ПЕКИН – Шанхайда яшовчи россиялик тадбиркор Маратнинг мамлакатига нисбатан жорий қилинган санкциялар унинг учун Хитойда кутилмаган имкониятларни пайдо қилди, зеро компаниялар таъминот занжирларини сақлаб қолишга зўр бериб уринмоқда.
Европа ва Шимолий Америкадаги етказиб берувчилари билан алоқалари узилиб қолган ва Хитойдан шериклар излаётган бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири 42 ёшли эркак билан алоқага чиққан.
У Украинага босқинни қўллаб-қувватлагани учун санкциялар остида қолган Россиянинг иттифоқчиси – Беларусда жойлашган компаниядан «тайёр бўлиб туринг» деган хабарни олган.
«Мен учун бу кўпроқ иш юкламаси ва... натижада каттароқ даромад деганидир», дейди Хитой ичида урушга оид фикрларни билдириш нозик масала бўлгани учун исминигина ошкор қилган Марат.
Кремл ҳам, Пекин ҳам Украинадаги урушни муҳокама қилишни кескин чеклаб қўйди, жумладан журналистларга «босқин» ва «уруш» сўзларини ишлатишни тақиқлади ҳамда бир-бирини тўлдирувчи дезинформация кампаниялари ва россияпараст ташвиқотни бошлади.
Россия президенти Владимир Путин 24 феврал куни Украинага қарши қонли ҳужум уюштирганидан бери Ғарб давлатлари Москвани глобал молия тизимидан чиқариб юборишди, натижада унинг валютаси қадрсизланиб, мамлакат дефолт ёқасига келиб қолди.
Ҳатто собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган Марказий Осиё давлатлари ҳам босқинга қарши бўлишди. Март ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ҳақида очиқ баёнот берган. Қозоғистон ҳукумати Украинага қарши урушда Россияга ёрдам учун қўшин юборишдан бош тортди ва 6 март куни Олмаотада Украина тарафдорларига намойиш ўтказишга рухсат берди.
Россиянинг урушга оид саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш
Аммо Россиянинг азалий иттифоқчиси бўлган Хитой бу йўлдан бормади – босқинни қоралашдан бош тортиб, Москвага дипломатик ҳимоя тақдим этиш билан бир қаторда потенциал иқтисодий қутқарув чамбарагини ҳам ташлади.
НАТО раҳбари Йенс Столтенберг чоршанба (23 март) куни Хитойни Россияга сиёсий кўмак беришда айблаб, Москванинг уруш ҳаракатларига моддий ёрдам бермаслик ҳақида огоҳлантирди.
«Хитой жумладан, очиқ ёлғон ва дезинформация тарқатиш орқали Россияга сиёсий дастаклади, иттифоқчилар эса Хитойнинг Россия босқинига моддий ёрдам кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда», деди у НАТОнинг пайшанба кунги шошилинч саммити олдидан.
«Умид қиламанки, раҳбарлар Хитойни БМТ [Бирлашган Миллатлар Ташкилоти] Хавфсизлик Кенгаши аъзоси сифатидаги мажбуриятларини бажаришга, Россиянинг уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватламасликка ва бутун дунёнинг бу урушни тинч йўл билан тўхтатиш чақириғига қўшилишга ундайдилар.»
Пекин Москванинг энг йирик савдо шериги бўлиб, Хитой божхона маълумотларига кўра, ўтган йилги савдо ҳажми 147 миллиард долларни ташкил этган – бу 2019 йилга нисбатан 30 фоизга кўпроқ.
Уруш бошланганидан бери иқтисодий жонланишнинг дастлабки белгилари кузатилмоқда, трансчегаравий савдогарларнинг AFPга маълум қилишича, улар Россия талабининг шарққа силжишини кутмоқдалар.
«Бу инқироз Хитойдаги Россия компаниялари учун имкониятдир», дейди ўзини Владимир деб таништирган Пекиндаги бошқа бир россиялик тадбиркор AFPга.
«Хитой очиқ. Нимадир сотиб олмоқчи бўлсангиз, [у] бизда бор, дейишяпти», деди у.
Рубл муаммолари
Аммо Россия билан ишлайдиган Хитойдаги аксар корхоналар учун сўнгги ҳафталар оғир кечган.
Рубл курсининг кескин ўзгариши туфайли кўплаб россиялик мижозлар янги буюртмалар олишни тўхтатишга мажбур бўлди, дейди пестицидлардан тортиб автомобил эҳтиёт қисмларигача бўлган маҳсулотлар билан савдо қилувчи тадбиркорлар.
Айримлар Россия банкларининг SWIFT тизимидан чиқариб юборилиши туфайли долларда тўлаш имкониятидан маҳрум бўлгани учун Хитой юанида ҳисоб-китоб қилиш йўлларини излашга мажбур.
Шунингдек, йирик ташувчилар Россияга жўнатиладиган юкларни қабул қилишдан бош тортгани ва дунёнинг энг катта мамлакатига олиб борувчи айрим йўналишлар тўсиб қўйилгани сабабли етказиб беришлар кечикмоқда.
Россия озиқ-овқат маҳсулотларини Хитойга олиб кириш билан шуғулланувчи Владимирнинг айтишича, «ҳамма вазиятнинг олдиндан тахмин қилса бўладиган ҳолатга қайтишини кутмоқда.»
«Ҳамма агар уруш тез орада тугаса, санкциялар бекор қилиниши мумкин, деб ўйлаяпти.»
«Хитой учун яхши»
Хитой ва Россия сўнгги йилларда янада яқинлашди, хусусан, Путин ўтган ойда Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.
Унинг хитойлик ҳамкасби, авторитар лидер Си Цзинпин миллиардлаб долларлик Россия нефти ва газини сотиб олишга оид шартномалар билан «чекланмаган» муносабатлар ҳақида эълон қилди.
Пекиндаги иккита Россия савдо марказида пандемиядан олдин экспортга тайёр кийим ва матолар билан тўлиб-тошган дўконлар бугун бўм-бўш ва эшикларига қулф урилган.
«Уруш ва санкциялар турли соҳаларга турлича таъсир қилади», дейди Марат. «Чунки, бошланғич ва операцион харажатлари юқори бўлган тармоқлар – масалан, кимёвий моддалар – тезроқ айланадиган, арзонроқ истеъмол товарларига қараганда яхшироқ бўлиши мумкин.»
Хитой компаниялари эгаларининг келажакда уларни нима кутаётгани ҳақидаги фикрлари турлича, кўпчилик Россия харид қобилиятининг кескин пасайишига тайёр.
Аммо бошқалар Россия иқтисодиётининг ҳамкорларга муҳтож бўлиб қолишида Хитой учун узоқ муддатли фойдани кўрмоқда.
Бу жаҳондаги энг катта давлатда ишлайдиган хитойлик ишбилармонларга ҳам тааллуқли.
«Россиянинг Ғарб санкциялари остида қолгани Хитой учун албатта яхши», дейди 38 ёшли электрон тижорат платформаси оператори Чи Дашуай Москвадаги базасидан AFPга.
Агар Москва бизнес юритишни осонлаштирса, Хитой фирмалари Россияда ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш корхоналарини очишга шошилиши мумкин, деди у.
«Узоқ муддатли истиқболда Хитойнинг фойдалари зарарларидан кўпроқ бўлади», деди у.