Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Украинадаги «ҳарбий жиноятлар»: Россия Сурияда синовдан ўтган тактикани такрорламоқда

Карвонсарой ва AFP

22 март кунги суратда Украинанинг Николаев шаҳридаги Россия ҳужумига учраган руҳий касалликлар шифохонаси акс этган. [Булент Қилич/AFP]

22 март кунги суратда Украинанинг Николаев шаҳридаги Россия ҳужумига учраган руҳий касалликлар шифохонаси акс этган. [Булент Қилич/AFP]

ЙОХАННЕСБУРГ, Жанубий Африка – Бир ой аввал бошланган можаро туфайли тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони ортиб борар экан, Халқаро Амнистия ташкилоти 29 март (сешанба) куни Россиянинг Украинадаги «ҳарбий жиноятларини» қоралаб, вазиятни Суриядаги урушга қиёслади.

«Украинада юз бераётган воқеалар Сурияда кўрганларимизнинг такроридир», деб айтган халқаро ҳуқуқбон ташкилот бош котиби Агнес Калламар AFPга.

У Amnesty ташкилотининг дунёдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга оид йиллик ҳисоботи билан Йоханнесбургда чиқиш қилган.

«Гап бетартиб ҳужумлар ҳақида кетаётгани йўқ. Биз фуқаролик инфратузилмасига қасддан амалга оширилаётган ҳужумлар марказидамиз», деди у Россияни гуманитар йўлакларни «ўлим тузоғига» айлантираётганликда айблаб.

Украинанинг Николаев шаҳридаги қабристонда БМ-27 «Ураган» реактив тизимидан учирилган кассетали бомбаларни ўз ичига олган 220 миллиметрли ракетанинг портламай қолган қолдиқлари, 21 март кунги сурат. [Булент Қилич/AFP]

Украинанинг Николаев шаҳридаги қабристонда БМ-27 «Ураган» реактив тизимидан учирилган кассетали бомбаларни ўз ичига олган 220 миллиметрли ракетанинг портламай қолган қолдиқлари, 21 март кунги сурат. [Булент Қилич/AFP]

Биз бу ердаРоссия Сурияда қилган нарсаларни кўриб турибмиз», деди у.

Amnesty ташкилотининг Шарқий Европа бўйича раҳбари Мари Стратерс ҳам Парижда ўтказилган бошқа брифингда Украинадаги тадқиқотчилар «Сурия ва Чеченистондаги билан бир хил тактикани», жумладан тинч аҳолига қаратилган ҳужумлар ва халқаро қонунчилик томонидан тақиқланган қуроллардан фойдаланиш ҳолатларини ҳужжатлаштирганини айтди.

Қамалдаги Мариупол шаҳрини президент Башар Асад Россия ҳаво кучлари ёрдамида вайрон қилган Суриянинг Ҳалаб шаҳри билан тенглаштирган Калламарнинг айтишича, Amnesty «ҳозирги вақтда ҳарбий жиноятларининг ортиб бораётгани қайд этмоқда.»

Касалхоналарни бомбалаш

9 март куни Россиянинг Мариуполдаги болалар касалхонасини ҳалокатли тарзда нишонга олгани – тиббиёт муассасаларига мунтазам равишда ҳаводан зарбалар берилган Сурия каби можаро ҳудудларидаги Кремлнинг давомли тактикасини акс эттиради.

2011 йил март ойида бошланган урушда Россия Сурия ҳукуматининг асосий қўллаб-қувватловчиси бўлган.

Россия 2015 йилда Суриядаги фуқаролар урушига аралашиб, режим кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳаво ҳужумлари уюштирди. Унинг ҳарбий кўмаги можарони Асад фойдасига ҳал қилишга ёрдам берди.

Касалхоналарни бомбалаш – Кремлнинг ҳарбий стратегиясига хос усул.

2019 йил июн ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) ўша пайтдаги гуманитар масалалар бўйича раҳбари Марк Лоукок Россия қўлловидаги Сурия режими кучлари 2019 йил апрел ойи охирида Суриянинг Идлиб вилоятига ҳужум бошлаганидан бери 23 дан ортиқ шифохонага зарба берилганини айтган.

Ўша йилнинг 20 июнида Идлиб жанубида яраланган аёлни олиб кетаётган тез ёрдам машинаси ҳаво ҳужумига учраган, натижада аёл ва уч нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган.

Бир ой ўтиб, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Идлиб минтақасидаги тиббий муассасаларга ҳужумларни тўхтатишга чақирувчи резолюциясига қарши чиқди.

2019 йил ноябр ойида Россия ва Сурия ҳаво кучлари Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида қутқарув ва тиббий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланган касалхона ва фуқаролик мудофаа марказига зарба бериши натижасида тинч аҳоли жабрланган ва иккала объект шикастланган эди.

Шунингдек, Идлибнинг қишлоқ ҳудудидаги туғруқхонага ҳам ҳаво зарбалари берилган.

Россия радиоёзувлари, самолётларни кузатиш қайдномалари ва гувоҳлар кўрсатмаларининг тасдиқлашича, 2019 йилда тиббий иншоотларга қилинган ҳужумлар Башар Асад режимини қўлловчи кучлар томонидан амалга оширилган каттароқ режанинг бир қисми бўлган.

Россия билан муносабатларда «бетарафлик» йўқ

Ўтган ҳафта АҚШ ҳукумати очиқ ахборот ва разведка маълумотлари ёрдамида Россия ҳарбийларининг Украинада ҳарбий жиноятлар содир этганига оид қатъий далиллар тўплаганини айтди.

Биргина Мариуполнинг ўзида 5000 га яқин жасад дафн этилган, деди душанба куни AFP агентлигига украиналик юқори мартабали расмийлардан бири.

Калламар Россияни «фалаж ҳолдаги халқаро тизим» олдида «сурбетликда» айблади. У Россия билан муносабатларда «бетарафлик»дан воз кечишга чақирди.

Душанба куни бош прокурор Ирина Венедиктованинг маълум қилишича, Украинада Россия кучлари мамлакатнинг икки жанубий вилоятида тақиқланган кассетали бомбалар қўллагани ҳақидаги далиллар бор.

Кассетали бомбалар ҳудуд бўйлаб ўнлаб майда портловчи моддаларга ажралади, уларнинг айримлари ўша заҳоти портламаслиги мумкин ва можаро тугаганидан кейин анча вақт ўтгач, тинч аҳолига таҳдид соладиган пиёдаларга қарши миналарга айланади.

«Amnesty International» ва «Human Rights Watch» ташкилотлари Украинада тинч аҳоли жойлашган ҳудудларда кассетали бомбалар қўлланганига оид далиллар тўплаганини маълум қилди.

Бир ой олдин босқин бошланганидан бери руслар Украина пойтахтини бомбардимон қилишда шундай ўқ-дорилардан фойдалангани ҳақидаги саволга жавобан Венедиктова аниқ далилларга эга эмаслигини, аммо тергов давом этаётганини айтди.

«Аммо... бизда Одесса вилояти ва Херсон ҳудудида кассетали бомбалар қўлланганига оид далиллар бор», деди у.

Россия қўшинларининг Қора денгиздаги асосий порт шаҳри бўлган Одессага юриши қаршиликка дуч келган.

Херсон – Россия кучлари босқин бошланганидан бери эгаллаб олган ягона йирик шаҳар бўлиб турибди, бироқ Украина қўшинлари Россия томонидан босиб олинган Қрим ва Одесса ўртасидаги йўналишдаги ўртача катталикдаги бу шаҳарни қайтариб олишга ҳаракат қилганлар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия доим қатлиом қилиб келган. Менимча Россиянинг мавжуд бўлишга ҳаққи йўқ.

Жавоб бериш