Карвонсарой
Энергия

Хитойнинг Қишки олимпиада олдидан яшил энергияни илгари суриши фермерлар ҳаётини вайрон қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Хитой шимолидаги Хебей провинцияси Баодинг шаҳридаги Хуанцзяо қишлоғи тоғ ёнбағрида қурилган қуёш панеллари олдида қўйларни ўтлатиб юрган фермер, 22 октябр. [Грег Бейкер/AFP]

БАОДИНГ, Хитой – Ҳукумат миллий яшил энергия ишлаб чиқаришни оширишга оид ваъдаларни бажаришга ошиқар экан, бу – калтакланган, ўз ерларидан қувилган, пулга чув тушган ва ҳатто сохта айблов билан ҳибсга олинган хитойлик фермерларга қимматга тушмоқда.

Хитой яқинлашиб келаётган 2022 йилги Қишки олимпиада дунёда илк марта фақат шамол ва қуёш энергиясига таянган ҳолда ўтказилишини ваъда қилган ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кўплаб иншоотлар барпо этган, аммо фаолларнинг огоҳлантиришича, оддий халқ бу жараёндаги ерларни тортиб олиш ҳолатларидан азият чекмоқда.

Қуёш электростанциялари қурилиши туфайли ерларининг ярмидан кўпини йўқотган Пекин яқинидаги қишлоқда яшовчи Лонг оиласининг даромади шу даражада тушиб кетганки, қишда уйни иситиш учун жўхори пўстлоғи ва полиэтилен пакетларни ёқишга мажбур бўлишган.

«Энергетика компанияси ерни 25 йилга ижарага олар экан, бизга ҳар йили ҳар бир му учун бор йўғи 1000 юан беришни ваъда қилишган», дейди Хуанцзяо қишлоғилик фермер Лонг тахминан 667 кв. метрга тенг Хитой ўлчов бирлигини назарда тутиб.

image

Хитой шимолидаги Хебей провинцияси Баодинг шаҳридаги Хуанцзяо қишлоғида жўхори сўтасини ёқаётган аёл, 23 октябр. [Грег Бейкер/AFP]

image

Хитой шимолидаги Хебей провинцияси Цаочжуанци қишлоғидаги шамол турбиналари яқинида қўй боқиб юрган фермер, 23 октябр. [Грег Бейкер/AFP]

«Шу ернинг ўзида жўхори етиштириб, бундан икки баравар кўпроқ пул топишимиз мумкин», дейди у. «Энди эса ердан айрилиб, кунлик ишда ишлаяпман.»

Хитой қуёш панеллари ва шамол турбиналарини ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради, Қишки олимпиада эса дунё бозорига чиқиш мақсадида мамлакатнинг яшил энергетика салоҳиятини намойиш қилиш учун имконият сифатида кўрилмоқда.

Аммо, Хитойнинг иқлим ўзгариши соҳасидаги глобал етакчига айланиш ҳаракатларига кўмир қазиб олишга киритаётган улкан инвестициялари, «яшил» кўринишга эга бўлиш мақсадида маҳаллий ва хориждаги аҳолини эксплуатация қилиши путур етказмоқда.

«Бостирилган ва ҳибсга олинганлар»

Яшил энергетика тараққиёти Лонг ва унинг қўшниси Пи каби фермерлар ҳаётини хавфлироқ ва оғирроқ қилиб қўйган.

Пининг сўзларига кўра, қишлоқликлар мажбуран шартнома имзолаганлар (AFP улар билан таниш). Унга кўра, улар ўз ерларини мамлакатдаги бешта энг йирик энергетика компанияларидан бири бўлган Давлат энергетика инвестицияси гуруҳига (SPIC) лизингга топширишган.

Норозилар полиция томонидан калтакланган, «айримлар шифохонага етказилган, яна бошқалар қамалган», дейди у.

Пи 40 кун ҳибсда ушланган бўлса, Лонг оммавий норозиликдан кейин «ноқонуний йиғилиш ва жамоат тартибини бузганлик учун» 9 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

«Бу бамисоли мафияга ўхшайди», дейди Пи. «Шикоят қилсанг овозингни ўчиришади, қамашади ва айбловлар қўйишади.»

Баодинг қишлоғидаги ўртача йиллик даромад тахминан 16800 юан (2600 АҚШ доллари), Пи ва Лонгнинг сўзига қараганда энди улар бунча пул топа олишмайди.

AFP Хуанцзяо яқинидаги SPIC лойиҳасидан олинган электр қуввати Олимпиада иншоотлари учун сарфланишини тасдиқлай олмаган, чунки бу маълумот очиқланмаган.

Компания AFP сўровига тасдиқ жавобини бермаган.

Аммо ўйинларга мезбонлик қилаётган Чжанцзякоу шаҳри ҳокимияти 2015 йилда олимпиада мезбонлик танловида ютиб чиққанидан кейин, бу ҳудуд «Хитойда гидроэнергетика билан боғлиқ бўлган янгиланувчи энергия бўйича энг йирик базага айланганини» айтиб ўтган.

Ҳукуматнинг шамол ва қуёш электростанциялари учун субсидиялари ҳам Хебейнинг бошқа қисмларида бундай лойиҳалар қурилишини тезлаштирди, чунки Олимпия ўйинлари олдидан Хитой ҳавонинг ифлосланишини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Amnesty International баёнотида айтилишича, «мажбурий кўчиришлар, ерни ноқонуний эгаллаб олиш ва ерлардан маҳрум бўлиш туфайли тирикчилик воситасини йўқотиш» ҳолатлари шамол ва қуёш энергияси соҳаларида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ тез-тез учрайдиган муаммолардан биридир.

«Ҳеч нарсамиз йўқ»

Сентябр ойида Хитой ерни экологик лойиҳалар, жумладан, яшил энергия лойиҳалари учун ажратишда компенсация тўлашнинг қатъий қоидаларини эълон қилди.

«Ерларни ҳудудлаш қоидаларимизда қай турдаги қишлоқ хўжалиги ерларини эгаллаб бўлмаслиги ҳам аниқ белгиланган», дейди экологик тараққиётни қўллаб-қувватловчи қайта тикланадиган энергия мутахассислари қўмитаси бош котиби Ли Дан.

«Бу – қизил чизиқ.»

Қишлоқ хўжалиги ерлари қайта тикланадиган энергия лойиҳалари учун фойдаланиладиган бўлса, иссиқхоналарни энергия билан таъминлаш каби фойда алмашиш дастури мавжуд бўлиши керак, дейди у.

Аммо AFP билан суҳбатда бўлган бир нечта фермерга кўра, компаниялар қоидаларни айланиб ўтиш учун қишлоқ хўжалиги майдонларини бўш ётган ерлар сифатида белгилаган.

Чжанцзякоулик фермер Сю Ван Олимпия ўйинлари арафасида қурилган қуёш қурилмаси туфайли ўз еридан маҳрум бўлган.

«Компания бизга бу ернинг фойдаланишга яроқсиз эканлигини айтди, лекин аслида бу ерлар бизнинг фермерлар ишлатадиган жуда яхши қишлоқ хўжалиги ерлари», деди Сю.

«Улар бизга ҳар бир му ер учун 3000 юан [471 доллар] берилишини айтган эдилар. Лекин охир-оқибат ҳеч нарса олганимиз йўқ».

Сю яшайдиган қишлоқда қуёш энергияси қурилмасини ўрнатган Zhangjiakou Yiyuan New Energy Development компанияси AFP сўровини жавобсиз қолдирган.

Ўтган йили қайта тикланувчи энергия соҳасига йўналтирилган инвестициялар, шунингдек Хитойнинг инфратузилмани ривожлантиришга оид «Бир камар, бир йўл» глобал ташаббуси доирасидаги янги лойиҳаларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этган.

Хорижда Хитойнинг қайта тикланадиган энергия манбаларига киритган инвестициялари таъсирини ўрганган Буюк Британиядаги Бизнес ва инсон ҳуқуқлари ресурс маркази мутахассиси Приянка Могулнинг таъкидлашича, айрим иморат қурувчилар хорижда ер сотиб олиш билан боғлиқ шубҳали амалиётларда ҳам айбланган.

«Энг кенг тарқалган муаммо атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг [маълумотларнинг] етарли даражада ошкор этилмагани эди... унинг ортидан ерга эгалик ҳуқуқи ва тирикчилик воситаларини йўқотиш билан боғлиқ муаммолар юзага келди», деди у.

«Коррупцияга чидаб бўлмайди»

Хитойда қишлоқ ерларини эгаллаб олишда можаро чиқишини камайтириш учун Пекин аксар қуёш фермаларини қашшоқликка қарши кураш лойиҳалари сифатида тақдим этди, бунда қишлоқ аҳолиси уйлари томига ўрнатилган қуёш панелларидан бепул электр энергияси олишлари керак эди.

2014 йилги давлат дастурига кўра, коммунал хизмат компаниялари 2020 йилгача икки миллион оилани қашшоқликдан халос қилиш дастури доирасида ортиқча электр энергиясини сотиб олишлари керак эди.

Миллий энергетика бошқармаси ўтган йили бу рақам икки бараварга ошганини маълум қилган.

Аммо 300 дан ортиқ оила истиқомат қиладиган Хуанцзяода фақат иккита томда қуёш панеллари бўлиб, қишлоқ аҳолиси ҳеч қандай қуёш панелларини ўрнатиш дастури йўқлигини айтишган.

«Марказий даражада ҳукуматнинг фермерларга нисбатан юритаётган сиёсати яхши», дейди Хуанцзяо қишлоғидан бўлган Пи.

«Лекин, қишлоқ даражасига келcак, тамоман бошқача ҳолат. Қуйи даражада коррупцияга чидаб бўлмайди.»

Марказий Осиё учун Хитойнинг сармояси ва таъсири манфаатлими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500