Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг Украинада тинч аҳолини нишонга олгани уруш жиноятларини тергов қилишга ундамоқда

Карвонсарой ва AFP

27 феврал куни Киев яқинидаги Василков шаҳрида Россиянинг ракета ҳужуми туфайли вайрон бўлган бино олдидан ўтиб кетаётган эркак. [Димитар Дилкофф/AFP]

27 феврал куни Киев яқинидаги Василков шаҳрида Россиянинг ракета ҳужуми туфайли вайрон бўлган бино олдидан ўтиб кетаётган эркак. [Димитар Дилкофф/AFP]

КИЕВ, Украина – Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб борар экан, ҳалқаро ҳамжамият Москванинг Украинага босқини мудҳиш инсоний йўқотишларга сабаб бўлаётганидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Саккизинчи кун давом этаётган босқин бир миллион украиналикни ўз уйини тарк этишга мажбур қилди ва Россиянинг дунё миқёсида молия, дипломатия ва спорт cоҳасида янада яккаланишига олиб келди.

Украинанинг қатъий қаршилигига қарамай, Россия президент Владимир Путиннинг буйруғи билан ҳужумни янада жадаллаштиришга қарор қилган кўринади.

Пайшанба (3 март) куни Украина ҳарбий раҳбарияти Харковнинг аҳоли яшайдиган ва бошқа ҳудудлари «туни билан бетартиб ўққа тутилганини» айтган.

Россия бомбалаган Житомирдаги вайроналар ичида турган украиналик эркак, 2 март. Маҳаллий аҳоли ва маъмуриятнинг хабар беришича, ҳужум натижасида камида 3 киши ҳалок бўлган, 20 га яқин киши жароҳатланган, ҳудуддаги бозор ва камида 10 та уй вайрон бўлган. [Эммануэл Дюпарк/AFP]

Россия бомбалаган Житомирдаги вайроналар ичида турган украиналик эркак, 2 март. Маҳаллий аҳоли ва маъмуриятнинг хабар беришича, ҳужум натижасида камида 3 киши ҳалок бўлган, 20 га яқин киши жароҳатланган, ҳудуддаги бозор ва камида 10 та уй вайрон бўлган. [Эммануэл Дюпарк/AFP]

Россия қўшинлари бутун жанубий фронт бўйлаб олдинга силжиб, Херсон шарқидаги Мариупол порт шаҳрини қамал қилмоқда. Қиш ойида Мариупол сув ва электр қувватисиз қолиб кетган.

Россияликлар «ҳаммамизни йўқ қилмоқчи», дейди Мариупол ҳокими Вадим Бойченко чоршанба куни уларни тинч аҳоли яшайдиган турар жой биноларига ҳужумда айблаб.

Шу кунгача 350 фуқаро, жумладан 14 та ёш бола ҳалок бўлди, деб хабар берган Украина ҳукумати. Шунгингдек ҳужум бошланганидан бери юз минглаб одам ўз уйини тарк этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари идораси OHCHR 752 та қурбон, жумладан 227 та ўлим ҳолатини қайд этган, аммо унга кўра, бу рақамлар аслида «анча юқори».

Халқаро жиноий суд (ХЖС) 39 та мамлакат томонидан қўллаб-қувватланиши ортидан унинг бош прокурори чоршанба куни Украинадаги эҳтимолий уруш жиноятлари юзасидан «зудлик билан» фаол тергов бошланишини айтди.

Бу мамлакатлар орасида Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек Австралия, Британия, Канада, Янги Зеландия, Швейцария ва Лотин Америкасининг айрим давлатлари бор.

«Мен бир неча дақиқа аввал ХЖС раҳбариятини Украинадаги вазият юзасидан зудлик билан фаол тергов бошлаш ҳақидаги қароримдан хабардор қилдим», дейилади Карим Хоннинг баёнотида.

«Далил тўплаш ишлари бошлаб юборилди», деб қўшимча қилган у.

Аввалроқ, чоршанба куни парламентда чиқиш қилган Британия бош вазири Борис Жонсон Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларини такрорлаб, Россия кучлари Украинада тинч аҳолини бомбардимон қилганидан кейин Путин «уруш жиноятларида айбдор», деб айтган.

Вашингтонда АҚШнинг нуфузли дипломати Энтони Блинкен қурбонлар сони «даҳшатга солувчи» эканлиги ҳақида огоҳлантирар экан, Россияни «ноҳарбий объектларга» ҳужум қилишда айблади.

«Юзлаб, эҳтимол минглаб фуқаролар ҳалок бўлган ва жароҳатланган», деб айтган Украинани қўллаб-қувватлаш ва оташкесим саъй-ҳаракатларини кучайтириш учун келаси ҳафта шарқий Европага борадиган давлат котиби.

Турар жойлар ва инфратузма бомбардимон қилинмоқда

Уруш жиноятлари тергови Россия ракеталари тинч аҳоли турар жойлари ва инфратузилмаларига келиб тушаётгани ва одамлар ҳалок бўлаётгани фонида бошланмоқда.

Олег Рубакнинг рафиқаси Катя уй харобалари остида қолиб ҳалок бўлган – эркак унинг ўлимига сабабчи бўлган ракетанинг келиб тушишида Путинни айблар экан, нафратини яшира олмай кўз ёш тўкади.

32 яшар муҳандис Киевдан 150 км узоқликдаги Житомирда ёғоч ва ғиштдан ясалган уйида ўз қизалоғи билан ўйнаб ўтирган эди.

Сешанба куни Украинадаги ҳарбий гарнизон жойлашган шаҳарчада тунги соат 10 да илк ракета уларнинг уйи олдида портлаган.

Иккинчи ракета бинонинг орқа тарафига тушиб, беш метрли кратер ҳосил қилган. Ҳозирда у Рубак уйининг харобалари ва сув билан тўлган.

«Унинг исми Катя эди. Ёши 29 да. Бир дақиқа ётоқхонамизга кириб кетаётганини кўрдим, яна бир дақиқа ичида эса ҳаммаси йўқ бўлди», дейди AFP билан суҳбатда бўлган Рубак харобалар олдида туриб.

«У жаннатда, аъло ҳолатда деб умид қиламан.»

У бир оз йиғлаб, узр сўраган ҳолда давом этди: «Бутун дунё менинг ҳикоямни тинглашини ҳохлайман».

У ерда ётган бир уюм харобаларга ишора қилди.

«Бир ярим яшар қизим билан ана шу ерда эдим. Кўриб турганингиздек, энди бу уй эмас, ҳатто хона ҳам эмас, балки жаҳаннамнинг ўзи», деб айтган у.

Иккинчи портлаш юз берганида уй ичига қаҳратон қишнинг совуқ ҳавоси кирар экан, Рубак вайроналар орасида қолиб кетган.

Бармоқлари билан мобил телефонини излаб топган, фонарни ёқиб қизалоғини топган.

«Унинг ўлишини истайман»

«У қимирламасди, мен учун бутун олам вайрон бўлган эди, аммо қўлларини ушлаганимда у йиғлашни бошлади. Бу мен умримда эшитган энг чиройли овоз эди», деди у.

Аммо Катя ҳамон ғиштлар ва тўсинлар тагида эди. Қўлларидаги яралар ва чандиқларини кўрсатган Олег умидсизлик билан уни шу қўллари билан кавлаб олганини айтади.

У қўрққанича аёлнинг жонсиз танасини топди. Биринчи портлашдаёқ унга ҳеч қандай имконият қолмаган эди. «Катя уй бекаси эди. Мени ва қизимизни яхши кўрар эди.»

Ўз қайғуси билан курашаётган Рубакнинг отаси унга таскин бериб, қаҳратон совуқда ўраниб олиши кераклигини айтса-да, ғазабнок ўғил диққатини тўплаганича тик турар эди.

«Мен кучли бўлишим керак. Совуқ қотганим йўқ. Шунчаки нима бўлганини бутун олам билишини ҳохлайман», деб айтган у бор ғазабини Путинга йўналтириб.

«Унинг ўлимини ҳохлайман», деб айтган Олег Путинни назарда тутиб. «Дўзахда абадий ёнсин

Житомир расмийларига кўра, сешанба тунда содир бўлган портлашда камида уч киши ҳалок бўлган ва 20 киши, жумладан бир неча ёш бола жароҳатланган.

Чоршанба куни шаҳар марказида ўнлаб фуқаро шаҳарнинг катта ҳарбий академияси рўпарасидаги вайронага айланган бозорни тозалашган.

Улар орасидаги 28 яшар Катарина Чернова қўрқувини яшира олмаса-да, маҳаллий аҳолининг бирдамлиги уни тинчлантирмоқда.

«Ҳаммамиз биргамиз, бир-биримизга ёрдам беряпмиз», деб айтган у AFP мухбири билан суҳбатда. «Бу бизнинг ватанимиз бўлгани учун уни сақлаб қолмоқчимиз, таслим бўлмаймиз.»

Рубак эса Россиянинг босқинидан тушкун ҳолатда. Унга кўра, Житомирда «кўпчилик кетишни ҳохлайди, аммо қаерга боришни билмайди».

Россиянинг тактикаси

Пайшанба куни Франция Украинага қарши урушнинг энг ёмон босқичи ҳали олдинда бўлиши ва Украинанинг асосий шаҳарлари Россия кучлари томонидан қуршаб олиниши мумкинлигини айтди.

«Руслар Украинага блицкриг, яъни Россияга Украинани назорат остига олиш имконини берадиган яшин тезлигидаги урушни кўзлаб кирдилар», деди ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан «France 2» телеканалига.

«Украиналикларнинг намунали, жасур ва шиддатли қаршилиги туфайли бундай бўлмади».

Ле Дриан Россиянинг Сурия ва Чеченистондаги исёнчиларга қарши аввалги тактикасини ёдга олди.

«Руслар бунга кўникиб қолган – Ҳалаб, Грознийни эсланг», деди у Сурия ва Чеченистонда Россия бомбардимончи самолётлари вайрон қилган шаҳарларни назарда тутиб. «Бу жуда оғир бўлиши мумкин. Фалокат давом этмоқда, Россиянинг жирканч тажовузи ҳам давом этяпти

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Руслар доим тинч аҳолини қатлиом қилиб келган. Ваҳшийлар.

Жавоб бериш