Карвонсарой
Энергия

Қатар билан келишув орқали Германия Россия газига қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Германиянинг Линген шаҳридаги газда ишлайдиган электростанциясининг совутиш минораси, 12 январ кунги сурат. Россия газига қарамликни камайтиришга уринаётган Германия Қатар билан янги узоқ муддатли келишув доирасида иккита суюлтирилган газ терминали қурилишини «тезлаштириш» мажбуриятини олган. [Ина Фассбендер/AFP]

Германиянинг Линген шаҳридаги газда ишлайдиган электростанциясининг совутиш минораси, 12 январ кунги сурат. Россия газига қарамликни камайтиришга уринаётган Германия Қатар билан янги узоқ муддатли келишув доирасида иккита суюлтирилган газ терминали қурилишини «тезлаштириш» мажбуриятини олган. [Ина Фассбендер/AFP]

ДОҲА – Россия газига қарамликни камайтиришга интилаётган Германия Қатар билан янги узоқ муддатли шартнома доирасида иккита суюлтирилган табиий газ (СТГ) терминали қурилишини «жадаллаштириш» мажбуриятини олди. Бу ҳақда якшанба (20 март) куни Форс кўрфази давлати хабар берган.

Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек Доҳада унинг амири ва энергетика вазири билан музокаралар чоғида бу борада келишувга эришди. Улар ўз таъминотини кафолатлаш учун Европа давлатларидан узоқ муддатли битимлар тузишни талаб қилган.

Cўнгги ойларда Европа давлатлари Россия газига муқобил суюлтирилган табиий газ излаб Қатарга мурожаат қилган.

Босқиндан олдин Германия қарийб 55 фоиз табиий газни Россиядан импорт қилар эди.

2017 йил 6 февралда олинган суратда Қатарнинг Qatar Petroleum компанияси тасарруфидаги суюлтирилган газ ва газдан суюқлик ишлаб чиқариш бўйича асосий ҳудуди бўлган Рас Лаффан саноат шаҳрининг кўриниши акс этган. [Карим Жаъфар/AFP]

2017 йил 6 февралда олинган суратда Қатарнинг Qatar Petroleum компанияси тасарруфидаги суюлтирилган газ ва газдан суюқлик ишлаб чиқариш бўйича асосий ҳудуди бўлган Рас Лаффан саноат шаҳрининг кўриниши акс этган. [Карим Жаъфар/AFP]

«Газпром»га тегишли газининг муайян қисми Марказий Осиёдан олинади. «Газпром» Россия конларидан газ қазиб олишдан ташқари, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан ҳам газ сотиб олиб, Европага қайта экспорт қилади.

«Бир томондан, бизга вақтинчалик ва қисқа муддатда кўпроқ суюлтирилган газ керак ва биз уларнинг ўзимиздаги терминалларга етказиб берилишини истаймиз», деди Хабек кетиш олдидан берган баёнотида.

«Бошқа томондан, биз энди анъанавий табиий газдан яшил водородга ўтишни тезлаштиришимиз зарур», деб қўшимча қилди у.

Унинг айтишича, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) бу мақсадларга эришишда «марказий аҳамиятга эга».

Тезкор СТГ терминаллари

Хабек ва энергетика вазири Саъд Шерида ал-Каъбий ўртасидаги учрашувда «немис томони Германия ҳукумати иккита СТГ қабул қилиш терминали қурилишини жадаллаштириш йўлида тезкор ва аниқ чоралар кўрганини тасдиқлади».

Қатар энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ушбу терминаллар немис ҳукуматининг бевосита кўмагида «Германияга узоқ муддатли СТГ импортини таъминлаш йўлидаги устувор вазифа доирасида» Германияда барпо этилмоқда.

Томонлар «ўзларининг тегишли тижорат тузилмалари Қатардан Германияга узоқ муддат давомида СТГ етказиб беришга оид музокараларни қайта бошлаши ва давом эттиришига келишиб олдилар».

Берлиндаги Германия матбуот котиби узоқ муддатли ҳамкорликка эришилгани ва компаниялар «аниқ шартнома бўйича музокара бошлашини» тасдиқлади.

Хабек шунингдек, нефт етказиб бериш бўйича музокаралар ўтказиш учун БААга жўнаб кетишдан олдин Доҳа амири шайх Тамим бин Ҳамад Ал-Таний билан учрашув ўтказди.

Абу-Даби миллий нефт компанияси (ADNOC) душанба куни Германиядаги ҳамкасблари билан тоза водород бўйича ҳамкорликни тезлаштириш ва чуқурлаштиришга оид шартномалар имзолаганини эълон қилди, деб хабар беради амирликнинг WAM ахборот агентлиги.

Мазкур келишувлар амирликнинг Германия билан энергетика соҳасидаги узоқ йиллик ҳамкорлигига, шунингдек, 2021 йил ноябр ойида икки давлат ўртасидаги ташкил этилган водород бўйича ишчи гуруҳига асосланади, деб хабар беради WАМ.

Хабек яқинда газ ишлаб чиқарувчи яна бир қудратли давлат бўлмиш Норвегияга, шунингдек, дунёдаги энг йирик экспортчи АҚШга ҳам ташриф буюрди.

Газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш

Доҳага сафари олдидан Deutschlandfunk радиосига интервью берган Хабек Германия кейинги қиш мавсуми учун газ етказиб беришни таъминлаш бўйича жиддий хавотирда эканини айтган.

«Келгуси қишда кўпроқ газ ололмасак ва Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилса, барча уйларимизни иситиш ва саноатимиз ишини давом эттириш учун газ етмай қолади», деб огоҳлантирди у.

Жума куни Хабек етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш зарурлигини айтар экан, мамлакат анъанавий табиий газдан яшил энергетикага ўтиш жараёнини тезлаштириши кераклигини ҳам таъкидлаган.

«Ишончим комилки, Норвегия, Қўшма Штатлар, Канада ва Қатар билан олиб борилаётган музокаралар туфайли Европа ва Германияга суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми ортишига ишончим комил», деб айтган Хабек ARD телеканалига.

Германия йил охиригача Россиядан нефт импортининг катта қисмини тўхтатишни мўлжалламоқда, аммо Россия газидан воз кечиш учун кўпроқ вақт керак бўлиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия Европа нефт-газ бозоридан ҳайдаб чиқарилади.

Жавоб бериш