Карвонсарой
Хавфсизлик

Украинанинг бўлгинчи минтақасида референдум ўтказиш режаси – Кремл сценарийсининг бир қисми

Карвонсарой ва AFP

11 март куни Луганск вилоятидаги позицияларни эгаллаётган Украина кучлари. [Анатолий Степанов/AFP]

11 март куни Луганск вилоятидаги позицияларни эгаллаётган Украина кучлари. [Анатолий Степанов/AFP]

МОСКВА – Якшанба (27 март) куни Украинанинг Луганск бўлгинчи вилояти раҳбари Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум ўтказиши мумкинлигини айтди.

«Ўйлайманки, яқин орада республика ҳудудида референдум ўтказилади, унда халқ... Россия Федерациясига қўшилиш бўйича ўз фикрини билдиради», дея Леонид Пасечникнинг сўзларидан иқтибос келтирган Россия ахборот агентликлари.

«Шундай бўлишига ишончим комил», деди у.

Россия Украина шарқида ўз-ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск республикаларини ҳимоя қилиш баҳонасида 24 феврал куни Украинага бостириб кирган эди.

2014 йилнинг 16 март куни Қримнинг Симферопол шаҳрида сайловлар чоғида овоз бериш кабинасига кирган эркак. [Филиппо Монтефорте/AFP]

2014 йилнинг 16 март куни Қримнинг Симферопол шаҳрида сайловлар чоғида овоз бериш кабинасига кирган эркак. [Филиппо Монтефорте/AFP]

Аввалроқ, 2014 йилда Россия босқинчи кучлари Украинадан «мустақил» эканини эълон қилган Донецк ва Луганск айирмачиларини қўллаб-қувватлаб, бугунги кунда давом этаётган уруш оловини ёққан эди.

22 феврал куни Россия президенти Владимир Путин бу икки вилоят мустақиллигини расман тан олди.

Путиннинг тарафдори, Россия парламенти юқори палатасининг конституциявий қонунчилик қўмитаси раиси Андрей Клишас бўлгинчи ҳудудлар ўз келажагини ўзи белгилашга тўлиқ ҳақли эканини баён қилган.

«Россия Луганск ва Донецк халқ республикалари суверенитетини тан олди», деди у «РИА Новости» давлат ахборот агентлигига. «Бу республикаларнинг ҳукуматлари ўз конституциясига мувофиқ исталган қарорни қабул қилиш ҳуқуқига эга».

Аммо Россиядаги ҳамма депутатлар ҳам воқеалар ривожини бу тарзда кўрмаслиги маълум бўлган.

«Ўйлайманки, ҳозир бунинг мавриди эмас», деб айтган Россия парламенти қуйи палатасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) билан алоқалар қўмитаси раиси Леонид Калашников.

«Фронтда ишлар ҳал қилинаётган вақтда бундай масалалар билан банд бўлиш ярамайди», деб унинг сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС давлат ахборот агентлиги.

Киев референдум таклифини танқид қилар экан, Украина ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко буни Россиянинг «Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказишга» қаратилган навбатдаги уриниши деб таърифлади.

«Вақтинча босиб олинган ҳудудларда ўтказилган барча сохта референдумлар ҳақиқий эмас ва қонуний кучга эга бўлмайди», деди у AFPга ёзма изоҳларида.

Херсон акс-садолари

Аввалроқ, 12 март куни Украина расмийлари Россияни жанубдаги Херсон шаҳрида москвапараст «халқ республикасини» ташкил этиш бўйича сохта референдум ўтказишни режалаётганликда айблаган эдилар. Херсон вилояти Қора ва Азов денгизлари билан чегарадош.

«Россияликлар Херсонда сохта «халқ республикаси» учун қалбаки «референдум» ташкиллаштиришга зўр бериб уринмоқда», деган эди ўшанда ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

«Аҳоли иштироки нолга тенг» бўлгани туфайли бундай референдум «тўлиқ саҳналаштирилади», деди у.

«Улар давом этадиган бўлса, Россияга қарши шиддатли санкциялар жорий қилиниши лозим. Херсон доим Украинаники бўлган ва шундай бўлиб қолади», деб қўшимча қилди у.

Кулеба 2014 йилда Россиянинг Қора денгиз бўйидаги Қрим ярим оролини аннексия қилгани, у ерга қўшин киритганидан кейин эса Қримнинг Россияга қўшилишига оид референдумни сохталаштирганини эслатди.

Халқаро ҳамжамият тан олмаган референдумда сайловчиларнинг 83 фоизи иштирок этгани, уларнинг 97 фоизи Россияга қўшилишни маъқуллагани иддао қилинади.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш сайтида чоп этилган ва кейин тезда олиб ташланган ҳисоботга кўра, сайловчиларнинг ҳақиқий иштироки анча паст – 30 фоиз бўлган ва улардан фақат ярми – 15 фоизи Қрим аннексиясини маъқуллаган. Бу ҳақда ўшанда Украинанинг TSN.ua янгиликлар сайти хабар қилган.

Кулебага кўра, Херсон режаси «2014 йилги сценарийга» мувофиқ бўлган.

Бу сценарий яна қаерда қўлланилади?

Россия Украинада қўллаётган тактикасини яна қаерда ишга солиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар Марказий Осиёда, хусусан, шимолий вилоятларида кўплаб этник руслар яшайдиган Қозоғистонда қулоч ёйган.

Россия расмийлари узоқ йиллар давомида Қозоғистондаги руслар «ҳимояга муҳтож» деган тасаввурни ҳосил қилишга уриниб келди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида «Российская газета» давлат нашрида чоп этилган мақолада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистонни «русийзабон фуқароларга нисбатан ксенофобияда» айблаб, «оғир вазиятлар» юзага келган тақдирда «оператив чоралар» кўрилиши билан таҳдид қилган эди.

Олмаотадаги «Деловая неделя» (Бизнес ҳафталиги) газетаси мухбири Жилдиз Алиева Лавровнинг мақоласини «хавотирли сигнал» деб атаган.

«Ўтмишда Қозоғистонга қарши тажовузкор риторика асосан ҳиссиётга берилувчан депутатлар ва кремлпараст оммавий ахборот воситаларидан чиққан бўлса, бу сафар биз Россиянинг халқаро муносабатлар бўйича иккинчи рақамли шахси – ташқи ишлар вазирининг танқидини кўриб турибмиз. Буни Россиянинг расмий позицияси дейиш ҳам мумкин», деди у.

Алиева Лавровнинг май ойида Қозоғистоннинг «Хабар» телеканалига берган интервьюсидан иқтибос келтириб, россиялик сиёсатчиларнинг Қозоғистон шимоли тарихан Россияга тегишли эканлиги ҳақидаги провокацион иддаоларини эслатди. Ўшанда у бундай риторикадан узоқроқ туришга уринган эди.

Аксар қозоғистонликлар бу нарративни рад этмоқдалар.

Қозоғистондаги этник руслар қозоқларнинг уларга нисбатан тазйиқлари ҳақидаги Россиянинг «сохта хабарларига» ижтимоий тармоқлар орқали норозилик билдирганлар.

«Караван» газетасининг журналисти, олмаоталик Александра Мискина 9 март куни Facebook саҳифасидаги постида Қозоғистондаги русийзабонларга тазйиқлар йўқлиги ва улар ҳимояга муҳтож эмаслигини кўрсатиш учун онлайн «флешмоб» ўтказишга чақирди.

У Қозоғистондаги этник русларни Россия томонидан олиб борилаётган ташвиқот урушига қарши туриш ва унинг «кўп миллатли Қозоғистон тинчлигини бузишига» йўл қўймаслик учун бирлашишга ундаган.

«Қозоғистондаги русларни нимадан қутқаришмоқчи? Тўкин дастурхондан, гўдакликдан ўстириб катта қилган «опашка»нинг [онахон] бағридан, буюк қозоқ халқининг чексиз меҳрибонлиги ва донолигиданми...», деб ёзади Мискина.

Қозоқ миллий чолғу асбоби – дўмбира чалувчи профессионал мусиқачи, нур-султонлик Алексей Лодочников 10 март куни Кристина исмли россиялик дўсти билан олинган видеолавҳани интернетга жойлаган.

«Россиядаги айрим депутатлар ва бошқа жамоат арбоблари бу ердаги руслар гўёки қозоқ тилини ўрганишга мажбурланяпти, дейишмоқда. Лекин бу ерда яшайдиган ҳаммамиз бу гап ёлғон эканини биламиз», деди қозоқ тилида Лодочников ва Кристинага юзланиб «Россияга кўчиб кетишимиз керакми?» деб савол берди.

«Россиянинг нима кераги бор? Бизга Қозоғистонда ҳам яхши», деб жавоб берган Кристина қозоқ тилида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар Қримда худди шундай ноқонуний референдум ўтказиб, одамларни овоз беришга мажбур қилишди.

Жавоб бериш

Бу референдумларнинг барчаси бефойда; дунё уларнинг натижаларини тан олмайди.

Жавоб бериш