Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Кремл «Мемориал» ҳуқуқбон ташкилотини ёпиш билан ўтмишни назорат қилишга уринмоқда

Карвонсарой ва AFP

Москва полицияси мамлакатдаги энг кўзга кўринган ҳуқуқбон ташкилотни тугатиш тўғрисидаги прокуратура талабидан сўнг, 28 декабр куни Россия Олий суди биноси олдида «Хорижий агентлар» тўғрисидаги баҳсли қонунни бузганликда айблаб, «Халқаро Мемориал» тарафдорини ҳибсга олган. [Наталья Колесникова/AFP]

Москва полицияси мамлакатдаги энг кўзга кўринган ҳуқуқбон ташкилотни тугатиш тўғрисидаги прокуратура талабидан сўнг, 28 декабр куни Россия Олий суди биноси олдида «Хорижий агентлар» тўғрисидаги баҳсли қонунни бузганликда айблаб, «Халқаро Мемориал» тарафдорини ҳибсга олган. [Наталья Колесникова/AFP]

МОСКВА – Танқидчилар ва тарихчиларнинг фикрича, «Мемориал» ҳуқуқбон ташкилотининг ёпилиши Кремлнинг нафақат Россиянинг бугуни, балки ўтмишини ҳам назоратга олиш истагининг энг ёрқин белгиси ҳисобланади.

Олий суд ўтган ҳафта «хорижий агентлар» тўғрисидаги баҳсли қонунни бузганликда айблаб, Россиянинг сталинизм билан ҳисоб-китоби рамзи бўлган Халқаро Мемориал ташкилотини тугатиш ҳақида қарор чиқарган.

Бу чора Россия мухолифатига нисбатан мисли кўрилмаган тазйиқлар, Кремлнинг ашаддий танқидчиси Алексей Навалнийнинг қамоққа ҳукм қилиниши, унинг тарафдорларини ҳибсга олиш ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг ёпилиши билан якунланган йил охирида амалга оширилган.

Мемориал шунчаки ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти эмас. 1989 йилда ташкил этилганидан бери у Сталин давридаги тозалашларни тинимсиз ёритиб келар экан, бу кўпинча президент Владимир Путиннинг Совет даврини улуғлаш ҳаракатларига зид келган.

15 ноябр куни Москвадаги «Мемориал» ҳуқуқбон ташкилоти идорасида архив ҳужжатларини кўздан кечираётган ходим. Россия Олий суди декабр ойи охирида ушбу ташкилотни тугатиш ҳақида қарор чиқарган. 1990-йилларда Россия демократлашувининг рамзи бўлган «Мемориал» тарихий ҳақиқат учун кураш олиб борди ва Совет давридаги жиноятларнинг улкан архивини яратди. Гуруҳ шунингдек, мамлакатда, айниқса беқарор Шимолий Кавказ минтақасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган. [Александр Неменов/AFP]

15 ноябр куни Москвадаги «Мемориал» ҳуқуқбон ташкилоти идорасида архив ҳужжатларини кўздан кечираётган ходим. Россия Олий суди декабр ойи охирида ушбу ташкилотни тугатиш ҳақида қарор чиқарган. 1990-йилларда Россия демократлашувининг рамзи бўлган «Мемориал» тарихий ҳақиқат учун кураш олиб борди ва Совет давридаги жиноятларнинг улкан архивини яратди. Гуруҳ шунингдек, мамлакатда, айниқса беқарор Шимолий Кавказ минтақасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган. [Александр Неменов/AFP]

«Мемориал» йўлдан олиб ташлангач, энди тарихчилар нарратив қудратли Россия махсус хизматлари каби мамлакат ўтмишининг тафсилотлардан йироқ версиясини афзал кўрадиганлар қўлида ўтишидан хавфсирамоқда.

«Улар ўзининг ягона талқинини яратишга ҳаракат қилмоқда», дейди тарихчи Никита Соколов.

«Мемориал халқ хотирасининг бошқа версияси ташувчиси ҳисобланади».

Ташкилот диктатор Иосиф Сталин зулмидан жабр кўрганларнинг улкан архивини тўплаган бўлиб, деярли ҳар бир россияликнинг шажарасида 1930-йиллардаги қатағон қурбони бор.

Аммо шов-шувли суд жараёнида прокурорлар «Мемориал»ни Совет Иттифоқи хотирасини бадном қилишда айблаганлар.

«Нима учун биз, ғолибларнинг авлодлари, шонли ўтмиш билан фахрланиш ўрнига, ундан уялиб, пушаймон бўлишимиз керак?» деб айтган прокурор Алексей Жафяров ўзининг якуний сўзида.

«Қурбонлар бор, аммо жиноятчилар йўқ»

Ёш россияликлар, яъни Путиннинг йигирма йиллик ҳукмронлиги остида ўсиб улғайган бутун бир авлодга – тарихнинг кўп ҳолларда Сталин давридаги жиноятлар номуҳим тафсилот cаналган версияси сингдирилади.

«Бу совет тарихининг «енгил» версияси бўлиб, унда давлат айбдор эмас», дейди сиёсатшунос Алексей Макаркин.

Тарихнинг Кремлча талқинида Сталин миллионлаб фуқароларни отиб ўлдирган ёки меҳнат лагерларига сургун қилган диктатор эмас, балки руслар «Улуғ Ватан уруши» деб атайдиган Иккинчи Жаҳон урушининг ғолиби сифатида гавдалантирилади.

Бундай ақидага қарши бўлган «Мемориал» айниқса сталинпараст жиноятчиларнинг шахсини фош қилиши билан ҳокимиятнинг ғазабига учраган.

Ташкилот раҳбари Ян Рачинскийнинг AFPга айтишича, ҳукумат репрессияларни инкор этмаса-да, «гап уларни қандай талқин қилишда».

Давлат «бу ишларни содир этган ёмон одамлар бўлганини кўрсатишга уринмоқда, гўё қурбонлар бор-у, жиноятчилар йўқдек», деди у.

«Биз бу давлат сиёсати бўлганини ва Совет Иттифоқи террорчи давлат эканлигини аниқ кўрсатдик», дейди у.

2021 йил охирида тарихнинг расмий талқинига нисбатан ҳар қандай танқидга қарши яна бир қанча чоралар қабул қилинган.

Ўша ҳафтанинг ўзида «Мемориал»нинг ГУЛАГ бўйича тарихчиларидан бири Юрий Дмитриевнинг қамоқ муддати Олий суд қарори билан 15 йилга узайтирилган.

Йиллар давомида Россия шимолидаги оммавий қабрларни очиш билан шуғулланган Дмитриев тарафдорларининг айтишича, унга қўйилган болаларга нисбатан жинсий тегажоқлик айбловлари асоссиз бўлиб, унинг фаолияти учун жазо ҳисобланади.

Ўтган ой Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг портрети акс эттирилган очиқ лавҳа устига пешоб қилаётган суратини интернетга жойлаган ўсмир ҳам тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Сталин Россия тарихи китоблари ва давлат телевидениесида тобора кўпроқ улуғланар экан, ўтган ёзда мустақил Левада маркази томонидан ўтказилган сўров россияликларнинг ярмидан кўпи диктатор ҳақида ижобий фикрда эканлигини кўрсатган.

Сталин ҳукмронлигининг даҳшатларини тан олишдан бош тортаётган Россия ҳукумати унинг ишларидан айримларини қайта жонлантириши эҳтимоли билан хатарли бўлиб турибди, деди Рачинский.

«Жиноятлар ўз номи билан аталмас экан, бу уларга ёқадими-йўқми, Сталиннинг жасади жонлангандек бўлади».

Сталинизмнинг қайтиши

Адолатсиз тарихнинг қайта тикланиши, айниқса, Сталин ҳукмронлигидан катта талафот кўрган Марказий Осиё мамлакатларини ташвишга солади.

Масалан, расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 1930-йиллардаги очарчилик ва тозалашлар 1,5 миллион қозоғистонликнинг ҳаётига зомин бўлган.

1921 йилдан 1954 йилгача Совет махфий полицияси 25 мингга яқин қозоқни «халқ душмани» сифатида отиб ташлаган.

Қозоғистондаги ГУЛАГ меҳнат лагерларида 5 миллиондан ортиқ совет фуқаролари ҳибсда сақланган.

1930-1940-йилларда совет режими турли сабабларга кўра ўзи ишонмаган 1,2 миллионга яқин турли миллат вакилларини Қозоғистонга депортация қилган.

Путин Тарихни ўқитиш бўйича идоралараро комиссия тузгач, Россия режими «назоратни янада қатъийлаштирмоқда», деган эди бишкеклик сиёсатшунос Аскат Дукенбаев ўтган йил август ойида.

«Улар энди ўтмишдаги воқеаларни режим учун манфаатли талқин қилишга ҳам етиб келдилар», деди Дукенбаев Карвонсаройга. «Маълумки, ким ўтмишни назорат қилса, келажакни бошқаради, ким бугунги кунни назорат қилса, ўтмишни ҳам бошқара олади».

«Аммо Путин тарихчиларининг фаолияти нуқтаи назаридан қарасак, «ким ўтмишни назорат қилса, ҳозирги кунни бошқаради», деб қўшимча қилиш мумкин.»

«Буни масалан, Қирғизистондаги кремлпараст ОАВ саҳифаларида кўриб турибмиз. Улар бир неча йиллардан бери совет ўтмишини улуғлаб, мустақил Қирғизистоннинг постсовет давридаги қийинчиликларига яширин ёки очиқ-ойдин ишора қилиб келмоқда», деди у.

«Афсуски, Россия трендининг ахборот майдонимизга салбий таъсири кучаймоқда, чунки Қирғизистонда мустақил, профессионал тарихий фикрлаш мактаби мавжуд эмас», деб қўшимча қилди Дукенбаев.

«Шу боис ҳам, эҳтимол, айрим таниқли тарихчиларимиз россиялик ҳамкасбларининг эскирган ҳикояларини кўр-кўрона такрорлашни давом эттирмоқдалар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500