Карвонсарой
Хавфсизлик

«Биз сизни топамиз»: ИД етакчиларидан бирининг рейд давомида ўлдирилиши ортидан АҚШ террорчиларни огоҳлантирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Суриянинг шимоли-ғарбий Идлиб вилоятидаги Атма шаҳарчасида АҚШ махсус кучлари томонидан тунда уюштирилган рейддан кейин кейин ерда ётган жанговар қурилма. Ҳужум чоғида ИД етакчиси ўзини портлатиб юборган, 3 феврал. [Муҳаммад Ҳаж Қодир/AFP]

Суриянинг шимоли-ғарбий Идлиб вилоятидаги Атма шаҳарчасида АҚШ махсус кучлари томонидан тунда уюштирилган рейддан кейин кейин ерда ётган жанговар қурилма. Ҳужум чоғида ИД етакчиси ўзини портлатиб юборган, 3 феврал. [Муҳаммад Ҳаж Қодир/AFP]

ВАШИНГТОН, Колумбия округи – «Ислом давлати»нинг (ИД) етакчиси АҚШ махсус кучлари томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида ўтказилган рейд чоғида ўз-ўзини портлатиб юборди, деб баёнот берган АҚШ президенти Жо Байден пайшанба (3 феврал) куни.

«Ўтган тунда АҚШ ҳарбий кучлари менинг кўрсатмам билан Сурия шимоли-ғарбида Америка ва иттифоқдошлар халқини ҳимоя қилиш ҳамда дунёни янада хавфсизлантириш учун аксилтеррор операциясини ўтказдилар», деб айтган Байден ўзининг баёнотида.

«Қуролли кучларимизнинг маҳорати ва жасорати туфайли биз ИД етакчиси Абу Иброҳим ал Ҳошимий ал-Қурайшийни жанг майдонидан йўқ қилдик», деб айтган у.

Пайшанба куни омма олдида рейд ҳақида сўзлаган нутқи чоғида Байден АҚШ кучлари тинч фуқароларни ҳимоя қилиш учун «барча эҳтиёт чораларни» кўрганини, ҳаво зарбаси ўрнига махсус кучлар ёрдамида махсус операция олиб борганини айтиб ўтган.

ИДнинг асосий лидери Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший 3 феврал куни Сурия шимоли-ғарбида уюштирилган рейд чоғида ҳалок бўлди. Операцияда АҚШ махсус кучлари ва Сурия демократик кучлари иштирок этган. [Файл]

ИДнинг асосий лидери Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший 3 феврал куни Сурия шимоли-ғарбида уюштирилган рейд чоғида ҳалок бўлди. Операцияда АҚШ махсус кучлари ва Сурия демократик кучлари иштирок этган. [Файл]

Аммо «сўнгги қўрқоқлик ҳаракати» туфайли ИД етакчиси «ўз-ўзини портлатиб юборишга қарор қилди», деди у. Бинонинг учинчи қаватида юз берган портлаш сабабли у билан бирга бўлганлар, жумладан унинг оиласидаги аёллар ва болалар ҳам ҳалок бўлишган.

Рейд вақтида Атма яқинида АҚШнинг элита ҳарбий кучлари вертолёти хавфли қўнишни амалга оширган.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси хабарига кўра, операцияга АҚШнинг ҳарбий тайёргарлигидан ўтган Сурия демократик кучлари (СДК) аскарлари қўшилган, улар Курдлар назоратидаги Кобани шаҳрида жойлашган ҳарбий базадан АҚШ вертолётларида ҳавога кўтарилганлар.

Байден рейдда иштирок этган СДК билан «муҳим ҳамкорликка» урғу бераркан, Қўшма Штатлар «ИДни таъқиб қилишда» ўз иттифоқдошлари ва ҳамкорлари билан бирга ишлашда давом этишини айтди.

Муваффақиятли ўтган рейд «дунёдаги барча террорчиларга қатъий мужда бўлди», деди Байден. «Биз сизнинг изингизга тушамиз ва сизни излаб топамиз.»

ИДнинг таниқли етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ҳам 2019 йилда Идлибда шунга ўхшаш рейд чоғида ўлдирилган эди. Ўша рейдда ҳам Курд кучлари иштирок этган.

Шафқатсизлик билан орттирилган обрў

Байденга кўра, ал-Қурайший яқинда Суриянинг шимоли-ғарбидаги қамоқхонага уюштирилган ҳужум ортида турган.

Амир Муҳаммад Саид Абдулраҳмон ал-Мавла номи билан танилган ИД етакчиси экстремистлар гуруҳининг юқори мартабали ролини эгаллашидан аввал танилмаган шахс эди.

У 1976 йилда Мосулдан 70 км узоқликдаги Тал-Афарда таваллуд топгани тахмин қилинади. Оиласи этник туркманлар бўлиб, у ИДнинг араблардан бўлмаган нодир шахсларидан бири ҳисобланар эди.

Ал-Қурайший 2003 йилда ал-Қоида сафига қўшилган, диний етакчи ва бош муфтий вазифасини бажарган, деб хабар берган Аксилтеррор лойиҳаси (CEP).

У ал-Бағдодий билан Ироқ жанубидаги Кемп-Букка қамоқхонасида 2004 йилда танишиб қолган ва кейинчалик 2010 йилда ал-Бағдодий ал-Қоиданинг Ироқ бўлинмасига етакчи бўлганидан кейин унинг ёнида қолган.

Кейинроқ ал-Бағдодий ҳозирда ИД номи билан танилган гуруҳга асос солиш учун қочган.

CEP хабарига кўра, 2014 йилда ал-Қурайший «ал-Қоидадан кетишидан аввал» ал-Бағдодийни Мосулда кутиб олган ва «радикал ҳаракатни тўлиқ қўллаб-қувватлаш ва унга содиқ бўлишга ваъда бериб, ИДнинг шаҳарни қўлга олишига кўмаклашган».

«У тезда ИД етакчилари сафида ўз ўрнига эга бўлиб, «Профессор» ва «Яксон қилувчи» номлари билан танилган», дейилади CEP хабарида.

ИД сафида уни «шафқатсиз сиёсатчи» ва «ал-Бағдодий раҳбариятига қарши чиқадиганлар йўқ қиладиган» инсон сифатида танишган, дейилади хабарда.

Ал-Қурайший кўпроқ Ироқдаги язидий озчиликни қирғин қилиш, ҳайдаш ва жинсий қулга айлантиришни оқлагани билан машҳур экани айтилади.

АҚШ ҳукумати дунёда энг ашаддий қидирувдаги шахслардан бири бўлган ал-Қурашийни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилган эди.

Қочқинлар орасида яширин

Ал-Қураший истиқомат қиладиган Атмадаги бино эгаси ўз ижарачисини оддий ҳаёт кечирувчи одам деб таърифлаган.

«Бу йигит бу ерда 11 ой яшади. Мен унда ҳеч қандай шубҳали нарса кўрмадим ва сезмадим ҳам», деди ўзини Абу Аҳмад деб таништирган уй эгаси.

«У келиб, ижара пулини тўлаб кетар эди. Уч фарзанди ва хотини билан яшарди. Уларнинг тепасида бева қолган синглиси ва қизи яшар эди», дейди у.

Гувоҳнинг айтишича, у вертолётлар товушидан уйғониб кетган.

«Сўнг унча катта бўлмаган портлашлар овози эшитилди. Кейинроқ кучлироқ портлашларни эшитдик», деди Атмада яшовчи суриялик Абу Али ва АҚШ кучлари аҳолига «хавотир олманглар» деганини қўшимча қилди.

«Биз бу уйга сизни террорчилардан халос қилиш учун келдик», деб айтган АҚШ кучлари овоз кучайтиргич орқали.

AFP хабарига кўра, шлакоблокдан барпо этилган икки қаватли бинода шиддатли жанглар излари бор, дераза ромлари синган, шифтлари куйган ва томи қисман қулаган.

Бино асосан «Таҳрир аш-Шом» – бир вақтлар Суриядаги «Ал-Қоида» шўъбасининг собиқ аъзолари бошчилигидаги эктремистик иттифоқ назоратида бўлган ҳудудда жойлашган.

Атмада эвакуация қилинган оилалар учун улкан жамлоқ жойлашган бўлиб, экспертларнинг огоҳлантиришича, бу лагердан экстремистлар тинч аҳоли орасига яшириниш учун фойдаланган.

АҚШнинг ИДга қарши курашга содиқлиги

Қўшма Штатлар ИДни мағлуб этиш ва шу мақсадда бутун дунё бўйлаб коалиция давлатлари билан мустаҳкам ҳамкорликни давом эттириш мажбуриятини тасдиқлаб келмоқда.

ИДга қарши кураш АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ўтган йил охирида Ироқдаги жанговар ролини якунлаганидан сўнг ўзгарди.

Унинг 3500 аскари, жумладан 2500 америка фуқароси ироқлик ҳамкасбларга маслаҳат бериш ва уларни ўқитиш ҳамда билвосита ёрдам кўрсатиш билан чекланмоқда.

«Ушбу янги босқичда Ироқ билан ҳамкорлигимиз доим огоҳ бўлишимиз зарурлигини акс эттиради. ИД мағлуб этилган, аммо яксон қилинмаган. Биз ҳамкор кучларимизга Ироқ халқини ҳимоя қилиш учун маслаҳат ва ёрдам берамиз», деган эди «Мустаҳкам қатъият» операцияси Бирлашган оператив кучлари қўмондони, генерал-майор Жон В. Бреннан декабр ойида.

Суриядаги халқаро коалиция ҳам яқинда ИДнинг Ғувайрон қамоқхонасига қилган ҳужумидан кейин гуруҳга қарши курашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

«Коалиция СДК бўйича ҳамкорларимизнинг жасорати ва қатъиятини қўллаб-қувватлайди. Биз ҳамкорларимизга маслаҳат, ёрдам бериш ва имкониятлар яратишда этишда давом этамиз, зеро ИДнинг қайта тикланишига йўл қўйиб бўлмайди», дейилади 27 январ куни «Мустаҳкам қатъият» операцияси Бирлашган оператив кучларининг Твиттер саҳифасида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Русларнинг сурияликларга қарши жиноятлари аллақачон Ҳаагада тергов қилинмоқда.

Жавоб бериш

Яхшиямки, АҚШ ИДга қарши курашмоқда. Акс ҳолда, бу Кремл боласи минтақадаги барча мамлакатларга таҳдид солмоқда.

Жавоб бериш