича эҳтимолий қуроли» сабабли махфий экспортларини чеклади, дейилади билдиришномада.
«Афсуски, ХХР бу технологияларни ўз аҳолисини назорат қилиш, этник ва диний озчиликка босим ўтказиш учун қўллашни маъқул кўрмоқда», деб айтган савдо вазири Жина Раймондо баёнотда.
Дунё 80 йил аввал Гитлерга қарши бирлашгани каби хитой фашизмига қарши бирлашиши керак
Жавоб беришФикрлар 1