ОЛМАОТА – Кузатувчиларга кўра, Россиянинг Украинадаги агрессияси ва жорий инқироз қисман мамлакат ичидаги иқтисодий муаммоларнинг кучайгани ва аҳолининг ҳукуматдан ҳафсаласи пир бўлиб бораётгани билан боғлиқ.
Россия Украина чегараси яқинида 100 мингдан ортиқ аскар тўплаган, Ғарб лидерлари эса собиқ Совет давлатига бостириб кириш «оғир оқибатларга» олиб келиши ҳақида огоҳлантирганлар.
Чоршанба (2 феврал) куни Қўшма Штатлар Шарқий Европадаги НАТО кучларини мустаҳкамлаш учун минглаб аскарлар жойлаштираётгани, Россиянинг Украинага бостириб кириш эҳтимоли билан боғлиқ хавотирлар туфайли ҳарбий жавоб чораларини кучайтираётганини айтди.
Германиядаги минг нафар америкалик аскар Руминияга, 2000 нафари эса АҚШдан Германия ва Полшага юборилади, деди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.
«Биз [президент Владимир] Путинга ва бутун дунёга НАТО Қўшма Штатлар учун муҳим эканлиги ҳақида қатъий мужда йўллашимиз зарур», деди Кирби. «Бу биз амалга оширадиган тийиб туриш чораларининг ҳаммаси эмас.»
Москва 30 минг аскар юбориши айтилаётган Россия ва қўшни Беларуснинг ҳамкорликда ҳарбий машқлар ўтказиш режалари бу тангликни янада кучайтирган.
Украина 2014 йилда, яъни Москва Қрим яриморолини аннексия қилганидан бери икки бўлгинчи минтақада Москва қўлловидаги исёнчиларга қарши курашиб келмоқда.
Европадаги ушбу давомли ва кенг кўламли уруш мобайнида жами 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Чалғитиш
Марказий Осиёлик кузатувчилар Кремлнинг Киевга қарши провокацион ҳаракатларини ички муаммоларнинг кучайгани билан изоҳламоқда.
«Россия оғир дамларни бошидан кечирмоқда», дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева Карвонсарой нашри билан суҳбатда.
«Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб, Украина шарқидаги бўлгинчиларга ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиши ортидан жорий қилинган Ғарб санкциялари мамлакат иқтисодини заифлаштирди».
Сўнгги ўн йил ичида россияликларнинг турмуш даражаси муттасил пасайди. COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган инқироз эса иқтисодиётга қўшимча зарба бўлди.
Сентябр ойида Россияда аҳолининг даромади 2013 йилдан бери 10 фоизга камайди, нархлар эса ошди. Август ойида инфляция 6,7 фоизни ташкил этди.
2018 йилда ҳукумат пенсия ёшини оширгани ва мамлакат иқтисодиётининг турғунлашгани сабабли Путиннинг «Ягона Россия» ҳукмрон партияси рейтинги сўнгги йилларда пасайган.
Шундай бўлса-да, «Ягона Россия» ўтган йил сентябр ойида сезиларли сохталаштирилгани айтилган парламент сайловларида расман 49,82% овозни қўлга киритди ва парламент қуйи палатаси – Давлат Думасида 450 ўриннинг 300 дан ортиғини эгаллагани ҳолда учдан икки овозни қўлга киритиб, кўпчиликни ташкил этди.
Россия оддий фуқароларнинг чўнтакларига таъсирни инобатга олмай, ҳарбий харажатларни оширишда давом этмоқда ва бундай харажатлар бўйича дунёнинг беш етакчи давлатидан бири бўлиб турибди, деди Суранчиева.
«Россиянинг чекка ҳудудларида яшовчи одамлар эртага дастурхони устида нон ва сариёғ бўлишига ишонмайди, лекин улар телевизордан Путиннинг янги ракета билан мақтанаётганини кўришади – албатта, агар телевизорлари бўлса», деди у.
Россиянинг Украина чегарасидаги хатти-ҳаракатлари Путиннинг ташқи душман билан можародан фойдаланиб, сайловчилар сонини оширишга уринишидир, дейди Суранчиева.
«ОАВдаги Украина билан урушга оид барча шов-шувлар жамоатчиликни долзарб муаммолардан – қашшоқлик ва Россиядаги ёшлар учун истиқболсизликдан чалғитиб, норозилик кайфиятининг кучайишидан сақлаб турибди», деди у.
«Аммо бу ўйинларнинг оқибати ёмон: Путин қизил чизиқни кесиб ўтса, бу унинг режими учун ҳалокатли бўлиши мумкин».
Путиннинг таваккалчилиги
Россиянинг Украинага бостириб кириши Москва учун хатарли.
Россиянинг Украинага ҳужум қилиши билан боғлиқ хавотирлар туфайли фонд бозоридаги пасайиш ва рублнинг қадрсизланиши ортидан, 24 январ куни Россия Марказий банки чет эл валютасини харид қилишни тўхтатганини маълум қилди.
Икки ҳафталик муттасил пасайишдан сўнг қимматли қоғозлар баҳоси кескин тушиб кетди, долларда деноминация қилинган RTS индекси эса 9 фоизга пасайиб, 2020 йил март ойидан бери энг ёмон қулашини бошдан кечирди ва ўтган йилги барча ўсишларни йўқотди.
Россия валютасининг долларга нисбатан курси бир йилдан ортиқроқ вақт давомидаги энг қуйи даражага тушиб, 79 рублни ташкил этган.
«Россия бозори Украина билан боғлиқ геосиёсий хатарларнинг кучайиши ҳамда Россия ва АҚШ, Россия ва НАТО ўртасидаги музокаралар фонида пасайишда давом этмоқда», деб хабар берди январ ойида Би-би-си рус хизмати Москвадаги «Атон» инвестиция компаниясига таяниб.
«Бошиберк кўчага кириб қолган музокаралар ва ҳар икки томоннинг тобора жанговарроқ бўлиб бораётган риторикаси Россия активлари, хусусан, қимматли қоғозлар учун хавф эҳтимолига салбий таъсир кўрсатмоқда».
АҚШ президенти Жо Байден ва Ғарб етакчилари Россия Украинага бостириб кирган тақдирда «мисли кўрилмаган» иқтисодий жазо чоралари ва «жиддий оқибатларга олиб келадиган» санкциялар билан таҳдид қилишган.
Муҳокама қилинаётган чоралар қаторида Россия банкларининг халқаро бозорлардаги асосий валюта – доллардаги операцияларини тақиқлаш ва Москвани халқаро банк алмашувларининг асосий механизми бўлмиш SWIFT тизимидан четлаштириш ҳам бор.
Марказий Осиёлик таҳлилчилар бу каби санкциялар уларнинг мамлакатларига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда.
Марказий Осиё давлатлари бир қанча постсовет республикалар, жумладан Қозоғистонни ўз ичига олган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида Россия билан иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини танқидийроқ баҳолашлари лозим, дейди «Ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш маркази» нодавлат ташкилоти раҳбари, олмаоталик Меруерт Махмутова.
«Санкциялар келажакда Россияга қандай таъсир қилишини билмаймиз, аммо Россия иқтисодиётида уларнинг оқибатлари сезиларли бўлиши аниқ», дейди Махмутова.
«Афсуски, Қозоғистон ҳам бунинг оқибатларини ҳис қилади, чунки иқтисодиётларимиз бир-бири билан чамбарчас боғлиқ», деди у.
Украинага заиф Россия бас кела олмайди энди. Ҳозир 2014 йил эмас.
Жавоб беришФикрлар 7
Бор-йўғи шу...
Жавоб беришФикрлар 7
Россия бўш ноғорага айланиб қолган. Маъниси йўқ, аммо ваҳимаси кўп.
Жавоб беришФикрлар 7
Россияда музлатгич телевизордан устунроқ келмоқда.
Жавоб беришФикрлар 7
Секин аста Қримбизники БизгаҚирғинга айланиб қолди.
Жавоб беришФикрлар 7
Руслар хароб йўллари, вақтинчалик ҳожатхоналари, кулбаларини АвтоВАЗ заводи ва даҳшатли ифлос шаҳарчаларини босиб олишни истайдиган америкаликлардан ҳақиқатда қўрқишади.
Жавоб беришФикрлар 7
Россиянинг ўзида қашшоқлик жадал суръатларда авж олиоб бормоқда. Пенсионерлар ахлат қутиларини титиб емак излаяпти. Украинадаги маошлар эса аллақачон Россиядагидан юқори.
Жавоб беришФикрлар 7