Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Украиналиклар Россия босқинидан «мавҳумлик» томон қочмоқдалар

Алексей Костенко

8 март куни Брюсселдаги Жюл Борде собиқ касалхонасида қочқинларни рўйхатга олиш маркази олдида қабул учун навбатда турган украиналикларни кузатаётган қиз. Қочқинлар узоқ муддатли уй-жойга кўчиб ўтиш олдидан уч кунгача собиқ шифохона биносида қолишлари мумкин. [Кензо Трибуяр/AFP]

8 март куни Брюсселдаги Жюл Борде собиқ касалхонасида қочқинларни рўйхатга олиш маркази олдида қабул учун навбатда турган украиналикларни кузатаётган қиз. Қочқинлар узоқ муддатли уй-жойга кўчиб ўтиш олдидан уч кунгача собиқ шифохона биносида қолишлари мумкин. [Кензо Трибуяр/AFP]

КИЕВ – Киевлик 29 яшар Анна Довбиш Россия босқинининг еттинчи кунида ўз уйини тарк этишга қарор қилган.

«Қўрқинчли туш кўрдим: Қодировнинг каллакесарлари уйимизга бостириб кириб, бизни асирга олишибди», деди у Чеченистон раҳбари, Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси Рамзан Қодировни назарда тутиб.

«Онам билан бу босимга чидай олмай, ҳушёр фикр юрита олмай қолдик. Фақат жазавага тушиб, йиғладик», дейди ҳозирда Украина ғарбида бўлган Довбиш.

Унинг отаси 87 ёшли бувиси билан Киевда қолишган.

8 март куни Берлиннинг марказий темир йўл вокзалидаги (Hauptbahnhof) вақтинчалик кафетерийда кўнгиллилар украиналик қочқинларга озиқ-овқат тарқатмоқда. [Жон Макдугалл/AFP]

8 март куни Берлиннинг марказий темир йўл вокзалидаги (Hauptbahnhof) вақтинчалик кафетерийда кўнгиллилар украиналик қочқинларга озиқ-овқат тарқатмоқда. [Жон Макдугалл/AFP]

Яқиндагина Украинадан келган қочқинлар 9 март куни Полшанинг Медика шаҳридан Краковга кетаётган поездга чиқишга тайёргарлик кўрмоқдалар. [Луиза Гулиамаки/AFP]

Яқиндагина Украинадан келган қочқинлар 9 март куни Полшанинг Медика шаҳридан Краковга кетаётган поездга чиқишга тайёргарлик кўрмоқдалар. [Луиза Гулиамаки/AFP]

9 март куни Полшанинг Медика шаҳридаги чегара пунктида янги келган қочқинларга иссиқ ичимликлар ва озиқ-овқат улашаётган кўнгиллилар. [Луиза Гулиамаки/AFP]

9 март куни Полшанинг Медика шаҳридаги чегара пунктида янги келган қочқинларга иссиқ ичимликлар ва озиқ-овқат улашаётган кўнгиллилар. [Луиза Гулиамаки/AFP]

«Дадам билан кўзларимиз ёшга тўлиб хайрлашдик. Бу ҳаётимдаги энг оғир лаҳза эди – машинага ўтириб, орқа ойнадан йўлда бизга қараб қўл силкиётган дадамга қараб, мавҳумлик томон йўл олдик» дейди Довбиш.

Россиянинг уруши натижасида Украина чегараларини 2,2 миллионга яқин қочқин кесиб ўтган бўлиб, БМТ буни Иккинчи жаҳон урушидан бери Европада энг тез ўсиб бораётган қочқинлар инқирози деб атаган.

Украинанинг «Укрзалізниця» давлат темирйўл компанияси 3 мартдан Ғарб мамлакатларига қочаётганлар учун бепул чипталар таклиф қила бошлаган.

Польшанинг PKP давлат темирйўл компанияси пайшанба (10 март) куни Германиянинг айрим ҳудудларига сафар қиладиган украиналикларга бепул чипталар тақдим этишини айтди.

Чоршанбадан бошлаб Украина фуқаролари Полшанинг Варшава, Перемышл (Краков орқали) ва Гдиня шаҳарларини Германия пойтахти Берлин ва чегара шаҳар Франкфурт (Одер) билан боғлайдиган тўққизта кундалик шаҳарлараро поезднинг иккинчи классида бепул саёҳат қилишлари мумкин.

PKP Украина чегарасидан қатновчи поездларни кўпайтирди ва 24 феврал куни босқин бошланганидан бери мамлакатга келаётган қочқинларга улардан бепул фойдаланишга рухсат берди.

26 февралдан бери Полшага шу йўл билан 300 мингга яқин украиналиклар келишган.

Эвакуация ишлари Россия армияси Украина шимоли, жануби ва шарқида жойлашган шаҳарлардаги турар-жой мавзеларини ўққа тутишни кучайтирган бир пайтда олиб борилмоқда.

Полшанинг меҳмондўстлиги

Пайшанба куни Полша чегара хизмати уруш бошланганидан бери Украинадан Полшага 1,43 миллион киши ўтганини маълум қилди.

Миллий мудофаа учун 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларга Украинани тарк этиши тақиқлангани сабабли, оилалар айрилиққа чидашга мажбур.

Бахтга кўра, босқин бошланишидан бир ой аввал 60 ёшни қаршилаган харковлик Александр Моргунов эсон-омон Полшага ўтиб олган.

«Биз биринчилар қаторида жўнаб кетган бўлсак-да, 24 феврал куни Украина чегарасини кесиб ўтишга анча вақт кетди.»

«Чегарачиларимиз ҳаммасини, ҳужжатлар билан ҳаммаси жойида эканлигини синчиклаб текширишди. Улар болалар билан хорижга чиқиш рухсатномаларини ҳам текширдилар. 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча эркаклар ортга қайтарилди.»

«Полша чегарачилари бизни қабул қилганларидан кейин, барчаси кечикишларсиз, аниқлик билан ташкил этилди. Болали аёллар учун алоҳида навбат бор эди. Бу навбат жуда тез cилжиди. Чегарачилар уларнинг юкларини кўтаришга ёрдамлашдилар.»

«Полшаликларнинг меҳмондўстлиги ва ёрдам беришга тайёрлиги мени ҳайратда қолдирди», деди Моргунов Карвонсаройга.

Атиги бир ҳафта ичида Европа Иттифоқи (ЕИ) бир овоздан Украинадан қочганларга дастлабки икки йил давомида иттифоқда қолиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳимоя механизмини ишга тушириш қарорини қабул қилди, деб хабар беради чоршанба куни AFP.

Шу тариқа ЕИ 2001 йилда собиқ Югославиядаги можаролардан кейин ишлаб чиқилган чорани илк бор фаоллаштирган.

«Варшавадаги жамоат транспорти украиналиклар учун бепул қилиб қўйилган», дейди бир ҳафтадан бери Варшавада яшаётган Моргунов.

«Шунингдек, агар Полша уяли алоқа операторидан SIM-карта сотиб олсангиз, биринчи ой давомида Украинага барча қўнғироқлар ва матнли хабарлар бепул бўлади.»

«Полша вокзалларида украиналиклар учун ахборот марказлари ташкил этилган. У ерда тамадди қилишингиз мумкин. Тагликлар ва энг зарурий нарсаларни олишингиз мумкин. Ҳаммаси жуда яхши ташкил этилган», деди Моргунов.

Тезкор ёрдам

Украина ғарбида ҳам келаётган қочқинларни қабул қилишда расмийлар ва кўнгиллилар биргаликда фаолият олиб бормоқда.

Львов вилоятининг Перемышляни шаҳарчасида яшовчи кўнгилли ва маҳаллий тадбиркор Руслана Миц болалари билан Украина ғарбига қочган икки оилага бошпана берган.

«Менинг саккиз хонали кичик меҳмонхонам бор ва одамларни қабул қиляпман. Дастлабки икки-уч кунда одамлар оқиб келишни бошлаганида, зудлик билан ёрдам ташкил қилдик», деди Миц Карвонсаройга.

«Аммо тез орада шаҳар ҳокими бизни йиғиб, ҳаммасини тартибга келтирди. Энди ҳамма ўз масъулият доирасини билади. Қочқинлар жуда тез жойлаштирилмоқда. Маҳаллий ҳокимият уларни рўйхатга олмоқда, одамлар эса дарҳол ўзларига керакли барча ёрдамни олишмоқда», дейди Миц.

Қочқинларни қабул қилишга оид худди шундай жараён Украинанинг барча ғарбий вилоятларида йўлга қўйилган.

Кўнгиллилар ва қочқинларни қабул қилишга тайёр бўлган давлат идоралари вилоят ҳокимиятларида тузилган махсус штаблар томонидан мувофиқлаштирилади, деди Волин вилоят ҳокимияти ҳузуридаги ижтимоий масалалар бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси Оксана Гобод Карвонсарой нашрига.

«Бугунги кунда бизда қочқинлар учун 2000 дан ортиқ жой бор. Иш яхши ташкил этилган», дейди Гобод.

«Аммо одамлар вилоятимизни Европага бориш йўлидаги тўхташ жойи деб биладилар. Улар бу ерда узоқ қолмайдилар».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500