Эрон режимининг Хитой билан турар жой қуриш бўйича битими тафсилотлари ва оқибатлари борасида миш-мишлар авж олган.
Узоққа чўзилган инкордан кейин режим Хитой компанияларига мамлакатдаги оммавий уй-жой бозорига инвестиция киритишга рухсат берганини тан олишга мажбур бўлган.
Парламентнинг фуқаролик қўмитаси (Мажлис) аъзоси Иқбол Шакирий октябрда Йўллар ва шаҳарни ривожлантириш вазирлиги хитойликлар билан янги «Уй-жой қурилишида кескин ўсиш қонуни» доирасида уй-жой қуришни ривожлантириш бўйича музокарага киришганини эълон қилган.
Бу ҳаракат президент Иброҳим Раисийнинг ҳукумати турар-жой секторидаги таназзулни бартараф этиш учун ҳар йили бир миллион уй-жой қуришга сўз бериши вақтига тўғри келган.
Шу билан бирга бу чоралар Эрон билан Хитой 25 йиллик «стратегик ҳамкорлик битимини» имзолаши ортидан ҳам рўй берди, бу келишувни кўпчилик режим «Эронни сотиб юбораётгандек» кўрмоқда.
Режимга қарашли ОАВ Хитой билан имзоланган турар-жой келишувларнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб, Хитой ҳукуматини «мўъжизакор» ва «арзон уй-жой лойиҳаларини тезда якунлаб, ҳукуматнинг пулини тежайди» деб таърифлай бошлаган.
Расман тафсилотлари очиқланмаган келишув доирасида Хитой бир қатор арзон турар-жой биноларини қуришга инвестиция киритади ва кейинчалик уларнинг сотилишидан фойда олади.
Келишув сабабли маҳаллий аҳоли танқидига учраганидан кейин режим Хитой уйларни қурмаслиги, балки уни молиялаштириши ва технология билан таъминлаши ҳақида хабар берган.
«Коррупциядан бошқа нарса эмас»
Шакерийга кўра, қурилиш ишлари Эрон етакчиси Али Ҳоманаий идорасининг бевосита бошқарувидаги учта муассаса тарафидан бажарилади.
Булар: Ислом инқилоби уй-жой фонди, Имом кўрсатмаларини ижро этиш штаби ва Мазлумлар фонди (Мостазафан фонди).
«Бу учта муассаса, айниқса Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) анчадан бери манфаатли иқтисодий ресурсларни қўлдан бермай келади», дейди эронлик сиёсий шарҳловчи Эҳсон Калатий.
Ушбу лойиҳалардан олиниши кутилаётган фойданинг сезиларли қисми улгуржи ишлаб чиқарувчилар, жумладан Ҳоманаий қўл остидаги умумий ташкилотлар ва Хитой учун мўлжалланган.
Калатий Хитойнинг мамлакат турар-жой секторидаги иштирокининг асосий зиддиятига эътибор қаратар экан, ИИПК ва раҳбарият жамоаси орқали кўриладиган даромадни асосий мотив деб ҳисобламоқда.
Хитойни Эрон қурилиш секторига таклиф қилишдан мақсад – «Эрон ҳукумати билан кейинчалик ҳамкорлик қилиш имкони орқали Хитой ишончини қозониш», дейди у.
Бу Эроннинг кўп жиҳатдан Хитойга қарам экани ва икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли 25 йиллик келишув орқали Пекин Теҳрон иқтисодиётининг турли секторларини секин-аста эгаллаб олаётгани сабабли юз бермоқда.
Чуқурлашиб бораётган хавотирлар
Хитойнинг Эрон билан чуқурлашиб бораётган алоқалари Эрон ичкариси ва бутун минтақада хавотирга сабаб бўлмоқда.
Асосий хавотир икки давлат ўртасидаги янада кенгроқ стратегик ҳамкорликка, жумладан ҳамкорликда қурол ишлаб чиқариш, ҳарбий машғулотлар ва разведка соҳасидаги алмашинувга қаратилган.
Пекин нуқтаи назаридан, «Хитойнинг келишувдан мақсади – Эронда, хусусан Форс кўрфазининг Жаск ва Киш оролларида мустаҳкам ўрнашиш», деб айтган исми очиқланишини истамаган Эрон денгиз флотининг собиқ таҳлилчиси 25 йиллик келишувни назарда тутиб.
Келишув натижасида Эрон билан Хитой ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш масаласи «олдиндан ҳал қилиб бўлинган», деб айтган у.
Бу келишув туфайли заиф, дунёдан ажралиб бурчакка тақалиб қолган, иқтисодий инқироз ёқасидаги Эрон режими дадил ва қатъиятли Хитой режими ҳукмронлиги остида қолади.
Кўплаб кузатувчилар Пекиннинг кредитлар (заиф мамлакатларга оғир шартлар асосида улкан кредитлар таклиф қилишдан иборат ўзининг асосий мажбурлаш воситаларидан бири) баҳонасида Эрондан янада кўпроқ, ҳатто ҳарбий имтиёзлар талаб қилишидан хавотирда.
Пекин Ҳинд океани бўйлаб бир қатор портларни барпо этиб улгурган ва Жанубий Хитой денгизидан Сувайш каналигача чўзилган ёқилғи қуйиш ва таъминот станцияларини яратган. Келишув сабабли эса диққат энди Эроннинг Жаск ва Чабаҳор портларига қаратилади.
Келишув тижорий характерга эга бўлса-да, портлар Хитой денгиз флотининг кескин кенгайишига олиб келади.