Карвонсарой
Таҳлил

Украинадаги маънисиз уруш фонида Путиннинг руҳий ҳолатига оид саволлар ўртага чиқмоқда

Канат Алтинбаев ва AFP

Россия президенти Владимир Путин 28 феврал куни Москвада ўзининг 6 метрлик машҳур столида йиғилиш ўтказмоқда. «Россиялик Пиноккио ҳар сафар ёлғон гапирса, столи чўзилиб бораверади», дейди олмаоталик сиёсатшунос Ислом Кураев. [Алексей Николский/Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 28 феврал куни Москвада ўзининг 6 метрлик машҳур столида йиғилиш ўтказмоқда. «Россиялик Пиноккио ҳар сафар ёлғон гапирса, столи чўзилиб бораверади», дейди олмаоталик сиёсатшунос Ислом Кураев. [Алексей Николский/Спутник/AFP]

ОЛМАОТА – Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириш қарори ва ядровий уруш билан таҳдид қилиши ортидан унинг руҳий ҳолатига оид турли гап-сўзлар кўпаймоқда. Бу вақтда жанглар янада авж олиб, ҳар икки томонда қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Икки ҳафта аввал босқин бошланганидан бери 11 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлди, деб хабар берган Украина Қуролли кучлари Бош штаби пайшанба (10 март) куни.

4 март куни Пентагон Россиянинг 2000 дан 4000 гача аскари ҳалок бўлганини тахмин қилган эди.

Россия 2 март ҳолатига 498 аскар ҳалок бўлганини эълон қилганидан бери бошқа ҳеч қандай маълумот бермаган.

Россия президенти Владимир Путин, 2 март куни Москвада олинган сурат. [Михаил Климентев/Спутник/AFP]

Россия президенти Владимир Путин, 2 март куни Москвада олинган сурат. [Михаил Климентев/Спутник/AFP]

Харков яқинида ёниб кетган Россия бронетранспортёри. [Сергей Бобок/AFP]

Харков яқинида ёниб кетган Россия бронетранспортёри. [Сергей Бобок/AFP]

Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) пайшанба куни эълон қилган маълумотларига кўра, Украинани 2,3 миллиондан ортиқ қочқин тарк этган.

«Ғазабда ва ранжиган»

Сўнгги ҳафталарда Путиннинг ғайриоддий хатти-ҳаракатлари борган сари эътибор марказидан ўрин эгалламоқда.

Феврал ойи бошида Кремлда Путиннинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашувида икки етакчининг 6 метр узунликдаги столнинг қарама-қарши томонида ўтиргани акс этган суратлар кўплаб ҳазиллар ва интернет-мемларга сабаб бўлганди.

«Россиялик Пиноккио ҳар сафар ёлғон гапирса, столи чўзилиб бораверади», деб ҳазил қилган олмаоталик сиёсий таҳлилчи Ислом Кураев душанба куни Facebook саҳифасида.

Путиннинг Украинага бостириб кириш ҳақидаги қарори бошқалар учун мантиқсиз бўлиб кўринар экан, АҚШ разведкаси расмийлари Россия раҳбарини ғазабли ва яккаланган, глобал таъсирга эга бўлишга интилаётган ва Украинадаги уруши режа бўйича кетмаганидан ҳафсаласи пир ҳолатда, деб тамғалаганлар.

Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари Уилям Бернс сешанба куни АҚШ конгрессменларига 22 йил давомида Россияни бошқарган одам «кўп йиллар давомида хафагарчилик ва амбициялар қоришмасида қайнаб келганини» айтди.

У Украинага босқинни Путин учун «чуқур шахсий ишонч» масаласи, унинг Европа ва Қўшма Штатлар билан сўнгги дадил тўқнашуви деб атади.

«Менимча, ҳозир Путин ғазабда ва ҳафсаласи пир бўлган. У саъй-ҳаракатларни икки марта кучайтириб, тинч аҳоли орасидан қурбонларга эътибор бермай, Украина армиясини яксон қилишга уриниб кўради», деди Бернс Конгрессдаги глобал таҳдидлар бўйича эшитувда.

Путин катта босим остида қолаётгани учун унинг яқин маслаҳатчилари доираси «борган сари тораймоқда», деди у.

Бундай тизимда «одамлар унинг ҳукмини шубҳа остига қўйиши ёки эътироз билдириш билан ўз мартабасини ошириши исботланмаган».

Ядровий «шантаж»

Таҳлилчилар, айниқса, ядровий таҳдид кучайганига эътибор қаратиб, Путиннинг қизишиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

«Бугунги кунда Россия ядро қуролига эга энг қудратли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда», деган эди 24 феврал куни Россия фуқаролари ва дўстларига юзланган Путин узун ва қовушмаган нутқи билан Украинада «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилиб.

«Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизга бевосита ҳужум қилган ҳар қандай потенциал агрессор мағлубиятга учраши ва аянчли оқибатларга дучор бўлишидан ҳеч ким шубҳа қилмаслиги керак», деб огоҳлантирди у.

Тўрт кундан сўнг Путин Россиянинг ядровий тийиб туриш кучларини «махсус жанговар хизмат режимига» ўтказиб, ядровий фалокат хавфини оширди ва таҳдидни янада кучайтирди.

28 феврал куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс «Бундай провокацион риторика... хавфли, у нотўғри ҳисоб-китоблар хавфини оширади ва унинг олдини олиш зарур» деб айтган.

«Биз, Америка Қўшма Штатлари ва Россия Федерацияси аллақачон эътироф этганмиз – ядровий қуролдан фойдаланиш ҳалокатли, ҳалокатли оқибатларга олиб келади», деди у.

АҚШ Миллий разведка бошқармаси директори Аврил Хайнс сешанба куни Конгрессдаги глобал таҳдидлар бўйича эшитувларда «Путиннинг ядро қуролини ўқталаётгани» Ғарб эътиборини торганини айтди.

«Бизнингча, Путин Ғарб унга муносиб ҳурмат кўрсатмаётганидан хафа ва буни ўз мағлубиятига йўл қўйиб бўлмайдиган уруш сифатида қабул қилади», деди у муҳокама қатнашчиларига.

Бу босқин «геосиёсий тузум учун зарба бўлди, келажак учун биз эндигина тушуниб етаётган оқибатларга эга бўлади, уларнинг изсиз кетмаслиги муқаррар».

Хайнс Путиннинг бу ҳаракатини «ўта ғайриоддий» деб баҳолади.

«Биз 1960-йиллардан бери русларнинг ядровий тайёргарлик даражасини оширгани ҳақида баёнот берганини эшитмаган эдик», деди у.

Путин халқаро ҳамжамиятни Украинадаги босқинга аралаштирмаслик учун ядровий «шантаждан» фойдаланмоқда, дейди Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро кампания (ICAN) ижрочи директори Беатрис Фин.

«Бу нафақат бутун дунёни қўрқувга солиш, балки Украинага ёрдам берадиганларни қўрқитиш учун ҳам қилинмоқда», деди у сешанба куни AFPга.

Ядровий таҳдиддан «ҳозирда ядро қуролига эга бўлмаган мамлакатга ноқонуний бостириб киришга имкон топиш учун жуда зарарли ва ёвуз ният билан фойдаланилмоқда», деб қўшимча қилди у.

Неосоветча амбициялар

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд сешанба куни бўлиб ўтган алоҳида эшитувда Путин «Совет Иттифоқини қайта тиклашга ёрдам берадиган одам бўлишни орзу қилган», деб айтди.

У Путинни «ёлғон тўшагини» яратган ва халқаро ҳуқуқ асосларининг мустаҳкамлигини синаб кўрган «савдойи» ва параноик етакчи деб атади.

«Йиллар ўтиши билан президент Путиннинг импералистик амбициялари кучайиб борди ва у Россиянинг сўнгги 30 йиллик тарихидан норози», деди у собиқ КГБ зобити бўлмиш Путиннинг Совет Иттифоқи парчаланишини шахсий мағлубият деб ҳисоблашини таъкидлаб.

Уруш туфайли Путиннинг ниятлари ошкор бўлар экан, Украина Россиядан мустақил бўлган қонуний давлат эмаслиги ҳақидаги гап-сўзлари билан «менимча, унинг ички дунёси жамоатчиликка ошкор бўлди», деб қўшимча қилди Нуланд.

Постсовет маконнинг бир қисми сифатида Кремл таҳдидлари ва ўзига хосликларига дуч келган Қозоғистонда ҳам фуқаролар ўз мулоҳазаларини баён қилмоқдалар.

Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси директори, олмаоталик Сергей Дуванов Путиннинг психологик муаммоларини унинг Совет даврида КГБ агенти бўлгани билан изоҳлайди.

«Совет мафкураси доирасида КГБ агентлари Ғарбни ўз мамлакатининг асосий ва ёвуз душмани деб билган», деди у Карвонсаройга.

«Бу Путин мисолида фобия ва паранойя кўринишини олди, гўёки Ғарб давлатлари Россияни йўқ қилишга уринаётгандек. Бугун биз бу васвасанинг даҳшатли оқибатларини кўриб турибмиз», деди у.

«Унинг бошидаги сувараклар»

«Бошида сувараклари бор» Путин президент бўлишга мутлақо яроқсиз – у миллионлаб одамлар тақдирига таъсир қилиши мумкин бўлган лавозимда, ядро қуролидан фойдаланиш ваколатини эса гапирмаса ҳам бўлади, дейди олмаоталик психолог Ойгул Бимурзина.

«Бундай одам ҳеч қандай ҳолатда ядро тугмасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак», деди у Карвонсаройга.

Путиннинг «турли психологик хасталиклари» йиллар давомида кучайиб борди, деб қўшимча қилди у.

У кўп йиллардан бери ўзига «душман» деб ҳисоблаган Ғарб билан доимий, муросасиз кураш ҳолатида яшаб келди ва бундай шароитда у доим ёлғон гапиради, қўрқади, яширинади, манипуляция қилади ва баъзан қотилликларга буюртма беради», деди Бимурзина.

«У доим ўзининг лаёқатли экани ҳақидаги тасдиқни олишни истайди», деди у.

«Акс ҳолда у ғазабга тушади ва шу ҳолида психологик барқарор одам қўл урмайдиган даҳшатли ишларни қилишга қодир».

Путиннинг мустақил ОАВни ёпиши ва ўзгача фикрни бўғиши, жумладан, Украинадаги воқеаларни таърифлашда «уруш» сўзини ишлатаётганларнинг қамоққа олиниши бугунги кун меъёрларига мутлақо мос келмайди, дейди Олмаотадаги «Ҳуқуқ медиа маркази» нодавлат ташкилоти директори Диана Окремова.

«Биз илғор ахборот технологиялари даврида яшаяпмиз, аммо Путин бемаъни, ваҳший усуллар ва замонавий жамият қабул қилмайдиган ташвиқот турини қўллашда давом этмоқда», деди у.

«Унинг руҳиятида бузилиш борлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ватникларнинг мияси ампутация қилинган.

Жавоб бериш

Путин ҳам, унинг бутун подаси ҳам руҳан носоғлом.

Жавоб бериш