Карвонсарой
Хавфсизлик

Талафотлари ортиб бораётган Россия Украинага қарши урушга ёлланма аскарларни жалб қилмоқда

Аким Ҳалимов ва AFP

4 март куни Қримнинг Симферопол шаҳрида Россия президенти Владимир Путин суратлари туширилган улкан плакатларни ёпиштираётган эркак, уларнинг бирида «Россия уруш бошламайди, аксинча уларни якунлайди» (чапда), бошқасида «Мақсадимиз – Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш» деб ёзилган. 4 март куни Европадаги энг йирик атом электр станцияси босқинчи кучлар ҳужумига учраб, эгаллаб олиниши ортидан Украина Кремлни «ядровий терроризмда» айблаган. Бутун Европани заҳарлаган Россиянинг уруш таҳдиди Ғарбда жиддий хавотир уйғотган. [Стрингер/AFP]

4 март куни Қримнинг Симферопол шаҳрида Россия президенти Владимир Путин суратлари туширилган улкан плакатларни ёпиштираётган эркак, уларнинг бирида «Россия уруш бошламайди, аксинча уларни якунлайди» (чапда), бошқасида «Мақсадимиз – Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш» деб ёзилган. 4 март куни Европадаги энг йирик атом электр станцияси босқинчи кучлар ҳужумига учраб, эгаллаб олиниши ортидан Украина Кремлни «ядровий терроризмда» айблаган. Бутун Европани заҳарлаган Россиянинг уруш таҳдиди Ғарбда жиддий хавотир уйғотган. [Стрингер/AFP]

КИЕВ – Разведка маълумотларига кўра, Украинага муваффақиятсиз босқини ортидан катта йўқотишларга учраётган Кремл тобора кўпроқ ёлланма аскарларга таянмоқда.

Кузатувчиларга кўра, 24 феврал куни босқин бошланганидан бери Россия қўшинлари катта талофатларга дучор бўлди, жума (18 март) куни Украина ҳарбийлари Россия тарафи 14200 га яқин қурбон берганини айтган.

Бунинг натижасида Москва ўз сафини тўлдириш учун очиқчасига Суриядан ёлланма аскарлар жалб қилиш билан бирга Россиянинг хуфиёна хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) – «Вагнер» гуруҳини ишга солмоқда.

Россия Сурия армияси ва иттифоқчи кучлардан Украинага жойлаштириш учун жанговар шай ҳолатга келтириладиган 40 минг жангари рўйхатини тузган, деб хабар берган сешанба куни ҳарбий кузатувчилардан бири.

8 март куни Украина мудофаа вазирлиги ўзининг Facebook саҳифасида ҳалок бўлган Вагнер ёлланма аскарларидан ечиб олинган жетонлар суратларини чоп этган. (Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси)

8 март куни Украина мудофаа вазирлиги ўзининг Facebook саҳифасида ҳалок бўлган Вагнер ёлланма аскарларидан ечиб олинган жетонлар суратларини чоп этган. (Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси)

Путиннинг иттифоқдоши Евгений Пригожин томонидан молиялаштирилган ва бутун дунёдаги Вагнер ёлланма аскарларини «қаҳрамон» қилиб кўрсатишга уринувчи «Турист» филмидан олинган лавҳа.

Путиннинг иттифоқдоши Евгений Пригожин томонидан молиялаштирилган ва бутун дунёдаги Вагнер ёлланма аскарларини «қаҳрамон» қилиб кўрсатишга уринувчи «Турист» филмидан олинган лавҳа.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ва фаолларга кўра, россиялик зобитлар Сурия ҳарбийлари ва иттифоқчи қуролли кучлар билан ҳамкорликда режим назоратидаги ҳудудларда рўйхатга олиш пунктларини очган.

«Украинада Россия сафида жанг қилиш учун ҳозиргача 40000 дан ортиқ суриялик рўйхатдан ўтган», деди Буюк Британияда жойлашган кузатувчи ташкилот раҳбари Рами Абдураҳмон AFPга.

Яна 18 минг киши Суриянинг «Баас» ҳукмрон партиясида рўйхатдан ўтган ва улар Вагнер гуруҳи томонидан текширилади, дейилади кузатувчи хабарида.

Ўтган ҳафтада Кремл кўнгиллилар, жумладан Суриядан келганлар Украинада Россия армияси билан бир сафда жанг қилиши мумкинлигини айтган, деб ёзади AFP.

Аввалроқ, 8 март куни Украина мудофаа вазирлигининг Facebook саҳифасида ҳалок бўлган «вагнерчилардан» бирига тегишли экани айтилган жетонлар суратлари чоп этилган эди.

Суратдаги жетонда Сурияга тегишли телефон рақамлари, шунингдек, араб, форс, инглиз ва француз тилларида «Илтимос, ёрдам беринг ва биз билан боғланинг» деган ёзувлар бор.

Вазирлик Facebook саҳифасидаги постида ўз номини «Лига» деб ўзгартириб олган Вагнер гуруҳини Россиянинг Украинага босқинига кўмаклашишда айблаб, унинг айрим ёлланма аскарлари «аввал ҳам Россиянинг Украина ҳудудидаги жанговар операцияларда тажовузкор армия сафида иштирок этганини» таъкидлаган.

Россия Украина пойтахтига ҳужум қилишга уринаётган кучларини дастаклаш учун Киевга 1000 нафар ёлланма аскарни юборишни режалаштирмоқда. Вазирликка кўра, шу ой бошида Ростов-Дон шаҳрида аскарларни ёллаш учун ХҲК штаби ташкил этилган.

Ёлланма қотиллар

Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси собиқ директори, ҳарбий таҳлилчи Александр Галаканинг Карвонсаройга айтишича, бундай ёлланма аскарлар «қўпорувчилик ва террор амалиётлари учун олиб келинмоқда».

Улар ишғол қилинган ҳудуддаги исёнкор фуқароларни бостириш ва қўрқитиш амалиётларини ўз ичига олувчи «қора ишларни» бажаришга мўлжалланган, деди у.

Вагнер гуруҳи аъзолари бутун дунёда ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланган.

Вагнер илк бор 2014 йилда Украинада уруш бошланиб, Россия Қримни ноқонуний эгаллаб олганида пайдо бўлган эди.

Ўшандан бери унинг ёлланма аскарлари бутун дунёда, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия, Марказий Африка Республикасидаги (МАР) можароларда иштирок этган.

«Аслини олганда, улар Россия қуролли кучларининг бир қисми. Уларда Россия армиясининг қуроллари бор. Улар Россия полигонларида машғулот ўтказади. Улар ҳатто [Россия президенти Владимир] Путинга яқин бизнесмен Евгений Пригожин томонидан молиялаштирилади», деди Галака.

Пригожинни Вагнер ва бутун дунё бўйлаб Кремл учун бажарилган бошқа «ифлос ишларга» оид операциялар билан боғлайдиган кўплаб далиллар борлигига қарамай, у ҳам, Москва ҳам ХҲК билан алоқаларини рад этиб келади.

Вагнер ёлланма аскарлари Россиянинг мунтазам армиясидаги аскарларга қараганда яхшироқ тайёргарликка эга, дейди аввалроқ Украина ташқи разведка хизматига раҳбарлик қилган армия генерали Микола Маломуж.

«ХҲК кимлардан таркиб топганини тушуниш муҳим. Булар собиқ Альфа ва Вымпелнинг махсус кучлари», деди у Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФХХ) махсус қўшинларига ишора қилиб.

«Улар умуман бошқа даражадаги жангчилар», дейди Маломуж.

«Бундан ташқари, уларнинг тайёргарлик жараёни мунтазам Россия армияси машғулотларидан фарқ қилади», деди у. «Улар НАТОнинг илғор амалиётлари ва Хитой стандартларини қўллайдилар, ушбу дунё миқёсидаги тажрибани ўзлаштириб, уни жанг майдонида ишга солишга ҳаракат қилишади.»

«Уларнинг ёллаш марказлари бутун дунёда мавжуд, аммо барибир, ёлланма аскарларнинг 80 фоизи – россияликлар», деб қўшимча қилди у.

«Уларнинг маълум фоизи, эҳтимол, «ДХР ва ЛХР» деб аталувчи ҳудудлардан бўлиши мумкин», деди у, Украина шарқидаги икки бўлгинчи минтақа – Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикасини назарда тутиб. Путин Украинага кенг кўламли босқинни бошлашдан бир неча кун олдин бу ҳудудлар мустақиллигини тан олган эди.

«Албатта, Путин улар учун топшириқлар ишлаб чиқмайди. Бу иш билан махсус хизматлар раҳбарлари шуғулланади. Лекин у, шубҳасиз, бундай кучлардан фойдаланиш масаласини мувофиқлаштиради», деди Маломуж.

Кремл қўлловидаги ёлланма аскарлар «мағлуб этилади»

Вагнер гуруҳи ва бошқа ёлланма аскарлар ҳалокатли тайёргарликдан ўтганига қарамай, улар Россия армиясини Украинадаги мағлубиятлардан қутқара олмайди, дейди таҳлилчилар.

«Бу жангариларнинг асосий муаммоси шундаки, улар ҳеч қачон кучли душманга дуч келмаган», дейди Галака.

Суриядаги қуролланмаган аҳолини ёки исёнчиларни қийнаш бошқа масала. Профессионал, юксак мотивацияли украиналик аскарга қарши жанг қилиш бошқа, деди у.

«Вагнерчилар, қодировчилар ва бошқа жангариларнинг енгилмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар бу шунчаки маркетинг», деди Галака Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бошчилигидаги ёлланма аскарларни назарда тутиб. Ишончим комилки, бу ерда, Украинада уларнинг фаолиятига чек қўйилади».

Маломуж ҳам худди шундай фикрда.

«Украина махсус бўлинмаларининг тайёргарлиги яхшироқ. Юзма-юз жангларда улар Вагнер ёлланма аскарларидан яққол устун», деди у. «Ёлланма аскарларда ҳеч қандай имконият йўқ».

Киевга бостириб кириб, Украина президенти Владимир Зеленскийни ўлдириш буйруғини олган Қодировнинг «элита» жанговар бўлинмалари ҳам уруш бошланганидан сўнг бир неча кун ичидаёқ йўқ қилинди.

«Аскарларимиз уларни бирин-кетин йўқ қилаверди. Улар ҳам бошқалар каби ўлди, ажралиб турадиган жиҳати йўқ», дейди ҳозирда Киев яқинидаги Ирпен шаҳрида 206-ҳудудий мудофаа батальони сафида жанг қилаётган собиқ адвокат Ярослав Куц.

Ўлдирилганлар орасида қотиллар гуруҳи қўмондони, Қодировнинг яқин дўсти ва иттифоқчиси Магомед Тушаев ҳам бор.

«Бу ҳаромзодаларнинг ажралиб турадиган ягона жиҳати шундаки, улар тинч аҳолига қарата ўқ узади, барча эвакуация йўлакларини миналар билан тўлдиради ва гуманитар ходимларга ҳужум қилади», деди Куц. «Уларни тез орада қириб ташлаймиз.»

Украинага жўнатилган ёлланма аскарларнинг бир қисми ҳозир яшириниб турган бўлса-да, Маломужнинг сўзларига кўра, улар бу ҳолатда узоқ муддат қола олмайди.

«Бугунги кунда одамлар, оддий фуқаролар жуда ҳушёр. Улар ҳар бир шубҳали одамга эътибор бермоқда», деди у.

«Бу жангариларни имкон қадар тезроқ аниқлаш ва йўқ қилиш зарур», деди Галака. «Улар урушнинг боришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, лекин умуман ҳеч қандай қонунларга бўйсунмагани сабабли тинч аҳоли учун жуда катта хавф туғдиради», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия қўшинлари Украина қозонига тушиб қолишди.

Жавоб бериш