Карвонсарой
Иқтисодиёт

Хитойнинг Ироқда 1000 та мактаб қуришга оид келишуви узоқ муддатли оқибатлар борасида хавотир уйғотмоқда

Фарис Ал-Умрон

ИШИДдан озод қилинган синфхоналарини тозалаётган ироқлик ўқувчилар, Байжи шаҳри яқинидаги ал-Мазраа қишлоғи, 2015 йилнинг 19 октябри. [Аҳмад ал-Рубоий/AFP]

ИШИДдан озод қилинган синфхоналарини тозалаётган ироқлик ўқувчилар, Байжи шаҳри яқинидаги ал-Мазраа қишлоғи, 2015 йилнинг 19 октябри. [Аҳмад ал-Рубоий/AFP]

Хитойнинг Ироқ билан зарурий мактаблар қуриш бўйича келишуви ижобий қадам бўлиб кўринса-да, айрим ироқликлар Хитойнинг бу каби сармоявий лойиҳалардан фойдаланиб, ҳукмронликни қўлга киритишидан хавотирда эканликларини айтишган.

Улар Хитойнинг вазиятдан фойдаланиб, бу каби лойиҳалар орқали Ироқ иқтисодиётида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва яқин йиллар давомида ўз инвестицияларидан фойда олишга интилишидан чўчимоқда.

Хавотирлар 16 декабр куни Ироқ Пекин билан мамлакатда 1000 та мактаб қуриш бўйича шартнома имзолаши ортидан пайдо бўлган. Бу мактаблар пули нефт савдосидан тушган даромаддан тўланиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур битим Хитойнинг Power China ва Sinotech компанияларининг икки йил давомида мос равишда 679 ва 321 та мактаб қуришини кўзда тутувчи 15 та шартномани ўз ичига олади.

16 декабр куни Хитойнинг Ироқда 1000 та мактаб қуришига оид келишувни имзолаш маросимида қатнашган Ироқ ва Хитой расмийлари. [Ироқ бош вазирининг идораси]

16 декабр куни Хитойнинг Ироқда 1000 та мактаб қуришига оид келишувни имзолаш маросимида қатнашган Ироқ ва Хитой расмийлари. [Ироқ бош вазирининг идораси]

Ироқ Вазирлар кенгаши Бош котибияти маълумотларига кўра, мактаб бинолари ҳар бир вилоятнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда барпо этилади.

11 миллион ўқувчини қамраб олиш ва болалар билан тўлиб-тошган мактаблар юкламасини камайтириш учун Ироққа 12 мингдан ортиқ мактаб зарур. Шунингдек, 2000 дан ортиқ вайронага айланган, хом ғиштдан қурилган мактабларни бузиш ҳам кўзда тутилган.

Вазирлар кенгаши Бош котиби Ҳамид ал-Ғозийнинг айтишича, ушбу лойиҳа таълим жараёнини қўллаб-қувватлаш ва вилоятлардаги таълим бошқармаларини етишмаётган мактаб бинолари билан таъминлашга ёрдам беради.

Лойиҳани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, ер участкаларини тайёрлаш билан бирга лойиҳанинг ҳуқуқий, молиявий ва техник жиҳатлари ҳам ниҳоясига етказилган, деди у. Тез орада қурилиш ишлари учун ер майдонлари ҳозирланади.

Ироқликлар қарзга ботиши мумкин

Умуман олганда, ироқлик собиқ депутат Тоҳа ал-Лаҳибийнинг айтишича, лойиҳа «мамлакатга кўп йиллар давомида ироқликларни қийнаб келаётган мактаблар етишмовчилигини енгишда ёрдам бериш йўлидаги яхши қадамдир».

Аммо у Хитойнинг Ироқ дуч келаётган турли инқирозлардан фойдаланиб, ироқликларни қарзга ботириши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Унинг огоҳлантиришича, Хитой Ироқнинг миллий бойликлари ва ресурсларини қуритадиган инвестициялар орқали бозордаги ўрнини кенгайтиришга интилиши мумкин.

Мактаб лойиҳасининг қиймати собиқ бош вазир Одил Абдул-Маҳдийнинг Хитойга ташрифи чоғида маъқулланган 2019 йилги келишувга асосан «қайта қуриш учун нефт» дастуридан тушган маблағ ҳисобидан қопланади.

Ўшанда бу битим Абдул-Маҳдийнинг Ироқ нефтини имтиёзли нархларда сотиш ва инвестиция лойиҳаларига Эрон компанияларини жалб қилиш орқали Хитойга иқтисодий имтиёзлар беришдаги роли юзасидан баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.

Айримлар бундай сиёсат Ироқни қарзга ботиришидан хавотирга тушган эдилар.

Ироқ ва Хитой ўртасидаги доиравий келишувга кўра, 100 минг баррел Ироқ нефтини Хитойга сотишдан тушган маблағ ҳар куни махсус ажратилган банк ҳисоб рақамига йўналтирилиши лозим.

Ушбу маблағлар қатор соҳалардаги реконструкция ва қурилиш лойиҳаларига сафарбар этилади.

Ал-Лаҳибининг таъкидлашича, агар Ироқ халқи Эрон иқтисодиётини қутқариш ва Ироқ маблағлари эвазига эронликларни технология ва қурол-яроғ билан таъминлаш воситасига айланиб қолса, Хитой билан тузилган шартномалардан воз кечиши муқаррар.

Хитой билан келишув Эрон режими манфаатларига хизмат қилгани учун Эроннинг Ироқдаги воситачилари уни қатъий ҳимоя қилганлар, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500