Карвонсарой
Дипломатия

Пекин Жанубий Хитой денгизи ва унинг ташқарисидаги ҳудудлар юзасидан «ноқонуний» даъволарни илгари сурмоқда

Карвонсарой ва AFP

Декабр ойида Хитой ҳарбий вертолётлари баҳсли ороллар устидан учиб ўтган. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Декабр ойида Хитой ҳарбий вертолётлари баҳсли ороллар устидан учиб ўтган. [Хитой мудофаа вазирлиги]

ВАШИНГТОН – Пекин «ноқонуний тарзда» Жанубий Хитой денгизининг катта қисми устидан суверенитет ёки айрим эксклюзив ҳуқуқларни талаб қилмоқда ва бу даъволарни ҳуқуқий жиҳатдан асослаш учун Осиёдаги жойларга хитойча номлар бермоқда.

Хитой Жанубий Хитой денгизининг деярли барча қисмларига даъвогарлик қилмоқда, бу ҳудуддан ҳар йили бир неча триллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар ўтади. Шунингдек, бу ерларга Бруней, Малайзия, Филиппин, Тайван ва Вьетнам ҳам даъвогарлик қилади.

Халқаро қонунчиликка кўра, Пекиннинг соҳилбўйи қўшнилари билан тўқнашувига сабаб бўлган бундай даъволарга Хитойнинг ҳеч қандай асоси йўқ, дейилади АҚШ Давлат департаментининг Океанлар ҳамда халқаро экологик ва илмий масалалар бўйича бюроси томонидан 12 январ куни чоп этилган 47 саҳифалик тадқиқотда.

«Бу даъволар океанлар ва конвенцияда белгиланган халқаро ҳуқуқнинг умум тан олинган кўплаб низомларини жиддий тарзда бузади», дейилади тадқиқотда 1982 йилда имзоланган, Хитой томонидан ратификация қилинган денгиз ҳуқуқи бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) шартномасига ишоратан.

Суратда Жанубий Хитой денгизидаги сунъий оролларда барпо этилган кўплаб «ноқонуний» Хитой ҳарбий базаларидан бири акс этган. [File]

Суратда Жанубий Хитой денгизидаги сунъий оролларда барпо этилган кўплаб «ноқонуний» Хитой ҳарбий базаларидан бири акс этган. [File]

20 январ куни Dewey эсминецидаги денгизчи Жанубий Хитой денгизида мунтазам операцияларни амалга оширмоқда. [АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари]

20 январ куни Dewey эсминецидаги денгизчи Жанубий Хитой денгизида мунтазам операцияларни амалга оширмоқда. [АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари]

Тадқиқотни эълон қилган Давлат департаменти ўз баёнотида Пекинни «Жанубий Хитой денгизидаги ноқонуний ва мажбурловчи ҳаракатларни тўхтатишга» чақирди.

Хитой тадқиқот «халқаро ҳуқуқни бузиб кўрсатиб, жамоатчиликни чалғитмоқда» деб жавоб қайтарган.

Ҳужжатда Пекиннинг позицияси учун асос бўлиб хизмат қилаётган «тўққиз пунктир чизиқ» ва Хитой даъволарининг географик асослари кўриб чиқилган бўлиб, унда Жанубий Хитой денгизида Пекин томонидан белгиланган 100 дан ортиқ объект сув кўтарилиши вақтида чўккани ва шу сабабли «ҳар қандай давлат денгиз ҳудудларининг қонуний чегарасидан ташқарида» экани айтилади.

Давлат департаменти тадқиқотида айтилишича, Пекиннинг тўртта «орол гуруҳига» даъво қилиш учун бундай географик хусусиятларни далил қилиб кўрсатиши 1982 йилда имзоланган БМТ конвенциясининг асосий мезонларига жавоб бермайди.

Умуман олганда, Жанубий Хитой денгизининг қуруқлик ҳудуди 15 квадрат километрга тенг бўлиб, улар ҳар қандай соҳилбўйи материк давлатлардан узоқда жойлашган. Пекин уларнинг барчаси устидан суверенитетни даъво қилмоқда, аммо ҳар бир орол ёки орол гуруҳининг камида яна битта даъвогари бор.

Халқаро сув йўли

Ярим берк Жанубий Хитой денгизининг катта қисми Бруней, Хитой, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Сингапур, Тайван ва Вьетнам давлатлари билан ўралган.

Жанубий Хитой денгизи халқаро сув йўли эканлигини таъкидлаш учун бир қатор Ғарб давлатларининг денгиз кучлари Қўшма Штатлар раҳбарлигида ҳарбий доираларда FONOP номи билан танилган «кемалар қатнови эркинлиги операциясини» ўтказади.

Жорий йилдаги биринчи FONOP операциясида АҚШ ҳарбий кемаси пайшанба (20 январ) куни Жанубий Хитой денгизи бўйлаб сузиб ўтган ва бу Хитой ҳарбийларининг огоҳлантирувига сабаб бўлган.

АҚШ денгиз кучлари хабарига кўра, АҚШнинг «Benfold» ҳарбий кемаси «халқаро ҳуқуққа мувофиқ тарзда Парасел ороллари атрофидаги ҳаракатланиш ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилган».

Халқ озодлик армиясининг (ХОА) жанубий қўмондонлигига кўра, Пекин ўзиники деб билган ҳудудга АҚШ кемаси «ноқонуний» тарзда кириб борган.

Сўнгги йилларда Хитой армиясининг янада тажовузкор бўлиб, бошқа суверен давлатлар ҳудудига бостириб кириши қўшни мамлакатлар ва халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда.

2020 йилда Хитой президенти Си Цзинпин Пекиннинг «янги Хитойни» барча тажовузкорлардан ҳимоя қилиш йўлидаги жанговар қатъияти билан мақтаниб, эҳтимолий «босқинчиларни» кескин огоҳлантирган эди.

23 октябр кунги муҳим чиқишларининг бирида Си босқиннинг олдини олиш учун уруш олиб борилиши ва зўравонликка зўравонлик билан жавоб қайтарилиши кераклигини айтган.

Бу тажовуз, шунингдек Хитойнинг ҳудудий даъволарига оид нарративни ифодаловчи юмшоқроқ чоралар эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган даражага етган.

Демократик ва ўз-ўзини бошқарувчи Тайван доимий равишда авторитар Хитой босқини таҳдиди остида яшайди. Хитой оролни ўзининг ҳудуди деб билади ва бир кун келиб, агар керак бўлса куч билан уни қўлга киритишга ваъда берган.

Тайван 1949 йилдан бери ўз ҳукуматига эга.

Хитойнинг тажовузи қўшни Ҳиндистонгача етиб борган.

2020 йил июн ойида Ладах вилоятида Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари ўртасида тўқнашув юз берган, бунинг натижасида 20 та ҳинд аскари ҳалок бўлган. Хитой режими ҳам қурбонлар берилганини айтган, аммо ҳанузгача рақамларни очиқламаган.

Пекин Марказий Осиёда ҳам «ўз» ҳудудларини қайтариш ғоясини илгари суриб келган, бу билан маҳаллий аҳолининг муносабатини баҳоламоқчи бўлган. Кузатувчиларга кўра, бу минтақа суверенитетига бевосита таҳдиддир.

Харитани ўзгартириш

Бу орада Пекин нафақат Жанубий Хитой денгизида, балки Шарқий Хитой денгизи ва Ҳиндистон билан талашаётган тоғли тизмаларда ўз ҳудудий даъволарини қўллаб-қувватлаш учун янги номлар ва бошқа харита кодларидан фойдаланиб келмоқда.

29 декабр куни Хитой фуқаролик ишлари вазирлиги мамлакат шимоли-шарқида Ҳиндистон назоратида бўлган Аруначал-Прадеш штатидаги 15 та жой номини «стандартлаштириш» учун Хитой иероглифларидан фойдаланганини эълон қилди, деб хабар берган Хитойнинг Global Times давлат нашри.

Беш йил аввал худди шу ҳудудда Хитой олтита жой номини ўзгартирган эди.

15 та жой номи, жумладан айримлари «бир неча юз йиллардан бери мавжуд» бўлган «географик номларини бошқаришни стандартлаштириш бўйича миллий саъй-ҳаракатларга» мос келади, деб айтган Global Times нашрига Пекиндаги тибетшунослик бўйича Хитой тадқиқот маркази таҳлилчиси Лиан Сянмин.

Хитой етакчиларининг яна бир мақсади ўз фуқароларига даъволарини ёдга солиш ва Осиё бўйича мунозараларда рақибларга босим ўтказишдир.

Пекин ўз даъвосига кўра бир неча асрга тенг балиқчилик тарихига асосланган ҳолда Жанубий Хитой денгизидаги Спратли ва Парасел оролларинининг номини ҳам ўзгартирган.

Хитой, Япония, Тайван ва Жанубий Корея ўртасида тақсимланган Шарқий Хитой денгизида Японияга тегишли кимсасиз Сэнкаку ороли 1950 йилларда «Дяоюйдао» деб қайта номланган. Токио ва Тайпей Пекиннинг бу даъвосига қарши.

Таҳлилчиларга кўра, Пекин давомли ўйин ўйнамоқда. Охир-оқибат, Хитой ҳудудий низоларда, агар бундай низолар бир неча ўн йилларда келиб чиқмаса ҳам устунликка эришиш учун номлардан фойдалана олиши мумкин.

«Улар статус-квони ҳозир музлатиб қўйишни талаб қилишлари мумкин», дейди Сингапурнинг С. Раджаратнам номидаги халқаро тадқиқотлар мактаби доценти Алан Чонг.

«Аммо 50 йил ўтгач «суд ўтказиб, тинч йўл билан ҳал қилайлик» дейишлари ва 50 йил аввал бу ҳудудларга Хитой номи берилган хариталар ва бошқа ҳужжатларни кўрсатишга аҳд қилишлари мумкин», деб айтган у Америка Овозига.

«Ҳуқуқий мунозарада жойни бошқараётганингизни исботлаб беришингиз керак ва уни номлаганингиз шулар қаторига киради», дейди Гавайида жойлашган Даниэл К. Иноуе номидаги Осиё-Тинч океани хавфсизлик тадқиқотлари маркази профессори Александр Вувинг.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500