Карвонсарой
Намойишлар

Қозоғистондаги намойишлар Россиядаги ички норозиликлар фонида Путинга мужда йўлламоқда

Карвонсарой ва AFP

Ўтган йил 23 январ куни Россия президенти Владимир Путин ҳукмронлигига қарши бевосита норозиликда Россиянинг 120 дан ортиқ шаҳрида 3700 дан ортиқ киши қўлга олинган эди. [Николай Коржов/AFPTV/AFP]

Шу ҳафта Қозоғистонда юз берган шиддатли намойишлар президент Владимир Путин мамлакатнинг иқтисодиёти ва келажагидан чуқур норози бўлган аҳоли билан тўқнаш келаётган қўшни Россияга мужда йўлламоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг барқарор ҳисобланган, энергоресурсларга бой Қозоғистонда суюлтирилган газ нархининг ошиши ортидан юзага келган норозиликлар кенг миқёсли намойишга айланар экан, мамлакат бир неча ўн йил ичидаги энг катта инқирозни бошдан кечирмоқда.

Пайшанба (6 январ) куни Россия телевидениеси орқали узатилган кадрларга кўра, Олмаота кўчаларига жойлаштирилган ҳарбийлар иштирокида отишмалар юз берган.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеоларда Олмаотадаги дўконлар талон-тарож қилингани, биноларга ўт қўйилгани, кўчаларда қуроллар овози ва одамларнинг бақир-чақирига гувоҳ бўлиш мумкин.

image

Олмаотадаги норозилик намойиши иштирокчилари, 5 январ. [Абдуазиз Мадяров/AFP]

Расмийларга кўра, намойишларда мингдан ортиқ киши жароҳатланган, улардан 400 га яқини шифохонага етказилган ва 62 киши реанимацияга жойлаштирилган.

Пайшанба туш пайтига келиб, 350 дан ортиқ хавфсизлик ходимлари яраланган ва 13 нафари ҳалок бўлган, деб хабар берган маҳаллий ОАВ.

Путин учун огоҳлантириш

Постсовет давлатлари муносабатлари таҳлилчиси ва Россия ОАВ тадқиқотлари лойиҳасининг маҳсус маслаҳатчиси Владислав Иноземцевга кўра, Қозоғистондаги вазият Кремл учун огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади: ташқаридан барқарор бўлиб кўринган ҳолатда ҳар қандай вақтда портлашга тайёр турган норозилик етилаётган бўлиши мумкин.

«Россияда ҳукумат иқтисодий тараққиётсиз 10 йил вақт ўтиши аҳолини хурсанд қилмаслигини англаши керак», деб айтган Иноземцев New York Times нашри билан суҳбатда. «Кремл яшаш стандартларини ошириш механизмини таклиф қилмас экан, ҳеч қандай геосиёсий ўйинлар вазиятни ўнгламайди.»

Россия кўчаларида умуммиллий намойишлар юз берганига бир йил тўлди, унда 120 дан ортиқ шаҳарда бир неча минг киши қўлга олинган эди.

Ўшанда AFP журналистлари тахминига кўра, Москва ва Санкт-Петербургда бир неча ўн минг россиялик кўчаларга чиққан, худди шундай намойишлар Чехия республикаси, Эстония, Франция, Финландия, Литва, Недерландия, Испания ва Швецияда ҳам бўлиб ўтган.

Намойишда иштирок этганларнинг аксари Путиннинг рақиби Алексей Навалний Путинга қараши бўлган ва гўёки «энг катта пора эвазига» сотиб олинган Қора денгиз соҳилидаги кўчмас мулк тергови хулосаларини эълон қилиши ортидан ўз норозиликларини билдиришган.

Россиялик сиёсатшунос Леонид Гозманга кўра, Кремл Қозоғистонда юз бераётган вазиятдан таҳликада ва бунга жавобан мамлакат ичкарисида босимни оширади.

«Бу шуни англатадики, Қозоғистондаги россиялик аскарлар ватанимиз ёки унинг хавфсизлигини эмас, балки энг яхши вазиятда бугун мавжуд бўлган Россия режимини ҳимоя қилишади. Бу битта нарса эмас», деб айтган Гозман.

Россия бой мамлакат бўлиб турган бир вақтда «россияликлар қашшоқликда яшашдан чарчаган», дейди Душанбедаги Your.tj янгиликлар сайти бош муҳаррири Зебо Тажибаева.

«Москва ва Санкт-Петебург каби мегаполислар аҳолиси нисбатан яхши яшайди, қолганлар эса биз тожикистонликлар каби кун кечиради», деб айтган у 2021 йил январ ойида Карвонсарой нашрига.

«Россияда ҳали ҳам ўтмишдаги дунёқарашга асосланган қатъий бошқарув тизими мавжуд», деб айтган олмаоталик журналист ва сиёсий фаол Гулжан Ергалиева 2021 йил январда. «Аммо, айни дамда ёш авлод бунга қаршилик кўрсатмоқда.»

Собиқ Совет ҳудудида тобора кучайиб бораётган муаммолар

2020 йилнинг ёзида Путиннинг яқин иттифоқдоши – Беларусда шиддатли норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди.

Президент Александр Лукашенко режими фақат зўравонликдан фойдаланган ҳолда, Путин ёрдами билан омон қолган.

Худди Қозоғистонда бўлгани каби, Беларусдаги намойишлар ҳам Путиннинг рейтинги кескин тушиб кетган ноқулай бир вақтга тўғри келди, зеро у бир вақтлар унга содиқ бўлган сиёсий таянч кучининг қатъий ва кучайиб бораётган норозилигига дуч келмоқда.

Оммавий намойишлар ва ҳибслар Москва ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида одатий ҳолатга айланиб қолган. 2020 йилда Россиянинг шарқий қисмида мисли кўрилмаган норозиликлар кузатилган.

Шунингдек, жорий ҳодисалар Путин бир неча ўн минглаб қўшин тўплаган ва бостириб кириш билан таҳдид қилган Украина атрофидаги кескинлик фонида ҳам кўриб чиқилиши лозим.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500