Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон Россиянинг Украинага босқини оқибатларидан ҳимояланмоқда

Ксения Бондал ва AFP

24 феврал куни Луганск вилоятидаги ҳужумни қайтаришга ҳозирлик кўраётган Украина ҳарбийлари. Ўша куни Россия президенти Владимир Путин Украинага кенг кўламли босқинни бошлади, натижада ғарбпараст қўшни мамлакатда ўнлаб одамлар ҳаётдан кўз юмди, юзлаб одам ўз жонини сақлаш учун қочишга мажбур бўлди. [Анатолий Степанов/AFP]

24 феврал куни Луганск вилоятидаги ҳужумни қайтаришга ҳозирлик кўраётган Украина ҳарбийлари. Ўша куни Россия президенти Владимир Путин Украинага кенг кўламли босқинни бошлади, натижада ғарбпараст қўшни мамлакатда ўнлаб одамлар ҳаётдан кўз юмди, юзлаб одам ўз жонини сақлаш учун қочишга мажбур бўлди. [Анатолий Степанов/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистон Украинага бостириб кирган Москвадан узоқлашиши ва ҳеч қандай ҳолатда бўлгинчилар назоратидаги Донецк ва Луганск вилоятлари мустақиллигини тан олмаслиги керак, дейди қозоғистонлик кузатувчилар.

24 феврал (пайшанба) куни Россия президенти Владимир Путин Украинага кенг кўламли босқинни бошлади, ҳаво ҳужумлари уюштириб, қуруқликдаги қўшинларга чегарани кесиб ўтиш буйруғини берди. Украина расмийларининг айтишича, жанговар операциялар чоғида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Ҳужум ортидан Ғарб Россияни мисли кўрилмаган санкциялар билан огоҳлантирди. НАТО, Европа Иттифоқи ва Катта еттилик етакчилари босқинни қоралаб, Москвани жавобгарликка тортишга ваъда беришди.

Бир ҳафта давомида олиб борилган дипломатик саъй-ҳаракатлар Путинни Иккинчи жаҳон урушидан бери Европадаги энг йирик ҳарбий ҳозирлик доирасида Украина чегаралари яқинига 150 мингдан ортиқ аскар тўплашдан тўса олмади.

24 феврал куни Прагада (Чехия) Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида Украина байроқлари ва плакатларини ушлаб турган иштирокчилар. [Михал Чижек/AFP]

24 феврал куни Прагада (Чехия) Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида Украина байроқлари ва плакатларини ушлаб турган иштирокчилар. [Михал Чижек/AFP]

«Мен махсус ҳарбий операция ўтказишга қарор қилдим», деди Путин пайшанба куни тонгга яқин қилган телемурожаатида.

AFP хабарига кўра, орадан кўп ўтмай Украина пойтахти Киев ва яна бир қанча шаҳарларда бомбалаш овозлари янграй бошлаган.

Жума (25 феврал) кунги воқеалар Россия кучларининг нафақат Донецк ва Луганск вилоятлари, балки бутун Украинага бостириб кириш ва ишғол қилишга уринаётганини кўрсатган.

Россиянинг ваҳшиёна ташқи сиёсати

«Россия халқаро ҳуқуқни ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти [БМТ] томонидан эътироф этилган чегараларни тан олмаслигини намойиш этмоқда, Украина ҳудуди ишғолининг давом этаётгани эса айнан Россия постсовет ҳудудда асосий таҳдид ва хатар манбаи эканлигини кўрсатмоқда, деди «ДАМУ Капитал Менежмент» консалтинг компанияси бош директори, олмаоталик Мурат Кастаев.

«Шуни тушунишимиз керакки, Украина қанча узоқ бардош берса ва қаршилик кўрсатса, Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларига [Россия ҳужуми учун] навбат шунча кечроқ етиб келади», деди у.

«Россия ўзининг тажовузкор ва босқинчи сиёсатидан имкон қадар кўпроқ жавобгарлик ва талафот кўриши бизнинг миллий хавфсизлик манфаатларимизга мосдир».

«Бир вақтнинг ўзида Россияга қарамликни камайтириш, Россия товарларини ўзимизникиларга алмаштириш ва қуролли кучларимизни мустаҳкамлашимиз зарур», деди Кастаев.

«Биз сўнгги йилларда ўз моҳиятига кўра россияпараст бўлиб қолган сиёсатдан кўп векторли ташқи сиёсатга қайтишимиз, Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳамда Европа, Туркия ва АҚШ билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашимиз керак», деб қўшимча қилди у.

Украинада содир бўлаётган воқеалар оқибатлари Қозоғистон учун мутлақо негативдир, деди у.

Қозоғистоннинг мустақил позицияси ва БМТ томонидан тан олинган халқаро ҳуқуқ ва чегараларга содиқлиги аниқ намоён бўлмаса, Қўшма Штатлар, Европа ва Хитой Қозоғистонни россияпараст давлат деб ҳисоблай бошлайди ва шунга мос равишда Қозоғистонга нисбатан ташқи сиёсатини совуқлаштиради, деди у.

«Биз Европа Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги, Қўшма Штатлар эса мамлакат учун хорижий инвестицияларнинг энг йирик манбаи эканлигини унутмаслигимиз ва ҳеч қандай ҳолатда улар билан муносабатларни бузмаслигимиз керак», деди Кастаев.

Қрим ҳамда ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск республикаларини тан олиш масаласида Россиянинг Қозоғистонга босими кучайганига ишора қилган Кастаев Қозоғистон ҳеч қандай шароитда уларни Россия ҳудуди деб тан олмаслиги кераклигини айтди.

Қримнинг, энди эса Донецк ва Луганск ҳудудларининг босиб олиниши Россия халқаро ҳуқуқ нормалари ва тан олинган чегараларни назар-писанд қилмаслигидан далолат беради, дейди у.

«Россия Украина масаласини ҳал қилгач, иштаҳа билан Қозоғистонга юзланади», деди Кастаев.

Қозоғистон зудлик билан ўз қуролли кучларини ва дунёнинг бошқа қудратли давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаши зарур, чунки Россия худди шундай сценарий билан бу мамлакатга ҳам қўшин киритиши мумкин, деб огоҳлантирди у.

Қозоғистон олдидаги таҳдидлар

Россиянинг Донецк ва Луганскни тан олиши Қозоғистон учун бир қатор оқибатлар, энг аввало салбий оқибатларга олиб келади, дейди Нур-Султонлик сиёсатшунос Газиз Абишев Кастаевнинг фикрига қўшилиб.

«Қозоғистон давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилини изчил қўллаб-қувватлаб келади», деди у.

«Қозоғистон 1990-йилларда Россиянинг ҳудудий яхлитлиги тамойилига риоя қилган ҳолда Чеченистон мустақиллигини асло тан олмаган бўларди», деди у Путин исённи қонли тарзда бостирган Россия ҳудудини назарда тутиб.

«Қозоғистон учун Россия периметри бўйлаб исёнкор «[этник рус] аҳоли зич яшайдиган ҳудудлар» мустақиллигини тан олиш ўзи ўтирган шохни арралаш билан тенг», дейди Абишев Донецк ва Луганскни назарда тутиб.

Таҳлилчилар ҳам интернетда худди шундай фикрларни билдиришган.

Олмаоталик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев сешанба куни Россиянинг «геосиёсий яккалиги» иборасига эътибор қаратди.

«Геосиёсий яккалик атамасини Россия президентининг ёрдамчиси Владислав Сурков ўз мақоласида ишлатган», деб ёзади Сатпаев Фейсбукдаги саҳифасида. «Ўшанда у Россия «2014+ даври»га кираётганини, бу даврда Россия «100 (200? 300?) йиллик геосиёсий ёлғизликда бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди».

Хавотирли томони шундаки, Сурков Россия Қримни эгаллаб олган, Донецк ва Луганскдаги айирмачиларга ёрдам берган 2014 йилни фаразий янги даврнинг бошланиши сифатида белгилаган, деди Сатпаев.

Сурков ушбу геосиёсий ёлғизликнинг моҳиятини таниқли ибора билан изоҳлаган: «Россиянинг фақат иккита иттифоқчиси бор: армия ва флот».

«Бу армия ҳозир Донецк ва Луганск ҳудудига жойлаштирилмоқда», деди Сатпаев. «Шунингдек, буларнинг барчаси Россия ташқи сиёсатида «биз билан бўлмаганлар, бизга қарши» тамойилига асосланган конфронтация услуби устунлик қилишини англатган бўларди».

«Ва бу Қозоғистоннинг миллий манфаатларига очиқ таҳдиддир. Умид қиламанки, унинг раҳбарияти Россиянинг Донецк ва Луганск бўйича сўнгги баёнотини тан олмаслик учун етарлича оқил», деди у. «Акс ҳолда, бу дипломатик сэппуку [ўз жонига қасд қилиш маросими] бўлади.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Туркия бошчилигида Покистон, Малайзия ва Индонезия ҳам НАТОга ўхшаб қўшилган Туркий давлатлар иттифоқини яратиш вақти келди. У 700 миллионлик аҳоли ва жами 5-5,5 триллион долларлик ялпи ички маҳсулот билан Россия ва Хитой ҳурмат қилиши керак бўлган кучга айланади.

Жавоб бериш

Бу зарарли Тайга иттифоқини тарк этишимиз керак.

Жавоб бериш