Карвонсарой
Сиёсат

Таҳлилчилар: Хитой инвестициялари Миср учун қимматга тушиши мумкин

Валид Абу ал-Хайр

Бошқариладиган ракеталари бор фрегат бортидаги хитойлик денгизчилар Мисрнинг Сувайш каналини кесиб ўтган Тунис патрул кемасини қарши олмоқда. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Бошқариладиган ракеталари бор фрегат бортидаги хитойлик денгизчилар Мисрнинг Сувайш каналини кесиб ўтган Тунис патрул кемасини қарши олмоқда. [Хитой мудофаа вазирлиги]

ҚОҲИРА – Сўнгги йилларда Хитой Мисрга жуда катта – 7 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритган, аммо таҳлилчилар Хитойнинг муҳим минтақалар ва иқтисодий секторларга бу даражадаги инвестициялари узоқ муддатли оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Хитойнинг Сувайш канали иқтисодий ҳудудига киритаётган инвестициялари алоҳида хавотирга сабаб бўлмоқда, дейди иқтисодчи ва таҳлилчилар Al-Mashareq нашри билан суҳбатда.

Сўнгги йилларда Хитойнинг сармоявий экспансияси иқтисодий ривожланиш чегарасидан чиқиб кетмоқда, бу эса Хитой ҳукуматининг Ўртаер денгизи ва Африканинг турли ҳудудларида ҳукмронлик қилиш режаларини акс эттиради, дейди улар.

DocksTheFuture лойиҳасига кўра, «Бир камар, бир йўл» ташаббуси Хитойнинг Жанубий Хитой денгизи, Ҳинд океани ва Сувайш канали орқали Ўртаер денгизи билан боғлайдиган «денгиз ипак йўлини» ривожлантириш режасини ўз ичига олган.

Ҳаводан олинган ушбу фотосуратда Сувайш каналининг янги иқтисодий ҳудудларидан бирини кўриш мумкин. [Сувайш канали иқтисодий ҳудуди]

Ҳаводан олинган ушбу фотосуратда Сувайш каналининг янги иқтисодий ҳудудларидан бирини кўриш мумкин. [Сувайш канали иқтисодий ҳудуди]

2017 йил октябрда Қоҳирада Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасидаги Хитой савдо ва инвестиция кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этаётган Хитой ва Миср вакиллари. [Сувайш савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳудуди]

2017 йил октябрда Қоҳирада Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасидаги Хитой савдо ва инвестиция кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этаётган Хитой ва Миср вакиллари. [Сувайш савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳудуди]

«Лойиҳа шу денгиз йўллари бўйлаб порт ҳудудлари, қуруқликдаги логистика ва саноат иншоотларига киритиладиган инвестицияларни ўз ичига олади», деб хабар берган DocksTheFuture 2020 йил ноябрдаги ҳисоботида. У 2049 йилгача тўлиқ якунланиши керак.

«Айрим тахминларга қараганда, Хитой бу ташаббусни амалга ошириш учун кейинги 10 йил ичида 1000 миллиард АҚШ доллари сарфлайди», дейилади хабарда. «Бутун инвестиция муддати учун талаб этиладиган молиявий ресурслар қиймати 8000 миллиард АҚШ долларига тенг.»

Хитой аллақачон Ҳинд океани бўйлаб бир қатор портларни қуриб битирган ва Жанубий Хитой денгизидан Сувайш каналигача ёқилғи қуйиш ва таъминот станциялари тармоғини яратган, дейилади New York Times нашрининг 2020 йил 11 июн кунги сонида.

Гўёки тижорий характердаги портлар ҳарбий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, бу Хитойга денгиз флоти қамровини кескин кенгайтириш имконини беради.

Хитойнинг Сувайш канали саноат ҳудудига иқтисодий экспансияси оддий хорижий инвестициядек кўриниши мумкин, аммо бунда хавфли стратегик жиҳат мавжуд, дейди мисрлик сув йўллари мутахассиси Рифат ал-Араб Al-Mashareq веб-сайтига.

Унга кўра, инвестициявий лойиҳалар Хитойнинг бир қатор минтақаларга кириб боришни кўзлайдиган экспансиявий мақсадларига хизмат қилувчи режасига асосан амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Қора денгиз ҳудудлари ва Африканинг Сомали каби давлатларида ҳам Хитой денгиз флоти базаларини жойлаштириш режаланган, деб қўшимча қилинади унда.

Ал-Арабнинг сўзларига кўра, Сувайш канали ҳудудларига Хитой инвестицияларининг давомий киритилиши келажакда салбий оқибатларга олиб келиши ва минтақадаги барқарорликка путур етказиши мумкин.

Бошқалар эса Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга муносабати аксари мусулмонлардан иборат мисрликларни хавотирга солишини таъкидлашган.

Миср – Хитой режаларининг марказида

«Миср Хитойнинг Яқин Шарқдаги сиёсатида марказий ўринни эгаллайди», деб айтган Фудан университети профессори Деган Сун 15 март куни Al-Jazeera нашрига.

Хитой Мисрнинг янги маъмурий пойтахтининг қурилишида фаол иштирок этмоқда, у ерда Хитой давлат қурилиш ва муҳандислик компанияси (CSCEC) Марказий бизнес туманини барпо этяпти.

3 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳанинг деярли 85 фоизини Хитой банклари молиялаштирмоқда, деб хабар берган Al-Jazeera. Қурилиш якунига кўра, бу лойиҳа 20 та минорани ўз ичига олади ва улардан бири Африкадаги энг баланд бино бўлади.

«Хитой, айниқса Сувайш канали иқтисодий ҳудуди очилганидан кейин бир нечта компаниялар орқали Миср бозорига кира олди», деб айтган молиявий таҳлилчи ва Қоҳира университети профессори Маҳмуд Султон Al-Mashareq веб-сайтига.

Булар қаторига Хитойнинг Media Egypt ва давлатга қарашли TEDA Egypt компаниялари киради. Уларнинг иккови ҳам Сувайш канали иқтисодий ҳудудида фаолият олиб боради.

Султонга кўра, ишлаб чиқариш линиялари ўз фаолиятини бошлаб юборган бўлиб, у ерда Хитой компаниялари Миср, Яқин Шарқ ва Европа бозорларида сотишни режалаштирган электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Сувайш канали саноат парки инвестициялари Хитой компанияларига Хитой ҳудудидан экспорт қилишда кетадиган харажатлардан анча паст нархда Миср бозорига кириб бориш имкониятини яратади.

Хитой ўз ҳозирлигини кенгайтирмоқда

Ҳозирга келиб, Хитой Миср иқтисодиётининг кўплаб соҳаларида иштирок этмоқда, дейди Султон.

Мисрда 1500 дан ортиқ Хитой фирмалари рўйхатдан ўтган, дейилади Яқин Шарқ институтининг 2020 йил 26 октябр кунги ҳисоботида. Сўнгги йилларда Хитой ва Миср иқтисодий ҳамкорлиги янада кенгайган.

MEI ҳисоботига кўра «инфратузилма қурилиши ва ишлаб чиқариш қувватларининг оширилиши Хитой-Миср иқтисодий ҳамкорлигининг муҳим хусусиятлари сифатида намоён бўлмоқда».

«Хитой бизнесининг Мисрдаги ҳозирлиги саноат зоналари, эркин савдо ҳудудлари ва молиявий марказларга таянади», дейилади унда. «Хитой фирмалари 2000-йиллар охиридан бери Мисрга минтақавий ишлаб чиқариш маркази сифатида қизиқиш билдирмоқда.»

«Сувайш канали Хитойнинг энг катта бозори бўлган Европага юк ташиш йўли эканлиги ҳисобга олинса, бу ажабланарли эмас», дейилади унда. «Шунингдек, Сувайш канали йўлагининг энг йирик инвестори ҳам Хитой эканлиги табиий.»

Султоннинг сўзларига кўра, Хитойнинг Мисрга инвестициялари «1,8 миллиард АҚШ долларига тенг ҳамкорлик портфолиосини, жумладан электр энергетикаси, соғлиқни сақлаш, таълим ва касб-ҳунар таълими соҳаларидаги ривожланиш лойиҳаларини ўз ичига олади».

У Хитойнинг иштироки сунъий йўлдош ва ҳарбий ҳамкорликни ҳам ўз ичига олишини, бу эса Миср ва минтақа учун номақбул хавфсизлик оқибатларини келтириб чиқаришини айтиб огоҳлантирган.

«Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида Хитой «мамлакат чегараларидан ташқарида кўп соҳаларни ўз қўлига олишни режалаштирган», дейди Айн Шамс университети профессори Саид Абдул Ғани.

Бу унга «ҳаракат эркинлиги ва бошқа устунликларни беради», дейди у.

Пекин инвестициялардан фойдаланган ҳолда кенг миқёсда ўз разведка ҳозирлигини мустаҳкамламоқда, дейди у.

У Сувайш каналининг глобал иқтисодиёт учун алоҳида аҳамиятга эгалигини, у дунёдаги стратегик ва ҳарбий коридорлардан бири бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500