Карвонсарой
Жамият

Қозоғистондаги этник руслар Москванинг «ҳимоясига» муҳтож эмас

Канат Алтинбаев

Олмаоталик шоумен ва собиқ телебошловчи Фима Иванов 10 март куни қозоқ миллий либосида дўстлари билан дастурхон атрофида ўтириб, бешбармоқ ва бўғирсоқ каби қозоқ таомларидан баҳра олаётгани акс этган суратини эълон қилган. [Facebook]

Олмаоталик шоумен ва собиқ телебошловчи Фима Иванов 10 март куни қозоқ миллий либосида дўстлари билан дастурхон атрофида ўтириб, бешбармоқ ва бўғирсоқ каби қозоқ таомларидан баҳра олаётгани акс этган суратини эълон қилган. [Facebook]

ОЛМАОТА – Қозоғистондаги этник руслар қозоқларнинг уларга нисбатан тазйиқлари ҳақидаги Россиянинг «сохта хабарларига» ижтимоий тармоқлар орқали норозилик билдирмоқда.

«Караван» газетасининг журналисти, олмаоталик Александра Мискина 9 март куни Facebook саҳифасидаги постида Қозоғистондаги русийзабонларга тазйиқлар йўқлиги ва улар ҳимояга муҳтож эмаслигини кўрсатиш учун онлайн «флешмоб» ўтказишга чақирди.

У Қозоғистондаги этник русларни Россия томонидан олиб борилаётган ташвиқот урушига қарши туриш ва унинг «кўп миллатли Қозоғистон тинчлигини бузишига» йўл қўймаслик учун бирлашишга чақирди.

Қозоқ миллий либосида тушган сурати билан ёзган постида Мискина флешмобни «Қозоғистон менинг жаннатим» деб номлаган.

«Караван» газетасининг олмаоталик журналисти Александра Мискина 9 март куни «Қозоғистон менинг жаннатим» деб номланган онлайн флешмобни бошлади. У қозоқ миллий либосини кийиб тушган суратини чоп этган. [Facebook]

«Караван» газетасининг олмаоталик журналисти Александра Мискина 9 март куни «Қозоғистон менинг жаннатим» деб номланган онлайн флешмобни бошлади. У қозоқ миллий либосини кийиб тушган суратини чоп этган. [Facebook]

«Қозоғистондаги русларни нимадан қутқаришмоқчи? Тўкин дастурхондан, гўдакликдан ўстириб катта қилган «опашка»нинг [онахон] бағридан, буюк қозоқ халқининг чексиз меҳрибонлиги ва донолигиданми...», деб ёзади Мискина.

Этник руслар қозоқ тилини ўрганишга тайёр ва ўрганмоқда, чунки «биз қозоқларимизни бутун қалбимиз билан яхши кўрамиз, янги мактаблар очилаётганидан хурсандмиз ва уларнинг қозоқ эканлиги биз учун муаммо эмас» деб ёзган у.

Россиянинг «сохта хабарлари»

Мискинанинг пости Россиянинг Украинадаги тажовузи ва қозоқларнинг русийзабон аҳолига нисбатан зулми ҳақидаги Москванинг иддаоларига муносабат ўлароқ янграган.

Россия кучлари Украинага 24 феврал куни бостириб кирди.

Карвонсарой билан суҳбатда бўлган Мискина бу флешмобни Россиядан келаётган «сохта хабарларга» жавобан бошлаганини айтди.

У Россия коммунистик партияси раҳбари Геннадий Зюгановнинг январ ойида яна қозоқ матбуотида пайдо бўлган интервьюсига ишора қилган.

11 январ куни «Говорит Москва» (Москвадан гапирамиз) радиостанциясига берган интервьюсида Зюганов Қозоғистонда «алоҳида эътибор» талаб қилувчи русофобия сиёсатига ишора қилган эди.

Бу интервью Қозоғистонда икки ойдан кейингина оммага маълум бўлди.

«Қозоғистондан 3 миллиондан ортиқ одам чиқиб кетди: руслар, деярли барча немислар, украинлар, беларуслар, татарлар. Бу каби мутлақ русофобик сиёсат жуда хатарли», деган эди ўшанда Зюганов далиллар ва вақт оралиқларини зикр қилмай.

Интервью давомида Зюганов кўплаб асоссиз даъволарни илгари сурган.

Шимолий Қозоғистондаги барча шаҳарлар ва саноат объектлари руслар томонидан барпо этилган, шу сабаб муаммоларни уйғунликда ҳал қилиш керак», деди у.

У Россия ҳукуматини постсовет республикалардаги вазиятга эътибор қаратишга ва чора кўришга чақирди.

Киев ҳукумати Донбассни «бомбардимон қилмоқда», деди у ўққа тутишни даҳшатли қизил байроққа қиёслаб. У, шунингдек, Қозоғистондаги вазиятни янги ва «жуда хавотирли сигнал» деб атади.

«Шунинг учун ҳам мамлакатимиз шошилинч чоралар кўриши керак.»

Зюгановнинг сўзлари Москванинг расмий позицияси бўлмагани учун Кремлга «расман норозилик билдирилмайди», деди Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди 10 март куни журналистларга.

Бироқ Россия расмийларининг ўтмишдаги баёнотлари Қозоғистон огоҳ бўлиши кераклигидан далолат беради.

Ўтган йилнинг ноябр ойида «Российская газета» давлат нашрида чоп этилган мақолада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистонни «русийзабон фуқароларга нисбатан ксенофобияда» айблаб, «оғир вазиятлар» юзага келган тақдирда «оператив чоралар» кўрилиши билан таҳдид қилган эди.

«Менинг она ватаним, менинг уйим»

Бундай даъволар асоссиз, дейди Қозоғистондаги этник руслар.

Қозоғистон россиялик сиёсий технологларнинг ташвиқот уруши нишонига айланган, деди Мискина.

«Биз жим турмаслигимиз керак – кўп миллатли Қозоғистонда сукунатли розилик қарор топмаслиги керак», деди у.

9 март куни флешмобга қўшилган Олмаотадаги Chesnok.kz тадбирларни ўтказиш агентлиги раҳбари Слава Неруш Зюгановга мурожаат қилиб, ўзини ҳам, оиласини ҳам «қутқаришларига» муҳтож эмаслигини айтди.

«Ёдингда тут, Зюганов, қозоқлар – менинг биродарларим. 47 йилда мен ҳам, оилам ҳам қозоқлардан ҳеч қандай ёмонлик кўрмадик».

«Қозоғистон менинг она ватаним ва уйимдир», деб ёзади Неруш.

Россиялик сиёсатчилар «баёнот бераётганда эҳтиёт бўлгани» маъқул, «умуман гапирмаса» ундан ҳам яхши, деб қўшимча қилди у.

«Мен юртимни уруш даҳшатлари четлаб ўтишини ва Украина бошдан кечираётган даҳшат ва азоб-уқубатлар тугашини Худодан сўрайман», деди Неруш.

Олмаоталик шоумен ва собиқ телебошловчи Фима Иванов 10 март куни қозоқ миллий либосида дўстлари билан дастурхон атрофида ўтириб, бешбармоқ ва бўғирсоқ каби қозоқ таомларидан баҳра олаётгани акс этган суратини эълон қилган.

«Менинг Қозоғистоним!» деб ёзган Иванов қозоқ тилида.

«Александра Мискинани тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Баракалла! Москвада мени қозоқ деб чақиришарди ва мен бундан фахрланаман!»

«Россиянинг бизга нима кераги бор?»

Қозоқ миллий чолғу асбоби – дўмбира чалувчи ва қозоқ тилида равон сўзлашувчи профессионал мусиқачи, нур-султонлик Алексей Лодочников 10 март куни Кристина исмли россиялик дўсти билан олинган видеолавҳани интернетга жойлаган.

«Россиядаги айрим депутатлар ва бошқа жамоат арбоблари бу ердаги руслар гўёки қозоқ тилини ўрганишга мажбурланяпти, дейишмоқда. Лекин бу ерда яшайдиган ҳаммамиз бу гап ёлғон эканини биламиз», деди қозоқ тилида Лодочников ва Кристинага юзланиб «Россияга кўчиб кетишимиз керакми?» деб савол берди.

«Россиянинг нима кераги бор? Бизга Қозоғистонда ҳам яхши», деб жавоб берган Кристина қозоқ тилида.

Флешмобнинг яна бир иштирокчиси, Олмаота вилоятининг Талдиқўрғон шаҳридан бўлган блоггер Евгений Зайцевнинг айтишича, Россия сиёсатчилари норозилик билдиришдан аввал Қозоғистондаги русийзабон аҳолининг ҳақиқий аҳволи билан танишиб чиқишлари керак.

«Биз қозоқлар ва бошқа миллатлар билан тинч-тотувликда яшаймиз, дўстмиз, бир-биримизникига меҳмонга борамиз, узоқ йиллардан бери бир қозондан таом еймиз, орамизда ҳеч қандай муаммолар йўқ ва бўлмаган», деди Зайцев Карвонсаройга.

«Аммо Россия расмийлари бизга муаммо туғдирмоқчи бўлаётгандек. Улардан кимдир аралашишни сўрадими?»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500