Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиялик учувчиларнинг бемулоҳаза хатти-ҳаракатлари келажакдаги хатоликлар ҳақида огоҳлантирмоқда

Карвонсарой

Россиянинг МиГ-35 самолёти. [AFP]

Россиянинг МиГ-35 самолёти. [AFP]

Сурия ҳаво ҳудудида содир этилган бемулоҳаза хатти-ҳаракатлар россиялик учувчиларнинг уқувсизлиги ва халқаро ҳуқуқни қўпол равишда менсимаслигини кўрсатмоқда – Кремлнинг Украинага босқини давом этар экан, бу каби ҳолатлар улкан хатоларга олиб келиши мумкин, деб огоҳлантиради кузатувчилар.

12 ва 13 феврал кунлари Ўртаер денгизи устидаги халқаро ҳаво ҳудудида «АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг учта P-8A самолётининг йўли Россия самолётлари томонидан нопрофессионал тарзда тўсилган», дейилади Пентагон баёнотида.

«Ҳеч ким жабрланмаган бўлса-да, бундай хатти-ҳаракатлар нотўғри ҳисоб-китоблар ва хатоларга олиб келиши мумкин, бу эса янада хавфлироқ оқибатларни келтириб чиқаради», деди Пентагон вакили капитан Майк Кафка.

Қўшма Штатлар ўз хавотирини изҳор қилиш учун дипломатик каналлар орқали Россия расмийлари билан боғланди, деди у.

2015 йил 5 октябрда олинган суратда Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг учувчи ва техник ходимлари Суриянинг Латакия вилоятидаги Хмеймим авиабазасида Россиянинг Су-30 қирувчи самолётини кўздан кечираётгани акс этган. [Комсомолская правда/AFP]

2015 йил 5 октябрда олинган суратда Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг учувчи ва техник ходимлари Суриянинг Латакия вилоятидаги Хмеймим авиабазасида Россиянинг Су-30 қирувчи самолётини кўздан кечираётгани акс этган. [Комсомолская правда/AFP]

«Қўшма Штатлар халқаро сувлар ва ҳаво кенгликларига оид халқаро қонунларга мувофиқ хавфсиз ва профессионал фаолият юритишда давом этади», деди Кафка. «Биз Россиядан ҳам шундай қилишини кутамиз», деди у.

Дастлабки хабарлардан маълум бўлишича, бу ҳодиса ортидан АҚШ ва Россиянинг Sukhoi (Su)-35 қирувчи самолётлари ўртасида навбатдаги тўқнашув кузатилган, деди мудофаа вазирлиги вакили CNN телеканалига.

Аввалроқ CNN телеканали АҚШнинг қирувчи ва бошқа коалиция самолётлари 15 феврал куни россияликлар коалиция томонидан чекланган ҳаво ҳудудига учиб ўтганида Сурия шарқида учта Россия самолётига ҳамроҳлик қилгани ҳақида хабар берган эди.

Воқеадан бевосита хабардор бўлган икки АҚШ расмийсига кўра, Россиянинг юк ташувчи самолёти иккита Ту-22 Backfire бомбардимончи самолёти ҳамроҳлигида коалиция кучларини олдиндан огоҳлантирмай, Ироқ бўйлаб Шарқий Сурия «хавфсизлик ҳудуди»га учиб ўтган.

Ушбу хавфсиз ҳудуд Дайр-аз-Зордан Ироқ чегарасигача чўзилган бўлиб, унинг устидан учиб ўтиш учун АҚШ кучларини аввалдан огоҳлантириш талаб қилинади.

«Қўшма Штатлар россияликларни олдиндан хабардор қилиш кераклиги ҳақида огоҳлантирганида, руслар давом этишларини айтишди», деди расмийлар.

«Шу тариқа АҚШнинг F16 самолётлари ва коалиция самолётлари россияликлар ҳудудни тарк этгунига қадар қисқа вақт давомида улар билан ёнма-ён учишга мажбур бўлди.»

Давомли провокациялар

2015 йилда президент Россия Башар Асад томонини олиб, Суриядаги фуқаролар урушига аралашганидан бери россиялик учувчилар ҳавода давомли провокациялар уюштириб келган.

2020 йил апрелда иккита алоҳида ҳодисада Россиянинг СУ-35 самолётлари Ўртаер денгизида АҚШ денгиз кучларининг P-8A самолёти билан юзма-юз келган, юқори тезликда маневрлар амалга оширган ва АҚШ кузатув самолётига 7,5 метрлик яқин масофага келган, деб хабар беради ҳарбий денгиз кучлари.

«Маневлар хавфли бўлган, учувчилар ва экипаж хавфсизлигига таҳдид солган», дейилади хабарда.

Бир ой ўтиб, Россиянинг иккита СУ-35 самолёти Ўртаер денгизида яна бир жанговар Р-8A самолёти билан тўқнаш келган, бу ҳолат 65 дақиқа давом этган.

«Россиялик учувчилар Р-8А самолётининг ҳар бир қанотига жуда яқин келгани сабабли ҳодиса хавфли ва нопрофессионал» тус олди, дейилади баёнотда.

Яқинда юз берган ҳолат Россиянинг 24 феврал куни Украинага бостириб кириши фонида кузатилган.

Швеция қуролли кучларига кўра, Россиянинг тўртта жанговар самолёти 2 март куни Болтиқ денгизидаги Готланд ороли шарқидан Швеция ҳаво ҳудудига кирган.

Россия Сурия ҳаво ҳудудида АҚШ ҳаво кучларини провокация қилиш орқали «ўйнашмоқда», деб айтган кузатувчилар Al-Mashareq веб-сайтига 2018 йилда Россия учувчилари амалга оширган яна бир провокациядан кейин.

2015 йилда Қўшма Штатлар ва Россия Сурия ҳаво ҳудудида мувофиқлаштириш ва ҳаводаги вазиятларнинг олдини олиш мақсадида «низоларни бартараф этиш» бўйича шартнома имзолаган.

Шартномада ҳар қандай тушунмовчилик ёки низо ҳар иккала томоннинг унвонлари бир хил бўлган олий ҳарбий зобитлари томонидан ҳал қилиниши белгиланган, дейди истеъфодаги мисрлик ҳарбий таҳлилчи, генерал-майор Абдул Карим Аҳмад.

Келишув шартларига кўра, томонлар ўз парвозларининг вақти ва географик жойлашуви бир-бирига тўқнаш келмаслигини кафотлаши керак ҳамда бир-бирининг ёки Сурия режимининг мудофаа тизимларини нишонга олмаслигини кафолатлаш учун биргаликда ҳаракат қилиши зарур.

Аммо америкалик учувчиларга кўра, россияликларда ҳаво хавфсизлиги конвенцияси эътиборсиз қолдириш одати бор, деб хабар берган 2017 йил Wall Street Journal.

«Дунё бўйлаб самолётлар авиадиспетчерларнинг аниқлаши учун тўрт хонали код узатишади, бу амалиёт ҳайқириқ деб номланади. Сурия узра учувчи самолётлар бундай кодларни узатмайди, бунинг ўрнига иттифоқдош радиоқурилмаларига номаълум сигнал сифатида кўринади», дейилади хабарда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тўп-тўп қилиб уриб туширишади.

Жавоб бериш