Карвонсарой
Иқтисодиёт

Хитой эксплуатациясига дуч келган Тожикистон вилояти Канада кончилик компаниясини ҳамкор сифатида танлади

Неъматулло Мирсаидов

Рудани қайта ишлаш жараёнидаги тожикистонлик ишчи, санасиз сурат. Тожикистоннинг Адрасман шаҳри Хитой ҳамкорлиги билан боғлиқ умидлар пучга чиққанидан кейин канадалик ҳамкорга мурожаат қилган. [Негматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Рудани қайта ишлаш жараёнидаги тожикистонлик ишчи, санасиз сурат. Тожикистоннинг Адрасман шаҳри Хитой ҳамкорлиги билан боғлиқ умидлар пучга чиққанидан кейин канадалик ҳамкорга мурожаат қилган. [Негматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

ХЎЖАНД, Тожикистон — Ўтган ой охирида Суғд вилояти расмийлари ва аҳолиси Хитойнинг эксплуатацияси билан боғлиқ кўп йиллик аччиқ тажрибадан сўнг Канада кончилик компанияси билан шартнома тузди.

Хитойнинг Xin Li Tysa ширкати тўхтаб қолган Адрасман кон-қайта ишлаш мажмуасини қайта ишга тушира олмагач, Сўғд вилоятининг Гулистон шаҳри раҳбарияти Тожикистон ҳукумати тасдиғини кутиш асносида завод бошқарувини Altair Resources, Inc. компаниясига топширган.

Канадада жойлашган Altair нафақат корхона қарзларини тўлаш, балки мажмуани таъмирлаш ва модернизация қилиш учун кўпроқ сармоя киритиш ниятида.

«Канадаликлар корхона қарзларини ўз зиммасига олишга рози бўлдилар», деди Гулистон шаҳар ҳокими Раъно Ҳошимзода 15 феврал кунги матбуот анжуманида.

Адрасмандаги очиқ кон, санасиз сурат. Шахта 2013 йилдан бери ишламаяпти. [Негматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Адрасмандаги очиқ кон, санасиз сурат. Шахта 2013 йилдан бери ишламаяпти. [Негматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Altair Resources, Inc. (Канада) раҳбарлари ўтган йилнинг 17 сентябрида Хўжандда Суғд вилояти раиси Ражаббой Ахматзода (чапдан иккинчи) билан бўлажак ҳамкорликни муҳокама қилишди. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Altair Resources, Inc. (Канада) раҳбарлари ўтган йилнинг 17 сентябрида Хўжандда Суғд вилояти раиси Ражаббой Ахматзода (чапдан иккинчи) билан бўлажак ҳамкорликни муҳокама қилишди. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

«Умид қиламизки, ишдан бўшатилган ишчилар ва мутахассислар тез орада яна ишга қайтади ва инвесторлар уларга маош бўйича қарзларни узишади», деди у.

Ҳукумат маълумотларига кўра, Адрасман мажмуаси ишчилар, мутахассислар, Тожикистон ҳукумати ва унинг ҳамкорларидан 36 миллион сомоний (3,2 миллион доллар) қарздор. Шундан 14 миллион сомоний (1,3 миллион доллар) – маошлар бўйича қарздорлик ҳисобланади.

«Икки йилдан буён мутахассисларимиз билан муваффақиятсиз музокара олиб бораётган хитойлик инвесторлардан фарқли ўлароқ, Altair вакиллари мажмуанинг барча қарзларини ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини маълум қилди,» деди Саноат ва янги технологиялар вазирлигининг Сўғд вилояти матбуот котиби Наргис Шамсиева Карвонсарой нашрига.

Altair «корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион долларга яқин маблағ ажратмоқчи» ва Адрасманни реконструкция қилишда маъданни қазиб олиш ва қайта ишлаш учун мавжуд ходимларни ишга олади, деди у.

Бузилган ваъдалар

Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари Нуринисо Комилзода нима учун ўз шаҳри Адрасманни бошқариш учун Altair компаниясини танлаганини тушунтирди.

«Биз Канада компаниясини танладик, чунки у яхши обрўга эга ва ҳамкорликда ижобий тажриба мавжуд, масалан, «Апрелевка» олтинни қайта ишлаш корхонасида», деди у 1996 йилдан бери фаолият юритаётган Канада-Тожикистон қўшма корхонасини назарда тутиб.

«Асосийси, канадаликлар хитойликлар каби қимматбаҳо металларни концентрат сифатида олиб чиқиб кетмай, рудани Тожикистон ҳудудида қайта ишламоқчи», деди у.

Комилзоданинг айтишича, у Истиқлол шаҳар ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган пайтларида «Истиқлол» иқтисодий зонасида тез-тез хитойлик тоғ-кончилар раҳбарларига дуч келган.

«Улар ваъдаларини бажармайдиларва... ўз фаолиятларида шаффоф эмас эдилар», деб хотирлади у.

2017 йилда Хитой корпорацияси Истиқлол яқинида қўрғошин ишлаб чиқарувчи завод қурди, бироқ унинг 50 минг тоннагача қўрғошин ишлаб чиқариш мажбурияти шу кунгача амалга ошгани йўқ, дейди у.

«Бу корхона ҳеч қачон бундай рақамларга эришмагани учун шаҳарнинг кўплаб режалари барбод бўлди», деди у. «Республика, вилоят ва шаҳар жиддий иқтисодий зарар кўрди».

Завод 2020 йилда домна печининг тасодифан вайрон бўлиши сабабли ёпилган.

Заводнинг эътиборсизлиги операторларнинг беғараз эмаслигини кўрсатди, дейди вазиятдан хабардор кузатувчилар. Уларнинг фикрича, хитойликлар фақат Истиқлол ва Зарафшондаги олтин конларига қўл уриш ҳақида қайғурган.

Хитой компанияси Истиқлолдаги қисқа вақт ичида кам дўст орттирган.

Улар фақат хитойликларни юқори лавозимга кўтарди ва тожикистонлик ходимларнинг ўрта даражадан юқорига кўтарилишига йўл қўймади.

«Хитой саноат корхоналарини қуриш орқали ўз ижтимоий муаммоларини, жумладан, бандликни ҳам қисман ҳал қилмоқда», деди у.

Тожикистонлик ходимларга нисбатан очиқ-ойдин нафратни сезишдан ташқари, маҳаллий аҳолига мамлакат бойликларининг хитойликларга топширилаётгани ёқмаган.

Улар Хитойнинг тоғ-кон саноати компаниялари Тожикистон ўз қарзини тўлай олмай қолганида истиқболли конларни назоратга олганини кўрдилар.

«Тожикистон ҳукуматида ўз улушини Хитой мулкига топширишдан ёки истиқболли конларни ўзлаштириш учун лицензиялар беришдан бошқа чора йўқ, чунки Хитой Халқ Республикаси олдидаги қарзлар қайтариб бўлмайдиган даражада кўпайиб бормоқда, тўлаш муддати эса яқинлашиб қолди,» дейди сўғдлик иқтисодчи Анвар Мақсудов.

Январ ойи ҳолатига кўра, Тожикистоннинг ташқи қарзи 3,2 миллиард долларни ташкил этди, шундан 1,1 миллиард доллари (35 фоиз) Хитой олдидаги қарздорлик, деб хабар берган Тожикистон Молия вазирлиги феврал ойида.

Канададан ёрдам сўралган

Фақат ўз манфаатларини ўйлайдиган Хитой компанияларидан фарқли ўлароқ, канадаликларнинг оҳанги бошқача.

1990-йиллар охири, Тожикистон мустақиллигининг илк йилларида Канада 1 миллиард доллар кредит эвазига буғдой етказиб берганини кўпчилик эслайди. Мамлакатга озиқ-овқат керак эди, лекин пул йўқ эди.

Канаданинг Gulf кончилик фирмаси 1996 йилда келган ва Тожикистоннинг тоғ-кон саноатига дастлабки сармояни киритган.

Қурама тоғларида Тожикистон билан ҳамкорликда ташкил этилган «Апрелевка» қўшма корхонаси юқори барқарор тоғ-кон саноати корхонаси ҳисобланади. У чорак аср давомида иқтисодий таназзул ва COVID-19 пандемиясига қарамай узлуксиз ишлади.

Апрелевка Суғд вилояти саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг қарийб 6 фоизини ташкил қилади. Гулистон шаҳри ва Сўғд вилояти раҳбарлари ушбу қўшма корхона муваффақиятидан таъсирланиб, ўтган йилнинг октябр ойида ташриф буюрган Altair Resources бош директори билан Адрасманни қайта очиш имкониятларини муҳокама қилишган.

Адрасман 2013 йилдан бери ёпиқ эди.

Шаҳар ва вилоят раҳбарлари Тожикистон ҳукуматига Altair билан ҳамкорлик режасини тасдиқлашни сўраб хат ёзган. Тасдиқ ҳамон кутилмоқда.

Шунга қарамай, улар масалага некбинлик билан ёндошмоқдалар.

«Бу таклиф... Саноат вазирлиги ҳамда Давлат мулки ва инвестицияларини бошқариш қўмитаси томонидан маъқулланиши эҳтимоли юқори, чунки канадаликларнинг ҳамкорлик қилиш истаги ва хоҳиши, энг муҳими, молиявий имкониятлари бор», дейди у. Бу ҳақда қўмитанинг Сўғд вилояти бошқармаси бошлиғи Шарифжон Аҳмедов маълум қилди.

Altair фойдасига яна бир омил – унинг «Тожикистонда рудани тўлиқ қайта ишлаш» ниятида эканлиги таъсир қилади, деди у. Канада компанияси, шунингдек, «[қўшни] кончилар шаҳрининг йўлларини реконструкция қилиш ва инфратузилмасини ривожлантиришга» ҳам ваъда бермоқда.

Яхшироқ ҳаёт умиди

Муҳим маъданни қайта ишлаш корхонаси номи билан аталган кончилар шаҳри Адрасман оғир кунларни бошдан кечирган.

У 1958 йилда барпо этилган ва Совет даврида гуллаб-яшнаган. Ҳудудда уран, кумуш, олтин, рух ва қўрғошин мавжуд.

Аммо Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, Адрасманда иқтисодий фаоллик ҳам тўхтаб қолган. Кўп ўтмай завод ҳам ёпилган. Натижада қишлоқ деярли бўшаб қолган.

2006 йилдан 2013 йилгача Адрасман мажмуасини Қозоғистоннинг «Казинвестминерал» компанияси бошқарган. Лекин фойда ололмагач, таслим бўлган.

Ўшандан бери Тожикистон ҳукумати ишончли оператор топишга ҳаракат қилмоқда.

«Xin Li Tsya икки йил давомида мажмуа улушини олишга ҳаракат қилди, аммо хитойликлар бизнесни бепул олишни ва унинг қарзларини ўз зиммаларига олмасликни истадилар» деди Комилзода.

Ишончли инвестор қидириш давомида Altair компанияси ўртага чиқди, деди у.

Адрасман шаҳарчасида ҳозирда 15 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг кичик бир қисмигина кончилик корхонасида ишлайди.

Совет даврида 2000 га яқин ишчи бор эди. Қозоғистон оператори даврида эса уларнинг сони 800 га яқин бўлган.

Ҳозирда 100 нафарга яқин энг зарурий ходимлар конни назорат қилиб туради. Уларга қўриқчилар ва ер ости сувлари шахталарни сув босмаслиги учун насосларни бошқарувчи ишчилар киради.

Altair Адрасманни қайта очишга рухсат оладиган бўлса, «кончилар қишлоғининг тикланиши ва яхши ҳаётга умид пайдо бўлади», дейди Адрасман мажмуаси бош директори Собир Мамажанов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500