Карвонсарой
Атроф-муҳит

Қирғизистондаги иккита заҳарли уран объекти хавфсиз ва яшаш учун яроқли жойларга айлантирилди

Карвонсарой

Қирғизистондаги собиқ уран кони, санасиз сурат. ЕТТБнинг молиявий кўмагида Қирғизистоннинг Шекафтар ва Мин-Куш қишлоқлари уран чиқиндиларидан муваффақиятли тозаланди. [ЕТТБ]

Қирғизистондаги собиқ уран кони, санасиз сурат. ЕТТБнинг молиявий кўмагида Қирғизистоннинг Шекафтар ва Мин-Куш қишлоқлари уран чиқиндиларидан муваффақиятли тозаланди. [ЕТТБ]

БИШКЕК – Қирғизистонда бир вақтлар заҳарли бўлган иккита уран кони Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) саъй-ҳаракатлари туфайли яна хавфсиз ва фойдаланишга яроқли ҳолга келтирилди.

Яқинда ҳудудни чиқиндилардан тозалаш ишлари якунланди, деб хабар берган ЕТТБ душанба (28 март) куни. Бу жойнинг узоқ йиллар давомида барқарор бўлиб қолиши Марказий Осиё учун муҳим экологик афзаллик ҳисобланади.

COVID-19 пандемиясига қарамай, ишчилар лойиҳани белгиланган муддатда ва ажратилганидан камроқ маблағ сарфлаб якунладилар. Бу ишлар Марказий Осиё учун атроф-муҳитни қайта тиклаш бўйича фонд (ERA) тарафидан молиялаштирилди.

Икки участкада тайёргарлик ишлари 2019 йилда бошланган, деб хабар беради ЕТТБ. Қирғизистон ҳукумати Шекафтар ва Мин-Куш конларини чиқиндилардан тозалаш якунланганини мос равишда 2021 йил декабр ва 2022 йил феврал ойларида тасдиқлаган.

Қирғизистондаги Мин-Куш водийси, санаси номаълум сурат. Ўртада – уранни қайта ишлаш бўйича собиқ корхона. Бу ҳудуд эндиликда яна табиатга қайтарилган. [ЕТТБ]

Қирғизистондаги Мин-Куш водийси, санаси номаълум сурат. Ўртада – уранни қайта ишлаш бўйича собиқ корхона. Бу ҳудуд эндиликда яна табиатга қайтарилган. [ЕТТБ]

Ўзбекистон билан чегарадош Жалолобод вилоятидаги 3700 кишилик аҳолига эга Шекафтар қишлоғига 1944 йилда асос солинган.

Конларнинг аксари қишлоқда, одамларнинг уйларига яқин жойлашган эди. Тиклаш жамоалари конларга кириш ерларни ёпиб, чиқиндиларни тозалаган ва ишлаб чиқариш корхоналарини бузиб, зарарсизлантирган.

Шунингдек, улар кўприк, йўллар ва жуда зарур сув билан таъминловчи қувур йўлларини барпо этишган.

Норин вилоятидаги Мин-Куш қишлоғи Бишкекдан 130 км масофада жойлашган. 1960 йилларда уран қазиб чиқариш тўхтатилганидан бери иқтисодий томондан оғир аҳволга келиб қолганига қарамай, у ерда ҳали ҳам 3200 га яқин киши яшайди.

Ишчилар рудани қайта ишлашга ихтисослашган собиқ заводни бузиб ташлаб, хавфни камайтирдилар. Энди қишлоқда жамоат эҳтиёжлари учун мос ҳудудлар пайдо бўлди, улар сайёҳларни жалб қилишга ёрдам бериши мумкин.

Жорий йилда Қирғизистондаги яна бир собиқ конда иш бошлаш режаланган.

Ўтмишдаги суистеъмол ҳолатлари

Экологик муаммоларга эътибор қаратмаган совет кончилари радиоактив моддаларни чиқиндихоналар ва уларни сақлаш жойларига ташлаб, табиат ва одамлар ҳаётини хавф остида қолдирганлар.

Деҳқончилик учун хавф соладиган сувнинг ифлосланиши шу хатарлар жумласидандир.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) 2017 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёда 1 миллиард тонна заҳарли уран чиқиндиси бор.

Уран қазиб чиқаришдан зарар кўрган яна бир постсовет мамлакат – Тожикистон «қўлбола бомбалар» ишлаб чиқариш учун етарли бўлган уран қолдиқлари борлигидан хавотир билдирган.

2015 йилда ЕИ ташаббуси билан ташкил этилган ва ЕТТБ томонидан бошқариладиган ERA Марказий Осиёда советлардан қолган уран саноати чиқиндиларини бартараф этиш билан шуғулланади.

ЕИ, Европанинг турли мамлакатлари ва Қўшма Штатлар унинг донорлари ҳисобланади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500