Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Пекин Тайванни «Хитойнинг ажралмас қисми» деб ҳисобламоқда

Карвонсарой ва AFP

5 январ куни Чиайи шаҳридаги ўз базаси устидан учиб ўтаётган Тайван ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита F-16 қирувчиси. 2021 йилда Хитой 969 марта Тайваннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудини бузиб кирган. [Сем Е/AFP]

5 январ куни Чиайи шаҳридаги ўз базаси устидан учиб ўтаётган Тайван ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита F-16 қирувчиси. 2021 йилда Хитой 969 марта Тайваннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудини бузиб кирган. [Сем Е/AFP]

ПЕКИН – Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги икки бўлгинчи минтақа мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги бир томонлама қарори ортидан Хитой ҳукумати ваҳимали тарзда Тайван Хитойнинг бир қисми эканлигини тасдиқламоқда.

«Тайван ҳар доим Хитой ҳудудининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу рад этиб бўлмайдиган тарихий ва юридик факт», деб баёнот берди ТИВ матбуот котиби Хуа Чунйин чоршанба (23 феврал) куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Хитой расмийларининг бу каби баёнотлари кузатувчиларнинг Тайван ва Украинани қиёслаганидан сўнг янграган.

Ўзини ўзи бошқарувчи орол президентининг айтишича, Пекин Тайванга руҳий зарба бериш учун Россия тажовузи далилларидан фойдаланмоқда.

Украинадаги вазиятни диққат билан кузатган демократик Тайван оролни ўз ҳудуди деб биладиган ва уни қачондир (керак бўлса, зўрлик билан) тортиб олишга тайёр бўлган авторитар Хитойнинг доимий тажовузи остида яшамоқда.

Чоршанба куни Тайван президенти Цай Ин-Вен «ташқи кучлар» «Украинадаги вазиятдан фойдаланиб, Тайван жамоатчилигининг руҳиятига таъсир ўтказишга» уринаётганини айтди ва ҳукуматни «когнитив урушга қарши ҳушёрроқ бўлишга» чақирди.

Цай хоним 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери Пекин Тайванга нисбатан ҳарбий, дипломатик ва иқтисодий босимни кучайтирган, чунки Цай оролнинг Хитой ҳудуди эканлигини рад этади. У 2020 йилда лавозимига қайта сайланган эди.

Ўтган йили Тайван мудофаа вазирлиги Хитой оролни «жангсиз» эгаллаб олишга қаратилган дезинформация кампаниясини бошлаганини маълум қилган эди.

Чоршанба куни Цай миллий хавфсизлик ва ҳарбий бўлинмаларга ҳушёр туришни ва Тайван атрофидаги ҳарбий ҳаракатлар назоратини кучайтиришни буюрди.

2021 йилнинг сўнгги чорагида Хитой ҳарбий самолётларининг Тайван ҳаво мудофааси ҳудудига бостириб киришлари сони кескин кўпайган.

AFP тўплаган маълумотларга кўра, ўтган йили Тайван ҳаво ҳудудини бузиб кириш билан боғлиқ 969 та ҳолат қайд этилган, бу 2020 йилги 380 талик кўрсаткичдан деярли икки марта кўп.

Пекин Украина масаласида эҳтиёткорона йўл тутаётган бўлса-да, Путинни кўпроқ қўллаб-қувватламоқда.

Душанба куни Путин Украинанинг «Россия асос солган давлат» эканини айтар экан, Совет Иттифоқи парчаланиб, Украина ва бошқа совет республикаларига ўз йўлидан боришга имкон берилгани хато эканлигини иддао қилди.

Телемурожаатдан сўнг бир неча соат ўтиб, Путин мудофаа вазирлигига бўлгинчилар назоратидаги ҳудудларда «тинчликпарварлик вазифасини» ўз зиммасига олиш буйруғини берди ва бу билан Украина шарқида Россиянинг бевосита ҳарбий аралашуви учун йўл очди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Украина қуршовида аллақачон 150 мингдан 190 минггача Россия аскари бор.

«Авторитаризм учун хавфсиз дунё»

Чегараларида тобора кучайиб бораётган Ғарбга хос демократияга эга давлатларнинг умумий таҳдиди олдида турган Путин ва Си Цзинпин шу ой бошида глобал сиёсий ва ҳарбий тартибнинг «янги даврида» бир сафда бўлишга ваъда берганлар.

Икки қудратли давлат кўплаб ташқи сиёсий мақсадлар, жумладан, НАТОнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва Тайван «Хитойнинг ажралмас қисми» экани борасидаги келишувлар акс этган қўшма баёнотни имзоладилар.

Хитой расмийлари ҳам бир неча бор Россиянинг тарафини олиб, Ғарбни Украина атрофидаги тангликда ва «совуқ уруш менталитети»да айблаган ва Москванинг хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларини «ўринли» деб атаган.

«Икки давлат ўртасидаги дўстлик чегараланмаган», дейилади Путин ва Сининг учрашувдан сўнг эълон қилган қўшма баёнотида. «Ҳамкорликда тақиқланган соҳалар йўқ».

Сўнгги йилларда Хитой армиясининг янада тажовузкор бўлиб, бошқа суверен давлатлар ҳудудига бостириб кириши қўшни мамлакатлар ва халқаро ҳамжамият аъзоларини ташвишга солмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500