БАНГИ, Марказий Африка Республикаси – Россияга алоқадор Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари Марказий Африка Республикасидан (МАР) Шарқий Европа ва Украинага йўл олгани айтилмоқда, деб хабар беради The Daily Beast нашри душанба (31 январ) куни.
Дунёнинг энг қашшоқ ва беқарор давлатларидан бири бўлган МАР 2013 йилдан бери фуқаролар уруши домида қолган.
2020 йил охирида қуролланган гуруҳлар президент Фостен Арканж Туадерани ағдариш билан таҳдид қилар экан, мамлакат Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилган, Россиянинг ҳарбийлашган тузилмалари, шу жумладан Вагнер гуруҳи МАР ҳукумат кучларига мамлакатнинг бир вақтлар исёнчилар назоратида бўлган учдан икки қисмини қайтариб олишга ёрдам берган эди.
Собиқ Франция мустамлакаси бўлган бу давлатда тез-тез исёнчилар ҳужумлари содир бўлиб туради.
Россия мамлакатда 1135 нафар «қуролланмаган йўриқчи» борлигини расман тан олса-да, жойлардаги ёрдам гуруҳлари, шунингдек, Франция ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига (БМТ) кўра, уларнинг айримлари Вагнер гуруҳига ишлайли, Россия эса буни рад этади.
The Daily Beast нашрининг МАРдаги икки юқори мартабали ҳарбий офицер сўзларига таяниб хабар беришича, январ ойида Шарқий Европага бир қанча ёлланма жангарилар жўнаб кетган, яна бир қанчаси кейинги бир неча ҳафта ичида кетишга тайёрланмоқда.
«Одатда биз айримлар кетганини эшитганимизда, улар саноқли, баъзан бир ой ичида беш-олти киши эканлигини билиб оламиз», деди пойтахт Бангидаги ҳарбий штабда ишлайдиган офицерлардан бири.
«Бир ой ичида ўнлаб одамлар кетганини биринчи марта эшитяпмиз», дейди у.
«Уларнинг раҳбарлари бизга 20 га яқин россиялик шу йилнинг январ ойида Шарқий Европага жўнаб кетганини айтишди», деди руслар билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи бошқа бир амалдор.
«Тушунишимизча, кетганлар ва яқинда кетадиганлар буни ротация жараёни доирасида амалга оширмоқдалар ва вақти келганда улар алмаштирилади», деди расмий.
The Daily Beast, шунингдек, яқинда Вагнер гуруҳи ҳибсга олган одамнинг сўзларини ҳам келтирган.
У ўзи ҳибсда сақланган лагердаги МАР қўшинлари ёлланма аскарларнинг тўсатдан Украинага кетаётгани ҳақида гапирганларини эшитган.
«Лагерда бўлган 15 кунимиз давомида етиб келганимизда бизни қўлга олган тўрт нафар россияликни фақат икки кунгина кўрдик», дейди Патрис Гаопандия. Руслар унинг уйига бостириб кириб, мунтазам равишда ёшларни мажбурий меҳнат учун ҳибсга олаётган маҳал у бошқа уч киши билан бирга қўлга олинган эди.
«Кейинчалик биз FACA [МАР ҳукумати] аскарлари русларнинг Украинага жўнаб кетишганини айтганларини эшитдик», деди Гаопандия. Якунда у озод қилинган.
Вагнер илк бор 2014 йилда Украинада уруш бошланиб, Россия Қримни ноқонуний эгаллаб олганида пайдо бўлган.
Ўшандан бери унинг ёлланма аскарлари бутун дунёда, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия МАР, Чад ва Малидаги можароларда иштирок этган.
Карнеги жамғармасининг таҳлил маркази Вагнерни «Москванинг энг ҳимояланмаган сирларидан бири» деб атаган.
Марказ маълумотларига кўра, гуруҳнинг иккита асосий мақсади бор: «Уруш ҳудудларига жангариларни жойлаштиришда Кремлни ҳақиқатнамо инкор билан таъминлаш» ва «заиф давлатларда босим ўтказишга тайёр бўлиш».
Ёлланма аскарларнинг бу ҳаракати Украинанинг АҚШ бошчилигидаги иттифоқчилари сўнгги ҳафталарда Киевга қўшимча қурол жўнатишга уринаётгани ва Москва чегарада 100 мингдан ортиқ аскар тўплаши ортидан кенг кўламли босқин режалаётгани ҳақида огоҳлантирган бир пайтда содир бўлди.
Разведка хизматлари тахминича, Россиянинг Украинага қарши гибрид уруши, жумладан, сохта байроқ операциялари, киберҳужумлар ва дезинформация кучайиб борар экан, Москва Киевга қўғирчоқ лидерни қўймоқчи.
Маданий ҳужум
Бу орада жангариларнинг МАР ва қитъанинг бошқа ҳудудларида исёнчиларга қарши кураши мадҳ этиладиган янги филмда Вагнер гуруҳи ёлланма аскарларининг роли актёрлар тарафидан ижро этилмоқда.
Шанба куни филмнинг Бангидаги спорт стадионидаги намойишига юзлаб томошабин йиғилган.
Москвадан келган юзлаб ҳарбий бўлинмалар ҳозирлиги ва Россия компанияларининг мамлакат олтин ва олмос ресурслари устидан назоратининг кучайишига билан бирга, МАР тобора кучайиб бораётган маданий ҳужумга дуч келган.
«Гранит» номли янги филм «Турист» филмидан бир неча ой ўтиб экранларга чиққан – у исёнчилар назоратидаги ҳудуднинг МАР кучлари ва россиялик иттифоқчилар томонидан қайтариб олиниши ҳақида ҳикоя қилади.
Картина француз, санго (MАРдаги миллий тиллардан бири) ва араб тилларида чиққан.
«Турист» филмида бўлгани каби бу филмда ҳам Россиянинг Африкадаги хатти-ҳаракатлари мадҳ этилган.
«Гранит» МАРда суратга олинган бўлса ҳам, воқеалар Мозамбикда бўлиб ўтади, у ерда Вагнер гуруҳининг «йўриқчилари» 2019 йилда Мозамбик армиясига радикал исёнчиларга қарши курашда ёрдам берган.
Ҳуқуқларнинг поймол қилиниши
Шундай бўлса-да, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи (ЕИ) МАР ва Ливияда ҳуқуқбузарликларда айбланган ва Мали билан йирик шартномани муҳокама қилган Вагнер гуруҳига нисбатан босимни кучайтирган.
«Гранит» Aurum компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг асосий акциядори россиялик тадбиркор, Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси, Вагнер гуруҳини бошқаришда гумон қилинадиган Евгений Пригожин ҳисобланади.
2020 йил октябр ойида Европа Иттифоқи Вагнер гуруҳи қўлловида Ливиядаги вазиятни беқарорлаштиргани учун Пригожинга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.
Ўтган йилнинг декабр ойида ЕИ Кенгаши Вагнер гуруҳининг ўзига, шунингдек, унга алоқадор саккиз шахс ва уч компанияга нисбатан санкциялар қўллаб, гуруҳнинг Украина, Сурия, Ливия ва МДҲдаги «беқарорлаштирувчи фаолияти» ва «зарарли таъсири»ни тилга олган эди.
2021 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир гуруҳ экспертлари МАР аскарлари ва Вагнер ҳарбийлари томонидан инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келаётгани ҳақида огоҳлантирган.
БМТ бир йил давомида 526 та инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва cуиистеъмол ҳолатларини қайд этган бўлиб, ташкилот экспертларининг таъкидлашича, улар камида 1221 кишининг, жумладан 144 нафари тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган.
Октябр ойи бошида Банги ҳукумати айрим қонунбузарликларни тан олди, аммо айб асосан исёнчиларда эканлигини таъкидлади.
Январ ойида The Daily Beast нашри 16 январ куни Айгбадо қишлоғи яқинида россиялик ёлланма аскарларнинг ўт очиб, 70 га яқин тинч фуқарони ўлдиргани ҳақида хабар берган.
«Улар ҳеч кимга бир оғиз сўз айтмадилар; уларнинг фақат қуроллари гапирди», деди омон қолганлардан бири. «Мен одамларнинг қичқириб, ерга йиқилаётганини кўрдим. Бахтли тасодиф туфайлигина тирик қолдим.»
Россияда янги инфляция тўлқини бошланиши кутилмоқда: ишлаб чиқарувчилар сут ва нон маҳсулотлари нархларини оширишмоқда. Ҳақиқий истеъмолга асосланган 20 фоиз инфляция кутилмоқда.
Жавоб беришФикрлар 4
Россия қад ростлади! Лекин унинг қорни ҳали ҳам ерга тегиб турибди.
Жавоб беришФикрлар 4
Бир доллар 100 рублдан ошиши мумкин: SWIFT ўчирилган тақдирда рублнинг қулаши башорат қилинди – «Шок ҳолати» доимий бўлади; иқтисодиёт 2 йиллик таназзулга юз тутади, деб башорат қилмоқда BCS GM.
Жавоб беришФикрлар 4
Қани бурнини тиқиб кўрсинчи, Моторола ва Кивининг ортидан юборамиз.
Жавоб беришФикрлар 4