КИЕВ – Тезкор блицкриг ва Киевни ишғол қилиш режаси барбод бўлар экан, бутун дунё Россиянинг ҳарбий муваффақиятсизликларининг гувоҳига айланди.
Кремл режасига кўра, бир неча соат ичида Украина пойтахтига кириб, у ерда қўғирчоқ лидерни тайинлашни мўлжаллаган Россия ҳарбийлари бир ҳафтадирки, катта йўқотишларга дучор бўлмоқда.
Шунга қарамай, Россия президенти Владимир Путин Москванинг Украинага юриши силлиқ кечаётганини таъкидламоқда.
«Ҳарбий операция қатъий кун тартиби ва режа бўйича кетаётганини айтмоқчиман», деди у пайшанба (3 март) куни ўз хавфсизлик кенгаши мажлисининг очилишида.
Аммо Россия режими 1979-1989 йилларда Совет Иттифоқи бостириб кирган Афғонистондагидан кўпроқ йўқотишларга учраётганини тан олишга мажбур бўлди.
Ўша урушда 9 йил давомида 15 мингдан ортиқ Совет аскарлари ҳалок бўлган.
2 март куни Россия биринчи марта Украинадаги йўқотишлар сонини эълон қилди, унга кўра, ўтган ҳафта Путин қароридан кейин 498 та аскар ҳалок бўлган. Умумий рақамлар янгиланмаган.
Россия берган қурбонлар Кремл айтаётганидан анча кўп, дейди Украина томони. Украина бош штабининг жума кунги хабарига кўра, россияликларнинг 9166 аскари қурбон бўлган.
Жиддий логистика муаммолари
Мисли кўрилмаган йўқотишлардан ташқари, Россия армияси озиқ-овқат, ёқилғи етишмовчилигидан азият чекмоқда, зирҳли техника ташлаб кетилмоқда ва самолётлар йўқ қилинмоқда.
Россия қуролли кучларини ўрганувчи таҳлилчилар олиб борилаётган кампаниянинг самарасизлигидан ҳайратда.
Босқин карвонлари тўхтаб қолган, афтидан, россияликларнинг юзлаб зирҳли техникаси йўқ қилинган. Украиналиклар Кремл ҳаво кучларининг ҳаво ҳудуди назоратини эгаллашига тўсқинлик қилганлар.
«Уруш бошланганидан икки-уч ҳафта ўтиб шундай аҳволга тушсангиз ҳам майли эди», дейди АҚШда жойлашган Rand Corporation глобал сиёсат масалалари бўйича тадқиқот маркази мудофаа бўйича катта таҳлилчи Скотт Бостон.
«Аммо уйга кираётиб, остонада қоқилиб кетсангиз сизда бошқа муаммо бор», деб айтган у.
Киевдан 32 км узоқликда Россия ҳарбий юк ва ҳужумчи машиналаридан иборат катта карвон тўхтаб қолган, дейилади Британия мудофаа вазирлиги разведкасининг пайшанба кунги маълумотида.
Бир неча километрлик колонна «Украинанинг кучли қаршилиги, механик бузилишлар ва тирбандлик натижасида кечга қолган», дейилади унда.
Карвонни шу ҳафта олинган бир қатор сунъий йўлдош суратларида кўриш мумкин, бу тактикада юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар, «чекланмаган урушнинг» янги босқичи ҳақидаги саволларни пайдо қилади, деб хабар берган New York Times нашри.
Таҳлилчиларга кўра, аскарларга озиқ-овқат, техника учун ёқилғи ва оғир артиллериядан иборат карвон «уч кундан бери сезиларли даражада олға юрмаган», деб хабар берилади Британия разведкаси таҳлилида.
Озиқ-овқат ва ёқилғи етишмовчилиги
АҚШ разведкаси ҳам вазиятни худди шундай баҳолаган.
«Биз ташлаб кетилган машиналарни кўряпмиз. Нафақат ёқилғи, балки озиқ-овқатда ҳам етишмовчилик муаммосига гувоҳ бўляпмиз», деб айтган Пентагон вакили Жон Кирби чоршанба куни.
Россия ўзининг катта ва турли-туман имкониятлари ёки логистикани бошқаришни ҳужумга яхши мослаштирмаган кўринади, деб айтган у.
«Мураккаб умумҳарбий имкониятлар мавжудлигига қарамай, улар тўлиқ интеграция қилинмаганига гувоҳ бўляпмиз», деб айтган у.
Сешанба кунги брифинг давомида Кирби россияликларнинг шимолдан Киев томон ҳаракати нима учун «тўхтаб қолганини» тушуниш қийин эканини айтган.
АҚШ мудофаа вазирлигининг нафақадаги давлат хизматчиси Трент Теленконинг айтишича, Россия қуролли кучлари «Украинанинг лойқа мавсумида» оғир техникани нотекис йўллардан олиб юришни истамаган, чунки машиналарнинг шиналари зарур техник кўрикдан ўтмаган.
«Ҳарбий юк машиналари профилактика учун бир ойда бир марта техник кўрикдан ўтказилиши керак», деб ёзган у ўзининг Twitter саҳифасида шикастланган шиналар ва ташлаб кетилган машиналарнинг интернетга жойланган бир қанча суратлари ва видеоларини таҳлил қилиб.
Жипслашган украиналиклар
Бошқа таҳлилчилар нима учун Путиннинг режалари муваффақият ўрнига омадсизликка учраётганини тушунтириб беришган.
«Энг асосийси, улар рақибни етарлича баҳолай олмади», деб айтган Разумков марказидаги ҳарбий дастурлар раҳбари Микола Сунгуровский Карвонсарой нашрига.
«Душманни яхши билишингиз керак», деб айтган у. «Путин ўз номини тарих солномаларида қолдиришни истаганми?»
«Бунинг ўрнига унинг номи руҳий касалликлар солномасида қолади, чунки у вазиятнинг ҳақиқий кўринишидан кўра ўз сафсатасига ишонган», деди Сунгуровский. «У ўзини украиналиклар ва Украинанинг йўқлигига ва қаршилик бўлмаслигига ишонтирган.»
Аммо, қаршилик кучли. Бутун давлат россиялик агрессорга қарши кураш йўлида бирлашган.
Одатий армия бўлинмалари билан бир қаторда, минглаб фуқаролар низога қўшилган: улар Молотов коктейлларини тайёрлаб, душман машиналарига қарата улоқтирмоқда, танкларнинг йўлини тўсиш учун дарахтларни кесишмоқда ва ҳатто қуролсиз уларга қарши чиқишмоқда.
Россиянинг айрим ҳарбий бўлинмалари оммавий қаршиликка дуч келганидан кейин жангга киришмаслик учун ўз машиналарини бузмоқда, деб айтган Пентагоннинг катта расмийси New York Times нашрига сешанба куни.
«Айрим ҳолатларда россиялик аскарлар жанг қилмаслик учун машиналарнинг ёқилғи бакларини атайин тешиб қўйишган», деб ёзган Times.
«Муваффақиятга такаббурона ишонч»
Россияликлар жангнинг энг муҳим қисми: илк уч кунда муваффақиятсизликка учрашди, деб таъкидлаган Украина бош штабининг бошлиғининг собиқ ўринбосари Игорь Романенко.
«Улар иккинчи Чечен уруши тактикаси: бу ерда ярим партизан кучларига дуч келишни умид қилиб ҳужум гуруҳларининг оммавий ёндашувидан» фойдаланишди, деб айтган у Карвонсарой нашрига.
«Бу муваффақиятга такаббурлик билан ишониш дейилади», дейди у. «Бу ерда партизанлар йўқ, бу ерда ўз ватанини ҳимоя қилаётган яхши тайёргарлик кўрган, профессионал армия бор ва уларнинг жанговар руҳи россияликлардан бир неча марта кучли.»
Кремлнинг мақсади уч томондан Киевга тезлик билан кириб бориш бўлган, аммо улар жануб, шимол ва шарқдан ҳаракатланишда муваффақиятсизликка учрадилар.
Пойтахтга парашютчиларни тушириш бўйича барча ҳаракатлар фойда бермади ва Украина қуролли кучлари ҳудудга киришга ҳаракат қилган барча колонналарни худди ўқ отиш полигонидаги каби осонлик билан йўқ қилишган.
Украинани Ғарб қувватловидан ажратиб қўйиш бўлган Кремлнинг иккинчи мақсади ҳам амалга ошмади, дейди Сунгуровский.
«Путин биз ёлғиз қолиб кетамиз деб ўйлаб, хато қилган. Аммо Ғарб уюшган ҳолда бизни қатъий қўллаб-қувватлади», деб айтган у.
«Блицкриг амалга ошмади»
Россиянинг ҳарбий қудрати ҳақидаги Кремлнинг расмий баёноти ва Украинада дунё аслида кўраётган вазият орасида катта фарқ бор, дейди Армия, конверсия ва қуролсизлантириш тадқиқотлари маркази раҳбари Валентин Бадрак.
«Россиянинг муаммолари катта ва у технологик жиҳатдан орқада қолиб кетганига далиллар кўп», деб айтган у.
«Мисол учун, яқинда Тоғли Қорабоғда (2020 йилда) бўлиб ўтган урушда Россиянинг Искандер ракета учириш тизимининг жуда кўп муаммолари борлиги маълум бўлди. Тўрт марта амалга оширилган ракета учирилиши муваффақиятсиз бўлган ва ундан аввал 2008 йилда Грузияда ҳам худди шундай бўлган эди.»
«Руслар ўз дронлари билан мақтанади, лекин қани улар? Ҳеч ким кўргани йўқ», дейди у. «12 йил ичида улар биргина Су-57 қирувчи самолётини ишлаб чиқаришди. Улар муваффақият қозонган ягона соҳа – «Калибр» қанотли ракеталари. Лекин бу уларнинг сонига боғлиқ. Инсайдерлик маълумотларга кўра, Россияда 120 тага яқин бундай ракета бор.»
Украинадаги жанг майдонидан олинган суратлар ва видеоларда Совет даврининг эски техникасини кўриш мумкин. Бундай тасвирлар Россиянинг Путин даври армиясига ажратган миллиардлар қаерга кетгани ҳақидаги саволларни туғдиради.
«Путин, ҳеч қачон қаршиликка учрамаган бузғунчи шахс, аммо ҳозир қаршиликка дуч келди ва бу уни бурчакка тақаб қўйди», деб айтган Бадрак.
«Блицкриг амалга ошмади ва у қатъий қаршилиги учун украиналиклардан аламини олмоқчи. У ядровий қуроллардан фойдаланиш ҳақида гапирмоқда.»
Россия бутун Украинани босиб олмоқчи деб ким айтди?
Жавоб беришФикрлар 2
Блицкриг – бу АҚШ ва НАТО режасига кўра, кенг қамроқли ҳаво ҳужумлари, напалм ва бошқалар.
Жавоб беришФикрлар 2