Карвонсарой
Намойишлар

Россия олигархлари ва фуқароларининг норозилиги Путиннинг келажагига соя солмоқда

Карвонсарой ва AFP

Полиция Россиянинг Украинага бостириб кирганига қарши намойиш иштирокчисини ҳибсга олмоқда. 27 феврал, Санкт-Петербург шаҳри. [Сергей Михайличенко/AFP]

Полиция Россиянинг Украинага бостириб кирганига қарши намойиш иштирокчисини ҳибсга олмоқда. 27 феврал, Санкт-Петербург шаҳри. [Сергей Михайличенко/AFP]

МОСКВА – Олигархлар, мухолифат аъзолари ва оддий фуқаролар Украинага бостириб кириш қарорини қоралашда давом этар экан, мамлакат ичида Россия президенти Владимир Путинга нисбатан босим кучайиб бормоқда.

Қамоқдаги Кремл танқидчиси Алексей Навалний россияликларни Украинага бостириб киришга қарши норозилик билдиришга чақириши ортидан чоршанба (2 март) куни Москва ва Санкт-Петербургда урушга қарши намойишларнинг ўнлаб иштирокчилари ҳибсга олинган.

Навалний ҳарбий ҳужумга қарши ҳар куни митинг ўтказишга чақирар экан, Россия «хавотирдаги қўрқоқлар халқи» бўлмаслиги кераклигини айтиб, Путинни «ақлдан озган митти шоҳ» деб атаганидан бир неча соат ўтиб намойишчилар кўчаларга чиққан.

Кремл яқинидаги Қизил майдонни ёпган куч ишлатар органлар Москвада овоз кучайтиргичлар одамларни тўпланишга чақирилаётган маҳал йиғилганлардан камида етти кишини ҳибсга олди.

Суратда: 3 март куни Франция ҳукумати томонидан мусодара қилинган Россиянинг «Роснефт» энергетика гиганти бош директори Игор Сечинга алоқадор компанияга тегишли яхта. [Николас Тукат/AFP]

Суратда: 3 март куни Франция ҳукумати томонидан мусодара қилинган Россиянинг «Роснефт» энергетика гиганти бош директори Игор Сечинга алоқадор компанияга тегишли яхта. [Николас Тукат/AFP]

Полиция ходимлари 2 март куни Москвада Россиянинг Украинага бостириб кирганига қарши намойишда иштирок этган эркакни қўлга олди [Наталя Колесникова/AFP]

Полиция ходимлари 2 март куни Москвада Россиянинг Украинага бостириб кирганига қарши намойишда иштирок этган эркакни қўлга олди [Наталя Колесникова/AFP]

AFP мухбирининг сўзларига кўра, полиция «Урушга йўқ!» деб бақирган қизил палтоли аёлни микроавтобусга солиб олиб кетган.

«Юз бераётган воқеаларни кўра туриб, ҳеч нарса қила олмаслик азобли», деди 17 яшар ўғли билан ҳибсга олинишидан аввал AFP билан суҳбатда бўлган эллик ёшлардаги эркак.

Воқеа жойида бўлган AFP мухбирига кўра, Путин туғилган шаҳар – Санкт-Петербург полицияси намойишчиларни куч билан тарқатиб юбориб, 100 га яқин кишини ҳибсга олган.

«Мен уйда қола олмадим. Бу урушни тўхтатиш керак», деди 21 ёшли Санкт-Петербурглик талаба Антон Кислов AFPга.

«ОВД-Инфо» мустақил кузатув гуруҳи Россияда 24 февраль куни Москванинг Украинага бостириб кириши муносабати билан бошланган намойишларда жами 7000 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини айтди.

Шу билан бирга, пайшанба куни 7 мингга яқин россиялик олимлар, математиклар ва академиклар Путинга унинг Украинадаги урушига «қатъий» норозилик билдирилган очиқ хатни имзоладилар.

Намойишчилар ва Россия урушини ошкора танқид қилувчилар, Россия ҳукумати сўнгги йилларда ҳукуматни танқид қилган фуқароларни нишонга олишга рухсат берувчи қонунни қабул қилганидан кейин жарима ёки қамоқ жазоси муқаррар бўлган жиддий хавф остида қолганлар.

2021 йил бошида Навалний 2020 йилда Кремлни айблаган «Новичок» асабни фалажловчи модда ҳужуми билан нишонга олинганидан кейин Путинга қарши сўнгги йиллардаги энг йирик норозилик намойишларига етакчилик қилган эди.

Ҳозир у эски фирибгарлик айблари билан Москва яқинида қамоқ жазосини ўтамоқда.

«Мен ҳаммани кўчага чиқишга ва тинчлик учун курашишга чақираман,» деди у чоршанба куни Facebook саҳифасида эълон қилинган баёнотда ва россияликларни қамоққа тушишдан қўрқмасликка чақирди.

«Агар урушнинг олдини олиш учун қамоқхоналар ва полиция машиналари тўлдиришимиз керак бўлса, биз қамоқхоналар ва полиция машиналарини тўлдирамиз.»

«Ҳамма нарсанинг баҳоси бор ва энди, 2022 йилнинг баҳорида биз бу нархни тўлашимиз керак.»

Навалний Россия қўшинларининг Украинага ҳужум қилишига рухсат берган Россия ва Беларус халқини иш кунлари соат 19:00 да, дам олиш ва байрам кунлари эса соат 14:00 да бош майдонларда намойиш ўтказишга чақирди.

У Путинни Украинага босқинини оқлаш учун «сохта тарихий уйдирмадан» фойдаланишда айблади.

«100 йил олдинги [Россия инқилобига оид] воқеалар ҳақидаги сохта тарихий уйдирма руслар учун украиналикларни, ўзларини ҳимоя қилганлар эса русларни ўлдириш учун баҳонага айланганини кузата олмайман, истамайман ва жим турмайман», деди у.

«Путин – Россия эмас».

Олигархлар гапиришни бошладилар

Рус олигархлари норозилик кучайиб бораётганининг белгиси сифатида Москва ва Путинга қарши чиқишди.

Ҳукуматлар тобора кучайиб бораётган жазо санкциялари билан Россия иқтисодига босимни кучайтирар экан, жаҳон пойтахтлари ҳам Москванинг бадавлат элитаси ва унинг хориждаги активларига эътибор қаратмоқда, таҳлилчилар буни Путин ҳокимиятини кучсизлантириш усули деб билишади.

Россиялик магнат Олег Дерипаска душанба куни мамлакат иқтисодиёти Москванинг Украинага ҳужуми туфайли Ғарб санкциялари таъсирида қолгани сабабли “ушбу давлат капитализмини” тугатиш ва сиёсатни ўзгартириш вақти келганини айтди.

У Телеграм иловасида «Иқтисодий сиёсатни ўзгартириш керак; бу давлат капитализмига барҳам бериш керак», деди ва расмийлардан яқин уч ой ичида иқтисодиёт билан нима бўлиши ҳақида «тушунтириш» талаб қилди.

«Агар бу ҳақиқий инқироз бўлса, унда бизга бир нечта аҳмоқона тақдимотлар билан хаёлпарастлар эмас, балки ҳақиқий инқироз менежерлари керак», деди у.

«2014 йилдан фарқли ўлароқ, ҳозир бу масалада беркиниб ўтириш ярамайди», деди Дерипаска Москванинг Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилингани ва кейинчалик Ғарб санкцияларининг жорий этилганини назарда тутиб.

Россия ва Украинада ўз холдингларига эга бўлган тадбиркор Михаил Фридман ўзининг LetterOne хусусий сармоя компанияси ходимларига «уруш ҳеч қачон жавоб бўла олмаслигини» айтди ва «қон тўкилишини» тўхтатишга чақирди, деб баёнот берди компания якшанба куни.

«Мен украин ва рус халқларига қаттиқ боғланиб қолганман ва ҳозирги можарони иккови учун ҳам фожиа деб биламан», деб ёзади у. «Ушбу инқироз инсонлар ҳаётига зомин бўлади ва юзлаб йиллар давомида биродар бўлган икки халққа зиён етказади.»

«Мен сиёсий баёнотлар бермайман, мен Россия ва Украинадаги кўп минглаб ходимларим олдидаги масъулиятли тадбиркорман», деди у.

«Мен фақат қон тўкилишнинг тўхташини астойдил орзу қилганлар қаторига қўшила оламан. Ишончим комилки, шерикларим ҳам менинг нуқтаи назаримни қўллаб-қувватлайдилар», дея хулоса қилди у.

Сешанба куни Фридман ўзи акциядор бўлган Европа гуруҳларидан, жумладан, LetterOne гуруҳидан чиқди, аммо у Путин билан қандайдир «молиявий ёки сиёсий алоқалар» борлигини рад этди.

Яна бир миллиардер, банкир Олег Тинков тўғридан-тўғри урушга қарши чиқди.

«Украинада ҳар куни бегуноҳ одамлар ўлмоқда; бу ақлга сиғмайди ва қабул қилиб бўлмайди!», деди у Инстаграмда душанба куни.

«Давлатлар урушга эмас, одамларни даволашга, саратон касаллигини енгиш учун тадқиқотларга пул сарфлаши керак. Биз бу урушга қаршимиз!»

KleptoCapture ишчи гуруҳи

Дерипаска ҳам, Фридман ҳам Ғарб томонидан санкцияга тушган рус элитаси вакилидир.

АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд чоршанба куни «коррупциялашган рус олигархлари» ва Россиянинг Украинага бостириб кириши учун киритилган санкцияларни бузганларни таъқиб қилиш учун кўп идорали ишчи гуруҳ иш бошлаганини эълон қилди.

«Адлия департаменти ушбу санкцияларни бузган жисмоний ва юридик шахсларнинг активларини мусодара қилиш учун барча ваколатларидан фойдаланади», деди Гарланд KleptoCapture ишчи гуруҳи ишга туширилишини эълон қилган баёнотда.

«Биз жиноий хатти-ҳаракатлари Россия ҳукуматига ушбу ноҳақ урушни давом эттиришга имкон берган шахсларни тергов қилиш, ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиздан ҳеч қачон оғмаймиз», деди у.

АҚШ президенти Жо Байден сешанба куни россиялик миллиардерларни ишчи гуруҳ «уларнинг яхталари, ҳашаматли квартиралари ва шахсий самолётларини топиб, тортиб олиши» ҳақида огоҳлантирди.

«Биз сизнинг нопок даромадларингизни тортиб оламиз», деди у.

Ишчи гуруҳ Адлия департаментининг ўндан ортиқ прокурорларидан ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан иборат бўлади, деди Гарланд.

«Коррупция ва санкциялардан қочиш орқали Россия режимини мустаҳкамлаётганларга: биз сизни хавфсиз бошпанадан маҳрум қиламиз ва жавобгарликка тортамиз», деди Бош прокурор ўринбосари Лиза Монако.

«Олигархларни огоҳлантирамиз: биз жиноий даромадларингизни музлатиш ва тортиб олиш учун барча воситалардан фойдаланамиз.»

Шунингдек, «Транснефт» қувур линияси бошлиғи Николай Токарев ҳам нишонга олинган; ака-ука Борис ва Аркадий Ротенберглар, улар иккаласи ҳам Путин билан хоккей ўйнайди ва давлат қурилиш шартномаларидан даромад кўради. Рўйхатдаги яна бир киши – «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов.

Россиялик олигархларга қарши яна бир акцияда Франция пайшанба куни Россия нефть қироли Игор Сечинга тегишли супер-яхтани қўлга киритганини маълум қилди ва ўша куни Буюк Британия ҳукумати миллиардер тадбиркор Алишер Усмонов ва собиқ бош вазир ўринбосари Игор Шуваловга қарши санкция қўллашини билдирди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия кучлари НАТОга қарши жанг қилиш учун йўл олди, аммо Ахтирка қишлоғи яқинида тўхтатилди.

Жавоб бериш

Россия армияси ростакамига шарманда бўлди :)))

Жавоб бериш

Россияликлар Змеиний оролларида украиналик чегарачилар Россиянинг жанговор кемасини сўкиб бергани учун жавобгарликка тортишгани кулгили бўлган. Аммо чегарачилар ақлли эканликларини исботлашди, у ерда ҳеч нима бўлмаганига қасам ичишди.

Жавоб бериш

Рублнинг қадри тушиб кетди, ҳозир икки марта арзон, одамлар ҳам икки мартага қашшоқлашди.

Жавоб бериш