Карвонсарой
Сиёсат

Собиқ амалдорлар ва таниқли шахслар Украинага босқин муносабати билан Россиядан қочаётганлар сафига қўшилишди

Канат Алтинбаев

Москванинг Домодедово аэропортида йўловчилар, 5 март. Украинага босқин давом этаётган бир пайтда 200 мингга яқин Россия фуқаролари, жумладан, юқори лавозимли амалдорлар, шоу-бизнес юлдузлари ва маданият арбоблари мамлакатни тарк этган. [AFP]

Москванинг Домодедово аэропортида йўловчилар, 5 март. Украинага босқин давом этаётган бир пайтда 200 мингга яқин Россия фуқаролари, жумладан, юқори лавозимли амалдорлар, шоу-бизнес юлдузлари ва маданият арбоблари мамлакатни тарк этган. [AFP]

ОЛМАОТА – Минглаб россияликлар, жумладан, юқори мартабали амалдорлар, саноатчилар ва таниқли шахслар - Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб киришга оид қарори ортидан ватанини тарк этган.

Оммавий қочиш россияликлар сўз эркинлиги таъқибига учраётган, иқтисод инқирозга юз тутаётган, урушга қарши ва сиёсий мухолифлар ҳибсга олинаётган пайтда кузатилмоқда.

24 февралда Украинага босқин бошланганидан бери Россияни тарк этганлар сони бўйича расмий статистика мавжуд эмас, бироқ айрим маълумотларга кўра, гап юз минглаб одам ҳақида бормоқда.

26 март куни Польша пойтахти Варшавада сўзлаган АҚШ президенти Жо Байден «Бир ой ичида 200 минг россиялик ватанини тарк этганини» айтган.

Россия президенти Владимир Путин (чапда) 2016 йилнинг 7 ноябр куни Москва ташқарисида нанотехнологияларни ривожлантириш билан шуғулланувчи «РОСНАНО гуруҳи» давлат корпорациясининг ўша пайтдаги бош директори Анатолий Чубайс билан суҳбатлашмоқда. Чубайс 23 март куни Россиянинг Украинага бостириб киришига норозилик сифатида барқарор ривожланиш бўйича президентнинг халқаро ташкилотлардаги махсус вакили лавозимини тарк этди. У Туркияга чиқиб кетган, деб хабар беради Ғарб ОАВлари Кремлдаги манбаларга таяниб. [Алексей Дружинин/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин (чапда) 2016 йилнинг 7 ноябр куни Москва ташқарисида нанотехнологияларни ривожлантириш билан шуғулланувчи «РОСНАНО гуруҳи» давлат корпорациясининг ўша пайтдаги бош директори Анатолий Чубайс билан суҳбатлашмоқда. Чубайс 23 март куни Россиянинг Украинага бостириб киришига норозилик сифатида барқарор ривожланиш бўйича президентнинг халқаро ташкилотлардаги махсус вакили лавозимини тарк этди. У Туркияга чиқиб кетган, деб хабар беради Ғарб ОАВлари Кремлдаги манбаларга таяниб. [Алексей Дружинин/Sputnik/AFP]

У россияликларни Украинадаги урушдан узоқлашишга чақирди. «Сиз, рус халқи, бизнинг душманимиз эмассиз.»

Мамлакатдан қочган Россия элитаси вакиллари орасида Путиннинг барқарор ривожланиш бўйича халқаро ташкилотлардаги махсус вакили лавозимини тарк этиб, Туркияга кўчиб ўтган Анатолий Чубайс ҳам бор, деб хабар қилди ўтган ҳафта ғарб ОАВ Кремлдаги манбаларга таяниб.

Bloomberg агентлигининг 23 март кунги хабарига кўра, Чубайснинг истеъфоси ва мамлакатни тарк этишига Путиннинг Украинага қарши урушидан норози экани сабаб бўлган. У Россиядан кетган муҳим юқори мартабали амалдордир.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков 23 март куни РИА Новости агентлигига Чубайс ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанини тасдиқлади.

«Россияни тарк этадими-йўқми – бу унинг шахсий иши», деди Песков.

66 ёшли Чубайс Путин ҳукумати таркибида қолган ва Ғарб расмийлари билан яқин алоқада бўлган 1990-йилларнинг саноқли иқтисодий ислоҳотчиларидан биридир, деб қайд этади ББC.

Истеъфога чиқмоқчи бўлган бошқа амалдорларни бу қадар осонликча қўйиб юборишмаган.

Путин Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллинанинг истеъфосини рад этган, деб хабар қилди Bloomberg 23 март куни хабардор манбаларга таяниб.

Манбаларга кўра, Путин унинг бундай вақтда кетишини хиёнатга тенглаштирган бўлар эди.

«Набиуллина уруш бошланганидан бери истеъфога чиқиш ҳақида ўйлаган. Лекин бу унинг ўзи ва оиласи учун бевосита оқибатларга олиб келиши мумкин эди», деб айтган манбалардан бири 12 март куни The Guardian нашрига.

«Ярамаслар ва хоинлар»

Россиядан «Аэрофлот» бош директорининг стратегия, сервис ва маркетинг бўйича ўринбосари Андрей Панов каби давлат компаниялари раҳбарлари ҳам қочиб кетишган.

Уларнинг сафига Кремл телебошловчилари, жумладан, НТВ телеканалидан Лилия Гилдеева ва Вадим Глускер ҳамда «Биринчи канал» ходимлари Жанна Агалакова ва Иван Ургант ҳам қўшилган.

Хабарларга кўра, бир қанча машҳурлар ҳам мамлакатдан кетган: россиялик эстрада хонандаси Алла Пугачева ва унинг турмуш ўртоғи, қизиқчи Максим Галкин; актрисалар Рената Литвинова ва Чулпан Хаматова, кинорежиссёр Тимур Бекмамбетов, қўшиқчилар Нюша ва Вера Брежневалар.

Уларнинг аксарияти Украинага бостириб кириш қарорини очиқчасига қоралаган.

Россиялик кинотанқидчи, «Кино санъати» журналининг собиқ бош муҳаррири Антон Долин 6 март куни мамлакатни тарк этганини маълум қилди.

«Биз кетдик», деб ёзган у Телеграм-каналида «Украинада Россия раҳбарияти бошлаган жиноий уруш»ни рўкач қилиб.

«Овозингни ўчирадиган бўлишса, суюкли она юртингда ҳам яшашнинг иложи йўқ», деб ёзган Долин.

Кремл бу каби хабарларни эътиборсиз қолдирган.

Песков 23 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатни тарк этаётган санъаткорлар «кайфиятни ўзгартирмаслиги» ва уларнинг кетиши «муҳим аҳамиятга эга эмаслигини» айтди.

Путиннинг ўзи ҳам уларга қарши кескин муносабат билдирган.

Вазирлар маҳкамасининг 16 март кунги видеоселекторида Путин унинг сиёсатидан норозиларни «бешинчи колонна» ва Россияда пул топаётган, аммо хаёлида хорижда яшайдиган «қул менталитетига» эга «хоинлар» деб атади.

«Россия халқи ҳар доим ҳақиқий ватанпарварларни нопок ва хоинлардан ажрата олади ва уларни тасодифан оғизга кириб қолган майда чивиндек тупуриб ташлайди», деди у. «Аминманки, жамиятнинг бундай табиий ва зарурий покланиши мамлакатимизни янада мустаҳкамлайди.»

Ақл эгаларининг чиқиб кетиши

Сиёсат, маданият ва бизнес арбобларининг оммавий равишда чиқиб кетиши «Россия бугун ҳар қачонгидан ҳам тарқоқ эканидан далолатдир», дейди халқаро алоқалар бўйича Нур-Султонлик мутахассис Руслан Назаров.

«Кремл телеканаллари тарафидан онги заҳарланган кўплаб россияликлар Путин қарорларини қўллаб-қувватласа-да, соғлом фикрловчи фуқаролар юз бераётган воқеаларнинг бемаънилигини тушунадилар», деди у.

«Аммо улар қодир бўлган ёки ўзини қодир деб ҳисоблайдиган нарса Россияни тарк этиш, холос».

Уларнинг кетиши Россиядан ақлларнинг сизиши билан боғлиқ хавотирларни келтириб чиқарган, чунки улар хорижга, жумладан, Марказий Осиёга қочиб кетган россиялик малакали мутахассислар сафига қўшилмоқда.

Кремл март ойи бошидаёқ ёш IT-мутахассисларнинг хорижга чиқиб кетишдан астойдил қайтаришга уринди.

2 март куни бўлиб ўтган вазирлар маҳкамаси йиғилишида бош вазир Михаил Мишустин IT-мутахассисларни солиқлардан озод қилиш ташаббуси ҳақида гапирган.

«27 ёшгача бўлган мутахассислар, агар улар Россия IT-компанияларида ишлаётган бўлса, ҳарбий хизматга чақирувдан озод қилинади», деб айтган у «Москва24» ахборот сайтига кўра.

2021 йилги AFP хабарига кўра, Россияда ҳарбий хизматни ўташ мажбурий – ҳар йили 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган 250 000 дан ортиқ эркаклар ҳарбий хизматга чақирилади. Кўплаб россияликлар тиббий ёки таълимга оид имтиёзлар билан хизматдан озод қилинади. Айримлар чақирув қоғозини шунчаки эътиборсиз қолдиради ёки пора беради.

Ушбу малакали IT-ходимларнинг аксарияти аллақачон Россияни тарк этган.

Март ойи ўрталарида Қозоғистонга кўчиб ўтган москвалик дастурчи Дмитрий Малцевнинг айтишича, унинг деярли барча ҳамкасблари умидсизликка тушиб, Россияни тарк этмоқда ва турли мамлакатлар, асосан Арманистон ва Грузияга кетмоқда.

«Мен энди Россияда ўз келажагимни кўрмаяпман», деди ҳозирда Олмаотада бўлиб турган Малцев. «Ҳозирча вазиятни кузатиб, келгуси ҳаракатларимни режалаштиряпман. Буларнинг бари кутилмаганда содир бўлди.»

«Кўпчилик [россияликлар] ўз ҳаёти барбод бўлди деб ҳисобламоқда. Бу уруш нима учун кераклигини ҳеч ким билмайди», деди у.

«Буларнинг ҳаммасидан қочгим келди. Қаерга экани муҳим эмасди.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Аллақачон бор эди....}:

Жавоб бериш

Тош асрига равона бўлаётган ювуқсиз Россияда нима бор уларга?

Жавоб бериш