Карвонсарой
Сиёсат

Иттифоқчилари Кремл фитнаси ҳақида огоҳлантириши ортидан Украина урушга ҳозирлик кўрмоқда

Карвонсарой ва AFP

21 январ куни Украина чегараси яқинидаги машғулотларда иштирок этаётган Россиялик аскар. [Россия мудофаа вазирлиги]

21 январ куни Украина чегараси яқинидаги машғулотларда иштирок этаётган Россиялик аскар. [Россия мудофаа вазирлиги]

КИЕВ, Украина – Москва Киевда Кремлга мойил президент қўйишга интилаётгани ҳақидаги разведка маълумотлари ортидан Украина Россиянинг мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий соҳаларидаги беқарорлаштирувчи таъсирига қарши туришга ваъда берди.

Шанба (22 январ) куни Бирлашган Қироллик (Буюк Британия) Москва Украинада «россияпараст лидерни қўйишга интилаётгани» ҳақида маълумотга эга эканлигини айтиб, Киевдаги бир нечта собиқ сиёсатчиларни Россия разведкаси билан яширин алоқада айблади.

Бу даъволар Россия ва Ғарб ўртасида Европа хавфсизлигига оид муносабатларда кескинликни кучайтирмоқда, зеро яқинда муваффақиятсиз якунланган музокаралар Украина атрофида Россия қўшинларининг тўпланиши юзасидан хавотирларни аритмаган.

Украина президенти Владимир Зеленский маъмурияти раҳбарининг маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг айтишича, фош этилган бу маълумотлар Россиянинг Украинага нисбатан сиёсатининг ажралмас қисми бўлиб, Киев бунга қаршилик кўрсатади.

18 декабр куни Донецк вилоятидаги Свитлодарск кичик шаҳарчаси яқинида Россия қўлловидаги айирмачиларга қарши фронт чизиғида хандақда ўз позицияларини пойлаб турган Украина ҳарбийлари. [Анатолий Степанов/AFP]

18 декабр куни Донецк вилоятидаги Свитлодарск кичик шаҳарчаси яқинида Россия қўлловидаги айирмачиларга қарши фронт чизиғида хандақда ўз позицияларини пойлаб турган Украина ҳарбийлари. [Анатолий Степанов/AFP]

Украиналик собиқ депутат Евгений Мураев 2019 йил 9 май куни Киевда Ғалаба байрамини нишонлаш чоғида «Ўлмас полк» россияпараст тадбирида иштирок этмоқда. Кремль Мураевни Украинанинг эҳтимолий раҳбари сифатида кўрмоқда, деб маълум қилди Британия Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 23 январда. [Сергей Супинский/AFP]

Украиналик собиқ депутат Евгений Мураев 2019 йил 9 май куни Киевда Ғалаба байрамини нишонлаш чоғида «Ўлмас полк» россияпараст тадбирида иштирок этмоқда. Кремль Мураевни Украинанинг эҳтимолий раҳбари сифатида кўрмоқда, деб маълум қилди Британия Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 23 январда. [Сергей Супинский/AFP]

«Бизнинг давлатимиз Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринадиган ёки Россияга «ёрдам берадиган» ҳар қандай олигархик ёки сиёсий тузилмаларни йўқ қилиш сиёсатини давом эттиради», деди у AFP га ёзма изоҳларида.

Кремль бирмунча вақт бизнес ёки сиёсатдаги нуфузли шахсларни танлаб олиш ва кейинроқ улардан «Россия манфаатларини илгари суриш учун фойдаланиш» режасига амал қилган», деди Подоляк.

«Британиянинг бу маълумотлари ушбу мантиқий занжирга тўла мос келади», деб қўшимча қилди у.

«Янги сиёсий лидерлар»

Лондон украиналик бир қанча собиқ сиёсатчиларнинг Россия махсус хизматлари билан алоқада бўлиб тургани ва собиқ депутат Евгений Мураев эҳтимолий раҳбар деб кўрилганига оид далиллар борлигини маълум қидган.

Россия махсус хизматлари билан алоқада бўлганларнинг айримлари «ҳозирда Украинага қарши ҳужум режасига жалб қилинган», дейилади Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Аммо далилларга оид тафсилотлари ошкор қилинмаган.

Тахмин қилинаётган фитна «чуқур хавотир уйғотади», деб баён қилган АҚШ расмийси. Москва бу айбловларни «дезинформация» деб атаб, Лондонни «бемаъни гаплар тарқатишни бас қилишга» чақирган.

Украина кенг қамровли сиёсий ислоҳотлар ва янги давлат раҳбарига муҳтож, деб ёзди Мураев якшанба куни ижтимоий тармоқларда.

«Украина халқига қонун устуворлиги, тинчлик, оқилона ва прагматик иқтисодий-ижтимоий сиёсат, шунингдек, янги сиёсий етакчилар керак», деб ёзади у.

Мураев 2019 йилги сайловларда партияси 5 фоиз овоз тўплай олмагани сабабли парламентдаги ўрнини йўқотган эди. У россияпараст ташвиқот олиб боргани учун ўтган йили ёпилган телеканал эгаси экани айтилади.

Украина чегарасига тахминан 100 мингга яқин Россия аскари, шунингдек, танклар, ҳарбий машиналар, артиллерия ва ракеталар захираси тўпланар экан, хавотирлар кучайиб бормоқда.

Россия босқинидан хавотирлар 2014 йилда Москванинг Қрим яриморолини аннекция қилиши ва Украина шарқида ўзини-ўзи бўлгинчи деб эълон қилган икки республикани Кремлпараст айирмачилар ташкил этиши билан келиб чиққан.

Ҳукумат кучлари ва россияпараст исёнчилар ўртасидаги жангларда 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.

НАТО қўшинлари «шай ҳолатда»

Ғарб Россияга Украинага бостириб киришнинг оқибати ҳалокатли бўлишини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Қўшма Штатлар ўз иттифоқчиларини, агар Москва ўз кучларини кўпроқ юборса, унга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар пакетини тайёрлаш учун жалб қилишга ҳаракат қиларкан, Европа Иттифоқи аъзолари эса, агар керак бўлса, бир неча кун ичида Кремлга «катта оқибатлар» билан зарба беришлари мумкинлигини таъкидламоқда.

Душанба куни НАТО Дания, Испания ва Нидерландиянинг кучларни сафарбар қилиш бўйича яқинда қабул қилган қарорларига ишора қилиб, аъзоларининг Россия кучайишига жавобан Шарқий Европа мудофаасини кучайтириш учун қўшинларини «шай ҳолатга» қўйгани ҳамда кема ва реактив самолётлар юбораётганини айтди.

Россия Украинага бостириб кирса, «янги Чеченистон»ни яратиш хавфи бор, деди душанба куни Британия бош вазири Борис Жонсон.

«Россия нуқтаи назаридан, Украинага бостириб кириш оғриқли, зўравонлик ва қонли иш бўлади», деди у. «Менимча, Россиядаги одамлар бу янги Чеченистон бўлиши мумкинлигини тушунишлари жуда муҳим».

«Сохта байроқлар» ва киберҳужумлар

Январь ойи бошида берилган ҳисоботларда Россия Украинага эҳтимолий босқин учун замин тайёрлаш кампанияси доирасида қандай қилиб сохта операцияларни йўлга қўйгани, киберҳужумлар уюштиргани ва дезинформация тарқатаётгани батафсил баён қилинган эди.

Украинанинг Рақамли трансформациялар вазирлиги Россияни 14 январь куни Украина ҳукуматининг муҳим веб-сайтларига киберҳужум уюштирганликда айблади.

«Барча далиллар киберҳужум ортида Россия турганига ишора қилмоқда», - дейилади вазирлик 16 январ куни эълон қилган баёнотда. «Москва гибрид урушни давом эттирмоқда».

Ҳужумдан олдин Европа ташқи ишлар вазирлари ҳам киберҳужумлар Россия режалаштираётган ҳарбий босқиндан олдин ёки унга ҳамроҳ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Айни пайтда, Россия Украинага бостириб кириш баҳонаси ўлароқ «сохта байроқ остида» операция ўтказиш учун портловчи моддалар бўйича ўқитилган қўпорувчиларни жойлаштирди, деб оголантирган 14 январь куни АҚШ расмийлари.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг айтишича, АҚШ разведкаси Россия ҳарбий босқиндан «бир неча ҳафта» олдин операцияларни бошлаши мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ҳодиса январь ва февраль ойи ўрталарида бошланиши эҳтимолдан холи эмас.

«Бизда Россия Украина шарқида сохта байроқ операциясини ўтказиш учун бир гуруҳ оператив кучларни олдиндан тайёрлаб қўйганини тасдиқловчи маълумотлар бор», деди у журналистларга.

«Тезкор кучлар шаҳар шароитида уруш олиб бориш ва портловчи моддалар ёрдамида Россиянинг ўз воситачи кучларига қарши қўпорувчилик ҳаракатлари уюштириш бўйича тайёргарликдан ўтган».

Бундан бир кун аввал АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия «босқинчиликка баҳона топиш учун замин ҳозирлаётганини» айтган эди.

Москванинг гибрид уруши

Европалик сиёсатчи ва таҳлилчилар ўтган йили Украинада содир бўлаётган воқеаларга қарши туриш учун давлатлар Россиянинг гибрид уруш стратегияси ҳақидаги билимларини ошириши кераклиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Бундай маълумотлар, айниқса, Марказий Осиё ва Россия билан чегарадош бошқа давлатлар учун долзарбдир, чунки бундай тажовуз тез орада ўз остонасида пайдо бўлиши мумкин.

Россиянинг гибрид уруш стратегияси бешта асосий йўналишдан иборат, дейди Брюсселдаги Украина таҳлил марказлари билан алоқалар идорасининг ҳаммуассиси ва ижрочи директори Елена Карбу.

У дезинформация ёки ахборот уруши билан бирга иқтисодий, энергетик, сиёсий ва милитаристик босим қўллайди, деган эди у ўтган йили.

«Украина ва Грузия бу урушнинг плацдармига айланди», деди у.

Россия гибрид уруш олиб бораётган мамлакатларда бу воситалар доим мавжуд бўлади, деб тушунтирди Карбоу.

«Сиёсий таъсир ҳақида гапирадиган бўлсак, бу россияпараст сиёсий кучларни қўллаб-қувватлашдир. Бу сиёсий тузилмани беқарорлаштириш ва сайлов жараёнига аралашиш», деди у.

«Гибрид урушнинг хавфи шундаки, тажовузкор заиф жиҳатлардан фойдаланади», - деди Карбоу. «Давлат мустаҳкамланиши керак. У давлат институтларини кучайтириши, коррупцияга барҳам бериши ва аҳолининг ахборот саводхонлигини ошириши керак.»

Кремлнинг тактикаси ҳар бир мамлакатга хос алоҳида мавзулар ва ёндашувларни ўз ичига олади, деди Тбилисилик сиёсатшунос, Грузия стратегик таҳлил маркази асосчиси Нодар Харшиладзе.

«Россия ўзини яхши деб айтмайди. У Европани ёмон дейди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия нимага эришмоқчи эканини тушунмаяпман. Ахлат ичида яшаш ёқса, яшайверишсин. Бошқаларни ҳам тортишнинг нима кераги бор.

Жавоб бериш

АҚШ ҳозир Россия номли қутурган чўчқага тумшуқбоғ тақишга уринаётган ветеринарга ўхшаб кетяпти

Жавоб бериш

Россияни инқироз кутаётгани муқаррар

Жавоб бериш

Ғарб Россиянинг ўша кулгили ултиматумига кетини артганидан кейин Россия қандай жавоб беришини кўриш қизиқ. Россия орқага чекинса, қўрқоқлигини кўрсатган бўлади, аммо ҳужум қилишга унинг кучи етмайди. Кейин фақат пенсионерлар эмас, бутун Россия аҳолиси ахлат қутисидан овқатланишга ўтади.

Жавоб бериш

Ахлатхонага айланган Россия Ғарбга қандай қилиб нимадир ўргатиши мумкин? Россия унинг кулбасига ким чироқ берганини унутиб қўйган кўринади. Эслатиб қўйиш керак.

Жавоб бериш

Ҳақиқат тўлалигича Украина тарафида. Россиянинг шохини синдириб олади.

Жавоб бериш

Россия – босқинчи ва рейдер.

Жавоб бериш