ОЛМАОТА – Кремл Ғарб ва Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) уни ўраб олишга уринаётганини борган сари кескинроқ даъво қилар экан, Марказий Осиё давлатлари бирлашиш зарурати билан тўқнаш келмоқдалар.
Шу ой бошида Москва хавфсизлик бўйича радикал талаблар қўяр экан, НАТО янги аъзолар қабул қилмаслиги кераклигини айтиб, Қўшма Штатларга собиқ Совет республикаларида янги базалар очишни тақиқлашга уринди.
17 декабр куни Россия ташқи ишлар вазирлиги Россия ва НАТО ҳарбий иттифоқи ўртасида «ўзаро» хавфсизлик кафолатлари юзасидан тайёрланган келишув лойиҳасини эълон қилди.
Шартномаларда НАТО «келажакда ўз сафини жумладан, Украина ва бошқа давлатлар ҳисобига кенгайтирмаслик мажбуриятини олиши кераклиги» айтилади.
Шу билан бирга, НАТО аъзолари «Украина, шунингдек, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳудудида ҳеч қандай ҳарбий фаолият олиб бормаслиги лозим», дейилади ҳужжатда.
Ҳозирча ҳеч бир давлат бу лойиҳани имзолагани йўқ. НАТОга аъзо давлатлар Россия талабларига ҳеч қандай розилик аломатларини билдирмаган.
Россия билан музокаралар 10 январ куни бўлиб ўтади, деди душанба (27 декабр) куни кечқурун AFPга АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков сешанба куни бу санани тасдиқлаб, музокаралар Женевада бўлиб ўтишини айтди. Бу ерда июн ойида ўтган саммитда АҚШ президенти Жо Байден ва Россия етакчиси Владимир Путин илк бор учрашган эдилар.
Аммо Россиянинг минтақа ҳукуматлари билан келишилмаган ҳолда Ғарбга қўйган, Марказий Осиё давлатларига бевосита дахлдор бўлган ультиматуми минтақа суверенитети учун огоҳлик қўнғироғидир, дейди таҳлилчилар.
Диққат марказида – Украина
Кремлнинг асосий мақсади – НАТОнинг шарққа томон кенгайишига ва Украинанинг иттифоққа қўшилишига йўл қўймаслик. Агар Қўшма Штатлар ва НАТО таклиф этилган хавфсизлик битимларини имзоласа, улар бундай кенгайиш режаларидан расман воз кечиши керак, бу эса Москвани тўла қониқтиради.
Москва таъсир воситаси сифатида Украина билан чегара яқинида жадаллик билан ўз ҳарбий техникаси ва қўшинларини жойлаштирмоқда.
Украинанинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда мамлакат чегараларидаги Россия аскарлари сони октябр ойидаги 93 мингдан 104 мингтага кўпайган.
25 декабр куни Россия Украина яқинида 10 мингдан ортиқ аскар иштирокида бир ой давом этган машғулотлар якунлангани ҳақида эълон қилган эди.
Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, Жанубий ҳарбий округ қўшинлари иштирокидаги ўқув машғулотлари кўплаб жанубий вилоятларда, жумладан, Ростов, Краснодар ва 2014 йил Москва Украинадан тортиб олган Қримда бўлиб ўтган.
Бундай машғулотлар мамлакат ташқарисида, жумладан Ставропол, Астрахан, Шимолий Кавказ ва ҳатто Арманистонда ҳам ўтказилган.
Ғарб давлатлари Россияни қишда Украинага бостириб киришга тайёрланаётганликда айблаган.
Кремл кенг кўламли ҳужумни режалаштирмаётганини таъкидламоқда.
Айни пайтда Украина Россия босқинига дуч келган тақдирда тинч аҳолига ўз ватанини қандай ҳимоя қилишни ўргатмоқда.
Сўнгги ойларда ўнлаб тинч аҳоли вакиллари Украина армияси захираларига қўшилган.
19 яшар университет талабаси Даниил Лариннинг AFPга айтишича, сони тахминан 100 мингга яқинлашиб қолган заҳира аскарлари «қурол билан қандай муомала қилишни, жанговар муҳитда ўзини қандай тутишни, шаҳарларни қандай ҳимоя қилишни ўрганмоқдалар».
AFP захира кучларининг аввалги сони ҳақида маълумот бермаган.
«Фикримча, бу мамлакатдаги ҳар бир инсон душман бостириб кирганида нима қилиш кераклигини билиши зарур», деди Ларин.
Ларин – охирги дам олиш кунлари тушдан кейин машғулот ўтказиш учун Киевдан совет даврига оид ташландиқ асфалт заводига келган элликка яқин украиналик фуқаролардан бири.
215 минг аскардан иборат Украина армияси 2014 йилдан бери икки бўлгинчи минтақада Москва қўлловидаги исёнчиларга қарши курашиб келади. Бу вақт давомида жангларда 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Россиянинг «ичкари ҳовли» ишларига аралашуви
Украина атрофидаги нотинчлик фонида Россия нафақат ғарбий чегаралари, балки анъанавий равишда ўзининг ичкари ҳовлиси деб ҳисоблайдиган Марказий Осиёни ҳам «хавфсизлантиришга» қарор қилган кўринади.
Кремл томонидан таклиф қилинган келишувда НАТОга «Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда» ҳарбий машғулотлар ўтказишни тақиқлайдиган банд бу мамлакатлар суверенитетига тўғридан-тўғри зарбадир.
Марказий Осиё ҳукуматлари бунга ҳеч қандай расмий муносабат билдирмаган бўлса-да, уларнинг айримлари АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни давом эттираётгани учун ўз позициясини белгилашга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.
Масалан, Қозоғистон ва АҚШ Мудофаа вазирликлари расмийлари 7 декабр куни Нур-Султонда 2022 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини муҳокама қилганлар.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги, шунингдек, икки давлат ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган навбатдаги беш йиллик ҳамкорлик режасини имзолашга ҳозирланаётганини маълум қилди.
Москванинг ультиматуми Нур-Султон учун «сюрприз» бўлди, дейди таҳлилчилар.
Москва АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлиги фақат Россиянинг розилиги билан бўлишига эришмоқчи, дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Рафаэл Сатторов.
Бундай вазият Россияга «минтақадаги давлатлар суверенитети ҳуқуқидан осонгина воз кечиш» имконини беради, деди у.
Огоҳлик қўнғироғи
Москва мустақиллик, хавфсизлик ва геосиёсий эркинлик нуқтайи назаридан нафақат Ғарб давлатлари, балки постсовет республикаларига ҳам ултиматум қўйди, деб ҳисоблайди тошкентлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
«Москванинг бу режаси Марказий Осиё давлатларини жиддий хавотирга солиши керак, аммо ҳукуматлар Москвага расман эътироз билдирмоқчи эмас», дейди у. «Ҳеч ким Москвани тажовузкор ҳаракатларга провокация қилишни истамаяпти».
Марказий Осиё мамлакатларида хавфсираш учун асос бор, чунки келишув лойиҳаси асосида Россия келажакда «постсовет минтақасида эҳтимолий агрессив ҳаракатлар учун ҳуқуқий ва ташвиқот асосларини ҳозирлаши» мумкин, деди у.
«Шундан кейин Москва тинчлик ва барқарорлик таклиф қилганини, лекин улар [Ғарб давлатлари] бу таклифни рад этиб, [Россияни] НАТО, ҳарбий базалар ва ҳарбий ҳамкорлик орқали ўраб олмоқчи бўлгани, шу сабабли чора кўришга мажбур бўлганини айтиши мумкин», деди Раббимов.
Таклиф этилаётган келишув орқали Россия сиёсий ва дипломатик лоббизмдан ташқари, ўзининг стратегик иқтисодий манфаатларини илгари суради, дейди Олмаотадаги Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти катта илмий ходими, сиёсий таҳлилчи Талгат Исмагамбетов.
«Россия Марказий Осиёнинг Россия ҳарбий-саноат монополияси доирасида бўлишини ва фақат Россия қуролларини сотиб олишини истайди, дейди у. «Бу жуда катта пул.»
Россия Марказий Осиё билан боғлиқ талабларини бу давлатлар ҳукуматлари билан олдиндан мувофиқлаштирмаган ва бу эътиборсизлик бутун минтақа учун огоҳлантиришдир, дейди Исмагамбетов.
«Марказий Осиё давлатлари тарқоқ ҳолатда ҳеч нарса қила олмасликларини тушуна бошладилар. Улар ўз суверенитетини ҳимоя қилиш учун умумий ташқи сиёсатни ишлаб чиқиши ва мувофиқлаштириши керак», деди у.
Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаган ҳолда барқарорлик ва хавфсизлик минтақалари бўлиб қолиши лозим, дейди халқаро муносабатлар ва конфликтология бўйича бишкеклик олим, сиёсатшунос Эдил Осмонбетов.
«Марказий Осиё глобал геосиёсий кескинликнинг салбий оқибатларидан қочиш учун ўз ташқи сиёсатини диверсификация қилиши зарур», деб таъкидлади у.
[Мақолани тайёрлашга Тошкентдан Рустам Темиров кўмаклашган]
Ҳаракат қилиб кўр, омадингни берсин. Россия оддий бир нарсани тушунмайди: Қозоғистонга қарши агрессия қўлласа, Россиянинг ўзи тўкилиб тушади. Шиша уйда яшайдиганлар бошқаларга тош отмаслиги керак. Ўтган 30 йил ичида Россиядан нафратланадиганлар етарли; ўз мамлакатини ҳимоя қилиш учун ҳаммасини қилишга тайёр, ҳатто Россияни йўқ қилиш эвазига бўлса ҳам.
Жавоб беришФикрлар 4
Бу ултиматумнинг босма кўриниши борми? Артишга қоғоз керак.
Жавоб беришФикрлар 4
Ёдингизда бўлса Путин муддатининг бошида НАТОга қўшилишни режалаштирган эди, ҳозирги даъволари иккиюзламачиликдек кўринади.
Жавоб беришФикрлар 4
Ким НАТО билан ҳамкорлик қилиши Россиянинг иши эмас
Жавоб беришФикрлар 4