ТОШКЕНТ – Беларус президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Россия-Беларус иттифоқига қўшилиши муқаррар экани ҳақидаги баёноти ўзбекистонлик депутатлар ва кузатувчилар тарафидан мазах билан қарши олинди.
Ўзбекистон ва бошқа собиқ совет давлатлари 15 йил ичида Россия ва Беларус томонидан 1999 йили тузилган иттифоқ таркибига кириши мумкин, деб айтган Лукашенко 7 феврал куни «Соловьев Live» YouTube-каналига берган интервьюсида.
Келажакда бу иттифоққа Украина ва Арманистон ҳам қўшилиши мумкин, деди у. Лукашенко, афтидан, Арманистоннинг 2020 йилда Озарбайжон билан урушда мағлуб бўлганидан кейинги мушкул аҳволини назарда тутиб, унинг «бошқа чораси йўқлигини» таъкидлаган.
Январ ойида Қозоғистонда қонли норозилик намойишлари билан кечган инқироз «яхши сабоқ бўлди», деб қўшимча қилди у Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) қўшинларининг аралашувидан сўнг тугаган бир неча кунлик тартибсизликларга ишора қилиб.
«Ўйлайманки, Туркманистон ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам зарурат туфайли, энг аввало, иқтисодий эҳтиёждан келиб чиқиб унга қўшилади», деди Лукашенко.
«Иқтисодиётнинг ишлаши учун камида 350-450 миллион аҳолига эга қандайдир уюшма яратиш керак бўлади», деди россиялик тележурналист, YouTube-канали бошловчиси Владимир Соловьев.
«Дарҳақиқат, Ғарб бизга қарши нималар қилаётганини кўриб турибмиз», деди у мужмал қилиб, афтидан Ғарбнинг Украинани дастаклаётганига ишора қилиб.
Лукашенко Ўзбекистонни Россия етакчилигидаги блокларга қўшилишга илк бор чақираётгани йўқ.
Айниқса, Ўзбекистон Қозоғистондаги тартибсизликлардан сабоқ чиқариши керак, деди у 10 январ куни зўравонликлар ортида турганлар Ўзбекистонга ҳам «кўз» тикаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб.
Бунга жавобан 13 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Лукашенконинг баёнотини «асоссиз» деб атади.
«Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз», деди у. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун етарли куч ва салоҳиятга эгамиз.»
Лукашенконинг хомхаёллари
Ўзбекистонлик кузатувчилар Лукашенконинг даъволарига салбий муносабат билдирган.
«Бу инсоннинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас», деди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов.
Беларусда ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровлар Александр Лукашенконинг сиёсатчи сифатидаги рейтинги 25-30 фоиз атрофида эканлигини кўрсатди, деди у. Шунингдек, сўровда иштирок этганларнинг 46% – «ҳеч қачон Лукашенкога овоз бермаслигини» маълум қилган.
Адлия вазирининг маслаҳатчиси, ўзбек блогери Шаҳноза Соатова Ташқи ишлар вазирлигини Лукашенконинг баёнотига муносабат билдиришга ундаган.
«Ишонч керак эртамизга, мустақиллигимиз бардавомлигига. Беринглар шу ишончни, муносиб дипломатик жавоб қайтаринглар бу одамга», деди у.
Лондонда яшовчи Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, Лукашенконинг баёноти уч нарсани англатади.
«Биринчиси, бу Путинга ёқиш истагидан келиб чиққан, айниқса Путин халқаро ҳамжамиятдан яккаланиб қолган бир пайтда», дейди у. «Лукашенко ўз ташаббусига кўра ҳаракат қилдими ёки Кремл билан келишибми, буниси муҳим эмас».
Иккинчидан, Беларус президентининг ўзи халқаро майдонда яккаланиб қолган ва ўзининг ёлғизлигидан жуда ноўнғай ҳолатда бўлиб, буни постсовет давлатларнинг бошқа етакчилари билан бирга бўлишишни истайди, деди у.
«Ва учинчиси: парадокс шундаки, унинг мурожаати, айниқса, КХШТ амалда полиция тузилмасига айлантирилганидан кейин кўриб чиқилиши мумкин», деди Илҳомов. «Диктаторга айнан шундай «полиция хизмати» керак, айниқса у президентлик лавозимида узоқ ўтириб қолса».
Афтидан, Лукашенко ҳокимиятда қолиш учун Кремл ёрдамига муҳтожлигини айтмоқчи, деб қўшимча қилди у.
Путиннинг жамоаси
Лукашенко 2020 йилнинг августида ўтган баҳсли президентлик сайловларидан кейин Россия президенти Владимир Путиннинг қўллаб-қувватловига эга бўлгач, Москва билан алоқаларни мустаҳкамлашга ваъда берган эди.
Путин, шунингдек, мушкул аҳволда қолган Беларуснинг авторитар лидерига 1,5 миллиард долларлик кредит ваъда қилиб, икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада кучайтирди.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Беларусдаги оммавий намойишлардан сўнг Лукашенко Кремлнинг ўз мамлакати устидан тўлиқ монополиясига тан беришга мажбур бўлган.
Намойишлар Лукашенконинг президентлик сайловларини тан олмай, эҳтимолий ғолибни қувғин қилиши ортидан бошланиб кетган.
Ҳозирда у Путин жамоасида ҳужумчи сифатида ўйнаяпти, деди Раббимов футбол терминологиясини қўллаб.
«Лукашенконинг баёнотидан билиш мумкинки, Кремлда собиқ иттифоқни янги форматда қайта тузиш борасида яхши ўйланган лойиҳалар мавжуд: у «суверенитетинг ўзингда қолаверсин (ички муаммоларингни ўзинг ҳал қил), лекин иттифоқнинг бир қисми сифатида барибир Кремл назоратида қоласан», демоқда.
Яъни, Тошкентга юзланиб, «геосиёсатдаги кўп векторли сиёсатинг тугамоқда» демоқчидек, деди у.
«Москва Ғарбга қарши ўзининг авторитар иттифоқини яратиш йўлида кескин чораларга кўришга ўтган», деди Раббимов. «Аммо Ўзбекистон ҳозирча... геосиёсий мувозанатни сақлаб туришга муваффақ бўлмоқда».
Туркманистон ва Ўзбекистон амалда Кремлнинг КХШТ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) каби стратегик блоклари таркибига кирмайди, деб таъкидлайди бишкеклик журналист Одилбек Турдиқулов.
Улар рус элитасининг ғашига тегиб, мустақил ташқи сиёсат юритмоқда, бу эса Тошкент ва Ашхободга нисбатан босим ўтказиш уринишларга олиб келади, дейди у.
«Ўйлайманки, Лукашенко буни тушунади; аслида у шу йўл билан ўзининг ички сиёсий муаммоларини ҳал қилмоқда», деди у.
«У муаммолардан эътиборни чалғитиб, мавзуни ўзгартирмоқда ва умуман олганда, ўзининг муҳим шахс эканлигини кўрсатишга уринмоқда», деди Турдиқулов. «Ўзини Путин билан тенглаштирмоқда».
Чириган «Иттифоқ давлатингиз» кимга ҳам керак? Агар АҚШ ёки Европа Иттифоқи ҳақида гапиришса, буни тушунса бўларди. Бу бошқа гап бўларди.
Жавоб беришФикрлар 4
Украина Россиянинг бешинчи колоннасини бутунлай йўқ қилди.
Жавоб беришФикрлар 4
Ҳатто энг камбағал давлатлар ҳам Россияга қўшилишни ва қашшоқ СССРда яшашни хоҳламайдилар.
Жавоб беришФикрлар 4
Ғарб Россияни «Терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар» рўйхатига киритиши керак.
Жавоб беришФикрлар 4