Карвонсарой
Хавфсизлик

Хасга ёпишиш: Россия Украина масаласида Хитойдан ёрдам кутмоқда

Карвонсарой ва AFP

Чилининг Сантьяго шаҳридаги Россия элчихонаси олдида намойишга чиққан Украина фуқаролари, 26 феврал. [Мартин Бернетти/AFP]

Чилининг Сантьяго шаҳридаги Россия элчихонаси олдида намойишга чиққан Украина фуқаролари, 26 феврал. [Мартин Бернетти/AFP]

ПЕКИН – Россиянинг кенг миқёсда қораланган Украинадаги уруши борасида Хитойнинг бир тўхтамга келиши юзасидан босим кучайиб бораётган бўлса-да, Пекин расмийлари ҳозиргача бу масалада «бетараф» бўлиб қолмоқда.

Пекин ва Москва ўртасидаги дўстона муносабатлар юзасидан хавотир билдириб келган Қўшма Штатлар ва Европа Хитойни тобора яккаланиб бораётган Россия билан алоқани узишга чақирган.

Аммо Украинага ҳужумнинг учинчи ҳафтаси ўтиб, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони ортар экан, Россиянинг тақиқланган кимёвий қурол ишлатишга ҳозирлик кўраётгани ва уруш жинояти содир этиши билан боғлиқ айбловлар фонида Пекин Кремл билан алоқаларни узишга ҳаракат қилаётгани йўқ.

Россия президенти Владимир Путин 24 феврал куни қўшни Украинага босқин бошлаганидан бери Вашингтон унинг иқтисодиётига санкциялар билан зарба бериб, мамлакатни глобал тўлов тизимидан чиқариб юборди ва Россияни дефолт ёқасига олиб келди.

Россиянинг Украинага босқини асносида Харковда ўққа тутилиб вайрон бўлган уйни вайроналардан тозалаётган қутқарувчилар, 16 март. [Сергей Бобок/AFP]

Россиянинг Украинага босқини асносида Харковда ўққа тутилиб вайрон бўлган уйни вайроналардан тозалаётган қутқарувчилар, 16 март. [Сергей Бобок/AFP]

Ракета келиб тушиши натижасида ёниб кетган кўп қаватли турар жой биноси шикастланишларини кўздан кечираётган ўт ўчирувчи, 17 март, Киев. [Фадел Сенна/AFP]

Ракета келиб тушиши натижасида ёниб кетган кўп қаватли турар жой биноси шикастланишларини кўздан кечираётган ўт ўчирувчи, 17 март, Киев. [Фадел Сенна/AFP]

Яккаланиб қолган, пули тугаб бораётган ва валютаси инқирозга учраган Россия ўзининг энг охирги иттифоқдоши Хитой билан дўстона муносабатларига ишонмоқда.

АҚШ расмийларига кўра, Россия ўтган ҳафта Хитойдан иқтисодий ва ҳарбий ёрдам сўраган.

У Украинадаги уруш учун ҳарбий техника ва ёрдам изламоқда, деб айтган шахси очиқланишини истамаган расмийлар New York Times нашрига.

Шунингдек, у АҚШ, Европа ва айрим Осиё мамлакатлари томонидан жорий қилинган кенг кўламли санкцияларга қарши курашиш учун иқтисодий ёрдам сўраган.

Расмийлар разведка манбаининг анонимлигини сақлаш мақсадида Москванинг сўрови ёки Пекиннинг жавоби тўғрисидаги тафсилотларни тақдим этишдан бош тортганлар, деб хабар берган нашр якшанба (13 март) куни.

Бу хабар Оқ уй агар Москвага санкциялардан қочишда ёрдам берса, Пекинни шиддатли «оқибатлар» кутаётгани ҳақида огоҳлантирганидан кейин пайдо бўлган.

Хитой бу хабарларга бевосита жавоб беришдан бош тортган, бунинг ўрнига Хитойнинг Украина урушидаги роли борасида Вашингтонни «дезинформация» тарқатишда айблаган.

Хитойнинг манфаати

Уруш бошланганидан кейин Хитой Путиннинг ҳаракатларини қоралашдан ва ҳатто босқинни «уруш» деб тан олишдан бош тортган.

Бунинг ўрнига ўтган ҳафта Пекин икки мамлакат ўртасидаги муносабатни «мустаҳкам» деб атаган.

Пекин оммавий дипломатияда ўзини нейтрал ўйинчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилар экан, тинчлик музокараларни ўтказишга чақириб, НАТОни Украинага ёрдам бергани учун қоралаган.

Аммо Пекин Россия иқтисодиётини дефолт ҳолатидан чиқаришга ва ҳатто Украинада қийналаётган аскарларига қурол-яроғ ва логистика бўйича ёрдам беришга тайёр, деб хабар бермоқда АҚШ ОАВ разведка маълумотларига таянган ҳолда.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой президенти Си Цзинпиннинг вазифаси Путин ҳаракатлари туфайли халқаро саҳнада юзага келган кутилмаган тартибсизлик ичида йўл топиб, Хитойнинг Қўшма Штатлардан олдин келишини кафолатлашдир.

Москва энергия қувватига муҳтож қўшнисига арзон нефт ва газ истиқболини таклиф қилган бир вақтда, Ғарб Россия углеводород қазилмаларидан халос бўлишга ваъда бермоқда.

«Хитой фақат ўз манфаатларини кўзламоқда, холос», дейди Москвадаги Карнеги маркази катта илмий ходими Александр Габуев. «Заиф Россия бу сизнинг манфаатларингизга хизмат қиладиган Россиядир, чунки сизда таъсир кучи кўп.»

Аммо Си ва Путин ўртасидаги дўстона муносабатга қарамай, икки мамлакат ўртасида ўзаро ишончсизлик тарихи мавжуд.

«Хитой россияпараст эмас, у АҚШга қарши», дейди Габуев.

«Нима учун Хитой Россияни қўллаб-қувватламас экан ёки бундан ҳам баттари, Россия билан иттифоқига путур етказар экан?», деб савол беради Австралиянинг Сидней шаҳридаги Янги жанубий Уэлс университетининг сиёсат ва халқаро муносабатлар бўйича маърузачиси Александр Королёв.

«Катта эҳтимол билан Хитой ўз позициясини ўзгартирмайди ва бу глобал геосиёсатдаги чуқурроқ ажралишдан дарак беради.»

«Хитой учун ёмон»

Хитойнинг кейинги ҳаракатлари унинг дипломатларига оид билвосита изоҳлардан тахмин қилинади.

Сешанба куни давлат нашрлари Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг «Хитой низода иштирок этаётган томонларнинг бири эмасва санкциялар таъсирига тушишни истамайди», деган баёнотини тарқатган.

Бу орада Хомашё маҳсулотлари, айниқса Россия ва Украинадан Хитойга етказиладиган буғдой ва жўхорининг нархлари ошиб кетган.

Хитойнинг АҚШдаги элчиси Цин Ган сешанба куни Washington Post нашридаги мақоласида Пекиннинг Украина масаласи бўйича қарашларини «тўлиқ тушунтириб беришга ва ҳар қандай тушунмовчилик ва гумонларни йўқотишга» ҳаракат қилган.

«Хитой ашаддий адолатпарвар сифатида масаланинг моҳиятидан келиб чиқиб, ўз позициясини ҳал қилади», деб ёзган у.

«Украина бўйича Хитойнинг позицияси холис ва бетараф: БМТ низомининг мақсад ва тамойилларига тўлиқ амал қилиниши лозим, барча мамлакатлар, жумладан Украинанинг ҳам суверенитети ва ҳудудий бирлиги ҳурмат қилиниши лозим, барча мамлакатларнинг хавфсизлик хавотирлари жиддий қабул қилиниши лозим, низонинг тинчлик йўли билан ҳал қилиниши учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши зарур.»

«Россия ва Украина ўртасидаги низо Хитойга фойда келтирмайди», деб айтган у.

Ган Путиннинг адолатсиз урушини қоралаш ўрнига, Вашингтонни «Тайван мустақиллиги айирмачилигини ҳар қандай кўринишда қўллаб-қувватламасликка чақирди».

Россиянинг Украинани босиб олиши ва Хитойнинг Тайван бўйича позициясини бир-бирига боғлаш «хато», деб айтган у.

«Украина суверен мамлакат, Тайван эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми

Пекин орол суверенитетини даъво қилаётган ва бир кун келиб керак бўлса куч билан эгаллаб олишни даъво қилаётган бир вақтда демократик Тайван Украинадаги вазиятни кузатиб бормоқда.

2016 йилда Цай Инвэн Тайван президенти этиб сайланиб, орол бўйича Хитой даъволарини рад этганидан бери Пекин Тайванга нисбатан ҳарбий, дипломатик ва иқтисодий босимни кучайтириб келган. У 2020 йилда қайта сайланган.

Путин қўшинларга Украинага бостириб кириш буйруғини беришидан бир неча кун олдин Украина «Россия томонидан яратилгани» ва Совет Иттифоқининг парчаланиши, Украина ва бошқа совет давлатларининг тарқаб кетишига йўл қўйилгани хато бўлганини айтиб ўтган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитой фақат Узоқ Шарқни қўлга киритиш эвазига ёрдам беради.

Жавоб бериш

Хитойга бу тиланчи керак эмас.

Жавоб бериш