Суриядаги Палмира шаҳрининг қачонлардан бўм-бўш бўлган кўчаларида тезлик билан кенгайиб бораётган россияликлар манзилгоҳи пайдо бўлган. Суриялик фаолларга кўра, у ер Вагнер гуруҳи ва унинг бўлинмаларига мансуб ёлланма аскарлар томонидан назорат қилинади.
«Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД) туфайли кўчишга мажбур бўлган замонавий Палмиранинг 50 минг кишилик аҳолисининг аксарига тегишли жойларни якунда Сурия режимига қарашли жангарилар, шу жумладан Вагнер гуруҳи аъзолари эгаллаган.
Қаровсиз ва вайронага айланган Палмира ўзига хос «арвоҳ шаҳарга» айланган бўлса-да, ҳозирда бу ер таъсир кучи ва даромадга эга бўлиш илинжидаги россиялик ёлланма аскарлар, фосфат қазиб олувчилар ва нефт-газ конларининг ишчиларига тўлиб кетган.
«Вагнер унсурлар бу ҳудудда янги ҳаракатларни амалга оширмоқда», дейди ОАВ фаоли Аммор Солиҳ Ал-Машариқ нашри билан суҳбатда. «Бу амалиётлар Палмира ҳарбий аэропорти ва шаҳарнинг айрим қисмларида кузатилган».
Маҳаллий аҳоли ва фаоллар бу ҳудудда самолётлар ва зирҳли техника билан бирга, камида 100 нафар янги ёлланма жангариларни кўришган.
Аэропортга қўниб, ҳудудда қолган Россия ҳарбий самолётлари орасида Сухой Су-24 қирувчи самолётлари, Ка-226 ва Ми-35М вертолётлари бор, деди Солиҳ.
Маҳаллий аҳоли Палмира шаҳри ва аэропортида ғайриоддий фаолликни пайқаган, у ерда Вагнер гуруҳи аъзолари компаниянинг «хавфсизлик майдончасига» туташган шимолий кириш қисмида тўпланганлар», деб қўшимча қилди у.
Бу Вагнернинг жорий йўналиши ва устуворликларини акс эттиради, деди у ва Палмирадаги гуруҳ аъзолари биринчи навбатда Россиянинг минтақадаги иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлади.
Даромад ҳимояси
Вагнер ёлланма аскарлари ва Россия ҳарбий полицияси назоратида бўлган Палмирадаги «хавфсизлик майдончасида» Вагнернинг ҳарбий қароргоҳи ва казармалари жойлашган, дейди суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдуллоҳ Ал-Машариқ нашрига.
Ўша ернинг ўзида нефт-газ бўйича маслаҳатчилар ҳамда «Евро Полис» – Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси, Вагнерга ҳам эгалик қилувчи Евгений Пригожинга тегишли Россия компаниясининг техник ходимлари истиқомат қилади.
«Евро Полис» Сурия режими билан узоқ муддатли шартномалар тузган бўлиб, улар Вагнер назорати остидаги ҳудудлардан қазиб олинадиган нефт ва газ даромадининг 25 фоизига эгалик қилиш ҳуқуқини беради, деди ал-Абдуллоҳ.
Унинг сўзларига кўра, даромадни максималлаштириш учун компания техник ходимлари томонидан амалга ошириладиган амалиётлари ва операцияларни қайта бошлаш билан боғлиқ махсус қоидаларни ишлаб чиққан.
Вагнер гуруҳи техник ходимларни яшаш жойларида ва нефт-газ конларига ҳар кунги бориш-келишларида қўриқлайди, деди у. Шунингдек, у майдончалардаги хавфсизликни ҳам таъминлайди.
Абдуллоҳнинг сўзларига кўра, «Вагнер» ёлланма аскарлари Хомс чеккасидаги кимёвий ўғитлар заводи ва Палмирадаги кўп сонли фосфат конлари теварагидаги хавфсизликни таъминламоқда.
«Тўлиқ Россия ҳудуди»
Дайр Аз-зорлик фаоллардан бири Жамил ал-Обиднинг айтишича, Вагнернинг хавфсизлик майдончаси атрофи кенгайиб, «бутунлай Россия ҳудудига айланган».
«Бу ҳудудга кирганлар русчадан бошқа тилни деярли эшитмайдилар», деди у ва тахминан уч ой олдин Вагнер гуруҳи ҳарбий хизматчилари Палмирадаги ҳудудига киришга рухсат берилган сурияликлар сонини камайтира бошлаганини айтди.
Ҳудудга киришга рухсат берилган шахсларнинг аксарияти озиқ-овқат етказиб берувчилар, фуқаролик объектларида руслар билан ишлайдиган одамлар ва ҳайдовчилардир, дейди ал-Обид.
Вагнер гуруҳи ва унга алоқадор айрим гуруҳлар, айниқса «ИШИД овчилари» учун ишлайдиган сурияликлар юқори даражадаги хавфсизликдан фойдаланмоқда.
Улар компания хавфсизлик майдонининг чеккасида жойлашган бўлиб, ҳудудни, асосан, шарқий чўл (Бадия) минтақасининг ҳимояси учун жавобгар.
Сиздирилган ҳужжатларга кўра, Вагнер ходимлари Суриядаги шўъбада ишлайдиганларга қараганда анча кўп маош олишади, деган миш-мишлар кенг тарқалган, дейди ал-Обид.
Вагнер жангарилари иштирокидаги Палмира ҳудудидаги қадимий ашёларнинг ўғирланиши каби бошқа можароларнинг фош этилиши билан кучайган бундай хабарлар қатор норозиликларга сабаб бўлган.