Карвонсарой
Жамият

Кремлнинг репрессив сиёсати россияликларни хорижга кетишга мажбур қилмоқда

Ксения Бондал

22 март куни Россиянинг Кронштадт шаҳрида Россия байроғи плакатлари ва Украинага босқинни қўллаб-қувватлаш рамзига айланган «Z» ҳарфи туширилган бино ёнидан ўтиб кетаётган эркак. [AFP]

22 март куни Россиянинг Кронштадт шаҳрида Россия байроғи плакатлари ва Украинага босқинни қўллаб-қувватлаш рамзига айланган «Z» ҳарфи туширилган бино ёнидан ўтиб кетаётган эркак. [AFP]

ОЛМАОТА – Ўз ватанини тарк этган россияликлар бунга Кремлнинг репрессив сиёсати ва Украинага қарши урушни cабаб қилиб кўрсатмоқда.

Россия 24 феврал куни Украинага бостириб кирганидан сўнг мамлакатни тарк этган россияликлар сони ҳақида расмий статистик маълумотлар йўқ, бироқ далилларга кўра, улар юз минглаб одамни ташкил қилиши мумкин.

26 март куни Польша пойтахти Варшавада сўзлаган АҚШ президенти Жо Байден «Бир ой ичида 200 минг россиялик ўз юртини тарк этганини» айтди.

Уларнинг кўпчилиги Россия ҳукуматининг ўз фуқароларини назорат қилиш ва онгини заҳарлашга қаратилган мислсиз чоралардан қочаётганини билдирди.

Владимир Туров Қозоғистоннинг Кўкчатов шаҳридаги қариндошларининг ер участкасидаги ўсимликларни парваришламоқда, 28 март. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Владимир Туров Қозоғистоннинг Кўкчатов шаҳридаги қариндошларининг ер участкасидаги ўсимликларни парваришламоқда, 28 март. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Москва ва Санкт-Петербург каби шаҳарларда қолган айрим одамлар Карвонсаройга «махсус жанговар операцияни» қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида офислари ва автомобилларини «Z» ҳарфи билан «безатишга» мажбурланганини айтган.

Журналистларнинг хабар беришича, менежерлар уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ҳисобларини текшириб, улар қандай контент жойлаштиргани ёки ҳатто қайси постларни ёқтирганини билишга уринган. Айрим фуқаролар полиция таъқибига учраганини айтган.

«Украинада содир бўлаётган воқеаларга қараб шуни айтишим мумкинки, СССРга ҳужум қилиб, шаҳарларни бомбалаган, одамларни орқа-олдига қарамай ўлдирган ва асирга олган фашистлар билан уруш воқеаларни қайта бошдан кечираётгандекмиз», дейди рафиқасининг ота-онаси яшайдиган Қозоғистондаги Кўкчатовга кўчиб келган омсклик 47 яшар такси ҳайдовчиси Владимир Туров.

«Аммо ҳозир «Гитлер» ўрнида бизнинг давлатимиз. Бутун дунё бизга қарши. Биз яккаланиб қолдик. Хориждагилар биздан қўрқиб қолишди», дейди у.

Ҳозир Россиядагиларнинг ўзи ҳам қўрқувда яшамоқда, дея қўшимча қилди у.

«Уруш» деб ёзиш мумкин эмас, қамоққа тушишинг мумкин. Интернетда уруш мавзуида ёзишиб бўлмайди», деди у.

«Одамлар дарҳол қамоқхонага олиб кетилаётган митингларни гапирмаса ҳам бўлади. Ҳолат шу даражага бориб етдики, Омскда полиция кўчада одамларни тўхтатиб, уларнинг телефонларини текширяпти: кимга ёздинг, нима ёздинг, нима ўқидинг, қандай фикр-мулоҳаза билдирдинг».

Туровнинг айтишича, Омскдалигида полиция уни икки марта уяли телефонини кўрсатишга мажбурлаган.

Полициячилар Туров қаршилик кўрсатадиган бўлса, уни милиция бўлимига олиб боришларини айтганлар.

«Телефонимни чиқариб кўрсатишга мажбур бўлдим. Улар тахминан 10 дақиқа уни титкилашди: WhatsApp иловасидаги ёзишмаларимни ўқишди, матнли хабарлар ва қайси сайтларга кирганимни текширишди. Афтидан, ҳеч қандай ноқонуний ва хавфли нарса топа олмадилар.»

Уруш бошланган пайтда Қозоғистонда, ота-онасининг уйида бўлган Туровнинг рафиқаси уни зудлик билан Россияни тарк этишга ундаган.

«Албатта, рафиқам ва мен бундан кейин нима бўлишидан хавотирдамиз... лекин бу ер Омскдагидан тинчроқ», деди Туров.

«Россия иқтисодиётининг таназзули»

Қозоғистонда қариндошлари бўлмаган москвалик Александр Эсмарx 17 март куни Олмаотага келган.

IT-мутахассисларни чақирувдан озод қилишга оид қонун лойиҳасига қарамай, давлатга қарашли «Ростелеком»да ишлаган Эсмарх Россиянинг Украинага босқини туфайли кетишга қарор қилган.

«Мен ҳеч қачон Украинада бўлмаганман, лекин Киев, Винница, Уман ва Запорожьега саёҳат қилган дўстларим бу шаҳарларнинг нақадар гўзал экани, маҳаллий аҳоли ва уларнинг (ташрифчиларга) меҳрибонлиги ҳақида фақат яхши нарсаларни айтишади», деди у.

«Мариупол, Чернигов, Харков ва Ирпенда аскарларимиз содир этган ва этаётган қилмишларини инсониятга қарши жиноят деб биламан», деди у.

Россия ҳукуматининг тажовузидан нафақат ўз ҳаёти ва мол-мулкидан айрилаётган Украина фуқаролари, балки оддий россияликлар жабр ҳам кўрмоқда, деди Эсмарх.

Март ойи бошида Эсмарх ва унинг ҳамкасбларига ойлик маошларининг бир қисмини рус православ ибодатхонаси қурилиши учун «ихтиёрий равишда» хайрия қилишлари кераклиги айтилган.

«Бухгалтер бунинг учун маошдан камида 5%, истаган одам бундан ҳам кўпроқ ажратиши мумкинлигини очиқ айтди», деди у. Корхонамиз давлатга қарашли бўлгани учун буйруқ ҳам юқоридан келган.

«Нима қилсанг қил, лекин маошингдан мажбурий тарзда ушлаб қолишади. Кимга ҳам шикоят қиласан? Давлат буйруғи устидан давлат судигами? Албатта, йўқ», дейди Эсмарх.

Айрим хабарларда айтилишича, ушлаб қолинган пуллар аслида айирмачилар назоратидаги Донбассдан қочган россияпараст украиналик қочқинлар учун сарфланган.

«Бу хабарни Интернетда ўқиганимда, фейк деб ўйлаган бўлардим. Лекин ўзим март ойидаги маошидан гўёки черков эҳтиёжлари учун мажбурий равишда пул ушлаб қолинган одамга айландим», деди у.

Бу Россияни тарк этиб, қисқа муддатда Олмаотада, кейин эса Нур-Султонда иш топган Эсмарх учун сўнгги томчи бўлган.

У яқин орада Россияга қайтмаслигига ишончи комил.

«Узоқ истиқболда бу Россия иқтисодиётининг таназзули демакдир. Албатта, очарчилик юз бермайди, лекин энди хорижий инвестиция ҳисобига иқтисодий ўсиш бўлмайди», деди у.

«У ерда қолиш - қашшоқликни кутиб ўтириш демакдир.»

Путиннинг «заҳарли сиёсатини» рад этиш

Россиядан келаётган мигрантлар оқими янада ортиши мумкин, чунки энди бу мамлакатнинг гуллаб-яшнашига ишониб бўлмайди, дейди айни пайтда Варшавада яшаётган россиялик иқтисодчи Георгий Сургаев.

«Хорижий корпорациялар мамлакатни тарк этди ва энди қайтиши даргумон. «Биринчидан, улар бу ерда қолиб, ўзларининг асосий бозорлари – Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқидаги мижозларини йўқотадилар, улар эса: «Кечирасиз, сиз [Россия президенти Владимир] Путиннинг мамлакатида ишлаяпсиз, шунинг учун биз сиздан ҳеч нарса харид қилмаймиз, дейишади.»

Иккинчидан, хорижий компаниялар Путиннинг «заҳарли сиёсати» туфайли Россияга ишонмай қўйди, дейди у.

«Россия ҳукумати Украинадаги ҳарбий тажовуз туфайли у ерда ўз бизнесини тўхтатган хорижий компанияларнинг активларини миллийлаштириш режасини эълон қилди. «Энди ҳар қандай инвестор Россияда ишлайдиган бўлса, исталган пайт у ерга киритган барча сармоясидан айрилишидан қўрқади».

«Яъни, одамлар бу мамлакат энди таҳдид туғдирмаслигига ишонч ҳосил қилмагунича, яъни Путин ҳокимият тепасидан кетмагунича, Россияга жиддий сармоялар киритилмайди», деб қўшимча қилди у.

Олти ойдан кейин Россия жамиятида жиддий табақаланиш бошланади, деди Сургаев.

«Давлатга яқин бўлганлар бойийди, ўрта табақа камбағаллашади, камбағаллар эса қашшоққа айланади», дейди у. «Кўпчилик руслар буни ҳали тушунмаяпти – кимдир соддалиги, кимдир кўр-кўрона ватанпарварлиги туфайли».

«Аммо ҳозирча хорижий корпорациялар Россиядаги ходимларига ишламаса ҳам маош тўлаяпти, аммо бу тўхтайдиган бўлса, ишсизлар қалашиб кетади, улар зўр бериб тирикчилик учун пул топишга тушадилар», деди Сургаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Уларни Россия ҳукуматининг репрессив сиёсати эмас, балки кетлари ва пуллари учун хавотир қочишга мажбур қилди. Россияда ҳаммаси яхши. Президентимиз дунёдаги энг зўри. Ваҳимани эса Ғарб оммавий ахборот воситалари ва ватан хоинлари келтириб чиқармоқда; улар ҳеч қачон Россияни ва президентимизни яхши кўрмаган ва тушунмаганлар. Ватан хоинлари ҳеч қачон ўз Ватани ҳақида бир оғиз ҳам яхши сўз айтмайди. Ортиқ уларга қулоқ солманг.

Жавоб бериш

Қўлида оз бўлсада «пули» борлар ўшалар, одатий дунёда улар ўрта синф аҳолиси ҳисобланади, уларнинг уйи бор, ойликдан ойликкача яшамайди, дам олишга бирор ерга боришади, беш йилда бир марта эмас, балки ундан кўпроқ гаджетларни алмаштиришади.
Нормал жамият «дунёдаги энг яхши президентни ёмон кўради». Агар Москва ёки Питербургдан бир неча ўн километр ташқарига сайёҳат қилсангиз Россиянинг турмуш стандартини кўришингиз мумкин: у ерда харобалар, қашшоқлар ва алкоголизмга гувоҳ бўласиз. Сизларнинг сиёсатчиларингиз дунё бўйлаю қасрлар ва кўчмас мулклардан баҳраманд бўлиб турганида, умидсиз қашшоқларнинг стандартлари яхши ҳаёт ҳисобланади.
Ёдингизга солиб қўяй, одамлар қўрқиб яшаш, қайсидир тўда омон қолиши ёки қамоққа тушмаслиги учун эмас, яхши яшаш учун сиёсатчиларни сайлашади.
Калласи ва қочиш учун имкони борлар сизнинг ҳалокатга учраган ва ваҳший мамлакатингиздаги саноқли ақлли одамлар бўлган.

Жавоб бериш

Совет даврида ўша ерда ўсган, кейинчалик 1990-йилларда АҚШга кўчиб келган бир рус дўстим бир воқеани айтиб берган, мен илгари буни шунчаки ҳазил деб ўйлардим, лекин ҳозир ҳақиқат эканига тобора кўпроқ амин бўляпман. Биз бир вақтлар АҚШда эшитганимиз – СССРда машҳур бўлган ҳожатхона қоғози танқислиги ҳақида гаплашгандик. У кулиб, бундай танқислик катта муаммо эмаслигини, чунки одамлар шунчаки газетадан фойдаланишини айтганди. ЛЕКИН, деб қўшимча қилганди у, сиз фойдаланадиган газетада Брежнев ёки бошқа юқори мартабали партия вакилининг нутқидан парча бўлмагани маъқул. Ўша пайтда мен бу шунчаки ҳазил деб ўйладим, лекин Россиядагилар ҳақиқатан ҳам параноик ва ўзига ишончсиз кўринади.

Жавоб бериш

Энди бу сафсатага ўхшамаяпти ва яқинда мана шундай нарсага кимдир қўлга олингани ҳақида эшитамиз. Мақолада шундай дейилади: «Саратовлик ўта ватанпарвар аёл ўзи онаси ҳожатхонага газета олиб кираётганини кўрганидан кейин расмийларга хабар берган». Мақолага «70 яшар нацист» ҳисса қўшгани ҳақида эшицам ҳам ҳайратланмайман, чунки уларга шундай нарсалар ёқади.

Жавоб бериш

Россияда аллақачон демографик инқироз бор; энди эса Путин туфайли Россиядан қочаётган одамлар сони яна кўпаяди.

Жавоб бериш

Ҳар ерда руслар жуда кўпайиб кетган. Бундан ташқари қочаётганлар - АТ ходимлари ва адекват фикрлайдиганлар бу мамлакатни озми-кўпми бўлсада яхши қила оладиган одамлар бўлган. Фақат ватанпарварлик ва нацизм заҳарига маст бўлган путинчилар у ерда қолиб бутун дунё лаънатлаётган Россия дунёсини олқишлашади.

Жавоб бериш