Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия Украинада жанг қилиш учун сурияликларни ёлламоқда, аммо уларга қандай пул тўлаши номаълум

Нохад Топалян ва AFP

1 сентябр куни Суриянинг Дараа вилояти жанубидаги Дара ал-Балад туманида патрул назорати олиб бораётган Россия қўшинлари. [Сэм Ҳаририй/AFP]

1 сентябр куни Суриянинг Дараа вилояти жанубидаги Дара ал-Балад туманида патрул назорати олиб бораётган Россия қўшинлари. [Сэм Ҳаририй/AFP]

БАЙРУТ – Суриялик фаоллар ва мухолифат вакилларига кўра, Россия ва унинг иттифоқчилари Украинага қарши урушда Россия армияси сафини тўлдириш мақсадида ёллаш пунктларини қайта ишга туширган – улар Ливияда жанг қилган суриялик ёлланма аскарларни рўйхатдан ўтказишда фойдаланилган эди.

Сешанба (15 март) кунги AFP хабарига кўра, Россия Сурия армияси ва иттифоқчи кучлардан Украинага жойлаштириш учун жанговар шай ҳолатга келтириладиган 40 минг жангари рўйхатини тузган.

Бу хабар 24 феврал куни тезкор ғалаба умидида Украинага бостириб кирган Россия қўшинлари кутилмаганда катта йўқотишларга учраган вақтда пайдо бўлди.

Фаоллар ва мухолифат аъзоларининг Ал-Машариқ нашрига маълум қилишича, ёллаш жараёни бошланғич босқичда бўлиб, ҳозирча фақат исмлар рўйхати тузилмоқда ва хавфсизлик текширувлари ўтказилмоқда.

24 феврал куни Суриянинг Идлиб вилоятида жойлашган исёнчилар назоратидаги Бинниш шаҳарчаси вайроналари манзарасида Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётига норозилик сифатида деворга сурат чизаётган суриялик рассомлар . [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

24 феврал куни Суриянинг Идлиб вилоятида жойлашган исёнчилар назоратидаги Бинниш шаҳарчаси вайроналари манзарасида Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётига норозилик сифатида деворга сурат чизаётган суриялик рассомлар . [Умар Ҳаж Кадур/AFP]

Уларнинг айтишича, бугунги кунга қадар ҳеч қандай «жанговар шартномалар» имзоланмаган, лекин агар ҳаммаси режа бўйича кетса, бу жараён навбатдаги босқичда амалга ошади.

Сурия мухолифати нашрлари ҳамда араб ва халқаро матбуотнинг хабар беришича, Россия Суриянинг бир нечта вилоятларида қўшимча аскарлар ёллаш жараёнини бошлаган ва уларни Россия сафларида жанг қилиш учун Украинага олиб кетишга ҳозирлик кўрмоқда.

Ёллаш жараёнига аввалроқ Ливия ва Венесуэлада Россия кучлари сафида жанг қиладиган аскарларни ёллаш билан шуғулланган суриялик ҳамкорлар бошчилик қилмоқда.

Syria News мухолифат нашрининг хабар беришича, Раққадаги Россия кучлари Украинада жанг қилиш истагида бўлган сурияликлар исмларини рўйхатга олишни бошлаган.

Баъзи нашрлар бошқа вилоятлардаги ёллаш ҳаракатлари ҳақида хабар берганлар.

Сурия мухолифати манбаларининг «Ал-Наҳар Ал-Арабий» газетасига маълум қилишича, Сурия режимининг 8-бригадаси Москванинг Сурияда аскарликка ёллаш сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда ва Палмирада офислар очган.

8-бригаданинг Палмирадаги офиси маҳаллий ёшларга кўз тиккан бўлиб, Сурия хавфсизлик хизматларининг тазйиқлардан ҳимояланиш, пул ва уй-жой каби имтиёзларни таклиф қилмоқда.

Маълумотларга кўра, 8-бригадага қўмондонлик қилаётган Аҳмад ал-Авда ноябр ойи ўрталарида 10 кун Россияда бўлган (ташриф сабаблари номаълум). Афтидан, уни Россиянинг Украинага жангарилар ёллаш ҳаракатларига ёрдам беришга кўндиришган.

Россиянинг Сурияда ёллаш ҳаракатлари ва амалга ошмаган ваъдалар

Ўзини Иброҳим деб таништирган 32 яшар суриялик «Ал-Машариқ» нашрига Ливиядаги руслар сафида жанг қилиш учун 2020 йилда Ҳалабда аскарликка ёлланганини айтади.

Иброҳимнинг айтишича, у Суриядаги оғир турмуш шароити сабабли пул учун бунга рози бўлган ва Ливияда Россиянинг «Вагнер» гуруҳида бир йил давомида «ҳарбий постда қоровул бўлиб» ишлаган.

Сурияга қайтганидан кейин ҳам қийинчиликларга дуч келгач, «қайтиб бориб, Украинада жанг қилувчилар сафига қўшилиш учун исмимни рўйхатдан ўтказдим», деди у.

Сурияликларни «Россиянинг қўриқлаш компаниялари томонидан режим таъсир доирасидаги ҳудудларда жойлашган ёллаш пунктларидаги воситачилар орқали долларда тўланадиган баланд маошлар» ўзига жалб қилган.

Шунга қарамай, кўпчилик ёлланганлар ваъда қилган пулнинг ҳаммасини олишмаган.

Украинага бостириб кириши ортидан жаҳон ҳамжамиятининг санкциялари остида қолиб кетган Россиядаги оғир иқтисодий воқелик бундай саховатли ваъдаларни бажаришни қийинлаштиради.

Мисол учун, чоршанба куни Москва иккита долларлик облигация бўйича 117 миллион доллар тўлаши керак эди (бу – Ғарб молия тизимидан узиб қўйилганидан бери муддати ўтган илк фоизлик тўлов). Ушбу тўловни амалга ошира олмаса, Россиянинг 1998 йилдан бери биринчи марта дефолтга учраши мумкин.

Душанба куни Россия марказий банки сешанбадан эътиборан жисмоний шахсларга олтин сотиб олишда устунлик бериш учун банклардан олтин харид қилиш тўхтатилишини айтди – бу ўсиб бораётган муаммоларнинг яна бир белгиси бўлди.

Кузатувчиларга кўра, санкциялар таъсири ва уларнинг оқибатлари ҳисобга олинса, Россия суриялик ёлланма аскарларга пул тўлашга қодир бўлмай қолади.

«Сурияликлар ҳақиқат ва адолат учун» ташкилотининг ижрочи директори Бассам ал-Аҳмад жойлардаги фаоллардан ҳисоботлар олишини айтди.

Маълумотларга кўра, Сурия «илгари Ливияга жангарилар ёллаш билан шуғулланган пунктларга юқори жанговар тажрибага эга аскарлар ва янги жангчилар рўйхатини тузиш ва уларни қабул қилишга рухсат берилган», деди у.

Унинг айтишича, шаҳар шароитида жанговар ҳаракатлар олиб бориш тажрибасига айниқса талаб катта.

Рўйхатдагиларнинг аксарияти россиялик зобитлар назорати остида Сурия армиясининг 25-дивизияси сафида жанг қилган эркаклардир, деди ал-Аҳмад.

Рўйхатдан ўтганлардан бирининг айтишича, Суриядаги ёллаш пунктлари ёлланма аскарлар рўйхатини тузмоқда ва улар «Россия армиясининг Украинага қарши урушига қўшилишидан аввал тасдиқлаш учун Суриядаги Россия кучларига тақдим этилади».

«Сурияликларга адолат ва ҳақиқат учун» ташкилотига кўрсатма берган аскарларга қанча пул тўланиши ҳақида маълумот берилмаган, деди у.

Қийинчиликлардан фойдаланиш

Идлиблик Сурия мухолифати тадқиқотчиси Туркий Мустафога кўра, Россиянинг Украинага ҳужуми учун суриялик жангчиларни ёллаш жараёни «январ ойи бошида, урушдан аввал бошланган».

Аммо қизиқиш жуда «заиф» эди, руслар ва уларнинг суриялик агентлари кутганидек бўлмади, деди у «Ал-Машариқ» нашрига.

Унинг таъкидлашича, аскарликка ёллаш жараёни 2020 йилда руслар томонидан Ливияга аскар ёллаш учун очилган режим назоратидаги ҳудудларда жойлашган идоралар томонидан олиб борилмоқда.

Мустафонинг айтишича, 8-бригада қўмондони Ал-Авда режим қўлловидаги бошқа кучлар билан ҳамкорликда Дараа, Бусра аш-Шом ва Сувайдадан жангчилар тўплаб, Сурия жанубидаги ёллаш ишларига бошчилик қилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, «энг фаол ёллаш пунктлари» Дамашқ ҳудудида бўлиб, Сурия соҳилларидаги пунктларда рўйхатга олиш кўрсаткичлар «у қадар катта эмас».

«Ҳалабдаги бўлинмаларда аскарликка ёллаш жараёнида бироз фаоллик кузатилмоқда», дея қўшимча қилди у ал-Ҳасакадаги ёллаш пунктларида ҳам ишлар «қониқарли» эканини таъкидлаб.

«Режимнинг шабиҳа [кўнгилли аскарлари] ва режимга алоқадор қўмондонлар ёшларни Россия армияси сафида жанг қилишга чақирмоқда, бунда шаҳар ва туманлар ҳокимлари катта рол ўйнамоқда», деб қўшимча қилди Мустафо.

Сурияда аскарликка ёллаш жараёни «Россия ва унинг суриялик иттифоқчилари режим ҳудудларидаги суриялик ёшлар бошдан кечираётган иқтисодий қийинчиликлардан фойдаланиб келаётганидан далолат беради», деди у.

Палмира янгиликлар тармоғи раҳбари Муҳаммад Ҳасан ал-Айёд «Ал-Машариқ» нашрига Россия «Украинада жанг қилиш учун ўз армияси, жангчилари, элита ҳарбий қўмондонлари ва хорижлик «Вагнер» жангариларини [Суриядан] олиб чиқиб кетаётганини» айтган.

Уларнинг ўрнини руслар билан иттифоқдош маҳаллий сафарбарлик кучлари эгаллайди, дейди у.

Ал-Айёд яқинда «8-бригада қўмондонларининг стратегик ҳудудларни аниқлаш, эҳтимол Россия буйруғи билан шаҳар ва унинг қишлоқларида жойлашиш учун разведка миссияси билан Палмирага келганини» таъкидлади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500