Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россиянинг Украинадаги тинч аҳоли қарата қасддан ҳужум қилиши уруш жинояти сифатида баҳоланмоқда

Алексей Костенко

28 феврал куни Харковдаги кўп қаватли уйнинг «Град» кўп қиррали ракета тизимидан ўққа тутилиши ва 2 март куни Киев вилоятидаги Ирпен шаҳрининг ўққа тутилиши. [Воқеа гувоҳлари томонидан олинган видеолавҳаларни ИИВ маслаҳатчиси Антон Герашченко эълон қилган]

КИЕВ – Россия қуролли кучлари Украина шаҳарларини бетартиб ўққа тутишни, шунингдек атайин тинч аҳолини нишонга олишни давом эттирмоқда, деб хабар беради Украина ва Ғарб расмийлари.

Вашингтонга Россиянинг Украинани босиб олиш вақтида уруш жиноятларини содир этгани, айниқса фуқароларга ҳужум қилишига оид «жуда ишончли» хабарлар келиб тушди, деб айтган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен якшанба (6 март) куни.

Президент Жо Байденнинг бош дипломати украиналикларнинг қатъиятини юқори баҳолар экан, Россия раҳбари Владимир Путин бир неча юзлаб одамлар ўлимига сабабчи бўлиб улгурган урушда «мағлубиятга учраши муқаррар» эканлигини айтди.

«Биз уруш жинояти ҳисобланадиган тинч аҳолига атайин ҳужум қилиш ҳолатлари бўйича ишончли хабарларга эгамиз», деб айтган Блинкен CNN телеканалининг «State of the Union» кўрсатувида.

Харковда ўққа тутилган вилоят маъмурияти биноси, 1 март кунги сурат. [Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматининг Харков вилоятидаги Бош бошқармаси (ГУ ГСЧС)]

Харковда ўққа тутилган вилоят маъмурияти биноси, 1 март кунги сурат. [Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматининг Харков вилоятидаги Бош бошқармаси (ГУ ГСЧС)]

Житомирда ўққа тутилган Богуния турар жой мажмуасида ишлаётган қутқарувчилар, 1 март. [Харков вилояти ГУ ГСЧС]

Житомирда ўққа тутилган Богуния турар жой мажмуасида ишлаётган қутқарувчилар, 1 март. [Харков вилояти ГУ ГСЧС]

2 март куни олинган бу фотосуратда Житомирдаги 2-сонли шаҳар касалхонасининг ўққа тутилиши натижасида етказилган зарарни кўриш мумкин. [Харков вилояти ГУ ГСЧС]

2 март куни олинган бу фотосуратда Житомирдаги 2-сонли шаҳар касалхонасининг ўққа тутилиши натижасида етказилган зарарни кўриш мумкин. [Харков вилояти ГУ ГСЧС]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) жума куни Украинада 331 та фуқаро ўлимини қайд этган бўлсада, аниқ рақамлар бундан юқори бўлиши мумкин.

Россияликлар ҳужумидан ўлганлар орасида Украина пойтахти Киев шимоли-ғарбидаги Гостомел ҳокими ҳам борлиги ҳақида шаҳар расмийлари хабар беришган.

«Гостомел раҳбари Юрий Ильич Прилипко оч қолганларга нон ва беморларга дори-дармон тарқатаётганида ҳалок бўлди», дейилади унинг Facebook саҳифасида.

Прилипко билан бирга бошқа икки нафар украиналик ҳам отиб ўлдирилган, дейилади постда, аммо ҳодисанинг аниқ вақти айтилмаган.

«Ҳеч ким уни босқинчиларга қарши чиқишга мажбурламаган», дейилади хабарда. «У ўз халқи, Гостомел учун жон берди. У қаҳрамонларча ҳалок бўлди.»

Гостомел – стратегик жиҳатдан муҳим Антонов ҳарбий аэропорти жойлашган шаҳарча. Бу ерда 24 феврал куни Кремл босқинидан кейин урушнинг илк кунлари Украина ва Россия қуролли кучлари ўртасида шиддатли жанглар кечган эди.

«Украинага қарши террор»

Россия Украина бўйлаб, айниқса биринчи бўлиб Москва аскарлари қўлига ўтган Херсон яқинидаги жанубий ҳудудда ҳужумларни кучайтирган, фуқаролар орасида қурбонлар сони ортган ва катта зарар етказилган.

Херсон шарқидаги Мариупол порт шаҳри қаҳратон қишда сув ва электр қувватисиз қолиб кетган.

Мариупол шаҳар ҳокими ўринбосари Сергей Орлов BBC радиосига берган интервьюсида 40 соат давомида бинолар, жумладан мактаб ва шифохоналар ўққа тутилиши натижасида ўз шаҳарчасининг гуманитар ҳолати «абгор» эканлигини айтган.

Россия қуролли кучлари тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларни, жумладан мактаблар, кўп қаватли биноларни бомбалар экан, ўтган ҳафтанинг пайшанба куни шимолий Чернигов шаҳрида 47 киши ҳалок бўлган, дейилади маҳаллий расмийларнинг янги хабарларида.

1 март куни Житомирга қилинган ҳужумда шифохона ва туғруқхона биноси ҳам ўққа тутилган, уч нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 16 киши жароҳатланган.

Шарқдаги Харков шаҳрининг тинч аҳоли яшайдиган қисми ҳам ўққа тутилган, деб хабар берган Украина расмийлари. БМТнинг Ҳаагадаги прокурорлари Харковдаги ҳужумни уруш жинояти эҳтимоли сифатида тергов қилишни бошлаганлар.

28 феврал куни Харковнинг энг зич – Алексеевка, Салтовка ва Павлопол туманларига ҳужум уюштирилган, деб хабар беради Харков вилояти фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси вакили Евгений Василенко.

«Қийин тарафи шундаки, ўққа тутиш вақтда биз ҳеч нима қила олмаймиз. Отишмада қолиб кетиш хавфи туфайли кеч етиб келганимиз учун оловни ўчириш қийин бўлади», деб айтган у.

«Худди шу каби, вайроналар остида қолиб кетган одамни қутқаришда ҳам бир неча дақиқалар ҳамма нарсани ҳал қилади. Шу сабабдан ҳам тинч аҳоли орасида қурбонлар бор», деб айтган Василенко Карвонсарой нашрига.

Ғарб манбаларига кўра, кучли бомбардимон қилинганига қарамай, Харков ҳамон украиналиклар назоратида.

Украина президенти Владимир Зеленский 1 март куни Европа парламентидаги нутқида Харковга уюштирилган ҳужумни «Украинага нисбатан террор» деб таърифлади.

Ракеталар шаҳарнинг Украина ҳарбий техникаси жойлаштирилмаган ёки ҳарбий иншоотлар бўлмаган туманларига қарата учирилди, деб таъкидлаган у.

Харковнинг снаряд келиб тушмаган тумани қолмади, деб айтган Василенко.

Сўнгги кунларда шаҳарга ҳужум янада кучайган, айрим снарядлар келиб тушганидан кейин портламаган, бу янги хавф туғдиради, деб қўшимча қилган у.

«Бир кун ичида Харковда 33 та снарядни зарарсизлантириш бўйича ариза келиб тушган. Пиротехникларимиз бу ишни фаол амалга оширмоқда», дейди Василенко.

«Ҳақиқий террор»

«Путин ҳақиқий террорга ўтмоқда», деди Украинанинг мудофаа стратегиялари марказининг хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчиси ва Украина мудофаа вазирининг собиқ маслаҳатчиси Александр Хара Карвонсарой нашри билан суҳбатда.

«Путин Украинани бир неча кунда қўлга оламан деб ўйлаган эди, аммо бунинг ўрнига Украина халқи бирлашиб, унинг қуролли кучларига қарши чиққанини кўрди.»

«Биринчидан, Украинанинг асосий шаҳарларига қарата улар юқори аниқликда амалга оширилганини айтган ҳужумлар ўз мақсадига эришмади ва ҳарбий назорат ёки давлат назорати тизимларини йўқ қилмади», деб айтган у.

Россиянинг ҳарбий раҳбарияти «урушни шаҳарларга олиб ўтиш мумкинлигини тушунади», деб қўшимча қилган у.

«Аммо шаҳарда жанг қилиш жуда мушкул ва Россия қуролли кучларининг барча афзалликлари йўққа чиқади», деб айтган Хара.

«Украина армиясида Javelin, NLAW ва Стингер борлигини ҳисобга олсак, шаҳарларимизни самарали ҳимоя қила оламиз», деб айтган у Ғарбда ишлаб чиқарилан, портатив танклар ва самолётларга қарши қуролларни назарда тутиб.

«Шу сабабли россияликлар халқнинг ваҳима билан қочишини умид қилиб, Украина шаҳарларини бетартиб бомбардимон қилмоқда», деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия бу фашизм

Жавоб бериш