Карвонсарой
Таълим

Хитой тилини ўрганишга бўлган эътибор Марказий Осиёнинг совет ўтмишидан узоқлашаётганини кўрсатмоқда

Канат Алтинбаев

30 сентябр куни Гонконгнинг Юэн Лонг туманидаги мактабда хаттотлик бўйича машғулотларда иштирок этаётган ўқувчилар. Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсирининг кучайиши кўпчиликни хитой тилини ўрганишга ундамоқда. [Айзек Лоуренс/AFP]

30 сентябр куни Гонконгнинг Юэн Лонг туманидаги мактабда хаттотлик бўйича машғулотларда иштирок этаётган ўқувчилар. Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий таъсирининг кучайиши кўпчиликни хитой тилини ўрганишга ундамоқда. [Айзек Лоуренс/AFP]

ОЛМАОТА – Хитойнинг Марказий Осиёдаги таъсири кучайиб борар экан, бир пайтлар Москва ўзининг ичкари ҳовлиси деб ҳисоблаган минтақа ёшлари орасида рус тили ўрнига хитой тилини ўрганиш оммалашиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Хитойнинг Марказий Осиёга киритаётган инвестициялари жадаллашган.

2013 йилда Хитой раҳбари Си Цзинпин Осиё, Африка, Европа ва Океания бўйлаб 78 давлатни боғлайдиган йирик инфратузилмавий лойиҳа – «Бир камар, бир йўл» ташаббусини эълон қилган эди.

Ўшандан бери Пекин Марказий Осиёда автомобил йўллари, темирйўл, портлар ва бошқа инфратузилмалар, саноат ва ҳаттоки таълим лойиҳаларини яратиб, молиялаштириб келмоқда.

1 сентябр куни ҳаводан олинган ушбу суратда Хитойнинг марказий Хубей вилоятидаги Ухан шаҳрида янги семестрнинг илк кунидаги очилиш маросимида қатнашаётган талабалар акс этган. Хитойда 14 мингдан ортиқ қозоғистонлик таҳсил олади. [STR/AFP]

1 сентябр куни ҳаводан олинган ушбу суратда Хитойнинг марказий Хубей вилоятидаги Ухан шаҳрида янги семестрнинг илк кунидаги очилиш маросимида қатнашаётган талабалар акс этган. Хитойда 14 мингдан ортиқ қозоғистонлик таҳсил олади. [STR/AFP]

Очиқ ҳавода кириш имтиҳонларини топшираётган ўзбекистонлик талабалар, Тошкент, 2020 йил, 2 сентябр. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг май ойида таълим тизими мутасаддиларига соҳани ислоҳ қилиш вазифасини топширар экан, талабалар ўқишни битиргунича камида иккита хорижий тилни мукаммал билиши кераклигини айтган эди. [Юрий Корсунцев/AFP]

Очиқ ҳавода кириш имтиҳонларини топшираётган ўзбекистонлик талабалар, Тошкент, 2020 йил, 2 сентябр. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг май ойида таълим тизими мутасаддиларига соҳани ислоҳ қилиш вазифасини топширар экан, талабалар ўқишни битиргунича камида иккита хорижий тилни мукаммал билиши кераклигини айтган эди. [Юрий Корсунцев/AFP]

«Бир камар, бир йўл» – Хитой манфаатларига, аниқроғи, ички энергия эҳтиёжларини қондириш, халқаро бозорларни забт этиш, экспортни кенгайтириш ва бошқа мақсадларга қаратилган.

Бу ўзгаришлар ҳозирда хитой тилини ўрганаётган ёшларда, айниқса, турли лойиҳалар ва қарз сиртмоғи орқали Хитойга Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига қараганда кўпроқ боғланган Тожикистонда ўз аксини топган.

Тожикистондаги кўплаб мактабларда бир неча йиллардан бери ўқитиб келинаётган хитой тили рус тилига нисбатан кўпроқ оммалашмоқда. Хитой университетларида бир неча минг тожикистонлик таҳсил олади.

Тожикистонликларнинг танлов имконияти ҳам катта эмас: мамлакат ташқи қарзининг 40 фоизи Пекинга тўғри келади.

Ўз мажбуриятларини бажара олмаган Душанбе муҳим масалаларда Хитойга ён босишга мажбур бўлган.

2018 йилнинг баҳорида у «Душанбе-2» электростанциясини модернизация қилиш билан боғлиқ 330 миллион долларлик қарзни тўлаш учун Суғд вилоятидаги Юқори Қумарг олтин конини 50 тонна олтин захираси билан Хитойга топширди.

Хавфсизлик соҳаси эксперти, бишкеклик Қосибек Жолчуевга кўра, Тожикистон Россия раҳбарлигидаги минтақавий иқтисодий блок – Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) ҳалигача қўшилмаган, чунки Хитой бунга қарши бўлган.

Хитой шунингдек, Тожикистондаги ҳарбий ҳозирлигини ҳам жадаллик билан мустаҳкамламоқда – бу тенденция Россияни жиддий ташвишга сола бошлаган.

«Маданий кўприк»

Хитой коммунистик партиясининг расмий нашри – «Жэнмин жибао»нинг 23 ноябр кунги сонида айтилишича, Марказий Осиёдаги маҳаллий давлат университетлари ҳузурида фаолият юритаётган 13 та Конфуций институти тилнинг оммалашувида катта рол ўйнамоқда.

Уларнинг бештаси Қозоғистонда, тўрттаси Қирғизистонда, иккитаси Ўзбекистон ва иккитаси Тожикистонда жойлашган.

Пекин Хитой ва унинг қўшнилари ўртасидаги «маданий кўприк» деб атайдиган Хитой таълим муассасаларининг ушбу тармоғига нафақат университет талабалари, балки ўрта мактаб ўқувчилари, мактабни битирган катталар ва ҳатто нафақадаги кексалар ҳам қабул қилинади.

Хитой Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги, нефт ва тоғ-кон саноатида хитой тилида сўзлашувчи мутахассислар тайёрлайдиган янги Конфуций институтларини очишни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.

«2021 йил 25 октябрда [пойтахт] Нур-Султонда «Хитой кўприги» халқаро клуби расмий шўъбасининг очилгани Қозоғистонда хитой тилига қизиқиш ортиб бораётганидан далолатдир», деб ёзади «Жэнмин жибао».

Газета, шунингдек, хорижда таҳсил олаётган 91 мингдан ортиқ қозоғистонликларнинг 14 мингдан ортиғи Хитойдаги таълим муассасаларининг талабалари эканини таъкидлаган.

Хитой тилини ўрганиш истагидаги ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, дейди 2015 йилда Хитойдан Қозоғистонга кўчиб келган Шинжон университети битирувчиси, Олмаотада хитой тилидан дарс берувчи Абдухалал Кенесбайули.

«Талабаларим Хитойнинг нафақат Қозоғистон, балки бутун минтақада ўз фаолиятини ривожлантираётганини кўрмоқдалар», дейди Кенесбаули Карвонсарой билан суҳбатда.

«Одамлар шамол қайси тарафга эсаётганини англаб, ўзгаришларга тайёр туришни хоҳлаяптилар.»

Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси Ду Девеннинг 11 октябр кунги баёнотида айтилишича, айни пайтда Хитой университетларида 5000 дан ортиқ қирғизистонлик талаба таҳсил олмоқда, айни вақтда Қирғизистондаги тўртта Конфуций институти ва 21 та Конфуций синфида 4000 га яқин қирғизистонлик талаба хитой тилини ўрганмоқда.

2017 йилда Пекин хитой тили интенсив ўқитиладиган Бишкекдаги 95-сонли мактаб қурилишини молиялаштирди.

Бишкек давлат университети талабаси Нурбек Қосимов хитой тилини мажбуран ўрганаётганини эътироф этди.

«Хитой тили жуда мураккаб, аслида уни ўргангим йўқ», дейди Қосимов Карвонсарой билан суҳбатда.

У хитой тилини ўрганаётган кўплаб синфдошларининг ҳам худди шундай ҳолатда эканини айтди.

Мамлакат молия вазирлигининг маълум қилишича, март ойи ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 5 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, унинг аксар қисми – 40 фоиздан ортиғи Хитой экспорт-импорт банкидан олинган.

Рус тили сиқиб чиқарилмоқда

Хитой тили аста-секин Марказий Осиёда «асосий бизнес ҳамкор тили ва ўрта синфнинг чет элда таълим олган қисми сўзлашадиган тил сифатида рус тилини сиқиб чиқариши мумкин», дейди Москвадаги Карнеги марказининг Осиё-Тинч океани бўйича Россия дастури раҳбари, хитойшунос олим Александр Габуев Олмаотадаги «Central Asia Monitor» нашрига берган интервюсида.

«Рус тили ҳали катта устунликка эга бўлса-да, хитой тилини ўрганиш учун иқтисодий мотивлар кучайиб бормоқда», деди Габуев.

Шундай бўлса-да, Хитойнинг бир неча мамлакатга улкан инвестициялар киритиши Пекиннинг иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан бир нечта минтақага кириб боришдек экспансиявий мақсадларига хизмат қилиши ва узоқ истиқболда мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин, деб огоҳлантиради кузатувчилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500