ПЕКИН – Хитой коммунистик партияси (ХКП) етакчиларига кўра, 1980-2015 йиллар давомида амалда бўлган «Бир оилага бир фарзанд» баҳсли сиёсати натижасида эркаклар сони аёллардан 30 миллиондан кўпроққа ошган Хитой «эркаклик инқирозига» учраган.
Поп-маданиятининг «аёллашган» эркаклари авлодларни заҳарламоқда, дейди юқори лавозимдаги расмийлар. ХКП жарчиси бўлган People's Daily нашрига кўра, ёш йигитлар «матонатли ва кучли» бўлиши керак.
Хитойлик эракаларни «матонатли қилиш» кампанияси Хитой етакчиси Си Цзинпиннинг Хитойнинг суперқудрат сифатида қад кўтариши, бунга биринчи галда мамлакатнинг ҳарбий имкониятларини кучайтириш орқали эришиш режасининг ўзаги ҳисобланади.
2021 йилнинг январ ойи охирларида Таълим вазирлиги хитойлик йигитларнинг маълум қисмини аскарларга айлантириш бўйича янги сиёсатини эълон қилган.
Юқори лавозимли давлат маслаҳатчисининг таклифига жавобан, Таълим вазирлиги ўғил болаларни «эркаклаштириш» таълимини кучайтиришга қаратилган режаларини очиқлади.
«Ёш йигитлар феминизациясининг олдини олиш таклифи» деб номланган билдиришноманинг мақсади ҳақида унинг номи ҳам айтиб турибди.
Билдиришнома матнида мактабларда жисмоний тарбияни ислоҳ қилиш, бунинг учун «ўқувчиларда эркакликни шакллантириш» тажрибасига эга нафақадаги спортчилар ва спортга алоқадор бошқа хитойликларни жалб қилиш кераклиги айтилади.
Жумладан, унда 2050 йилда Хитойнинг «футбол соҳасида ўта қудратли давлатга» айланишига умид билдирган Сининг севимли спорт тури – футболни жадал ривожлантириш ҳақида сўз боради.
Оналари, бувилари, асосан аёл ўқитувчилар томонидан тарбияланган ўғил болалар жуда нозик, уятчан ва аёлсифат бўлиб қолишган, дейилади вазирлик хабарида.
«Келишган суперюлдуз йигитчаларни кузатишга мойил бўлган кўпчилик Хитой ўспиринлари заифлик, ўзини паст баҳолаш, уятчанлик табиатига эга», деб айтган Хитой сиёсий маслаҳат кенгаши аъзоси Си Цзефу 2020 йил май ойида Global Times нашрига кўра.
Энди уларнинг кўпчилиги «ҳарбий қаҳрамон» бўлишни истамайди, деб огоҳлантирган у.
Хитой эркакларининг бу каби феминизацияси «самарали назорат қилинмаса», охир-оқибат Хитой миллатининг сақланиб қолиши ва ривожланишига таҳдид солади, деб айтган у.
«Ғайриодатий эстетика»
Сўнгги ойларла ХКП «эркаклаштириш» сиёсатини янада кучайтирган.
Сентябрда телевидение назоратчилари зирак таққан, юзини ёки сочини бўяган каби «нозик ва бошқа ғайриодатий эстетикага эга» эркакларни эфирга узатишни тақиқлаган, деб хабар берган 31 декабр куни пекинлик Хелен Гаога кўра New York Times нашри.
Ноябр ойи охирларида назоратчилар «ғайриодатий эстетика» сабабли машҳурларнинг интернетдаги профиллари ва фан-клубларини таъқиб қилиб, ХКП талабларига жавоб бермаган тақдирда улар ёпиш билан таҳдид қилган.
Айрим таниқли эркаклар, жумладан, Хитойнинг энг яхши қўшиқчиларидан бири Цай Сюкун кўпчилик аёл мухлисларининг ҳафсаласини пир қилган ҳолда бу талабларга кўнмоқда, деб ёзган Гао.
Авваллари ижтимоий тармоқларда юзини бўяб, сариқ соч билан расмга тушган Цай сентябрдаги қарор эълон қилинганидан кейин журнал муқовасига кенг жинси шимда ва мушакларини кўрсатиб расмга тушган.
Бундай манманлик ва ташқи кўринишга асосланган эркакча талаблар тескари натижа беради, деб ёзган Гао.
«Партиянинг ноодатий эркаклик деб ҳисоблайдиган аломатларга қарши курашиши унинг ўз халқига хизмат қила олмаётгани ва айрим йирик шаҳарларда юқорига интилиш, карьера имкониятлари, арзон уйларнинг йўқлиги каби жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммоларни еча олмаётганидан чалғитишнинг бир йўли», деб ёзган у.
Болаларни «чинакам» эркакка айлантириш
Дарҳақиқат, хитойликларнинг бу талабларга нисбатан муносабати жуда салбий бўлган.
«Эркакликнинг етишмаслиги ҳақидаги хавотирнинг ўзи айрим қарашларга нисбатан дискриминациядир», дейилади iFeng.com веб-сайтининг таҳлилий мақоласида ўтган йил феврал ойида Echinacities.com сайтидан иқтибос келтириб. «Бундай инсонлар онг остида «аёллик», «қизларга хос» нарсаларни ёмон ва ҳар бир жинс ҳаётда маълум бир кўринишга эга бўлиши керак деб билади.»
«Нима учун таълим вазирлиги жисмоний тарбия қизларни «эркаклаштириб» юборишидан хавотирланмаяпти?»
«Феминизация сўзи энди камситувчи атамами?», деб изоҳ қолдирган Weibo фойдаланувчилардан бири ва унга 200 мингта лайк босилган, деб хабар берган BBC нашри 2021 февралда.
«Ўғил болалар ҳам одам. Ҳиссиётга берилиш, уялиш ёки мулойим бўлиш ҳам инсоний хислатлар», деб ёзган яна бир фойдаланувчи.
Аммо шунга қарамай, сўнгги йилларда ўғил болаларни «матонатли бўлишга» ундаш ғояси кучаймоқда.
«Бундай хотинчалиш йигитлар ташқаридан ҳужум бўлганида ўз мамлакатларини ҳимоя қила олишини тасаввур қилиш қийин», деб ёзган ўтган йил феврал ойида Reuters Weibo фойдаланувчиларининг биридан иқтибос келтириб.
Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун айрим бадавлат оилалар ўғилларини армияга хос машғулотлар орқали «ҳақиқий» эркакка айлантиришга ваъда берадиган хусусий ўқув лагерларига юбормоқда.
Хитой ҳарбий қудратини кўз-кўз қилмоқда
Ушбу зиддиятли таклиф дунёдаги энг йирик армиялардан бири бўлган Хитой армияси хорижда тобора тажовузкор бўлиб бораётган пайтда янграмоқда.
2020 йилнинг охирларида, Си Пекиннинг «янги Хитойни» барча тажовузкорлардан ҳимоя қилиш йўлидаги жанговар қатъиятидан фахрланиб, эҳтимолий «босқинчиларни» кескин огоҳлантирган эди.
23 октябр кунги муҳим чиқишларининг бирида Си босқиннинг олдини олиш учун уруш олиб борилиши ва зўравонликка зўравонлик билан жавоб қайтарилиши кераклигини айтган.
Тайван бўғозининг нариги тарафида, Кинмен оролининг соҳилларидаги танк «қопқонлари» Тайваннинг доимий равишда Хитой босқини таҳдиди остида яшаётганини эслатиб туради – бугун можаро қўрқуви сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг юқори нуқтага етган.
Хитой самолётлари Тайваннинг мудофаа ҳудудини тез-тез бузиб кирмоқда, Халқ озодлик армияси эса оролга бостириб киришни ва ҳатто АҚШнинг Гуамдаги базаларига ҳужумни машқ қилмоқда.
Хитой режими кўп йиллардан бери қатор мамлакатлар томонидан стратегик таҳдид ўлароқ кўрилади, аммо сўнгги пайтларда Пекиннинг бутун дунёдаги хатти-ҳаракатлари бу хавотирларни сезиларли даражада кучайтирган.
Гонконгнинг демократик хатти-ҳаракатларидан хавфсираётган Пекин ярим мухтор шаҳардаги ўзгача фикрни бўғиб, Осиёдаги бошқа мамлакатларга огоҳлантириш йўллар экан, бу ерларда ўзининг сиёсий, иқтисодий ва маданий таъсирини кучайтиришга уриниб келмоқда.
Пекин бошқа давлатларнинг ҳудудий даъволари ҳисобига жанубий Хитой денгизида сунъий ороллар барпо этган ҳолда ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда.
У Ҳинд океани бўйлаб бир нечта портлар барпо этиб, Жанубий Хитой денгизидан Сувайш каналигача ёқилғи қуйиш ва таъминот станциялари тармоғини яратган. Гўёки тижорий характерга эга бу портлар жуда тез ривожланаётган денгиз флоти қамровини кенгайтиришга имкон беради.
АҚШ разведкаси расмийлари сўнгги ойларда Хитойнинг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Халифа портидаги фаолиятидан хавотир билдирган. Улар Хитойнинг яширинча ҳарбий объект барпо этаётганини айтганлар.
АҚШ разведка идоралари бир йилга яқин вақт мобайнида Хитойнинг БАА портида яширинча ҳарбий объект қураётганидан хабардор бўлишган, дейилади The Wall Street Journal (WSJ) нашрининг ноябрдаги сонида.
Худди шундай тактикадан бошқа мамлакатларда ҳам фойдаланган Хитой режими айниқса, Гвадар (Покистон) ва Жаскдаги (Эрон) стратегик ҳудудлар ва портларни аниқ ҳарбий мақсадлар учун ишлатишда ўз молиявий ҳукмронлигидан фойдаланмоқда.
Бу орада Хитой ҳарбийлари 10 йил ичида мамлакатнинг «200 донадан камроқ» жанговар каллаклардан иборат ядровий салоҳиятини икки баравар оширишни мўлжалламоқда – АҚШ ҳарбий таҳлилчиларининг сентябрда эълон қилинган ҳисоботида шу ҳақда сўз юритилган.