ТОШКЕНТ – Ўзбекистонликларнинг инглиз тилини ўрганишга қизиқиши тобора ортиб борар экан, мазкур тенденция айрим таҳлилчилар наздида Ўзбекистоннинг АҚШ ва Ғарбий Европага яқинлашиш истагидан далолат бермоқда.
Ўзбекистонда олий ўқув юртигача бўлган ҳар қандай таълим муассасасининг битирувчилари камида иккита чет тилини билиши шарт, деган эди президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг май ойида.
Бу талаб Мирзиёевнинг мамлакат жаҳон бозорида рақобатбардош бўлиши мумкинлигига ишончидан келиб чиққан.
2022 йилдан бошлаб барча давлат идораларида ишга янги қабул қилинганларнинг камида битта чет тилини билиши талаб этилади. Бу талаб, шунингдек, юқорироқ лавозимга кўтарилиш истагида бўлган давлат идоралари ходимларига ҳам тегишли.
Мирзиёев ўтган йилнинг май ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигини тузган бўлиб, бу идора зиммасига таълимнинг барча босқичларида ўқитиш услубларини татбиқ этиш, самарали дастур ва дарсликлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Ушбу саъй-ҳаракатлар доирасида ҳукумат Ўзбекистон фуқаролари ва умуман мамлакат рақобатбардошлигини ошириши кутилаётган 10 та тилни танлаб олган.
Рўйхатнинг бошида инглиз тили, ундан кейин рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб ва форс тиллари жойлашган.
Ўзбек тили Ўзбекистоннинг расмий давлат тили бўлса, рус тили, айниқса, пойтахт ва йирик шаҳарларда қўлланиш кўлами бўйича иккинчи тил ҳисобланади.
Шундай бўлса-да, ўзбек ёшлари орасида инглиз тили тобора оммалашиб бормоқда.
Мамлакатда фақат инглиз тилида таълим берадиган давлат мактаблари бўлмаса-да, инглиз тили курслари жуда оммабоп, аммо улар арзон эмас.
Масалан, Тошкент шаҳридаги ўқув маркази уч ойлик курс учун 180 дан 200 долларгача (1,9 миллион сўмдан 2,2 миллион сўмгача) пул олиши мумкин.
Ўзбекистондаги энг кам ойлик иш ҳақи эса атиги 822 минг сўм, яъни 80 доллар атрофида.
Қашқадарё вилоятида 1-8-синфларга инглиз тилидан дарс берадиган 32 ёшли Дилноза Маҳмудованинг айтишича, бу тилни ўрганишга қизиқиш катта.
«Талабаларимдан айримлари IELTS сертификатини олганидан фахрланаман», деди у инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро стандартлаштирилган тестни назарда тутиб.
«Тилни ўргатишни такомиллаштириш учун бизга янги хорижий усуллар, дарсликлар ва янги таълим технологиялари керак. АҚШ ва Британия ўқитувчилари ёрдамига муҳтожмиз», дейди Маҳмудова.
Ўзи ҳам АҚШга бориб, инглиз тили даражасини янада яхшилаш ва хорижлик ҳамкасблари билан илғор тажрибаларни ўртоқлашишни орзу қиладиган Маҳмудова Ўзбекистонда инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича доимий тизим яратилиши лозим деб ҳисоблайди.
«Совет давридаги ҳолат такрорланмаслиги учун кадрлар тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш, педагогларни қайта тайёрлаш керак», дейди тошкентлик сиёсий иқтисодчи Баҳром Ражабов.
«Биз инглиз тилини ўрганар эдик, аммо уни чет элда қўллашга қийналардик», деди Ражабов ўша йилларда инглиз тилини ўқитиш сифати паст бўлганини назарда тутиб.
Инглиз тилига бўлган талабни қондириш
Ўз навбатида, Қўшма Штатлар инглиз тилини ўрганишга талаб ортиб бораётганини эътироф этиб, таълим соҳасидаги ҳамкорликни яхшилашга интилмоқда.
Ўтган йилнинг 30 ноябр куни АҚШ элчиси Даниел Розенблум ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова Ўзбекистондаги ижодий мактабларда таълим ва Америка бурчакларини ташкил этишга оид ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди.
Ўзаро англашув меморандуми Тошкентда бўлиб ўтган «Янги Ўзбекистон таълими» халқаро таълим форуми доирасида имзоланган.
Бугунги кунда дунёнинг 150 мамлакатида инглиз тили, компютер технологиялари бўйича дарслар, интернетга кириш ва рақамли кутубхоналар билан таъминлайдиган 650 та Америка маркази фаолият юритмоқда.
Шундай марказлардан бири ўтган йилнинг март ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қарши шаҳрида очилган эди. Мамлакатда яна шу каби олтита марказни очиш режалаштирилган бўлиб, бу ташаббусга 860 минг доллардан (9,3 миллиард сўм) ортиқ маблағ ажратилган.
Қўшма Штатлар ўзбекистонлик ўқитувчилар ва ўқувчиларга дарсликлар етказиб бериш билан ҳам кўмаклашмоқда.
Ноябр ойи бошида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) расмийлари Ўзбекистоннинг икки вилоятидаги 208 мактабга 385 минг дона дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ҳадя қилди.
Cambridge University Press нашриёти томонидан ишлаб чиқилган ва умумий қиймати 10 миллион долларга (108,4 миллиард сўм) тенг дарсликлар 5-11 синфлар учун ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), 1-11 синфлар учун инглиз тилини хорижий тил сифатида ўқитишга кўмаклашади.
USAID шунингдек, 1000 дан ортиқ инглиз тили ва АКТ ўқитувчиларига янги дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалардан фойдаланиш ҳамда ўқувчиларга йўналтирилган ўқитиш стратегияларини ўргатмоқда ва қўллаб-қувватламоқда.
Москванинг ғазаби
Асосан Россиянинг давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи Стратегик маданият жамғармаси Ўзбекистонда Америка бурчакларининг очилишини танқид остига олган
«Ишонч билан айтиш мумкинки, Осиёдаги Америка марказлари бўш қолиб кетмайди – айниқса, Осиёнинг ночор мамлакатларидаги ёшлар энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган бундай «бурчакда» мамнуният билан вақт ўтказадилар», дейилади ўтган йил 4 декабрда жамғарма сайтида чоп этилган мақолада.
Жамғарма таҳлилчиларига кўра, ёшлар «бир вақтнинг ўзида Ғарб қадриятларини ўзлаштириб, постсовет республикалардаги америкапараст аҳоли сафини тўлдирадилар».
«Кейин бу сафлардан бўлажак Майдан фаоллари шаклланади – худди ўша Америка грантлари эвазига», дейилади мақолада Украинадаги аксил-Кремл ҳаракатига ишора қилиб.
«Инглиз тили ўзбекларга рус маданияти, менталитети ва рус дунёси қадриятлари асирлигидан қутулиш имконини беради», дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов Карвонсарой билан суҳбатда.
«Инглиз тилини чуқур ўрганиш Ғарб менталитети ва унинг қадриятлари томон йўл очади», деди у.
Бу АҚШ ва Ғарбий Европа билан яқинлашишга ёрдам беради... ўзбек жамиятига либерализмни олиб кириб, патриархал жамиятни ўзгартиради, бу эса ўз навбатида жамиятни демократлаштиришга кўмаклашади».
Ражабов миллат тилини сақлаган ҳолда, мамлакат ичида академик алмашинув ва кўп тиллиликни рағбатлантириш зарур, деб ҳисоблайди.
Чет тилларнинг оммалашуви ўзбек тили қадриятларига зид келмаслиги лозим, деди у турли тилларни ўрганиш ва қўллаш миллий ўзликка таҳдид сифатида эмас, балки маълум маънодаги рақобат устунлиги сифатида тушунилиши ва қабул қилинишини кераклигини таъкидлаб.