Карвонсарой
Терроризм

Экспертлар Қирғизистоннинг «Экстремизмга қарши кураш тўғрисида»ги янги қонуни лойиҳасига баҳо бердилар

Мунара Боромбаева

Қирғизистон ИИВ экстремистик фаолиятга қарши курашишга оид янги қонун лойиҳаси устида ишламоқда. 15 январ кунги суратда Бишкекдаги марказий майдон акс этган. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

Қирғизистон ИИВ экстремистик фаолиятга қарши курашишга оид янги қонун лойиҳаси устида ишламоқда. 15 январ кунги суратда Бишкекдаги марказий майдон акс этган. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

БИШКЕК – Қирғизистонлик эксперт ва олимлар яқинда мамлакатда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган экстремизмга қарши курашга оид янги қонун лойиҳасининг ижобий ва салбий томонлари ҳақида фикр билдирмоқдалар.

Лойиҳага илова қилинган маълумотномада Қирғизистон мамлакат ва унинг фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солувчи сиёсий, иқтисодий, жиноий ва бошқа манфаатларни кўзловчи экстремистик гуруҳлар хавфига дуч келаётгани айтилади.

Мамлакатда «жумладан, халқаро аҳамиятга молик экстремистик ташкилотлар фаолиятидан келиб чиқадиган замонавий чақириқлар ва таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда экстремистик фаолиятга қарши курашга оид қонунчиликни такомиллаштириш зарурати пайдо бўлди», дейилади Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) 28 декабр кунги баёнотида.

Экстремистик ташкилотлар ва фуқаролар хайрия, маърифий ёки бошқа ижтимоий аҳамиятга эга фаолият ниқоби остида бузғунчи ҳаракатларни амалга ошириши мумкин, дейилади хабарда.

Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қирғизистон ҳукумати сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Бишкек маркази, 15 январ куни олинган сурат. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қирғизистон ҳукумати сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Бишкек маркази, 15 январ куни олинган сурат. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

Бундай ҳаракатларда ҳар доим ҳам экстремизм ёки зўравонлик аломатлари кўринмаса-да, улар алоҳида шахслар, кенг жамоатчилик ва бутун давлатнинг фаолиятига таҳдид солиши мумкин, деб қўшимча қилган вазирлик.

Қонун лойиҳасида ташкилотларни экстремистик деб топишнинг янги механизмлари ва экстремистик материалларни тарқатишда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳам ўз аксини топган.

Жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, лойиҳа қонун сифатида қабул қилиниши учун парламент томонидан маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши керак бўлади.

Янги тенденцияларга мослашиш зарурати

Қонун лойиҳаси экспертларнинг диққат марказида бўлиб турибди.

Хавфсизлик соҳаси мутахассиси, бишкеклик Азамат Тилекеевнинг фикрича, қонун лойиҳаси долзарб, аммо у янги тенденцияларни олдиндан кўра билса, объектив ва халқаро қонунчиликка мос бўлса ҳамда коррупцияни йўқота олсагина, самарали бўлади.

«Унда экстремизмнинг олдини олишга катта эътибор қаратилгани қувонарли, айниқса, милицияга иккита вазифа юклангани: жиноятларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш», дейди Тилекеев.

«Аммо жамоатчилик орасида... МВД фақат жазоловчи ташкилот сифатида танилган. Буни ўзгартириш учун кўп вақт керак бўлади.»

«Шундай экан, профилактика чора-тадбирларини фуқаролик жамияти ташкилотлари билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шаклида амалга ошириш мантиқан тўғри бўлади, айниқса Қирғизистонда нодавлат сектор бунинг учун етарли ресурсларга эга», деди у.

Диний мутахассис Маметбек Мирзабоевнинг айтишича, экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги қонун замонавий талабларга жавоб бериши керак.

«ИИВнинг қонунга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси таҳсинга лойиқ», деди у идоралараро комиссия тузилганини олқишлаб.

Экстремистларнинг ишлаш усуллари ўзгармоқда ва агар мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ёки сиёсий муаммолар туфайли тўсатдан низо келиб чиқадиган бўлса, улар вазиятдан фойдаланиб қолишлари мумкин, деди Мирзабаев.

«Шундай экан, қонун биздаги воқеликларни ҳисобга олган ҳолда замонавий чақириқларга жавоб бериши, шунчаки [бошқа жойларда мавжуд қонунлардан] «кўчириб» олинган бўлмаслиги керак», деди у.

Лойиҳанинг ОАВ банди билан боғлиқ хавотирлар

Айрим кузатувчилар қонунга киритилган таърифлар юзасидан хавотир билдиришган.

Диний ташкилотлар ва бошқа гуруҳларга келсак, негадир қонун лойиҳасида экстремистик материалларни эмас, балки экстремистик мафкурани ёйинлаш зикр қилинган, дейди ОАВ сиёсати институти юристи Нурлан Сиддиқов.

Экстремистик мафкура деганда нима тушунилиши кераклиги аниқ эмас, деди у Карвонсаройга.

Ушбу қонунга алоқадор барча шахслар – ҳуқуқбузарлар ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам – ҳуқуқбузарлар қай тарзда қонунни бузаётганини ва уларнинг жинояти шартларини тушуниши керак, деди у.

Сиддиқов қонун лойиҳасининг ОАВ бўлимидаги зиддиятли жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Янги таҳрирдаги қонунда зикр этилган «сиёсий адоват» тушунчаси ШҲТ [Шанхай ҳамкорлик ташкилоти] конвенциясидан олинган. Илгари Қирғизистон қонунчилигида бундай тушунча йўқ эди – аввалроқ ҳукумат уни киритмоқчи бўлган, аммо омбудсман ва парламентнинг айрим аъзолари бунга қарши чиққан эдилар.»

Эндиликда ҳокимиятни танқид қилган ҳар қандай ОАВга нисбатан жиноий иш қўзғаш мумкин бўлади», дейди Сиддиқов.

Унинг айтишича, қонун лойиҳасида экстремизмга қарши курашувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) ва ИИВ оммавий ахборот воситалари ва диний ташкилотлар экстремистик материаллар ёйинлайдиган бўлса уларни огоҳлантириши мумкинлиги кўзда тутилган.

Қирғизистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, бош прокурор ОАВга нисбатан қўлланиладиган бундай огоҳлантириш бера олади. Бундай огоҳлантириш олган ташкилотлар улар устидан судга шикоят қилишлари мумкин.

Шундай бўлса-да, қонун лойиҳасида чалкашликлар бор, деди у.

«Янги қонун лойиҳасида амалдаги қонундан фарқли ўлароқ, шундай таъриф бор: огоҳлантириш экстремистик фаолиятга доир маълумот бўлмаганида ва ОАВ орқали тарқатишда жиноят белгилари бўлмаганида берилади», деб тушунтирди у.

«Агар жиноят аломатлари бўлмаса» деган шарт нимани англатишини тушуниш қийин, чунки экстремистик материалларни тарқатишнинг ўзи жиноят ҳисобланади, дейди у.

«Демак, бу ҳолатда қонун суиистеъмол қилиниши мумкин: ҳуқуқ-тартибот идоралари огоҳлантириш бермасдан, бирданига ташкилотни тугатиш чораларини кўриши мумкин. Шунинг учун бу шарт ўринли эмас ва биз унинг янги таҳрирдаги қонунга киритилмаслигини сўраймиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500