Карвонсарой
Хавфсизлик

Аэропортларда Хитойнинг ҳарбийларга алоқадор хавфсизлик сканерлари бутун дунёда хавотирга сабаб бўлмоқда

Карвонсарой

Франция аэропортдаги иссиқлик ва хавфсизлик сканерлари, 2020 йил. [Бертран Гуай/AFP]

Франция аэропортдаги иссиқлик ва хавфсизлик сканерлари, 2020 йил. [Бертран Гуай/AFP]

Хитойнинг ҳарбий ва сиёсий элитаси билан яқин алоқаларга эга компания дунёдаги энг муҳим аэропортлар, чегарадан ўтиш пунктлари ва дипломатик тадбирларда хавфсизликни текшириш ишларига масъул экани махфийлик ва маълумотлардан нотўғри фойдаланиш хавфи борасидаги хавотирларни пайдо қилган.

Associated Press (AP) агентлигининг 20 январ кунги хабарига кўра, Nuctech компанияси юк ва транспорт воситаларини сканерлаш соҳасида ўз даромади бўйича дунёнинг етакчи компаниясига айланган.

Аэропортларда йўловчилар ва юклар ўтказиладиган рентген нурли хавфсизлик сканерларидан ташқари, компания портловчи моддалар детекторлари ва улар билан боғлиқ шахсни тасдиқловчи гувоҳнома ёки чипталарни идентификация қилиш, тана ҳароратини ўлчаш ва юзни таниш қурилмаларини ишлаб чиқаради.

Қўшма Штатлар, Канада ва бошқа бир қатор Ғарб давлатларини ҳукуматлари миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан Nuctech ускуналаридан воз кечган.

Ўтган йил 28 октябрда олинган ушбу фотосуратда Белгиянинг Зебрюгге шаҳридаги юк машинаси сканери акс этган. [Жон Тис/AFP]

Ўтган йил 28 октябрда олинган ушбу фотосуратда Белгиянинг Зебрюгге шаҳридаги юк машинаси сканери акс этган. [Жон Тис/AFP]

AP томонидан кўриб чиқилган давлат харидлари, ҳукумат ва корпоратив маълумотларга кўра, ушбу компания қурилмалари Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо 27 давлатдан 26 тасида бор.

НАТОнинг Россия билан чегаралари бўйлаб, Европанинг энг йирик бандаргоҳлари ва аэропортларида Nuctech сканерлари борлиги сабабли, Ғарб мамлакатларида Пекиннинг бу сканерлар орқали ҳукумат, саноат ёки шахсий маълумотларни қўлга киритишидан ташвишланаётган хавфсизлик мутасаддилари ва сиёсатчилар сони ортиб бормоқда.

«Ушбу қурилмалар томонидан қайта ишланадиган маълумотлар жуда махфий. Улар шахсий, ҳарбий ва юкларга оид маълумотлардир. Тижорат сирлари хавф остида бўлиши мумкин», дейди Европа парламенти аъзоси ва Голландия мудофаа вазирлигининг киберхавфсизлик бўйича собиқ раҳбари Барт Гротуис.

«Сиз уларнинг тўғри қўлларда эканига амин бўлишни истайсиз», деди у. «Сиз стратегик ва геосиёсий рақиб бўлган хорижий ўйинчига қарамсиз.»

SecureTech корпорацияси маълумотларига кўра, Nuctech хавфсизлик маҳсулотлари бутун Марказий Осиё бўйлаб, хусусан Қозоғистонда ҳам мавжуд бўлиб, камида 26 божхона пунктида, жумладан Чимкент ва Олмаота аэропортлари ва Ақтов денгиз портига ўрнатилган.

Мураккаб қудрат тармоғи

Nuctech 1911 йилда асос солинган Пекиндаги нуфузли давлат тадқиқот университети Цинхуа университетининг шўъбаси ҳисобланади.

2012 йилда Forbes ушбу университетни Хитойнинг «қудрат фабрикаси» деб атаган, чунки кўплаб хитойлик сиёсатчилар, жумладан, Хитой етакчиси Си Цзинпин, собиқ президент Ху Цзинтао, собиқ бош вазир Чжу Жунцзи, Марказий банкнинг собиқ раиси Чжоу Сяочуан ва собиқ молия вазири Лу Живей мазкур университет битирувчилари саналади.

Nuctech ўзини «мустақил инновацияларга» таянадиган «масъулиятли Хитой юқори технология корхонаси» деб атайди.

Аммо компаниянинг мулкчилик тузилмаси шу қадар мураккабки, унда таъсир, ҳисобдорлик ва назорат йўналишларини аниқлаш мушкул.

Бироқ, маълум бўлгани шуки, Nuctech Хитой коммунистик партиясининг академик ва миллий хавфсизлик манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ.

2000-йилларда компанияни асосан Хунинг ўғли Ху Хайфен бошқарган.

Нидерландиянинг Хитойга ихтисослашган иқтисодий разведка компанияси – Datenna маълумотларига кўра, Nuctech мулкчилик тузилмаси ҳозирда тўртта эгалик даражаси бўйича ўнлаб йирик корхоналарни ўз ичига олади, улар орасида тўртта давлат компанияси ва учта давлат идораси бор.

Nuctechнинг 71% улушга эга энг йирик акциядори 1997 йилда Цинхуа университети томонидан таъсис этилган «Tongfang Co.» юқори технологик корхонасидир. Бу алоқа зарарсиз кўринса-да, боғлиқликнинг изидан борилса, анчайин мураккаб тўрга дуч келиш мумкин.

«Tongfang»нинг энг йирик акциядори Хитой Миллий ядро корпорациясининг (CNNC) инвестиция бўлими бўлиб, у 21% Nuctech акцияларига ҳам эгалик қилади.

CNNC – Хитой Давлат кенгаши томонидан назорат қилинадиган давлат энергетика ва мудофаа конгломератидир.

АҚШ мудофаа вазирлиги CNNCни Хитой ҳарбий компанияси деб ҳисоблайди, чунки у Халқ озодлик армияси (XOA) билан илғор технологиялар ва тажриба алмашади.

«Биз Хитой давлати томонидан назорат қилинадиган ва Хитой армиясига алоқадор Nuctech компаниясига чегарамиз хавфсизлиги ва инфратузилмамизнинг муҳим қисмларида иштирок этишга рухсат беришни истаймизми ёки йўқми, масала шунда», дейди Datenna бош директори Яап ван Эттен AP билан суҳбатда.

«Шунчаки компания эмас»

Қўшма Штатлар ва Канада, шунингдек, сони тобора кўпайиб бораётган Европа давлатлари бунга қатъиян «йўқ» деб жавоб беради.

2020 йил июл ойида Канада ҳукуматининг хавфсизлик текшируви Nuctech компаниясининг рентген нурли хавфсизлик сканерлари потенциал равишда маълумот тўплаш ва узатиш, портатив электрон қурилмаларни бузиш ёки «ёвуз» қурилмалар транзитига рухсат бериш учун натижаларни ўзгартиришда ишлатилиши мумкинлигини аниқлади.

Оқибатда Канада ҳукумати «юқори даражадаги жосуслик таҳдиди» сабаб бутун дунё бўйлаб Канаданинг 170 дан ортиқ дипломатик ваколатхоналарини рентген сканерлаш ускунаси билан таъминлаш бўйича Nuctech компаниясининг очиқ таклифини рад этди.

2020 йил декабр ойида АҚШ Савдо вазирлиги Nuctech компаниясини Саноат ва хавфсизлик объектлари бюросининг рўйхатига киритиб, унинг «паст самарали ускуналари» сабаб миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан компания экспортини чеклаган эди.

Wall Street Journal (WSJ) нашрининг 2020 йил июн ойидаги маълумотларига кўра, ҳукуматнинг махфий ҳисоботи кўриб чиқилганидан сўнг, 2014 йилдан эътиборан АҚШ аэропортларида Nuctech ускуналаридан фойдаланиш бутунлай тақиқланган.

Аммо йиллар давомида Nuctech ўз нархларини пасайтириш орқали Европадаги ўрнини мустаҳкамлаган.

Рақобатчиларга кўра, компания таклифлари рақобатчиларникидан 25-50% пастроқ бўлиши мумкин ва баъзида улар кенгайтирилган техник хизмат кўрсатиш шартномалари ва манфаатли кредитлар каби имтиёзларни ўз ичига олади.

АҚШ Давлат департаментининг 2020 йил 26 майдаги меморандумида айтилишича, Nuctech «АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар ҳисобига Европадаги ўта муҳим инфратузилма соҳаларида муҳим бозор улушини қўлга киритиш учун ўн йиллик агрессив кампания олиб бормоқда».

Хитойнинг Европага таъсири, технологиялар ва дезинформацияга ихтисослашган тадқиқотчи Диди Кирстен Татлоунинг айтишича, Nuctech нархлари «давлат иқтисодиёт бошқарувидир».

«Аслида у компания ҳам эмас», деди у AP билан суҳбатда. «У кўпроқ давлат тараққиёт дастурининг қанотига ўхшайди.»

«Стратегик инвестициялар»

«Бу тобора хавфлироқ бўлиб бормоқда», дейди маълумотларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Европарламентнинг германиялик депутати Аксел Восс.

«Nuctech тизими бир-иккита аэропортда бўлса ҳам майли эди, лекин кўплаб минтақалар демпинг нархлар туфайли улардан фойдаланмоқда», деди у. «Бу тобора хавфсизлик билан боғлиқ масалага айланмоқда. Буни Хитой ҳукуматининг стратегик инвестицияси дейиш ҳам мумкин.»

Восс 2019 йил декабр ойида Европа Комиссиясининг (ЕК) юқори мартабали аъзоларига электрон мактуб орқали Nuctech амалиётлари борасидаги хавотирларини изҳор этган. ЕК Европа Иттифоқининг ижрочи органи ҳисобланади.

Компаниянинг «паст нархларни белгилаш стратегияси» унинг мақсади тижорат эмас, балки «Европа Иттифоқининг стратегик инфратузилмаси ва маълумотларга асосланган билимларни назорат қилишдан манфаатдорлик» эканлигини кўрсатади, дейди у.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Nuctech Европанинг денгиз юклари скрининги ускуналари бозорининг 90 фоизини ҳамда юк машиналари ва аэропорт йўловчиларининг багажларини текшириш бўйича Европа бозорининг тахминан 50 фоизини эгаллаган.

Берлиндаги Меркатор Хитой тадқиқотлари институти директори Микко Хуотари 2020 йил феврал ойида Politico нашрига берган интервюсида: «Бу машиналар аллақачон бутун Европа бўйлаб ўрнатилган. Улар ҳамма жойда бор», деган эди.

Инсон ҳуқуқларига оид хавотирлар

Nuctech технологияси, хусусан, юзни таниш, бармоқ излари ва инсон танасини сканерлашда «микроўлчов»дан фойдаланиш, айниқса, Хитойнинг Шинжон шимоли-ғарбий минтақасида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавотирларни кучайтирган.

Шинжондаги «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерларида камида бир миллион уйғур ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон озчиликлар вакиллари ҳибсда сақланади.

Мустақил терговлар ва собиқ маҳбуслар билан ўтказилган суҳбатлар давомида ушбу лагерларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар ва жинсий таҳқирлаш каби амалиётлар қўлланиши маълум бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кўплаб Ғарб мамлакатлари, жумладан АҚШ, Канада, Нидерландия, Британия, Белгия ва Франция Пекиннинг Шинжондаги сиёсатини«инсониятга қарши жиноятлар» ва «геноцид» деб атаган.

«Nuctech»нинг хитой тилидаги сайтида айтилишича, мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари, жумладан, Шинжон компания учун «муҳим бизнес соҳаларидан бири» саналади.

Хитой ҳукумати маълумотларига кўра, компания Шинжон полицияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорлик қилиб, рентген аппаратлари, давлат рақамларини аниқлаш қурилмалари ва минтақа пойтахти Урумчи шаҳридаги метрони интеграциялашган хавфсизлик тизими билан таъминлайди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500