Карвонсарой
Дин

Дунё имомлари мусулмонларни Пекинда ўтадиган Олимпия ўйинларини бойкот қилишга чақирдилар

Карвонсарой

Белгиянинг Антверпен шаҳрида Хитойнинг уйғур аҳолига нисбатан муносабатига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида Пекин-2022 Олимпиадасини бойкот қилишга чақирувчи баннерни кўтариб олган намойишчилар, 3 январ. [Белгия уйғурлар уюшмаси/Твиттер]

Белгиянинг Антверпен шаҳрида Хитойнинг уйғур аҳолига нисбатан муносабатига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида Пекин-2022 Олимпиадасини бойкот қилишга чақирувчи баннерни кўтариб олган намойишчилар, 3 январ. [Белгия уйғурлар уюшмаси/Твиттер]

Бутунжаҳон имомлар кенгаши Хитойнинг мазлум уйғур мусулмонлари билан бирдамлик белгиси сифатида дунё мусулмонларини 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки олимпия ўйинларига бормасликка ва уларда қатнашмасликка чақирди.

Мусулмонлар диний пешволарининг 30 декабр куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, бу тадбир «бевосита уйғурлар геноциди ва этник тозалаш ишлари учун масъул бўлган золим ва мустабид режим манфаатларига хизмат қилади».

«Хитой ҳукумати зулм, қийноқлар ва диктатура билан хитойлик мусулмонларининг асосий инсоний ва фундаментал ҳуқуқларини бузишда давом этмоқда», дейилади баёнотда.

«Биз мазлум уйғур мусулмонларини қўллаб-қувватлаймиз ва улар билан бирдамлигимизни билдирамиз».

Хитойнинг «Муз тасмаси» номи билан танилган конки учиш миллий стадиони 2022 йилги Қишки олимпиада ўйинларининг феврал ойидаги очилиши арафасида, 3 январ, Пекин. [Грег Бейкер/AFP]

Хитойнинг «Муз тасмаси» номи билан танилган конки учиш миллий стадиони 2022 йилги Қишки олимпиада ўйинларининг феврал ойидаги очилиши арафасида, 3 январ, Пекин. [Грег Бейкер/AFP]

Кенгаш сайтида айтилишича, Бутунжаҳон имомлар кенгаши барча исломий мазҳаблар ва йўналишларнинг диний етакчиларини бирлаштирувчи дунёдаги биринчи ва энг йирик трансмиллий нодавлат ташкилотдир. У Бағдодда жойлашган.

Кўплаб ОАВ ва нодавлат нотижорат ташкилотлар хабарига кўра, Пекин аҳолисининг аксарияти мусулмонлардан иборат Шинжон шимоли-ғарбий минтақасида қатор қонунбузарликлар содир этиб, бутун дунёда норозиликка сабаб бўлмоқда.

Шинжондаги «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерларида аксарияти уйғурлардан иборат бир миллиондан ортиқ одам ҳибсда сақланмоқда.

Мустақил терговлар ва собиқ маҳбуслардан олинган интервьюларда қамоқ вазифасини ўтовчи ушбу лагерларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар ва жинсий таҳқирлаш ҳолатлари тилга олинган.

Бундан ташқари, Хитой ҳукумати турли баҳоналар билан минтақадаги масжидлар ва бошқа муқаддас исломий обидаларнинг учдан икки қисмига зарар етказган ёки вайрон қилган, дейилади Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг апрел ойидаги батафсил ҳисоботида.

Пекин Олимпиадаси 4 февралда бошланади ва 20 февралга қадар давом этади.

«Геноцидни тўхтатиш» чақириғи

Кенгашнинг бу қарори АҚШ, Буюк Британия ва Австралия ўтган йили Пекин-2022 қишки Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиши ортидан қабул қилинган.

Пекиннинг уйғурларга қарши чораларини геноцид деб атаган Вашингтон Хитойга қарши санкцияларни кучайтирган.

23 декабр куни президент Жо Байден мажбурий меҳнат билан боғлиқ хавотирлар туфайли Шинжондан маҳсулотлар импортини тақиқловчи қонун лойиҳасини имзолади.

Уйғурлар мажбурий меҳнатининг олдини олиш тўғрисидаги қонун, агар компаниялар ишлаб чиқариш мажбурий меҳнат билан боғлиқ эмаслигини тасдиқловчи далилларни тақдим этмаса, Хитойнинг бу минтақасидан ҳар қайдай товарларни олиб киришни тақиқлайди.

Куч тузилмаларининг юқори устуворликка эга чораларини қўллаш учун танлаб олинган Шинжон дунёдаги энг йирик пахта етиштирувчи минтақалардан бири бўлиб, у қуёш панелларини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган поликремний моддаси ва помидорлари билан машҳур.

Ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ томонидан ҳар йили импорт қилинадиган кийим-кечакларнинг тахминан 20 фоизи Шинжон пахтасидан тайёрланган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг баёнотида айтилишича, мазкур қонун «Шинжонда мажбурий меҳнат воситасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни АҚШ бозорларига киритмасликда ҳукуматни янги воситалар билан таъминлайди».

У «мазкур қонунбузарликлар учун масъул бўлган шахслар ва ташкилотларнинг жавобгарлигини янада кучайтиради», деб қўшимча қилган Блинкен Хитой режимини «геноцид ва инсониятга қарши жиноятларни» тўхтатишга чақириб.

Қонун шунингдек, АҚШ президентидан минтақада инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши учун масъул бўлган хитойлик амалдорларга нисбатан санкциялар қўллашни ҳам талаб қилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500