Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Қозоғистонликлар Германиянинг RTни тақиқлаганини Россия ташвиқотига қарши чора ўлароқ баҳоламоқда

Ксения Бондал

RT канали бошловчиси Москвадаги студиядан эфирга чиқишга тайёрланмоқда, 2018 йил, 8 июн. [Юрий Кадобнов/AFP]

RT канали бошловчиси Москвадаги студиядан эфирга чиқишга тайёрланмоқда, 2018 йил, 8 июн. [Юрий Кадобнов/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистонлик кузатувчилар Россия ташвиқотининг зарарли оқибатларини таъкидлаб, Германияда Россиянинг RT давлат телерадиокомпаниясининг немис тилидаги эфири тақиқланганини олқишладилар.

RT DE каналининг трансляцияси «тақиқланган, чунки у тегишли лицензиясига эга эмас», дейилади Германия регуляторининг лицензиялаш ва назорат комиссиясининг 2 феврал кунги баёнотида.

Европанинг сунъий йўлдош тармоғи RT DE телеканалини 22 декабр куни, эфирга чиққанидан бир ҳафта ўтмай немис расмийларининг талаби билан блоклади, бироқ унга интернет ва мобил илова орқали кириш мумкин эди.

Бунга жавобан RT DE телерадиокомпанияси Москвадан эфирга чиқаётгани, Сербиянинг узатиш лицензиясига эга эканлигини ва бу лицензия Европа қонунчилигига кўра Германияда трансляция ҳуқуқини беришини айтган.

2020 йил 10 декабрда Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудини «Россиянинг улкан совғаси» деб атаган «Большая игра» (Катта ўйин) телекўрсатувидан олинган кадр. [Файл]

2020 йил 10 декабрда Вячеслав Никонов Қозоғистон ҳудудини «Россиянинг улкан совғаси» деб атаган «Большая игра» (Катта ўйин) телекўрсатувидан олинган кадр. [Файл]

Кремлпараст сиёсий фаоллар Қозоғистоннинг Москвадаги элчихонаси олдига «Шимолий Қозоғистон – Россия ерлари» деб ёзилган плакатни осиб қўйишган. [ПАТРИОТ/Telegram]

Кремлпараст сиёсий фаоллар Қозоғистоннинг Москвадаги элчихонаси олдига «Шимолий Қозоғистон – Россия ерлари» деб ёзилган плакатни осиб қўйишган. [ПАТРИОТ/Telegram]

Аммо немис регулятори телеканал Берлинда жойлашгани ва «Европа қонунчилиги бўйича тегишли рухсатнома»га эга эмаслигини айтди.

RT DE регуляторнинг қарори устидан судга шикоят қилишини айтган.

Бунга жавобан Москва Германиянинг Deutsche Welle (DW) телерадиокомпаниясини ёпишни буюрди, унинг ходимлари аккредитацияларини бекор қилди ва уни «хорижий агент» деб топиш жараёни бошланганини эълон қилди.

Қонунни четлаб ўтиш уринишлари

Давлат томонидан молиялаштириладиган RT телеканали 2005 йилда «Russia Today» номи билан иш бошлаган бўлиб, инглиз, француз, испан ва араб тилларида фаолият олиб борувчи телерадиокомпаниялар ва веб-сайтлар билан кенгайтирилди.

Ғарб давлатлари уни дезинформация тарқатиш ва Кремлга мойил ташвиқот билан шуғулланишда айблаган.

RT Германияда 1970-йилларда қабул қилинган хорижий давлатлар телеканалларини кўрсатишни тақиқловчи қонунни четлаб ўтишга уринди, деб ёзади москвалик журналист Екатерина Петрова ўзининг Телеграм-каналида.

«Бу бизнинг ОАВга хос стандарт риторика: чириётган Ғарб Россия ОАВларига асоссиз ташланмоқда. Лекин ҳеч ким ҳеч кимга ташлангани йўқ», деб ёзади у.

Европа давлатларида агар телерадиокомпания дейлик, Италияда лицензия ололса, у келишув иштирокчилари бўлган бошқа мамлакатларга ҳам трансляция ҳуқуқига эга бўлиши ҳақидаги келишув мавжуд, деди у.

Петрованинг сўзларига кўра, RT даставвал Германия ва Люксембургдан лицензия олишга уринган, кейин унга Сербия тарафидан лицензия берилган.

«Шу тариқа Россиянинг RT телеканали Германия қонунларини бузди ва Германия бунинг учун уни жазолаганидан ғазабга тушди», деб ёзади у.

«Россиянинг Германия қонунларини бузгани маълум оқибатларига олиб келгани учун, у DWга қарши санкциялар қўллади», деди у. «Менимча, бу мутлоқ сюрреалистик ҳолат.»

Қозоғистондаги хавотирлар

Германия тўғри иш қилди ва Қозоғистон ҳам RT каби очиқ тарғибот манбалари трансляциясини чеклаши керак, дейди олмаоталик тадбиркор Алихон Канапия.

«RT» телеканалининг инглиз тилидаги телеканали бош муҳаррири «Маргарита Симонян каби» масъуллари «қора рўйхатга киритилиши ва уларга россиялик депутатларни ҳам қўшиб, бу шахсларнинг мамлакатимизга киришини тақиқлаш керак... чунки улар мамлакатимиз шаъни ва қадр-қимматини ерга урмоқда», деди у.

Канапия сўнгги йилларда Қозоғистонда хавотир ва ғазабга сабаб бўлган кремлпараст ОАВда ёйинланган баёнотларга ишора қилган.

Жумладан, Россия давлат Думасининг Таълим ва фан бўйича қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 2020 йил декабр ойида Қозоғистон суверенитетига бевосита дахл қилувчи сўзларни айтган.

«Қозоғистон мавжуд эмас эди. Шимолий Қозоғистонда (руслар келгунига қадар) одамлар яшамаган», деб айтган Никонов Россия «Биринчи канал» давлат телеканалида.

«Қозоғистон ҳудуди – Россия ва Совет Иттифоқининг улкан совғасидир», деган эди у.

Ўтган йил апрел ойида Павлодар шаҳридаги ўнлаб кўчалардан советча номлар олиб ташланиб, қозоқларнинг миллий ўзига хослиги ва тарихини акс эттирувчи номларга ўзгартирилиши ортидан россиялик сиёсатчилар Марказий Осиёдаги «Россия ҳудудлари» ва «Россия чегараларининг тикланиши» ҳақидаги асоссиз даъволари билан қозоғистонликларни яна ранжитганлар.

Қозоғистоннинг бундай қарорлар қабул қилишга ҳаққи йўқ, деган эди ўшанда Россия Либерал демократик партияси (ЛДПР) етакчиси ва Дума аъзоси Владимир Жириновский «ЛДПР ТВ» телеканали эфирида.

Уч юз йил аввал ҳозирги Қозоғистон ҳудудларида Россия ҳумкронлиги остида бўлган жунгарлар яшаган, деди у.

«У ерда ҳеч қандай давлат йўқ эди. Даштлар, у ер-бу ерда кўчманчилар, Оренбург яқинида ва кейинчалик шаҳарга айланган Павлодарда эса туз бор эди», деб айтган Жириновский.

«Рус дунёси, рус ҳудуди ўз чегараларини тиклайди ва тартиб ўрнатади», деб айтган у.

Кремл ташвиқотчилари ўз мамлакатининг оддий аҳолисини чалғитиб, қозоқларга нисбатан салбий муносабат пайдо қилмоқда, деб қўшимча қилди Канапия.

«Россия ҳукумати мамлакатдаги ички муаммоларни ҳал қила олмаётгани учун улар паст навли контент билан одамларни чалғитмоқчи», дейди у.

Россия ташвиқотининг хатарлари

Ғарбий Европанинг RTга қарши чора кўраётгани ажабланарли эмас, дейди олмаоталик сиёсий таҳлилчи Расул Жумали.

«RT Кремл ва [Россия президенти Владимир] Путиннинг империалистик амбицияларига хизмат қилмоқда», деди у. «Расмий Москвага хуш келмайдиган сиёсат юритувчи давлатлар RT каби оммавий ахборот воситаларининг ғазаби нишонига айланади».

«Қозоғистон ҳам бундан мустасно эмас», деди Жумали.

«Россия оммавий ахборот воситалари Қозоғистонда рус тили сиқувга олинаётгани, мамлакатимиздаги русийзабон аҳолининг ўзлигига таҳдид қилинаётгани каби муаммоларни мунтазам равишда «ўйлаб топаётганига» ҳаммамиз гувоҳмиз».

Қозоғистон медиамаконини бундай дезинформациядан ҳимоялаш ва тартибга солиш керак, чунки бу Қозоғистоннинг ахборот ва сиёсий хавфсизлигига оид масала, деди у.

«Бу, айниқса, деярли бутунлай Россия ОАВ таъсири остида яшовчи Қозоғистоннинг шимолий ва марказий вилоятлари учун долзарб – у ерда ҳамма Россия кабел телевидениесини томоша қилади», деди Жумали.

Жумалига кўра, бу каби ташвиқот жуда хавфли, чунки у мамлакат аҳолисини иккига бўлиб юбориши мумкин – бир тарафдагилар Россия сиёсатини қўллаб-қувватласа, иккинчи томон Қозоғистон манфаатларини рус тарғиботчилари сингдираётган нарсадан устун қўяди, дейди Жумали.

«Бу мамлакатимиз барқарорлигига ичкаридан путур етказмоқда. Бегона давлат учун ўз медиамаконини тўлиқ очиб берган Қозоғистондан бошқа бирорта давлатни билмайман», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия ташвиқоти ҳамма жойда блокланиши керак. Россияликларнинг ўзига буюрсин.

Жавоб бериш

Ҳа, америкосларнинг урушидан кейин. Нима яхшироқ эканини билмайман.

Жавоб бериш