ОЛМАОТА – Кузатувчиларга кўра, Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) шу ой бошидаги аралашуви ортидан, Россия расмийларининг Қозоғистон ички ишларига аралашуви кучайган ва бу икки томонлама муносабатларни хавф остига қолдирган.
Қозоғистонда ёқилғи нархининг ошганига қарши бошланган тинч намойишлар чоғида мисли кўрилмаган тартибсизликлар юзага келиши ортидан жорий қилинган фавқулодда ҳолат ўтган ҳафта бекор қилинди.
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевни ёрдам сўраб Москвага мурожаат қилишга мажбур этган тартибсизликлар вақтида камида 225 киши, жумладан 19 та ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.
Тўқаевнинг шошилинч илтимоси билан 6 январ куни Қозоғистонга Россия, кейинроқ Арманистон, Беларус, Тожикистон, Қирғизистон аскарлари етиб келишган. Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Россия ҳарбийлари ўтган ҳафтанинг чоршанба (19 январ) куни мамлакатни тўлиқ тарк этган.
Қўшинларнинг жойлаштирилиши Кремл учун айниқса, давлат тилига оид қонунлар борасида Қозоғистон ҳукуматига босимни кучайтириш имконини берди.
Россияда Қозоғистондаги рус тили дискриминацияга учраётгани ҳақидаги гап-сўзлар кучайди. Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Ермек Кошербаев чоршанба куни Россиянинг етакчи интернет-сайтига берган интервюсида бу хавотирларни аритишга ҳаракат қилди.
«Такрор айтаман, бизда рус тили билан ҳеч қандай муаммо йўқ», деди у. Қозоғистоннинг деярли бутун аҳолиси рус тилидан фойдаланмаса ҳам, уни яхши билади.»
Қозоқ тилидан фойдаланишни кенгайтириш Конституцияга кўра миллатлараро мулоқот тили бўлиб қолаётган рус тилидан фойдаланишни камайтириш ҳисобига бўлаётгани йўқ, дейди у.
«Бу дерусификация масаласи эмас. Биз фақат давлат тили бўлган қозоқ тилини сифатли ва тўғри қўллаш, унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиниши учун курашяпмиз, холос», деди Кошербаев.
Қозоқлар ватанпарварлиги
Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари Қозоғистонда яшовчи этник руслар икки давлат ўртасидаги ёмон муносабатлардан азият чекиши ҳақида ёзган, бироқ бу даъво фактларни бузиб кўрсатишдир, дейди олмаматлик сиёсатшунос Расул Жумали.
«Айрим россиялик ўртоқлар ўз манфаатлари йўлида русийзабон аҳолидан фойдаланишга уринмоқда», деди у.
«Шимолий Қозоғистондаги руслар уларни қутқариш ва «рус дунёси»ни тиклаш керак, деган ғоя билан дастурланмоқда», дейди Жумали. «Қозоғистонда Россия манфаатларини сақлаб қолиш учун шундай манипуляциядан фойдаланиш ҳолатлари бор.»
«Кўчада юрсангиз ёки дўконларга кирсангиз, ҳамма жойда сизга рус тилида жавоб беришади-ку», дейди у.
«Қозоғистонда чекланаётган қандайдир тил бўлса, у қозоқ тилидир. «Деярли ҳамма қозоқлар рус тилида гаплашади, ватанпарварлар эса, келинг, қозоқ тилини билиш даражасини яхшилайлик, ҳеч бўлмаганда рус тили даражасида бўлсин, дейишади».
«Мен русийзабон аҳолига нисбатан ҳеч қандай босим кўрмаяпман. Қозоғистонлик рус, қозоғистонлик озарбайжон ёки қозоғистонлик қозоқ деган тушунча йўқ», дейди Жумали. «Барчамиз шу юрт одамларимиз, бир хил ҳуқуқларга эгамиз, ватанимиз бир.»
Қозоғистонликлар миллатидан қатъи назар, Россия президенти Владимир Путиннинг «манфаатлари ва этник масалалар бўйича асоссиз гапларни» эмас, балки ўз мамлакати манфаатларини инобатга олиши керак. «Агар улар бу ташвиқотга берилмасалар, ҳеч қандай муаммо бўлмайди».
Алоқаларнинг ёмонлашуви
КХШТнинг аралашувидан кейин дадиллашган россиялик расмийлар оммавий равишда Қозоғистоннинг ички ишларига аралаша бошладилар.
Уларнинг айримлари 11 январ куни Тўқаевнинг Асқар Умаровни ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири этиб тайинлаганига эътироз билдириб, уни ўтмишдаги русофоб фикрларда айблаган.
«Россотрудничество» номи билан танилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ишлари бўйича федерал агентлик раҳбари Евгений Примаков бу тайинлов ҳақидаги мулоҳазаларини тап тортмай баён қилди.
«Россотрудничество русофоб ярамаслар билан алоқа қилмайди, ишламайди ва ҳамкорлик қилмайди, шу сабабли бу вазир ва унинг бошқарувидаги вазирлик билан ҳамкорликни истисно қилади», деб ёзган Примаков 12 январ куни ўзининг Телеграм каналида Умаровни назарда тутиб.
Шу куннинг ўзида Россия фазовий агентлиги – «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогожин Твиттерда Умаровга Россия Қозоғистондан ижарага оладиган Бойқўнғир космодромига ташриф буюришни режаламасликни маслаҳат берган.
«Уни бу ерда ҳеч ким кутаётгани йўқ», деб ёзган Рогозин.
Россиянинг Қозоғистон ички ишларига бундай аралашуви икки давлат ўртасидаги муносабатларда яхшиликка олиб келмаслиги аниқ.
«Албатта, бу каби жайдари хатти-ҳаракатлар Қозоғистон жамоатчилигида Россияга нисбатан ижобий муносабат шаклланишига ёрдам бермайди», деди Жумали.
Кремлнинг Оқ ўрда – Қозоғистон президенти администрациясига кўплаб саволлари бор, у эса жавоб беришга шошилмаяпти, шу боис яқин ойларда Москва Қозоғистонга нисбатан ўз позициясини кескинлаштиради, дейди олмаоталик сиёсатшунос Максим Казначеев.
«Ўйлайманки, Москва маълум масалаларни: рус тилининг Қозоғистонда миллатлараро мулоқот тили сифатидаги мақомини сақлаб қолиш, Евроосиё иқтисодий ва сиёсий интеграциясини, биринчи навбатда, атом электростанцияси қуриш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) ягона валютасини жорий этиш каби аниқ ташаббуслар орқали кенгайтиришни янада қатъийроқ талаб қилади», деди у Россиянинг Қозоғистонга ядро реакторини сотиш умидига ишора қилиб.
«Оқ Ўрда бу ташаббусларнинг барчасини рад этади ва натижада, тахминан жорий йилнинг ўрталарида икки томонлама муносабатлар ҳозиргидан анча ёмонлашади», дейди Казначеев.
Қозоғистоннинг янги раҳбарияти Туркия билан ишлашга уриниб кўради, бу эса Россия ва Хитой билан муносабатларда янги кескинликларга олиб келади, деди у.
«Хитой ушбу барча воқеалар натижасида ҳозир саҳна ортида қолиб кетган бўлса-да, аслида унинг Қозоғистондаги манфаатлари ҳаддан ташқари катта», деди Казначеев.
Қозоғистон ўзининг ташқи сиёсатида Туркияга катта ўрин ажратиб, ўзи учун хавфсизлик ёстиқчасини яратмоқда, дейди дерадикализация масалалари бўйича олмаоталик мутахассис Асилбек Избаиров.
Тўқаев «[собиқ президент] Нурсултон Назарбоев олиб борган кўп векторли сиёсатни давом эттирмоқда», деди у.
«Биз Қозоғистон аҳолисининг Россияга муносабатини ҳам инобатга олишимиз керак – у эски хафагарчиликлар, Голодомор [1930-йилларда Қозоғистонда совет даврида қасддан пайдо қилинган очарчилик] ва геноцидни унутгани йўқ», деди Избаиров.
«Шундай экан, россиялик сиёсатчилар Қозоғистон ҳақида эҳтиёт бўлиб гапиришлари керак», дейди у.
Россияда энди ахлат қутиларини ҳам қулфлаб қўядиган бўлишди, чунки маҳаллий аҳоли у ерда овқат излашга киришиб кетди.
Жавоб беришФикрлар 5
АҚШ Россия элчисини ҳайдаб юбормоқчи. Пистирмага учраган элчи бу.
Жавоб беришФикрлар 5
Россиядан қанчалик узоқ бўлинса, шунча яхши.
Жавоб беришФикрлар 5
АҚШ Россиядан анча яхши. Ҳаромзода Россия мавжуд бўлишга ҳам ҳақли эмас.
Жавоб беришФикрлар 5
Мен украиналикман! Бу ерда, Ивано-Франковскда десантчи итлардан жуда қўрқишади, руслар уларни махсус тандем парашютлари ёрдамида ходимлари билан бирга фронт чизиғига ташлаб кетиши мумкин. Зирҳли нимча кийган ва қора кўзойнак таққан итларни Ми-8 вертолётларидан 13 минг фут баландликдан парашютларда ташлашади. Яхши ўргатилган ҳайвонлар дарҳол жанговар вазифаларини бажаришни бошлайдилар! Америкада бўлишни жуда истаяпмиз!
Жавоб беришФикрлар 5